Maqola

696 09/10/2023

“Грин карта” бошланди

Бугун дастуримизда:

  1. Тўрт ўзбекистонлик Курил оролларида чўкаётган ота-болани қутқариб қолди
  2. Уфада «тез ёрдам» ходимлари мигрантлар томонидан калтакланди.
  3. Россияда мигрантларга айрим касбларда ишлаш тақиқланади
  4. Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлди
  5. “Грин карта” лотореясига старт берилди. Мексика-Америка чегарасида муҳожирлар сони ойлик максимал даражага яқинлашди
  6. Паспортсиз авиачипта харид қилиш мумкинлиги айтилди
  7. Германия олти давлат билан миграция бўйича музокаралар олиб бормоқда
  8. Қатар Ўзбекистонга визасиз режим жорий қилди
  9. СССР брендлари сифати сафсатамиди?

Дастуримизни яхши хабар билан бошлаймиз. Тўрт нафар ўзбекистонлик Куриль оролларида чўкаётган ота-болани қутқариб қолди.

“Красный маяк” ижтимоий-сиёсий газетаси ўзининг телеграм-каналида воқеа тафсилотларини маълум қилди. Унда айтилишича, Рейдово қишлоғи яқинидаги дарё бўйида сайр қилиб юрган бола тўсатдан сирғалиб, сувга тушиб кетган. Уни қутқариш учун сувга тушган Отанинг ўзи ҳам сузишни билмаслиги сабаб чўка бошлади. Ғарқ бўлаётганларнинг қичқириғини эшитган ўзбекистонлик муҳожирлар уларни сувдан олиб чиқиб, ҳаётини сақлаб қолган. Қаҳрамонлар исм-шарифи Усмон Мирсалиев, Исломжон Қўчқоров, Усмон Усвалиев ва Абдурахим Шокиров экани маълум қилинди. Баракалла, йигитлар!

Афсуски, кейинги хабарнинг қўштирноқ ичидаги қаҳрамонлари учун “баракалла”, деган олқишни ишлата олмаймиз. Сабаби, мигрантлар Уфада «тез ёрдам» ходимларини калтаклади.

Маълум бўлишича, Уфанинг Ленинград тумани, Аксаков кўчасидаги кафеларнинг бирида бир гуруҳ муҳожирлар ўртасида молиявий қарз туфайли низо келиб чиққан. Жаҳл устида кафе ҳовлисига чиқишган мижозлар ўртасида оммавий муштлашув бўлиб ўтган.

Кафе ёнида «Тез ёрдам» биносидан чиққан тиббий ходимлар  жанжалкашларни ажратишга ҳаракат қилишган, бироқ  ўзлари тажовузга учраган. Бир нечта тез тиббий ёрдам ходимлари жароҳатланган, «тез ёрдам» машиналаридан бирининг ойналарини синдиришган. Бошқирдистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати можаро қўзғатганликда гумон қилинган тўрт нафар шахс қўлга олингани ҳақида хабар берди.

“Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси бўйича маъмурий иш очилди», – дейилади полиция баёнотида. Муштлашувнинг бошқа иштирокчиларининг шахси аниқланмоқда. Ҳолат юзасидан “Безорилик” айблови  билан жиноий иши қўзғатилган.

Россияда мигрантларга айрим касбларда ишлаш тақиқланади

Ҳа, ҳукумат биринчи навбатда россияликларга ишга жойлашиш имкониятларини бериш мақсадида шуни режа қилмоқда. Мигрантлар учун қурилиш майдонларида иш бор, бироқ бозор ва дорихоналардаги иш улар учун ёпиқлигича қолади. Бу қарор 2023 йилнинг 4 октябрдан кучга киради.

Бу йилдаги каби 2024 йилда ҳам мигрантларга савдо нуқталарида, дорихоналарда дори-дармонлар, киосклар, палаткалар ёки автофургонларда ҳар қандай товарларни сотиш тақиқланади.

Алкогол ва тамаки дўконлари эгалари хорижлик ишчиларнинг 15 фоизини ёллаши мумкин бўлади, йўловчи транспортида эса мигрантлар улуши 24 фоиздан ошмаслиги керак. Сабзавот етиштириш учун ходимларга муҳтож бўлган компаниялар жамоасининг ярми мигрантлар бўлиши мумкин.

Ёғочни кесишда ишлаш учун ҳам худди шу квота белгиланади. Бинолар ва ҳудудларга хизмат кўрсатиш, яъни кўчаларни супуриш ёки қордан тозалашда мигрантларнинг улуши 70 фоизгача етиши мумкин. Ўтган йилгидек, қурилиш учун энг катта квота белгиланди – иш берувчилар 80 фоиз ходимини мигрантлар орасидан ёллаш ҳуқуқига эга.

Ҳафтанинг энг муҳим сиёсий воқеаси сифатида Шавкат Мирзиёевнинг Владимир Путиннинг таклифига биноан 5-7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлганини айтиш мумкин.

Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳри аэропортида Татаристон президенти Рустам Миннихонов кутиб олгани ва мулоқотда президентлар ўз она тилларида гапиргани жамоатчилик эътиборидан четда қолмади.

Музокаралар чоғида икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, миграция ва гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари томонидан имзоланган 10 та ҳужжат алмашилди.

Ташриф  доирасида Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олиши ҳақидаги янгилик кўпчилик учун кутилмаган бўлди.

7 октябрь куни Шавкат Мирзиёев, Владимир Путин ва Қосим-Жомарт Токаев Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб берилишига бағишланган маросимда қатнашди.

Шу ўринда ташрифга оид тармоқларда тарқаган айрим видеоларга ҳам эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Владимир Путин Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Ўзбекистонни Доғистон билан адаштириб айтди.

«Россия-Доғистон алоқалари» ривожидаги шахсий иштирок учун сизга миннатдорлик билдиришни истайман», деди Путин.

Шунингдек, Путин ўз туғилган кунида Шавкат Мирзиёевга “Аурус” йўл танламасини кўрсатгани акс этган видео тарқади. Унда Путин рулга ўтириб, Ўзбекистон Президенти билан саёҳат қилган.

Албатта, Сизда бу ташрифда мигрантлар учун қандай янгиликлар бор, деган савол туғилиши табиий. Маълум бўлишича, икки президентнинг тор доирадаги учрашувида Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари учун ижтимоий кафолатларни таъминлаш масалалари ҳам батафсил кўриб чиқилган.

Умид қиламизки, бу келишувлар яқин фурсатларда ўзининг амалий исботини топади.

Аввал хабар қилганимиздек, 4 октябрдан “Грин карта” лотореясига старт берилди.

Экранингизда кўриб турган (экранда dvprogram.state.gov) сайт орқали 8 ноябрга қадар рўйхатдан ўтишингиз мумкин. Агар бу сизга мураккаблик қилса, ушбу рақамларга (………..) телеграм ва ватсап орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

АҚШга оид яна бир хабар. Мексика-Америка чегарасида муҳожирлар сони ойлик максимал даражага яқинлашди.

Ўтган ҳафта давомида ҳар куни 10 мингга яқин муҳожир ва бошпана изловчилар АҚШ-Мексика чегарасига етиб келишган эди. Бу ҳақда Мексика президенти Мануел Лопес Обрадор Reuters агентлигига маълум қилган.

Лопес Обрадор расмийлар миграциянинг асосий сабабларини, жумладан, бандлик ва ҳаёт сифатини яхшилаш соҳаларида ҳал қилишлари кераклигини таъкидлаб, “Одамлар миграцияга мажбур бўлмаслиги учун биз ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик кўприкларини қуришимиз керак”, деди.

Сиёсатчи, шунингдек, якшанба куни Мексика жанубидаги Чяпас штатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 10 кубалик муҳожир ҳалок бўлганидан афсусда эканлигини билдирди. Reuters ахборот агентлигининг аниқлик киритишича, сентябр ойида Мексика-Америка чегарасида аниқланган муҳожирлар сони аввалги ойлик максимал даражага яқинлашган ёки ундан ошиб ҳам кетган.

Паспортсиз авиачипта харид қилиш мумкинлиги айтилди

“Uzbekistan Airways” авиакомпания рейсларига амалдаги норматив ҳужжатларда авиакассирлардан йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаси асосида авиачипталар сотишни талаб қилувчи бандлар мавжуд эмаслигини маълум қилди.

“Uzbekistan Airways Sales” филиаллари ёки авиакомпания агентларида авиачипта сотуви йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи гувоҳномаларнинг асл нусхалари асосида ҳам, уларнинг фотонусхалари асосида ҳам амалга оширилади.

Бундан ташқари, авиакомпания расмий интернет-сайти ва мобил иловаси орқали авиачипталарни сотишни фаол ривожлантирмоқда, бунда йўловчиларнинг маълумотлари тўғридан-тўғри авиачипта расмийлаштираётган шахс томонидан тизимга киритилади. Барча белгиланган маълумотлар йўловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатга қатъий мувофиқ равишда брон қилиш тизимига хатосиз киритилиши керак.

Маълумотларнинг тўғрилиги учун тўловни амалга ошираётган шахс жавобгар бўлади, чунки ушбу шартга риоя қилмасдан авиачипта сотиб олиш имконсиз бўлади.

“Uzbekistan Airways” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасида ва ундан ташқарида авиачипталарни сотиш бўйича барча агентларга авиачипталарни сотиб олишда йўловчилар ёки уларнинг яқинлари томонидан йўловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш зарурати йўқлиги тўғрисида навбатдаги эслатма юборилган.

Германия олти давлат билан миграция бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Германия федерал ҳукумати “миграция ҳамкорлиги” доирасида бир қанча давлатлар билан миграция масалаларини фаол муҳокама қилмоқда. Асосий мақсадлардан бири ноқонуний мигрантларни ўз ватанларига жадал қайтаришдир.

Ҳозирда бу музокаралар олтита давлатга тегишли: Грузия, Молдова, Кения, Колумбия, Ўзбекистон ва Қирғизистон. Марказий Осиёнинг икки давлати – Ўзбекистон ва Қирғизистон билан музокаралар аллақачон яхши ривожланган.

Ўзбекистон билан май ойида, Қирғизистон билан эса сентябрда ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Бу ҳаракатлар ноқонуний қочқинлар сонини камайтириш ва Германияга иммиграциянинг қонуний механизмларини яратишга қаратилган.

Қатар Ўзбекистонга визасиз режим жорий қилди

     Энди Ўзбекистон фуқаролари 30 кунгача бўлган муддатга Қатарга визасиз бориши мумкин. Бунинг учун “загран” паспортингиз муддати 6 ойдан кам қолмаган бўлиши ҳамда сизда қайтиш билети бўлиши керак.

Ҳозирда Ўзбекистон Қатарга визасиз бориши мумкин болган 101 давлатлар қаторида турибди. Олдинроқ, шу йилнинг 5 июлидан Қатар фуқаролари учун ҳам Ўзбекистонга киришда 30 кунлик визасиз режим жорий қилинганди.

СССР брендлари сифати сафсатамиди?

“Тавсия” рукнининг бу галги кўрсатуви сарлавҳаси шундай номланган.

MigrantUzнинг ютубдаги каналига юкланган мазкур кўрсатувда собиқ СССР даврида сифати юқори ва мазаси такрорланмас, деб таърифланган машҳур  ва афсонавий маҳсулотлар ҳақида гап боради. Унда аслида ҳам шундаймиди, деган саволга жавоб берилган. Фильмни кўргач, бу борадаги фикрингиз ўзгариши мумкин.

Ҳозирча шулар! Мигрантларга ҳаётига оид янгиликларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кузатиб боринг! Янги ҳафта сиз учун омадли ва баракали бўлсин!

Кейинги ҳафтада кўришгунча, саломат бўлинг!

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya