15 ИЮНГАЧА «ДЕПОРТ» ҚИЛИНМАЙДИМИ?
Ассалому алайкум, сизлар билан яна Migrantnews дайжести ва мен, Ботиржон Шермуҳаммад. Доимгидай ҳафта давомида содир бўлган мигрантлар учун муҳим хабарларни оддий тилда, қисқа шаклда ва иложи борича қизикарли қилиб айтиб беришга ҳаракат қиламан.
Шундай қилиб бугунги эфирда:
Россияда ноқонуний юрган ўзбекистонликларга 15 июнгача ҳеч қандай жазо қўлланилмаслиги ва уларга ҳужжат расмийлаштириб олиш имкони берилиши эълон қилинди
Baza нашрининг телеграм каналида эълон қилинган ҳужжатга кўра (https://t.me/bazabazon/17402), 2023 йил 15 июнгача Россия полициясига ўзбекистонликларни муддати ўтган регистрация учун ушлаб туриш, жарима солиш, депортация, яъни мамлакатдан чиқариб юбориш, Россияда бўлиш муддатини қисқартириш, уларга Россияга киришга тақиқ қўйиш каби маъмурий чоралар кўриш тақиқланди.
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал Горовой ички ишлар ходимларига шундай кўрсатмалар берди. 15 июнга қадар Ўзбекистоннинг барча фуқаролари бармоқ излари топширмаган ва тиббий кўрикдан ўтказилмаган бўлса ҳам, депортация қилинмайди, Россияга кириш тақиқланмайди ва вақтинча бўлиш муддати қисқартирилмайди.
Ундан ташқари, Россияда ноқонуний юрган Ўзбекистон фуқароларига ҳеч қандай жазо қўлланмай ҳужжатларни расмийлаштириб олиш имкони яратилади.
Ҳужжатга кўра, бундай имтиёзлар Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги доирасида берилмоқда.
Ҳеч қаерда мазкур ҳужжатнинг тўлиқ шакли, номи ва санаси эълон қилинмаган бўлсада, Migrant каналига ушбу хабарни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россия Ички ишлар вазирлиги миграция бўлимидаги ва унга яқин бир қанча манба тасдиқлади.
Ҳозирги кунда фуқароларга ушбу имкониятдан фойдаланиб, ҳужжатларни расмийлаштириб олишга кўмак бериш учун миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхоналарида махсус ходимлар тайинланган.
Аслида, бундай буйруқ беришга ҳеч кимни ҳақи йўқ. Чунки, Россия миграция қонунлари ўзгариб қолгани йўқ. Лекин, сўнги йиллардаги мигрантларга қўлланилган барча амнистиялар ва пандемия пайтидаги ҳужжатларни расмийлаштириш олиш имконияти ҳам мана шундай ички буйруқлар асосида амалга оширилганди. Қонун йўқлиги учун ҳам қаерлардадир бу каби буйруқлар ишлаган бўлса, кўплаб жойларда ишламаганини ҳам кўрдик. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги буйруқни амалда ишлаши ҳам жойлардаги полиция ходимлари ва миграция бўлимлари инспекторларининг кайфиятига боғлиқ десак бўлади. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда ноқонуний юрган ватандошларимиз, агар ҳужжатларини қонунийлаштиришни хоҳлашса, таваккал қилмай Ташқи меҳнат миграцияси ваколатхонларига мурожаат қилиб, у ердаги ходимлар ёрдамида ҳужжат расмийлаштиришса тўғри бўлади. Албатта бунинг учун сизни регистрацияга қўйишга рози бўлган уй эгаси ҳам керак бўлади.
Қуйида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия шаҳарларидаги ваколатхоналари телефонларини келтириб ўтамиз:
Москва: +7 (925) 045-47-44
Санкт-Петербург: +7 (951) 680-95-97
Екатеринбург: +7 (925) 950-89-77, +7 (922) 186-35-66
Новосибирск: +7 (953) 862-00-07
Самара: +7 (925) 750-87-57, +7 (927) 011-89-59
Уфа: +7 (925) 373-97-65, +7 (347) 216-33-43
Воронеж: +7 (906) 030-16-89
Тула: +7 (936) 251-76-21
Краснодар: +7 (999) 553-88-19
Волгоград: +7 (999) 553-44-03
Нижний Новгород: +7 (996) 567-56-98
Ханты-Мансийск: +7 (964) 631-03-00, +7 (346) 631-00-15
Иркутск: +7 (964) 755-02-02, +7 (915) 332-33-05
Амур: +7 (925) 657-67-18
Красноярск: +7 (926) 379-44-22
Пермь: +7 (925) 884-01-01, +7 (982) 231-69-49
Энди Россияда Давлат хизматлари портали орқали “регистрация” қилиш мумкин бўлади
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин хорижликларга Давлат хизматлари портали орқали Россияда яшаш жойида рўйхатдан ўтиш ҳуқуқини берувчи қонунга имзо чекди. Агар мигрант ва уни қабул қилаётган Россия фуқароси Давлат хизматлари портали бўлмиш “Госуслуги”да аккаунтга эга бўлса, бу ҳуқуқдан фойдаланиш мумкин.
Яъни, чэт эл фуқароси портал орқали миграция рўйхатидан ўтиш ҳақида онлайн ариза юборади. Қабул қилувчи томон бўлмиш уйнинг эгаси ҳам чет эл фуқаросини жойлаштиришга розилигини электрон шаклда юбориши мумкин бўлади. Кейин миграция рўйхатидан ўтилганлиги ҳақидаги ҳужжатни қоғозга чиқариб олиш мумкин бўлади. Яъни, бунда миграция бўлимларига бориш талаб қилинмайди. Бундан ташқари, худди шундай тарзда хориж фуқароси вояга етмаган фарзандларини яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказа олиш имконияти ҳам режалаштирилган. 18 ёшга тўлмаган фарзандларига нисбатан Россияга келганлиги тўғрисида билдиришнома юборган чет эл фуқаролари уларнинг оилавий муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари керак бўлади. Қонун 2023 йил 26 октябрда кучга киради.
Албатта бу ўзгариш билан регистрация билан боғлиқ барча муаммолар ҳал бўлмайди. Лекин, бу жуда ҳам тўғри қадам. Одатда, регистрация қилишдаги энг катта муаммо бу уй эгасининг бунга рози эмаслиги. Аммо, рози бўлса ҳам миграция бўлимига бориш ва навбат кутишга вақти йўқ одамлар ҳам бор. Айнан шундай одамлар учун янги қонун қўл келади. Мархамат, уйдан чиқмасдан хам ҳам регистрацияга қўйиш мумкин. Фақат бу нарса илгари Россияда бўлган ва “Госуслуги” порталида аккаунти бор мигрантлар учун. Чунки, порталда акаунт очиш учун регистрация, портал имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш учун эса Пенсия жамғармасидан СНИЛС олиш керак бўлади. Россияга биринчи борган мигрантларда эса бундай ҳужжатлар йўқ. Майлида, регистрация қилиш жараёни бундан ҳам соддалашиб қолар. Биринчи қадам қўйилди-ку.
АҚШ да ҳам ўзбекни ўзбек алдагани айтилди
Америкада яшовчи ҳуқуқшунос Эркинбой Абдуллаев Ўзбекистон ҳукуматини АҚШга Мексика орқали «дарё каби оқиб келаётган» ўзбекистонликлар қисматига эътибор қаратишга чақирди. У кўнгилли сифатида ҳимоя қилаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар ўз ватандошлари очган компанияда ишлаб пулларини ола олмаётганларидан полицияга арз қилишган.
Бир гуруҳ ўзбекистонликлар, хусусан Мексика орқали АҚШга ноқонуний ўтган муҳожирлар, бир неча ойдан бери ўз ватандошлари юритувчи компаниядан ойликларини ола олмаётганидан шикоят қилишмоқда. Уларнинг икки нафари Би-би-си билан суҳбатда «Hadija Housekeeping LLC» компаниясини юритувчи ўзбекистонлик аёл Огайо штатининг ЦинЦиннати шаҳрида уларни меҳмонхоналарни тозалаш ишларида ишлатгани ва сўнгра иш ҳақларини бермаётганини даъво қилишди.
«Мексика орқали дадам, укам ва мен Америкага ўтдик. Одам бошига 15 минг доллардан берганмиз. Бошқа одамлардан йўлда мексиканлар, испанлар яна пул сўрашган. Бизни иш берувчилар ишлатиб ҳайдаб юборишди», – дейди улардан бири.
«Hadija Housekeeping LLC» компания эгасининг акаси бўлмиш Санжар исмли шахс ҳақиқатдан ҳам 10 кишига пуллари берилмаётганини тан олди, аммо унинг айтишича, унинг компаниясига айни хизматлардан фойдаланган меҳмонхоналар пулни тўлашмаган.
Айни дамда, Эркинбой Абдуллаевнинг айтишича, унинг ўзи ватандошларининг ҳуқуқлари учун курашишни бошлаганида ўлим таҳдидларини олган. Эркинбой Абдуллаев кўплаб ўзбекистонликлар АҚШга келишнинг хатарли йўлини танлашаётганини айтади. «Мексика орқали ноқонуний келганларда ишлаш ҳуқуқи бўлмайди. Қўштирноқ ичидаги иш берувчи бизнесменлар бундан фойдаланади ва уларни хўрлайди, ишлатиб пулини бермайди ё тўлиқ тўламайди», – дейди у.
Ҳуқуқшунос, шунингдек, ўзбекистонликларни АҚШга Мексика орқали жалб этиш кенг йўлга қўйилгани, уларга осон ишлар ва катта маошлар ваъда қилиниши, аммо йўлга чиқишлари билан тўловлар ортишини таъкидлаган. «Мен билган бир одам хотин ва вояга етмаган 5-6 ёшлардаги фарзанди билан келишларига 100 минг доллар тўлаганини айтди» – дейди ҳуқуқшунос.
Ўтаётган ҳафтада Migrant каналида канадалик ҳамюртимиз Обидхон Мамадалиев билан интервью эълон қилинди. Унда жумладан Мексика орқали АҚШ га бориш ҳақида ҳам гап кетган. Кўрмаганларга ушбу интервьюни кўришни тавсия қиламиз.
Муносабат:
Халқимизда сўнги йилларда анъанага айланиб бораётган бир одат бор. Четга чиқсак, бошқаларни эмас, айнан ватандошларимизни алдаб қўямиз. Ватандошига қалбаки ҳужжат қилиб берган, қалбаки билет сотган, ишни пулга сотган, қурувчилар иш ҳақидан пул олиб юрган, бировга қул қилиб сотиб юборган, ишлатиб, вақтида пулини бермаган, аёлларни ишга чақириб зўрлаган, гуруҳларда бошқа касал ва муҳтожлар номидан пул йиққан ҳам ўзбеклар. Ҳаттоки, пандемия пайтида ёрдам пулини олиб бериш учун муҳтожларни алдаганларни ҳам кўрдик. Мана энди АҚШ да ҳам бу каби ишлар бўлаяпти экан. Ҳамма муаммога бошқаларни айблайдиган дўстларимиз мана шу ҳолатлар, нима учун бунчалик ярамас одамларга айланиб бораётганимиз ҳақида ҳам ўйлаб кўришса бўларди.
Смольний тадбиркорлар орқали урушга одам йиғмоқчи
Санкт-Петербург ҳокимияти Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун корхоналардан ёрдам сўрамоқда, деб хабар беради “Фонтанка” нашри. Улардан Украинадаги махсус операция зонасига қисман сафарбарлик пайтида чақирилганидан бир ярим баравар кўпроқ одам юбориш талаб қилинмоқда. Ҳар бир корхонадан 5 киши талаб қилиниб, ёрдам бермаган раҳбарлар жиддий “суҳбат”га тутилади.
4 май куни Виборгский тумани маъмуриятида бўлиб ўтган йиғилишда туман раҳбари Виктор Полунин, унинг биринчи ўринбосари Василий Сажнов ва шаҳар ҳарбий хизмат кўрсатиш бошқармаси туман бўлими бошлиғи Александр Бажимов тадбиркорларга мурожаат қилган.
Виктор Полунин шаҳар ҳокимиятига шартнома бўйича ҳарбий хизматга одамларни жалб қилиш вазифаси юкланганини айтган. Туман ҳокимлигида маълумот пункти ташкил этилган бўлиб, кўнгиллиларга имтиёзлар тўғрисида маълумот берувчи варақалар тарқатилмоқда. Лекин бизнес ёрдамисиз иш битмаслиги айтилган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда 2022 йилнинг 21 сентябрдан қисман сафарбарлик бошланган эди. Ҳаммаси бўлиб 300 минг россиялик захирадан чақирилган.
Екатеринбургга меҳнат муҳожирлари етишмаётганлиги айтилмоқда
Бу ҳақда биринчи Евроосиё медиафоруми доирасида журналистлар билан учрашувда шаҳар мэри Алексей Орлов маълум қилди. «Аниқ рақамларни айта олмайман, бу билан миграция хизмати шуғулланади. Аммо бизда меҳнат муҳожирлари етарли эмаслиги ҳақиқат», – дейди у.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йили шаҳарда қарийб 1,6 миллион квадрат метр уй-жой, 800 минг квадрат метрга яқин тижорат кўчмас мулки фойдаланишга топширилган. Қурилишда меҳнат муҳожирлари фаол иштирок этган.
Екатеринбургда 20 дан ортиқ дипломатик миссиялар фаолият юритаётганини айтган шаҳар мэри ҳокимликнинг улар билан алоқалари яхши эканини таъкидлаган. Томонлар, жумладан, меҳнат муҳожирларини рўйхатга олишда қўллаб-қувватлаш, зарур ҳужжатларни олиш, ишга жойлашишда кўмаклашиш каби муаммоларни ҳал қилиш устида ишламоқда.
Одамларнинг ҳаммаси банд. Аммо қурилиш соҳасига келадиган бўлсак, ишчиларнинг катта етишмовчилиги мавжуд. Бизда кўплаб қурилиш майдонлари бор.
Бугунги кунда Москвадан Қозон орқали Екатеринбурггача бўлган тезюрар автомобиль йўлини қуриш бўйича кенг кўламли лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, кадрлар етишмовчилиги кескин сезилмоқда», – дея хулоса қилган у.
Муҳожир “дальнобойшик”лар учун патентларни бекор қилиш таклиф этилмоқда
«Бизнес Россия» умумроссия жамоат ташкилоти Россия Федерацияси ҳукуматига оғир юк машиналарининг хорижий ҳайдовчилари учун минтақавий патентни бекор қилиш талаби билан мурожаат тайёрлади. Бу соҳага янги меҳнат муҳожирларини жалб қилиш учун зарур. Шунингдек, Россия ва МДҲ давлатларида ҳайдовчилик гувоҳномаларини унификация қилиш, яъни бир хиллаштириш таклиф қилинмоқда, бу эса Россия Федерациясига хорижлик ҳайдовчиларнинг кириб келишини кўпайтиради. Ташкилотнинг ҳисоб-китобларига кўра, беш йил ичида Россияда юк машиналари ҳайдовчиларининг етишмаслиги 15 фоиздан 21 фоизга ошган.
«СДEК» компанияси ҳам худди шу фикрни олға сурган.
“Саноатда ҳақиқатан ҳам муаммолар бор – юк ташувчилар бу ҳақда очиқ гапиришмоқда. Автомобиль ҳайдовчини кутаётган ҳолатлар ҳам учраб туради. Автопаркимизга келсак, биз бундай қийинчиликларга дуч келганимиз йўқ», – дея таъкидлаган компания матбуот хизмати.
«Деловая Россия» маълумотларига кўра, ёшларнинг ишлашни истамаслиги туфайли юк машинаси ҳайдовчиси касби «эскирган» – ходимнинг ўртача ёши 48 ёшни ташкил этади ва компанияларнинг йигитларни юк машинасини бошқаришга ўргатишга уринишлари наф бермаяпти. Ечим вариантларидан бири сифатида ташкилот ўрта махсус таълим тизимида профессионал ҳайдовчилар тайёрлашни жонлантиришни таклиф қилмоқда.
Айни пайтда сўровлар шуни кўрсатадики, Марказий Осиёдан келган юк машиналари ҳайдовчилари Россияда ишлашга кўпроқ қизиқиш билдирмоқда, чунки ўз мамлакатида ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда.
«2022 йилда Ўзбекистонда меҳнат ресурслари сони 19,5 миллион кишини ташкил этди. Мамлакатда бандлик даражаси 68 фоизни, ишсизлар сони эса 1,3 миллион кишига етади, ишсизлик даражаси 8,6 фоизни ташкил этади. Россияда Е тоифали юк машинаси ҳайдовчисининг ўртача маоши 95 минг рубль, SuperJob маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 17 минг 330 рублни ташкил қилади (2 668 646 сўм)», — деди «Деловая Россия» транспорт логистика қўмитаси раҳбари Вадим Филатов.
Бироқ, ҳозирча мигрант ҳайдовчилар учун патент тизимини бекор қилиш мантиққа тўғри келмаслиги мумкин.
Муаммони, масалан, командировка гувоҳномалари ёки мигрант ҳайдовчининг Россия Федерациясининг бошқа минтақасига ишлаш учун юборилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ёрдамида ҳал қилиш мумкин.
Бироқ, саёҳат рухсатномаларини бериш тизими ёки мигрант ҳайдовчилар учун патентларни бекор қилиш миграцияни рўйхатга олиш учун масъул орган сифатида Россия Ички ишлар вазирлигининг розилигини талаб қилади.
“Ҳозирги вақтда „Работа России“ порталида юк машиналари ҳайдовчилари учун 9000 дан ортиқ бўш иш ўринлари рўйхатга олинган. Шу билан бирга, порталга ўз резюмеларини жойлаштирган қарийб 130 минг нафар номзод юк машиналарини бошқариш учун зарур малакага эга. Амалда, маълум бир лавозимга мутахассис танлаш масаласи кўпинча иш жойидаги иш ҳақи миқдори билан боғлиқ”, – дейди Россия Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати.
«Деловая Россия» транспорт логистика қўмитасининг маълумотларига кўра, айнан узоқ масофаларга юкларни ташийдиган СЕ тоифасидаги ҳайдовчиларнинг етишмаслиги ортиб бормоқда. Оғир юк машиналари ҳайдовчисининг маоши 65 дан 180 минг рублгача бўлишига қарамай, баъзи автопаркларнинг 2-5 фоизи ишламаяпти.
Ташкилот вакилларининг сўзларига кўра, ҳатто мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган бундай иш ҳақи даражаси ҳам россияликларни бу ишга қизиқтирмаяпти. Шубҳасиз, иш учун патентга муҳтож бўлмаган ва шунинг учун транспорт соҳасида ишга жойлашиш учун тўсиқ бўлмаган ЕОИИ мамлакатлари фуқаролари орасида ҳам мазкур бўш иш ўринларига талаб йўқ.
Демак, россияликларни қониқтирмаган маош агар уларга патент чекловларисиз соҳада ишлашга рухсат берилса муҳожирларга мос келиши мумкин дейилади хабарда.
Муносабат: Ўзи россияликларни тушуниб бўлмайди. Аҳоли камайиб кетаётганини, иқтисодиёт ривожланиши учун ишчи кучи кераклигини ҳамма билади. Лекин, фақат ўзларига ўхшаган одамларни кўришни хоҳлашади. Расмийлардан, бизнес вакилларидан мигрантлар етишмаётгани ҳақидаги баёнотлар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Ана ўшанда балки аҳмоқона қарор ва қоидалар бекор қилиниб, меҳнат қилаётган одамларни тинч қўйишар.
Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Сизларни Ватанда оилангиз кутмоқда. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!