МИРОНОВ ВИЗА ЖОРИЙ ҚИЛМОҚЧИ
Ассалому алайкум, сизлар билан яна Migrantnews дайжести ва мен, Дилфуза Акмал қизи. Доимгидай ҳафта давомида содир бўлган мигрантлар учун муҳим хабарларни оддий тилда ва қисқа шаклда айтиб берамиз.
Шундай қилиб бугунги эфирда:
Россиядаги тожикистонлик талабалар ва меҳнат муҳожирларига нисбатан босим кескин кучайгани кузатилмоқда
Охирги уч ҳафта ичида Россиядаги тожикистонлик талабалар ва меҳнат муҳожирларига нисбатан босим кескин кучайган. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари тожикистонлик талабаларни калтакламоқда, муҳожирларни кўчаларда, бозорларда, иш жойларида, масжидлар яқинида кўплаб тутиб кетмоқда.
19 май куни Комсомолск-на-Амур шаҳридаги университетнинг 100 дан ортиқ тожикистонлик талабалари Хабаровск ўлкаси хавфсизлик кучлари томонидан калтакланган.
23 майдан 24 майга ўтар кечаси Москва полицияси Котелникида ҳам 100 га яқин тожикистонлик муҳожирни қўлга олди. Худди шундай ҳибсга олиш 18 май куни ҳам содир бўлган эди.
26 май куни тармоқда ҳуқуқ-тартибот идоралари жума намозидан кейин Москва вилоятидаги масжид эшигини ёпиб, тожикистонлик муҳожирларнинг ҳужжатларини текширишга киришгани акс этган видео пайдо бўлди.
29 май куни ижтимоий тармоқларда тожикистонлик муҳожирларни Москванинг Можайск туманидаги мактаб стадионидан олиб чиқиб кетаётгани акс этган видео тарқалди.
30 май куни эрталаб Москвадаги Митино метро бекати яқинида 150 дан ортиқ тожикистонлик қўлга олинди. “Озоди” радиосига кўра, тожик муҳожирлари ярим тунда уйғотилиб, тўртта автобусда Митинский тумани полиция бўлимига олиб кетилган. Улар бўлиш қоидаларини бузиш, майда безорилик ва милиция ходимининг буйруғига бўйсунмасликда айбланган.
Бу каби оммавий текширувлар мамлакат масъуллари томонидан расман изоҳланмаган. Орадан бир неча кун ўтиб Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьевни вазирликка таклиф қилиб, тожикистонлик талабалар ва муҳожирларга нисбатан ёмон муносабатдан хавотир билдирди. Тожикистон Ички ишлар вазири ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили россиялик ҳамкасбларига тожикистонлик талабалар ва муҳожирларнинг оммавий ҳибсга олиниши ва калтакланиши ҳолатларини адолатли ва холис тергов қилишни сўраб, мактуб йўллади. Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон Россия Бош прокурори Игор Красновга шошилинч телеграмма йўллаб, Тожикистондан бир гуруҳ меҳнат муҳожирларининг ҳибсга олинишидан хавотир билдирди ва россиялик ҳамкасбидан айрим полициячиларнинг хатти-ҳаракатларини текширишни сўради.
Ўтаётган ҳафтада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров расмий ташриф билан Тожикистонда бўлди. Музокаралар давомида Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин ҳар қандай режадаги ва режадан ташқари текширувлар Тожикистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилган ҳолда амалга ошириши кераклиги таъкидлаган. Сергей Лавров эса, райсмий Москва бўлаётан жараёнларни диққат билан кузатишини ва мунтазам равишда меҳнат миграция масаласида Тожикистон тарафининг сўровларини қондириб келишини айтган. У мисол тариқасида сўнги йиллапрда мигрантларга нисбатан бир нечта амнистия қўллангани ва охирги марта 120 миндан ортиқ тожикистонлик муҳожирлар шундай тарзда ўз ҳуқуларини тиклаганини айтган.
Душанбега ташриф буюрган Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев эса, сўнгги йилларда ҳудди шундай текширувлар натижасида Тожикистонда қидирувда бўлган 270 дан ортиқ шахслар қўлга олинганини айтию ўтган.
Россиядаги мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Каримжон Ёров фикрича, Тожикистон Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашаётган тожикларни рўйхатга олишни, уларни жазолашини эълон қилганидан кейин калтаклашлар ва ҳибслар бошланган. “Бу Россия манфаатларига тўғри келмайди, чунки икки давлат ўртасида икки фуқаролик бўйича келишув мавжуд. Тожикистон ўз фуқароларининг урушда иштирок этишидан хавотирда ва бу Россияга ёқмайди” – дейди у.
Ўнлаб йиллар давомида меҳнат муҳожирлари Россиянинг Марказий Осиё мамлакатларига, хусусан, Тожикистонга сиёсий мақсадларга эришиш учун асосий босим воситаси бўлиб келган ва бу Россия биринчи марта бундай “ричаг”дан фойдаланаётгани йўқ.
Энг ёрқин мисол 2011 йилда россиялик учувчининг озод қилиниши эди. Ўша йили Тожикистон икки учувчи – Россия ва Эстония фуқаросини ҳибсга олиб, уларни контрабанда, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва халқаро парвоз стандартларини бузганликда айблаган эди. Учувчилар ҳибсга олингани эълон қилингач, Россия ҳукумати Тожикистон фуқароларини оммавий ҳибсга олиш ва депортация қилишни бошлаган. Ана шундай босим остида тожик расмийлари айбланаётган учувчиларни қўйиб юборишга мажбур бўлган. Шундан сўнг, яъни мақсадига эришгандан кейингина Россия муҳожирларга нисбатан босимни пасайтирган.
Тожикистон билан боғлиқ яна бир хабар. Тожикистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришни режалаштирмаяпти
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот ва матбуот департаменти раҳбари Шоҳин Самадий Душанбе Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиш эҳтимолини кўриб чиқмаётганлигини маълум қилди. Тожикистонга ташриф буюрган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Марказий Осиёни Кремл ва “коллектив Ғарб” қарама-қаршилигининг янги жабҳаси деб атаб, Тожикистон тез орада “Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш фойдасини ўзи белгилашига” умид билдирган эди. Шоҳин Самадийнинг таъкидлашича, Тожикистоннинг ушбу ташклотга кириш масаласи Сергей Лавровнинг Тожикистонга ташрифи доирасида муҳокама қилинмаган.
«Тожикистоннинг ЕОИИга кириши масаласи кун тартибида эмас. Душанбедаги учрашувларда икки давлатнинг халқаро ташкилотлар доирасида фақат савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалаларига эътибор қаратилди”, — деган ТАСС агентлигига берган интервюсида ташқи ишлар вазирлиги вакили.
Тожикистоннинг Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олган ЕОИИга қўшилиши масаласи 2015 йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Бироқ, иттифоқ мамлакатлари Тожикистоннинг энг йирик савдо шериги (2022 йилда ташқи савдонинг 44 фоизини ташкил этади) бўлса-да, Душанбе ташкилотга аъзо бўлиш ниятида эмас. Шу ўринда кузатувчиларда Россия Федерациясида Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари, хусусан, тожикистонликларга бўлаётган ноқонуний ҳибс ва полиция зўравонликлари мазкур мамлакатни ЕОИИга киргизиш учун босим эмасми, деган фикрлар пайдо бўлмоқда.
Яна бир қирғизистонлик уруш қурбони бўлди
Марказий осиёликлар Россия Украинада олиб бораётган урушда ҳалок бўлишда давом этмоқда. Журналистлар урушда қурбон бўлган яна бир одамни аниқлашди: бу Қирғизистон фуқароси, Ўш вилоятида туғилган Аян Алишеров. Унинг онаси Рахат Абдибалиева ўғлининг Бахмут яқинида ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Аян 29 ёшда эди, у Рахатнинг тўнғич ўғли эди: улар Москвада бирга яшаб, умумий овқатланиш соҳасида ишлаган. Тўрт йил аввал Аян талончиликда айбланиб, етти йилга колонияга жўнатилган. У бу муддатнинг ярмидан кўпини хизмат ўтаб бўлганидан сўнг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси томонидан фронтга ёлланган.
Аяннинг онаси Migrant.media лойиҳаси журналистларига ўғлининг ўлими ҳақида январ ойида хабар топганини айтган. Унинг фикрича, ўғли алдаб урушга жалб қилинган.
“19 январ куни ишда бўлганимда номаълум шахс қўнғироқ қилиб, ўғлимнинг ўлими ҳақида хабар берди, – дейди у.– Ўшанда ҳеч нарсага тушунмадим ва яна сўрадим: “Ўғлим, қанақасига? Украинада ўлганми? У қамоқда-ку!» Қўнғироқ қилган одам: «Ўғлингиз Украинада портлаш натижасида вафот этди», деди. «Эрталаб соат 5 да туриб, ишга кетдим. Ўшанда қор ёғаётган эди. Мен доимо уруш ҳақидаги хабарларни тинглардим. Бироқ ўғлимнинг фронтга кетганини билмасдим, – дейди Рахат, – Ёнимдагиларга бечора аскарлар шундай совуқда музлаб қолишса керак, деб айтганимни эслайман, лекин маълум бўлишича, ўша пайтда ўғлим ҳам шулар қаторида бўлган экан…»
Онасига Аян 2022 йил ноябр ойида Бахмут яқинидаги жангларда ҳалок бўлганини айтишган. «Вагнер» вакиллари, онасининг сўзларига кўра, Аян жанговар зонада бўлганидан тахминан бир ой ўтгач ҳалок бўлганини айтишган. “Улар менга ўғлим ўз ихтиёри билан жангга борганини айтишди, жуда қўпол гапиришди, – дейди Рахат Абдибалиева.
«Вагнер» вакиллари Рахатга ўғлининг ўлими ҳақидаги ҳужжатларни олиш учун келишни, шунингдек, унинг жасадини олиб кетишни таклиф қилишган. Рахатга ўғлининг жасадидан ташқари 100 минг рубл бериб, бу тобутни Қирғизистонга етказиш учун пул эканлигини айтишган. “Менга бу пул керак эмас эди, аксинча, ўшанда урушга жўнатишларини айтишганида, уйни сотардим, пул берган бўлардим, ўғлим урушга жўнатилмаса эди”, дейди бечора она.
Рахатнинг айтишича, Аян Россияда судланганидан кейин ўғли Қирғизистонда жазони ўташни давом эттириши учун ўз ватанига экстрадиция қилишга ҳаракат қилган. Лекин у буни уддалай олмаган.
Россияда такси ҳайдовчиларининг иш куни чекланади
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб Россяида такси ҳайдовчиларига кунига 12 соатдан ортиқ ишлаш тақиқланади.
Ишлаш муддати 2029 йил 1 мартгача бўлган ҳужжатда жисмоний шахснинг иш вақти календар ҳафтасида 40 соатдан, иш кунининг давомийлиги эса 8 соатдан ошмаслиги керак.
Шу билан бирга, қарор буюртмани бажариш учун иш вақтини икки соатдан кўп бўлмаган муддатга узайтиришга рухсат беради.
Москвада эса такси ҳайдовчилари диққатга сазовор жойлар ва шифохоналар манзилларини билиш учун текширилади. Москва шаҳар думаси тегишли қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Москва шаҳар думаси раиси Алексей Шапошников маълум қилди. Унга кўра, қонун кучга киргандан сўнг такси ҳайдовчилари Москва шаҳридаги транспорт инфратузилмаси, маданий мерос объектлари, тиббиёт ва таълим муассасалари, спорт иншоотлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бинолари жойлашуви ҳақидаги билимларини кўрсатиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек уларга мурожаат қилишнинг муайян усуллари ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш қоидалари учун аттестациядан ўтишлари керак бўлади. Шапошниковнинг таъкидлашича, янги шаҳар такси қонуни федерал қонунчиликка тўлиқ мос келади ва у билан бир вақтда, 2023 йил 1 сентябрдан кучга киради. Мазкур чора йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, янада самарали ва хавфсиз транспорт тизимини таъминлашга қаратилганлиги айтилмоқда. Диққатга сазовор жойлар, шифохоналар ва бошқа муҳим жойлар манзилларини билиш такси ҳайдовчиларига йўловчиларни керакли манзилга аниқроқ ва тезроқ етказишда ёрдам беради.
Москва транспорт бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Владимир Макаровнинг маълум қилишича, Москва такси ҳайдовчилари ўртача 37 ёшда, уларнинг ўртача иш тажрибаси 15 йил, жами 220 000 ҳайдовчи КИС АРТ такси мониторинги тизимида рўйхатга олинган.
Мэрия маълумотларига кўра, 2022 йилда ҳайдовчилар умумий сонининг 27 фоизи хорижликлар (59,4 минг). Уларнинг аксарияти Қирғизистон (44,6 минг), Тожикистон (5,2 минг) ва Ўзбекистон (3,4 минг) фуқаролари бўлган.
Россиялик депутат Ўзбекистон ёлланма аскарларни жазолашидан норозилигини билдирди ва Марказий Осиё давлатларига виза режимини жорий этишни таклиф қилди
«Справедливая Россия» фракцияси раҳбари Сергей Миронов Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Украинада жанг қилаётган ўз фуқароларига нисбатан жиноий жавобгарлик қўллашидан норози бўлди.
“Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо ва кузатувчилардир. Агар ушбу мамлакатлар фуқаролигига эга бўлган рус ўз тарихий ватанига ёрдам беришга ва “Махсус ҳарбий операция”га боришга қарор қилса, у қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу бемаънилик! Биз бу масалани давлатлараро даражада ҳал қилишни таклиф қиламиз!”, – деб ёзган у твиттерда. (видеосини куйиб кетиш керак)
“Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов эса Мироновга ўз мамлакати қонунчилиги устида ишлашни маслаҳат берди. “Россияда урушга ёллаш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Жиноят кодексининг 359-моддасида ҳарбий тўқнашувда иштирок этаётган давлат фуқароси бўлмаган ва шу давлат ҳудудида доимий истиқомат қилмаган шахснинг моддий манфаат олиш мақсадида қилган хатти-ҳаракати урушга ёллаш деб ҳисобланади”, деб жавоб берган Бекмуродов. Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ташқи сиёсати куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик тамойилига асосланади. Бекмуродов, шунингдек, Ўзбекистон бошқа мамлакатлардаги геосиёсий ва ҳарбий вазиятга қараб қонунчиликни мослаштирмаслигини таъкидлаган.
Ўтган йилнинг сентябр ойида Бош прокуратура хорижда бўлган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилиб хорижий давлатлар қуролли кучлари сафига қўшилиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги ҳақида огоҳлантирганди.
Муносабат:
Ҳамма гап Украина билан бўлаётган ҳарбий ҳаракатлар, урушга керакли аскарларнинг етмаётганида. Ундан ташқари, жаноб Миронов Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо эмаслигини ҳам унутиб қўйган кўринади. Нега ҳатто ўз давлатида ҳам ёлланма аскарлик жиноий ҳаракат деб баҳолансада, депутатнинг оғзидан бундай гаплар чиқмоқда? Бунга нафақат “Юксалиш” ҳаракати, балки мамлакатимизнинг Ташқи ишлар вазирлиги ҳам муносиб жавоб берадиган пайт келди.
Лекин, Сергей Миронов бу билан чеклангани йўқ. Россияга келадиган асосий муҳожирлар бўлган Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этишни таклиф қилди. Айрим турдаги жиноятлар бўйича МДҲ давлатларининг ягона маълумотлар базасини яратиш таклифига у шундай муносабат билдирди.
Унинг фикрича, буларнинг барчаси жуда кўп вақтни олади ва ҳозирда Россия Федерацияси фуқароларини ҳимоя қилиш керак. “Бизга ўғрилар, қотиллар ва фирибгарлар керакми? Йўқ. Аммо энди, ўз ватанларидаги қамоқ жазосидан сўнг, улар Россияга қонуний асосда кира олади. Жамиятимизни бундай “меҳмонлар”дан ҳимоя қилишнинг энг самарали йўли мигрантлар асосан келадиган Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этишдир. Ҳар хил маълумотлар базалари яхши қўшимча восита бўлиши мумкин, лекин унинг ўрнини босувчи эмас”, — деб таъкидлаган парламент аъзоси.
Унинг фикрича, бундай чора бир қатор ўзаро келишувлардан чиқишни талаб қилади. “Ҳа, бунинг учун бир қатор амалдаги келишувлардан чиқиш керак, бироқ Россия ва унинг фуқароларининг манфаатлари муҳимроқ. Биз визалар ёрдамида мамлакатимиз ҳудудига ҳақиқатан ҳам фойда келтириши мумкин бўлганларни кирита оламиз”, – деган Миронов.
Муносабат:
Бу фикр ҳам янгилик эмас, 2013 йил бошида Марказий Осиё давлатлари билан виза режими жорий этишни Россия миллий демократлари ва бошқа баъзи “ваҳимачилар” таклиф қилган эди.
2013 йил май ойи ўрталарида Россия Коммунистик партияси Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимини жорий этиш, шунингдек, виза режимини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун Интернетда имзо тўплашни бошлаганди. 2019 йилда ҳам Россия Марказий Осиё давлатлари билан вақтинчалик виза режимини жорий этишни таклиф қилган эди. Бу ташаббус “Россия 24” телеканалидаги сайловолди мунозаралари чоғида Россия Федерацияси Давлат думаси депутатлигига номзодлардан бири Олег Пахолков томонидан билдирилган. Қисқасини айтганда, Россия вақти-вақти билан Марказий Осиё давлатларига босим ўтказишга уриниб “виза” картасини ўйнаб кўради. Бироқ буни амалга оширишнинг муаммоли эканини ҳамма билади. Ҳозирги мураккаб демографик вазиятда муҳожирларсиз Россияга ҳам қийин бўлиши аниқ.
Ўзбекистонлик муҳожир пиво идишида чўкиб кетди
Янги пивони татиб кўриш истаги туфайли 47 ёшли ўзбекистонлик муҳожир ўз ҳаётини йўқотди. Фожиа 3 июн куни Раменскоедаги хусусий пиво заводида содир бўлган, унинг эгаси ҳудудни тозалаш учун ишчи ёллаган. Ишчи бошлиқларнинг йўқлигидан фойдаланиб, маҳсулотларни татиб кўрмоқчи бўлиб жўмракни очган.
Аммо жўмраклардан фақат хамиртуруш оққани учун у пиво ачитиладиган идишнинг қопқоғини очишни ният қилган. Бироқ идишнинг ичидан чиққан карбонат ангидриддан заҳарланган ишчи пиво ачитилаётган цистернага тушиб кетиб, ғарқ бўлган. Завод эгаси келиб муҳожирни топа олмаган.
Кўп ўтмай, унинг олдига бир ходим келиб, қозонлардан бирида люк очилганини ва ўша идишдаги жўмрак олдидаги ерга хамиртуруш тўкилганлигини айтган. Натижада икки минг литр ҳажмли идиш тубидан бедарак йўқолган шахс топилган. Воқеа жойига шифокорлар чақирилган, аммо кеч бўлган.
Доғистонга ёрдам кўрсатган ўзбекистонлик қурувчиларга ёдгорлик ўрнатилди
“Яхшилик унутилмайди”, дейишади. 1970 йилда Доғистоннинг бир қанча туманларида кучли зилзила рўй бериб, минглаб одамлар бошпанасиз қолди. Бошқа республикалардан келган минглаб қурувчилар қатори Махачқала шаҳрини тиклашда ўзбек бинокорлари ҳам иштирок этишган эди.
Махачқаланинг “Ўзбекистон” микрорайонида 1970 йилда Доғистонда рўй берган зилзиладан кейин ёрдам кўрсатган қардош халққа ҳурмат сифатида ўзбек қурувчиларига бағишланган ёдгорликнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимни Федерация Кенгашининг фан, таълим ва маданият масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Илёс Умаханов очди.
“50 йилдан кўпроқ вақт олдин бошимизга Доғистон республикаси ҳудудининг 25 фоизини қамраб олган табиий офат келган эди. Ундан 280 та аҳоли пункти жабр кўрганди. Ўшанда бизга катта ёрдам кўрсатилган, бироқ илк ишчи-қурувчилар гуруҳи ўзбекистонликлар эди. Қардош миллат вакиллари доғистонликлар учун 23 минг кв.м уй-жой қуриб беришган эди”, — дейди миннатдорлик билан у.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон қурувчиларига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром учун шаҳар раҳбарияти, пойтахт аҳолисига ташаккур изҳор қилди.
“1966 йилда мамлакатимизда даҳшатли фожиа юз берганида, халқимизга ёрдам беришда доғистонликлар ҳам катта ҳисса қўшган. Бугунги кунга қадар шаҳримиздаги кўчалардан бири Доғистон деб аталади. Қардошлик ришталаримизни мустаҳкамлаган инсонларни ёдга оламиз ва хотирасини ҳурмат қиламиз”, — деди у.
Ёдгорликнинг очилиш маросимида пойтахт мэри Юсуп Умавов доғистонликларга ҳалигача хизмат қилаётган биноларни барпо этган Ўзбекистон делегациясининг ҳиссасини доғистонликлар асло унутмаслигини таъкидлади.
“Тошкентлик қурувчилар вақтни бой бермай, катта иштиёқ билан Махачқаланинг жануби-ғарбий қисмида умумий майдони 23 минг 440 квадрат метр бўлган иккита 90 ва бешта 60 хонадонли беш қаватли уйлар, савдо маркази, 280 ўринли болалар боғчаси, ёрдамчи объектлардан иборат турар жой массиви қуришга киришдилар. Янги пайдо бўлган шаҳар тумани “Ўзбекистон” деб номланди”, деди мэр йиғилганларга.
Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!