Мақола

374 11/09/2023

КЕЛИН ЎҒРИСИ ҚЎЛГА ТУШДИ

 Бугун дастуримизда:

  1. Долларнинг қимматлашиши қурилишдаги кадрлар етишмовчилигига сабаб бўлмоқда. Россия ҳукумати муҳожирларни жалб қилишга чақирмоқда
  2. 16 ёшли қизни ўғирлашга уринган ўзбекистонлик аэропортда қўлга олинди;
  3. Ўзбекистонга маҳаллий пул ўтказиш тизимлари орқали хориждан пул ўтказиш тақиқланди
  4. Юнистрим» Тожикистонга ва Тожикистондан чет эл валютасида пул ўтказмаларини тўхтатди;
  5. Россия ва Тожикистон меҳнат муҳожирлари масаласида ҳамон бир-бирини эшитмаяпти;
  6. Ўзбекистонда нақд валютани божхонадан декларациясиз олиб ўтиш миқдори оширилди;
  7. АҚШ элчихонаси Green Card бўйича виза берилмаслиги эҳтимоли ҳақида огоҳлантиради;
  8. Нижнекамскда ўзбекистонлик муҳожирлари ўртасида муштлашув бўлди

Долларнинг қимматлашиши қурилишдаги кадрлар етишмовчилигига сабаб бўлмоқда. Россия ҳукумати муҳожирларни жалб қилишга чақирмоқда

Россияда қурилиш соҳасида ишчилар етарли эмас. «РБК-Недвижимость» ҳисоб-китоблари бўйича, 2022 йил июль ойига нисбатан соҳада резюмелар сони 9 фоизга қисқарган, очиқ бўш иш ўринлари сони эса қарийб 45 фоизга ошган. Қурилиш соҳаси илгари ҳам кадрлар этишмаслигига дуч келган эди.

Муаммо кўпинча чет эл фуқароларини ишлашга жалб қилиш орқали ҳал қилинарди. Улар асосан Марказий Осиё минтақаси давлатларидан ташриф буюрганлар бўлган. Бироқ ҳозирда муҳожирларнинг Россияга бориш қарорига Америка валютасининг курси кучли таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда хорижлик қурувчилар учун ўртача иш ҳақи 300 дан 400 долларгача.

«Капитал Развитие» компанияси раҳбари Тимур Лакеевнинг сўзларига кўра, мамлакатда янги уй-жой қурилиши ҳажми ошган, ишчилар сони эса камайган. Чиқиб кетиш қисман сафарбарлик эълон қилиниши билан бошланди. Ишчиларнинг қарийб 15 фоизи уйларига – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга қайтди.

Шунингдек, «Голос.Девелопмент» раҳбари Сергей Пахомов, қурилишда кадрлар етишмаслигининг учта сабабини айтади. У Россиядаги “демографик чуқурлик”, Марказий Осиё қурилиш ишчиларининг чиқиб кетиши ва маҳаллий мудофаа саноатининг бошқа соҳалардан мутахассисларни олиб қўйишига ишора қилади.

Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетниковнинг ишчи кучи танқислиги муаммосини мигрантларни жалб қилиш ва сунъий интеллектни жорий этиш орқали ҳал қилишни таклиф қилмоқда.

Унинг фикрича, ишсизликнинг пастлиги ва ишчилар тақчиллиги Россия иқтисодиёти учун жиддий муаммо туғдиради. Иш ҳақининг ўсиши ҳам ишчи кучи танқислигига таъсир қила олмаяпти. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Решетников мамлакатга меҳнат муҳожирларини фаол жалб қилишни таклиф қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, улар учун Хитой ва Осиё билан рақобат борлиги туфайли қўшни давлатлардан келган энг яхши кадрларни сақлаб қолиш учун мақсадли сиёсат юритиш зарур.

Вазир самарадорликни ошириш дастурларини кенгайтириш ва ишлаб чиқаришга сунъий интеллектни жорий этишни ҳам муҳим деб атаган. Бу ишчилар етишмаслигини автоматлаштириш орқали қоплайди.

 16 ёшли қизни ўғирлашга уринган ўзбекистонлик аэропортда қўлга олинди

Калининград вилоятида 16 ёшли қизни унга уйланиш ниятида ўғирламоқчи бўлган 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Воқеа ҳақида вилоят СК – Тергов бошқармаси хабар берган.

Baza телеграм-каналидаги хабарга кўра, Калининграднинг “Империал Парк” от спорти клубида отбоқар бўлиб ишлаган ўзбекистонлик йигитнинг эътиборини от спорти клубига келадиган қиз тортган. 29 август куни кечқурун Самандар қизни клубдан чиқиш жойида кутиб турган ва уни ўғирлаб кетган. Тергов маълумотларига кўра, бу Гвардейский тумани Комсомолск қишлоғидаги автобус бекатида содир бўлган.

Ўғирланган қизни у аввал ўзи яшайдиган хонада бир неча соат ушлаб турган. Сўнг пичоқ билан таҳдид қилиб, Ўзбекистонга учиш учун аэропортга олиб кетган. Тергов қўмитаси хизмати маълумотларига кўра, қиз Самандарнинг ишончини қозониб, аёллар ҳожатхонасига борган ва у ерда онасига қўнғироқ қилган. Она ҳам ўз навбатида полицияга мурожаат қилган.

Бундан ташқари, Baza хабарига кўра, қиз аэропорт ходимларига ҳам белги бериш имкониятига эга бўлган. Полиция ходимлари Ўзбекистон фуқаросини аэропортда қўлга олди, қизга тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилди. Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан 126-модда 2-қисми (“Вояга етмаганни била туриб қурол ишлатиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли зўрлик ишлатиб ўғирлаш”) билан жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон фуқароси сўроқ қилиниб, айблов эълон қилиниши ҳамда ҳибсга олиниши тўғрисида сўровнома киритилиши керак.

Марказий Осиё ва Шимолий Кавказнинг айрим ҳудудларида турмуш қуриш мақсадида аёлларни ўғирлаш амалиёти ҳозирги кунгача давом этмоқда. Бироқ, уларнинг айримларигина судга оширилади ва бундай жиноятни содир этган камдан-кам эркакка нисбатан жиноий иш қўзғатилади.

Ўзбекистонга маҳаллий пул ўтказиш тизимлари орқали хориждан пул ўтказиш тақиқланди

2023 йил сентябрь ойи бошидан Ўзбекистонда иккита машҳур тўлов хизматлари Oson ва Pay Way халқаро пул ўтказмаларини вақтинча тўхтатди. Бундай қарорга маҳаллий Марказий банкнинг талаби сабаб бўлди, у элликка яқин пул ўтказиш хизматларига худди шундай хабарнома юборган.

Бироқ хизматлар Uzcard и Humo маҳаллий тизимлари ўртасидаги ички тўловлар, коммунал ва бошқа хизматлар учун фаолиятини давом эттирмоқда. Ушбу чекловларнинг амал қилиш муддати ҳали аниқланмаган. Pay Way ушбу қарор маҳаллий Марказий банк талабига мувофиқ қабул қилинганини таъкидлаган.

Oson хизмати ҳам чекловнинг аниқ сабабларини келтирмаган ҳолда, худди шу санадан бошлаб халқаро пул ўтказмалари ва хорижий хизматлар учун тўловлар тўхтатилганини эълон қилди.

Ўзбекистонда 52 та тўлов тизими мавжуд бўлиб, улар орасида Oson ва Pay Way энг йирикларидан ҳисобланади. Ушбу хизматлар томонидан амалга ошириладиган барча халқаро пул ўтказмаларининг 80 фоиздан ортиғи Россия билан боғлиқ.

Марказий банк ижтимоий тармоқларда тўлов ташкилотлари учун трансчегаравий пул ўтказмаларига доир ўрнатилаётган чекловлар юзасидан тарқатилаётган хабарлар бўйича баёнот эълон қилди.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, резидент юридик шахсларга чет элда ҳисобварақлар очиш ва ундаги валюта маблағларини тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорлари доирасида амалга оширилиши мумкин.

Бироқ, амалиётда “BRIO GROUP” МЧЖ (OSON) тўлов ташкилоти хорижий банкда ҳисобварақ очиб, мазкур банк ҳисобварағи орқали юқоридаги Қонун талабларига зид равишда амалиётлар ўтказган”, дейилади МБ хабарида. Шунингдек, МБ тўлов хизматларида тўлов ташкилотлари бевосита товарларни (хизматларни) сотиб олувчи ёки сотувчи сифатида иштирок этмаслигини айтиб, бу иш ташқи савдо операцияси ҳисобланмаслигини таъкидлайди.

Ўзбекистон Республикасида халқаро тўлов хизматлари, шунингдек, халқаро онлайн хизматларга тўловлар бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган. Фуқаролар тижорат банкларининг платформалари орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин”, дейилади Марказий банк хабарида.

Марказий Банк хабаридан шуни билиш мумкинки, хориждан пул жўнатиш учун банклар ва халқаро пул ўтказиш тизимларидан фойдаланиш мумкин. Ўз банкига эга бўлмаган маҳаллий пул ўтказиш тизимлари орқали хориждан пул ўтказиб бўлмайди. Яъни, Контакт, Золотая Корона каби халқаро пул ўтказиш тизимлари ва Unired, MTS банк, Солидарность, Сбербанк онлайн каби банклар иловалари орқали пул юбориш мумкин. Salam Pay, Oson каби иловалар орқали пул юбориб бўлмайди.

«Юнистрим» Тожикистонга ва Тожикистондан чет эл валютасида пул ўтказмаларини тўхтатди

«Юнистрим» тўлов тизими Тожикистонга доллар ва еврода пул ўтказмаларини тўхтатди, деб хабар берилмоқда “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. У бу мамлакатда рубл билан ишлашда давом этади. Бироқ 30 сентябргача маълум сабабларга кўра олинмаган пул ўтказмасини доллар ёки еврода қайтариш учун ариза бериб олиш мумкин. Ушбу санадан кейин қайтариш мумкин бўлмайди, деб огоҳлантаради тизим.

Июль ойи охирида Тожикистон Миллий банки «Юнистрим» орқали республикага ва республикадан пул ўтказиш фақат рублда амалга оширилишини эълон қилган эди. Тўлов тизимининг оператори бўлган худди шу номдаги Россиянинг “Юнистрим” банки 20 июль куни АҚШ санкциялари остида қолди. Эртаси куни Грузиянинг иккита йирик банки, ТБC ва Bank of Georgia чекловларга муносабат билдиришди, улар тизим ёрдамида пул ўтказмаларини амалга ошириш мумкин эмаслигини маълум қилишди.

Арманистоннинг тўртта банки, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг бир қанча молиявий ташкилотлари, шунингдек, Қозоғистоннинг “Казпочта” почта миллий оператори “Юнистрим” билан ҳамкорликни тўхтатди. Август ойида Google Play дўконидан «Юнистрим» иловаси йўқолди.

«Юнистрим» санкциялар таъсирини юмшатиш учун чоралар кўришини айтди; банк ҳамкорлар билан узлуксиз ишлаш имконини берувчи “инфратузилмавий ечим”ни ваъда қилган.

Россия ва Тожикистон меҳнат муҳожирлари масаласида ҳамон бир-бирини эшитмаяпти

Сўнгги пайтларда Тожикистон вакилларининг меҳнат миграцияси муаммоларини муҳокама қилиш учун Россияга ташрифлари тез-тез бўлса-да, бироқ жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш бўйича ҳаракатларни ҳисобга олмаса, Москва ва Душанбе ҳалигача жиддий муваффақиятларга эриша олмаган.

2023 йилнинг 29 август куни Россия Федерацияси Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев ўзининг тожикистонлик ҳамкасби Рамазон Ҳамро Раҳимзода билан учрашди. Томонлар миграция ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилдилар. Бу масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик ҳар икки давлат учун алоҳида аҳамиятга эга: Россия Федерациясида миллионлаб тожикистонлик меҳнат муҳожирлари бор.

Жаҳон банки иддао қилишича, 2022 йилда Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 49 фоизи (5,2 миллиард доллар) меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳисобига шаклланган. Ишчи кучи экспорти Душанбе учун ҳаётий муҳим масала, лекин Москва учун ҳам бу алоҳида йўналиш бўлиб, усиз мамлакат иқтисодиёти яшай олмайди. Россия демографик қийинчиликлар ва қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида ишчиларга бўлган талабнинг кескинлиги туфайли Тожикистон, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган меҳнат муҳожирларини рад эта олмайди. Буларнинг барчаси Москва ва Душанбени ҳамкорликни ривожлантиришга мажбур қилмоқда, бироқ ҳозиргача ҳақиқий муросалардан кўра бир томонлама ҳаракатлар кўпроқ бўлган.

Томонлар уюшган жиноятчиликка қарши кураш масаласида яхши ҳамкорлик қилмоқда, бироқ меҳнат миграцияси бўйича сезиларли силжиш кузатилмаяпти. Тожикистон томони вақти-вақти билан сиёсий тусдаги баёнотлар билан чиқади ва Москва бу йўналишни бутунлай Ички ишлар вазирлигига бериб қўйган.

“Россия қонунчилиги бузилиши ҳолларининг ярми тожиклар ва бошқа чет эллик ишчиларнинг патентсиз ва рўйхатдан ўтмай ишлашидан иборат. Бирор киши Россия Федерациясига ишлаш учун келса, у яшаш учун жой топиши керак. Шунинг ортидан одамлар рўйхатга олинган, аммо яшамайдиган резина квартиралар пайдо бўлган. Буларнинг барчаси мамлакатда махсус хизматни – масалан, илк келган одамларга уй-жой бериш ва рўйхатга олиш учун шаҳар ва давлат ётоқхоналари тармоғини яратиш зарурлигини кўрсатади.

Иккинчи муаммо – патент тўлови. Уни келган муҳожир бирор нарса ишлаб топгандан кейин эмас, балки мамлакатга келгандан сўнг дарҳол тўлаши лозим. Ушбу оғирликлар ишчиларга машаққат туғдиради ва кейинги қонунбузарликларни келтириб чиқаради», дейди Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университети профессори Александр Сафонов.

Россияда миграция масаласи Ички ишлар вазирлиги томонидан назорат қилинади, қонунбузарликларни қайд этиб, процессуал қарорлар қабул қилади, аммо профессорнинг сўзларига кўра, бу тартиб иқтисодиёт нуқтаи назаридан мақбул эмас. Миллий иқтисодий муаммоларни давлат органи яхшироқ ҳал қилган бўларди.

“Бу ерда Россия томонида кўпроқ муаммолар бор. Россия Федерацияси қонунчилигига кўра, чет эл фуқароси мамлакатда 12 ойгача қолиши мумкин, кейин у ҳудудни тарк этиши ва бунинг учун пул сарфлаб, яна кириши керак. Баъзи иш берувчилар учун кўпроқ вақт квоталарини бериш тўғри иш бўларди, эҳтимол бу тамойилни патентга ўтказиш ҳам мумкиндир. Россияда хориж ишчи кучи билан ишлашга халақит берадиган кўплаб қонунчилик найранглари мавжуд”, – дейди Сафонов.

Бироқ Тожикистон Россия билан давлатлараро музокараларда бу масалаларни ҳал қилмайди. Ушбу республика расмийлари ўз фуқароларини доимий равишда депортация қилиш сабаблари ҳақида унчалик ташвишланмайди ва потенциал муҳожирларнинг Россия юрисдикциясида қонунийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида тизимли маълумотларини ташкил этишга уринмайди.

Душанбе баъзан ўз фуқароларининг ҳуқуқлари бузилганлигини даъво қилади ва Москва бунга жавобан ички қонунчиликнинг бузилиши ҳолатларини рўкач қилади, вазият муаммоларни ҳал қила олмайдиган икки томон монологига ўхшайди.

Тожикистон ишчи гуруҳларининг Россия шаҳарларига ташрифи ҳеч нарсани ўзгартирмайди, натижага фақат Москва ва Душанбе ўртасидаги конструктив мулоқот доирасида эришиш мумкин. Ечим МДҲ маконида ягона меҳнат бозорини яратишга ўтиш, шунингдек, Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган муҳожирларни қабул қилиш ва уй-жой ва иш билан таъминлашнинг аниқ қоидаларини ишлаб чиқишдан иборат.

Ўзбекистонда нақд валютани божхонадан декларациясиз олиб ўтиш миқдори оширилди

Божхонадан декларация тўлдирмасдан олиб ўтиш мумкин бўлган валюта миқдори оширилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган қарорини эълон қилди.

Қарорга кўра: Жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 100 миллион сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади. Илгари 70 миллион сўм эди.

Жисмоний шахслар декларация тўлдириш талаб этиладиган белгиланган эквивалентдан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини божхона назорати шакллари қўлланилмасдан олдин декларацияламаган ҳолда божхона органлари ходимларига маслаҳат олиш мақсадида тақдим этганда, божхона органлари ходимлари томонидан жисмоний шахсларга декларация тўлдириш қоидалари билан боғлиқ умумий тушунтиришлар берилади. Илгари бу қоида мавжуд эмас эди.

Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

АҚШ элчихонаси Green Card бўйича виза берилмаслиги эҳтимоли ҳақида огоҳлантиради

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2023 Diversity Visa (Green Card) дастури бўйича янгиланган маълумотни эълон қилди. Бутун дунё бўйлаб, йиллик белгиланган 55000 та визалар сони чеклови қамраб олингандан сўнг, барча АҚШ элчихоналари DV дастури бўйича визаларни бошқа тақдим эта олмайди.

Тошкентда ушбу ойда бўлажак виза суҳбати куни белгиланган мурожаатчилар, виза ололмасликлари мумкин. Элчихона виза учун талаб этилган ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган мурожаатчиларни виза суҳбатига келиш ҳақида ўйлаб кўришни маслаҳат беради. Чунки виза бўйича мурожаатни кўриб чиқиб, уни якунлаш учун етарлича вақт қолмаслиги сабабидан виза учун тўлов қайтариб берилмайди.

Тошкентдаги АҚШ Элчихонаси дунё бўйлаб белгиланган виза сонлари чеклови қамраб олингунига қадар, DV визаларини тақдим этишни давом эттириши ва бугунги кунга келиб, 3 100 дан ортиқ виза мурожаатчилари билан суҳбат олиб борганлигини маълум қилган.

Нижнекамскда ўзбекистонлик муҳожирлари ўртасида муштлашув бўлди

Нижнекамскдаги “Султон” кафесида Ўзбекистон фуқаролари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Воқеа 3 сентябрь куни соат 01:05 да содир бўлган. Бу маълумотни Татаристоннинг Нижнекамск тумани ижроия қўмитаси раҳбарининг фавқулодда вазиятлар, фуқаро мудофааси ва терроризмга қарши кураш бўйича ўринбосари Артур Салахов тасдиқлаган. Видеода акс этган оммавий муштлашувда 35-40 га яқин одам иштирок этгани кўринади.

Татаристон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, етиб келган полиция ходимлари икки гуруҳ ўртасида аёл сабабли жанжал келиб чиққани, кейинроқ кўчада муштлашувга айланганини аниқлашган.

Полиция ҳодисанинг барча иштирокчиларининг шахсини аниқлади. Россияда қонуний яшаётган уч нафар чет эл фуқароси қўлга олиниб, қўшимча тергов ўтказиш учун ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

Ҳодиса оқибатида бир киши жароҳатланган, деб хабар берган Салахов. Унга мия чайқалиши ва бош суягининг орқа қисми синиши ташхиси қўйилган. Мавжуд маълумотларга кўра, можаро сабабчиси мигрантлардан бирининг аёли бўлган. Мазкур факт юзасидан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар қилган Татаристон Республикаси ИИВ матбуот хизмати.

Жабрланувчини даволаш натижаларига кўра соғлиғига етказилган зарарни аниқлаш ва жиноят ишини янада қайта тоифалаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан жиноятни очиш ва ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган тадбирлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Татаристон Республикаси Ички ишлар вазири топшириғига кўра, бундай ҳодисаларнинг юзага келиш сабаблари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ижроия қўмитаси раҳбари ўринбосари хориж фуқаролари жойлашган умумий овқатланиш корхоналарида текширувлар ўтказиш масаласи ҳал этилаётганини таъкидлади.

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Мигрантлар дунёси ва дунё миграциясига оид янгиликларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кузатиб боринг! Ҳаётингизда фақат яхши янгиликлар содир бўлсин!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация