Мақола

307 13/11/2023

Қарздорлар ва мигрантлар нишонда 

Бугун дастуримизда:

  1. “Қарздорлар, мигрантлар ва ишсизларни урушга жалб қилиш режаси ишлаб чиқилди
  2. Ўзбекистонлик аёл 8 ойдан буён Россиядан депортация қилинишини кутмоқда
  3. Қозоқ-ўзбек чегарасида юзлаб ўзбек муҳожирлари суд қарорини кутмоқда
  4. Санкт-Петербургда полициячига пора бераётган ўзбекистонлик қўлга олинди
  5. Муҳожир шифокор поездда йўловчининг ҳаётини қутқариб қолди
  6. 2023 йилда 15 минг ноқонуний мигрант Россиядан депортация қилинди
  7. Наркокурьерлик туфайли қамоққа тушаётган муҳожирлар кўпаймоқда
  8. Вадим Коженов хорижликларнинг такси ҳайдашини тақиқлашга жавоб қайтарди
  9. Хорижда вафот этган фуқарони Ўзбекистонга олиб келиш тартиби

Қарздорлар, мигрантлар ва ишсизларни урушга жалб қилиш режаси ишлаб чиқилди

Режада муҳтож фуқароларнинг 22 тоифаси бор. Булар мигрантлар, банкротлар, қарздорлар, маҳкумлар ва ишсизлар. Шунингдек, ҳукумат ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни, жумладан, пиянисталар, уйсизлар, ривожланишида нуқсон бўлган ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчиларни ҳам фаол равишда уруш учун шартнома тузишга жалб қилмоқда.

“Уларда жамиятнинг пастки  қатламидан халос бўлаётгандек туйғу бор. Уларга армия қандай сифатда бўлишининг мутлақо аҳамияти йўқ. “Улар хандақ қазишади”, дейишади. У ерга жўнатилганларнинг оилалари аҳволи нима бўлишининг фарқи йўқ. Бироқ уларга олтин тоғлар ваъда қилишади”, дейди шартнома тузишга масъул ходимлардан бири.

2023 йил ёзи бошидан бери Россияда муҳожирларга қарши “ҳарбий” рейдлар ўтказилмоқда. Полиция судланган ва фуқаролиги бўлмаган одамларни ҳам урушга фаол равишда ёлламоқда.

Шунингдек, октябр ойида Федерал суд ижрочилари хизмати қарздорларга қарзларни тўлаш эвазига Украина билан урушга бориш таклифларини юборишни бошлади.

Ўзбекистонлик аёл 8 ойдан буён Россиядан депортация қилинишини кутмоқда.

Бу хабар ҳафта бошидан буён ижтимоий тармоқларда айланмоқда.

Ўзбекистон фуқароси Одинахон Рустамова Челябинскда регистрация қоидаларини бузгани учун мигрантларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. У билан бирга беш ёшли қизи ҳам бор, унинг бир ярим ёшли боласи Ўзбекистонда қолган.

Суд уни депортация қилиш тўғрисидаги қароридан кейин ҳам ўзи ва қизи ватанига қайтарилмаяпти.

Унинг айтишича, Ўзбекистон элчихонаси унинг вазиятига ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги ходими Зебинисо Хушвақтованинг айтишича, улар ҳақиқатан ҳам бу аёл ҳақида ҳеч нарса билишмайди.

“Агар фуқаро муҳожирларни вақтинча сақлаш марказига тушган бўлса, бу унинг Россия Федерацияси ҳудудида бўлиш қоидаларини бузганлигини англатади. Бундай ҳолатда, афсуски, биз Россия Федерациясининг ишларига аралаша олмаймиз ва ҳеч қандай ёрдам ҳам бера олмаймиз.

Аммо агар бу фуқаронинг ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар бўлса, агар улар йўқ ёки амал қилиш муддати тугаган бўлса, биз унга вақтинчалик гувоҳнома беришимиз мумкин. Агар ЦВСМ ходимлари бизга мурожаат қилса, биз уни берамиз ва уларнинг ўзи ҳужжатни олиб кетади, кейин фуқаро Ўзбекистонга кетиши мумкин”, дейди консуллик ходими.

Шунингдек, консуллик Ўзбекистон фуқаросини мигрантларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан депортация қилишнинг кечикиши сабабини аниқлашга ваъда берган. Айтганча, яқинда ушбу марказда депортация қилинишини кутаётган эркаклар муассаса раҳбарияти уларни Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга ва мажбуран урушга жўнатишга уринганини айтишган.

Қозоқ-ўзбек чегарасида юзлаб ўзбек муҳожирлари суд қарорини кутмоқда

Бу хабар ҳам сарсон-саргардон ўзбекистонликлар ҳақида.

Туркистон вилоятининг Сариоғоч шаҳрида миграция қонунчилигини бузгани учун Қозоғистондан чиқариб юборилмаган юзлаб чет эл фуқаролари, асосан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари маҳаллий судда ўз ишлари кўриб чиқилишини кутмоқда.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати томонидан Қозоғистонда бўлиш шартларини бузиш ва республикани белгиланган муддатларда тарк этмаслик ҳақидаги баённомалар судга юборилган.

Ўзбекистон фуқаросининг айтишича, 27 октябр куни судга келиб тушган иш ва фақат 3 ноябр куни кўриб чиқилган. Унинг айтишича, суд қарорини бир неча кун кутаётган фуқаролар озиқ-овқат ва квартира ижарасига пул сарфлаши оқибатида  пулсиз қолмоқда.

Туркистон вилояти Сариоғоч тумани маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослаштирилган суди раиси Берик Қайиповнинг айтишича, сўнгги 20 кун ичида суд беш мингга яқин хориж фуқаросига нисбатан иш кўрган. Уларнинг барчаси миграция қонунчилигини бузганликда айбланган.

Умид қиламизки, Ўзбекистоннинг тегишли идоралари, хусусан, Қозоғистон Республикасидаги мамлакатимиз элчихонаси ушбу масала билан шуғулланиб, юртдошларимизнинг ватанга тезроқ қайтишларига кўмаклашади. 

Бировга пора бериб иш битиришга шунчалик ўрганиб кетганмизки, ҳатто чет элда ҳам бундан ўзимизни тия олмаймиз. Нью-Йорк полициясини ҳам ўзбеклар порага ўргатгани ҳақида афсоналар юради. Бу сафар Санкт-Петербургда “участкавой”га пора бераётган ўзбекистонликнинг режаси иш бермади.

Тергов маълумотларига кўра, у 2023 йил 2 ноябрь куни Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербургнинг Петродворец туманидаги 46-милиция бошқармаси биносида 30 минг рублни тезкор тадбирда қатнашаётган маҳаллий полиция ходимига пора тариқасида берган. Бу пул эвазига полициячи аввал маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлга олинган икки ҳамюртини озод қилиши керак эди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санкт-Петербург полицияси хорижлик муҳожирларнинг иш ва яшаш жойларида кенг кўламли рейдлар ўтказган эди. Хусусан, Шимолий пойтахтдаги йирик сабзавот омборлари ва бозорлар кўздан кечирилган. Айрим мигрантлар ҳозир мамлакатдан депортация қилиниши кутилмоқда.

Умуман олганда, йил бошидан буён Нева бўйидаги шаҳардан 2,3 минг нафар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар депортация қилинган. Бадарға қилинганларнинг аксарияти Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган. Россия ва бошқа давлатларда меҳнат қилаётган ҳамюртларимизга шуни эслатиб ўтамизки, мансабдор шахсга пора берганлик учун катта миқдордаги молиявий жарималардан тортиб бир неча йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 291-моддаси).

Агар сиз пора беришга мажбурланаётган бўлсангиз бу ҳақда милиция, тергов қўмитаси ёки прокуратурага хабар беринг, жиноятни очиш ва тергов қилишга ёрдам беринг. Фақат шу ҳолатдагина сиз маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмайсиз.

Яхши хабарларимиз ҳам бор.

Тожикистонлик муҳожир шифокор поездда йўловчининг ҳаётини қутқариб қолди.

Гап шундаки, тожикистонлик кардиолог Мукомил Сангинов Нижний Тагилдан Екатеринбургга кетаётган электропоездда ҳушини йўқотиб, қон босими кескин тушиб кетган аёлга ўз вақтида ёрдам бериб, ҳаётини асраб қолган.

Шифокор энг яқин бекатгача бир соатдан кўпроқ вақт қолгани учун ўзи аёлга реанимация тадбирларини қўллаб, поезд станцияга етиб боргунча ёрдам бериб турган ва тез ёрдам бригадасига топширган.

Мукомил Сангинов ўз ҳаракатини жасорат деб ҳисобламайди. Унинг айтишича, у шунчаки ўз касбий бурчини бажарган, холос. 31 ёшли Мукомил Сангинов қарийб бир йилдан буён Нижний Тагил шаҳридаги 1-сон давлат шифохонасида кардиолог бўлиб ишлайди. У Душанбедаги тиббиёт университетини тамомлаган ва Тожикистон пойтахтида ишлаган. 2021 йилда у Россияга кўчиб келган. Қизиғи шундаки, Мукомил Сангинов 2017 йилда ҳам Красноярскда кўчада касал бўлиб қолган қизга биринчи ёрдам кўрсатиб, эътиборга тушган эди.

2023 йилда 15 минг ноқонуний мигрант Россиядан депортация қилинди.

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакилининг айтишича, хорижий фуқароларга нисбатан мамлакатдан “выдворение” ёки депортация бўйича 15 мингга яқин қарор қабул қилинган.

Тезкор тадбир давомида ноқонуний миграцияни ташкил этиш, гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғларнинг ноқонуний айланиши, шунингдек, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари бўйича 3,6 мингга яқин жиноят иши очилган.

Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Россия Федерацияси ва хорижда қидирувда бўлган 447 нафар фуқаро аниқланган. “Нелегал-2023” операцияси жорий йилнинг 19-25 июн кунлари ва 2-8 октябр кунлари икки босқичда ўтказилди. Шу вақт ичида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари миграция қонунчилигининг 96 мингга яқин бузилишини қайд этганини маълум қилган.

Афсуски, кейинги йилларда наркокурьерлик туфайли қамоққа тушаётган муҳожирлар кўпаймоқда.

Новоусманский туман суди Ўзбекистоннинг икки фуқаросини йирик миқдорда гиёҳванд моддалар сотганлиги учун қаттиқ тартибли колонияга жўнатди. 2023 йилнинг март ойида мигрантлар ноқонуний моддаларни тарқатиш мақсадида жиноий тил бириктиришган.

Семилукский туманидаги Латная қишлоғидаги яширин жойдан улар 50 пакет героин олиб, биргаликда Лискинский туманига гиёҳванд моддаларни сотишга кетишган. Улар Новоусманский тумани полицияси ходимлари томонидан қўлга олинган.

“Суд жиноятчиларни 7 йил 4 ой ва 7 йил 5 ойга қаттиқ тартибли ахлоқ тузатиш колониясига ҳукм қилди”, — дейилади Воронеж вилояти прокуратураси хабарида.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, кейинги пайтларда осон пул топиш илинжида бўлган айрим муҳожир ҳамюртларимиз наркотик моддалар савдосига аралашиб қолмоқда.

Сахалинда ҳам эндигина 23 ёшга кирган ўзбекистонлик гиёҳванд моддалар савдоси билан ушланиб, суд қарорини кутмоқда. Сочида ватандошимиз Абхазияга метадон моддасини олиб ўтаётганда қўлга тушган. У судланиб 16 йил озодликдан маҳрум этилди.

Дилшод исмли йигит эса гиёҳванд моддалар савдо қила бошлаганининг биринчи куниёқ қўлга олиниб, 12 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қамоқдан “Вагнер” жангарилар тўдасига ёлланиб, Украина урушига кетган. Железногорскда Марказий Осиё республикаларидан бирининг 42 ёшли фуқароси 5 йилу 6 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У катта миқдордаги синтетик гиёҳвандлик моддаси – метадонни сотишга уринганликда айбдор деб топилган.

Меҳнат муҳожирлари оиласини боқиш, пул ишлаб ватанига қайтиш учун Россияга боради. Уларнинг кўпчилиги ҳалол пул топиш учун ҳаракат қилсалар-да, баъзилар енгил йўл билан пул топиш дардида тақиқланган фаолият билан шуғулланишади.

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг, меҳнат муҳожирларга талаб ортди: улар вайрон бўлган шаҳарларни тиклаш ва хандақлар қазишгина эмас, балки бевосита урушга ҳам жалб қилина бошлади.

Азиз ҳамюртлар, осон ва мўмай пул топиш мақсадида жиноий ҳаракатларга бош қўшманг, катта пулларга учманг. Бу ишларнинг охири яхшилик билан тугамайди. Умрингиз қамоқда ўтади ёки кераксиз урушнинг қурбонига айланасиз.

Мигрантлар федерациясиснинг собиқ президенти Вадим Коженов Челябинск вилоятида чет эл фуқароларига автобус ва таксиларни бошқаришни тақиқловчи янгилик ҳақида фикр билдирди.

Унинг сўзларига кўра, йўловчи ташиш компаниялари Россия фуқаролигига эга бўлганларни ишга олади. Аммо Коженовнинг таъкидлашича, у ҳалигача бундай қонуннинг киритилишини тушунмаслигини, чунки минтақада ишчилар етарли эмаслигини айтади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Россиянинг ҳар бир минтақасида худди шундай чекловлар мавжуд. У мигрантларнинг гиёҳванд моддалар ва кучли таъсир этувчи дори воситаларини ҳаммага сотишига йўл қўймаслик учун дорихоналарда ишлашни тақиқлаш тўғри эканини айтган.

Аввалроқ Челябинск вилоятида 2024 йил 1 январдан бошлаб чет эл фуқароларига автобус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаш тақиқланиши ҳақида хабар берилган эди. Кеча Москвада ҳам худди шу каби чеклашни талаб қилиб чиқилди.

Москвада мигрантларнинг таксида ишлашига чеклов жорий этиш зарур, деган фикрни илгари сурмоқда «Стоп нелегал» ҳаракати координатори, такси ҳайдовчилари касаба уюшмаси раҳбари маслаҳатчиси Евгений Грэк.

У ўз фикрини соҳадаги бахтсиз ҳодисалар ва жиноятчилик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани билан изоҳлаган. Хорижий ишчи кучисиз транспорт ишламайди, бу фақат арзон ишчи кучини афзал кўрадиган виждонсиз иш берувчиларни қўрқитиш, дейди эксперт. Бироқ, у агар бундай тақиқ жорий этилса, янги ҳайдовчилар ўқитилиши кераклигини тан олган.

Ҳаёт доим ҳам силлиқ, рисоладагидек кечавермайди. “Иссиқ жон”—гоҳида соғлик панд берса, гоҳида кутилмаган ҳодисалар одамни мураккаб иқтисодий муаммолар қаршисида қолдиради. Чет элда вафот этиш эса мураккаб синов…

Хорижга расмий ишчи сифатида кетиб, вафот этган барча мигрантлар Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан ташкил этилган жамғарма ёрдамида Ўзбекистонга қайтарилиши ҳақида билармидингиз?

Тавсия рукнида каналимизда эълон қилинган “Хорижда вафот этган фуқарони Ўзбекистонга олиб келиш тартиби қандай?” сарлавҳали материал билан танишишни маслаҳат берамиз.

 

ХАЙРЛАШУВ: Бизда Ҳозирча шулар! Мигрантлар дунёси ва дунё миграциясига оид янгиликларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кузатиб боринг!

Кейинги ҳафтада кўришгунча хайр, саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация