Мақола

365 16/10/2023

Тўполончи мигрантлар жазоланди

Бугун дастуримизда:

  1. Думага мигрантларнинг мактаблар, касалхоналар ва таксиларда ишлашини тақиқловчи қонун лойиҳаси киритилди. Бунга қаршиликлар кўп.
  2. Россияда 63 минг ўзбек талабаси таълим олмоқда
  3. Руслардан кўра муҳожирлар яхшироқ ишлашини айтган «Жилишник» раҳбари жаримага тортилди
  4. Жанжалда қатнашган 300 дан ортиқ муҳожир жазоланди
  5. Чебоксари шаҳрида “военкомат”га бормаган собиқ муҳожирлар жаримага тортилди
  6. Россияда муҳожирлар учун РВП квоталари қисқартирилади
  7. Литвада Марказий Осиёдан келган ишчилар сони кўпаймоқда
  8. Ўнлаб марказий осиёликлар АҚШга ноқонуний киришга уриниб, картеллар қурбонига айланмоқда.
  9. Ошпазлар қидирилмоқда: Россия ресторан бизнеси вакиллари муҳожирларга мурожаат қилди
  10. Украинанинг Бучасида нима бўлган эди? Украинада яшовчи этник ўзбек ҳикояси.

Думага мигрантларнинг мактаблар, касалхона ва таксиларда ишлашини тақиқловчи қонун лойиҳаси киритилди

“Справедливая Россия – За правду” партияси етакчиси Сергей Миронов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Давлат Думасига хорижий фуқароларнинг мактаб, такси ва тиббиёт муассасаларида ишлашини тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат Дума маълумотлар базасида жойлаштирилган.

Бу иқтисодиётнинг ушбу тармоқларида мигрантлар сонининг кўпайишини тўхтатиб, россияликларни қўшимча иш билан таъминлайди— дейилади тушунтириш хатида.

Ташаббус муаллифлари аниқлик киритишича, қонун лойиҳаси мигрантларни давлат ва шаҳар соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотларида, мактаб таълим тизимида тиббий хизматлар кўрсатишга жалб этишни тақиқлайди.

Шунингдек, муҳожирларни дори воситалари савдоси соҳасида ишга жойлаштиришни тақиқлашдан ташқари, уларни гўёки “муҳожирлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари, жумладан, ўлим ҳолатлари айниқса кўпайган”и учун йўловчи такси ва юк ташишда ишлашга жалб этмаслик таклиф қилинмоқда.

Бироқ Россияда ушбу лойиҳага қаршиликлар кўп.  Жумладан, “Грузавтотранс” миллий юк автомобил транспорти ассоциацияси президенти Владимир Матягин агар муҳожирларга мазкур соҳада ишлаш тақиқланса, мавжуд кадрлар етишмовчилиги янада кучайиб бориши ва соҳа тўхташи мумкинлигини айтди.

 “Бугунги кунда юк ташишда ҳайдовчилар етишмаслиги қарийб 20 фоизни ташкил этади. Бунга СВО зонасига кўплаб ҳайдовчилар жалб қилингани ва йиллар давомида ҳайдовчилик касбини оммалаштиришга етарлича эътибор берилмагани таъсир кўрсатди.

Шуни ҳисобга олиб, чет эл фуқароларига ишлашни тақиқлаш нотўғри. Депутатлар кўпинча ҳайбаракаллачиликка зўр беришади, лекин ташувчилар бу қонунларни қандай амалга оширади? Аксинча, одамлар мамлакатга келиши учун тизимни либераллаштиришимиз керак. Ҳозир ҳайдовчининг маоши 200-250 минг рублни ташкил қилади, бироқ одам топиш қийин.

Ким билан ишлаймиз? Иқтисодиёт тўхтайди”, – деб норозилигини билдирган Матягин.

Ассоциация президентининг сўзларига кўра, таклиф этилаётган тақиқ мигрант ҳайдовчиларнинг гўёки, бахтсиз ҳодисаларга кўпроқ дучор бўлаётгани ҳақидаги статистик маълумотларга асосланган экан, бироқ бундай маълумот мавжуд эмас.

“Мамлакатимизда муаммонинг моҳиятини тушуниб, амалдаги қонунларни ишга солишдан кўра, тақиқлаш осонроқ. Шов-шувли бахтсиз ҳодисалардан сўнг улар мигрантларни айблай бошлашади, аммо ҳеч ким ким кўпроқ қоида бузганлиги ҳақида статистик маълумот беролмайди. Агар қонун хорижликларни қатъий тартибга солса, ўқитиш ва ҳайдовчилик мактаблари тизими пайдо бўларди, ўшанда мигрантлар ҳам худди Россия фуқаролари каби бахтсиз ҳодисаларга камроқ дучор бўларди”, — дейди Матягин.

Россиялик журналист Максим Шевченко эса «Справедливая Россия — За правду» партияси таклиф қилган қонун лойиҳасини ўта шовинистик, миллатчи ва Россия маданиятини шарманда қилувчи лойиҳа, деб атади.

 “Сергей Мироновнинг ушбу қонун лойиҳасига ирқий ва этник ўзгартиришлар киритиши лозим: Марказий Осиёдан келган руслар ишлаши мумкин экан-у аммо ўзбеклар, тожиклар, қирғизларга мумкин эмас эмиш. Миронов, шубҳасиз, айрим этник ирқий камситишни кўзлаган, шекилли. Агар шу Россия “адолатли” деб номланса, унда шундай Россияни жин урсин, ўшандай “адолат”и билан!”, дейди журналист.

Шунингдек, у бу бемаъни лойиҳа Россияни Россияни малакали шифокорлардан маҳрум қилишини ҳам алоҳида урғулади.

Менинг дўстим – Россия Россия онкологлар уюшмасининг етакчиларидан бири бўлган профессор. У асли Душанбедан, Каширкадаги Онкология марказида ишлайди, Россиядаги энг обрўли шифокорлардан бири. У тожик, отаси тиббиёт академиги эди, энди у ҳам муҳожирми? Миронов малакали онкологни Россияда ишлашдан тақиқламоқчи! Шунингдек, кўплаб грузинлар, арманлар ҳам бор. Популистик мақсадлари учун лойиҳа муаллифлари Марказий Осиёдан келган мусулмонларга бармоқларини бигиз қилиб кўрсатишади. Аммо юқори малакали шифокорлар, ажойиб дарс бераётган ўқитувчилар бўлган украиналикларни нима қиламиз? Яқинда мен бир ўзбек билан суҳбатлашдим. У тўртта тилда гапира олади, ўзбек диаспорасини бошқаради, МГИМО битирувчиси. Мироновнинг сўзларига кўра, у мигрант, шунинг учун, унинг ҳам ишлаши тақиқланади! Ўйлайманки, Сергей Мироновнинг ҳам Россия, рус маданияти ва соғлом фикрни уятга қўядиган гап-сўзлардан кўра, нафақага чиқиб дам олиш, ҳордиқ чиқариш вақти келди”, деб мулоҳазаларини билдирди Максим Шевченко.

Россияда 63 минг ўзбек талабаси таълим олмоқда.

Ушбу маълумот 6 октябрь куни ўтказилган Россия ва Ўзбекистон президентлари учрашувида очиқланди.

Владимир Путин Ўзбекистонда “Класс” қўшма лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлаб, ушбу лойиҳа рус тили ва умумтаълим фанларини ўқитиш сифатини оширишга қаратилганини айтди.

Шунингдек, президент Путин айни дамда Россия олий ўқув юртларида 63 минг нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олаётганини, улардан 14 мингга яқини бюджет асосида ўқиётганини маълум қилди.

Томонлар Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари учун ижтимоий кафолатларни яхшилаш масалаларини муҳокама қилган ва бу борада тегишли келишувларга эришилган.

Руслардан кўра муҳожирлар яхшироқ ишлашини айтган «Жилишник» раҳбари жаримага тортилди.

«Жилищник района Хорошево-Мневники» давлат бюджет муассасаси раҳбари вазифасини бажарувчи мигрантлар топширилган ишни россияликларга қараганда яхшироқ бажараётганини даъво қилгани учун 10 минг рубль миқдорида жаримага тортилди.

Бундай қарор Россия пойтахтининг Хорошевский туман суди томонидан қабул қилинган. Бу ҳақда Москва шаҳар умумий юрисдикция судларининг расмий порталида маълумот пайдо бўлди.

Жиноят иши интернетда ишчиларга дакки бераётгани акс этган видео пайдо бўлганидан кейин очилган. Шунингдек, у мигрантлар “этник руслардан фарқли ўлароқ ишлашни яхши кўриши” ва буни улардан яхшироқ қилишларини айтган.

Ушбу сўзлар “нафрат ёки адоват қўзғатиш” сифатида квалификация қилиш мумкинлиги, шунингдек, “жинси, ирқи, миллати, тили, келиб чиқишига кўра шахс қадр-қимматини камситишга” қаратилган, дейилади суд қарорида.

Жанжалда қатнашган 300 дан ортиқ муҳожир жазоланди.

Иркутск вилояти прокуратураси Ангарабўйидаги газ конларидан бирида бўлган мигрантлар ўртасидаги оммавий муштлашув ҳолатларини текширди. 300 дан ортиқ одам жаримага тортилди, бир неча ўнлаб одамлар мамлакатдан чиқариб юборилди. Ковикта газ конденсати конида меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашув 23 июнь куни содир бўлган эди.

Маълум қилинишича, жанжал компания ошхонасида навбатда турганлар орасида маиший келишмовчиликлар туфайли юзага келган. Натижада можаро тезда авж олган, баъзи маълумотларга кўра, унда 500 дан ортиқ одам қатнашган, улардан баъзилари турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Воқеа юзасидан тергов олиб борган прокуратура муштлашув саҳнасига айланган корхонада кўплаб қонунбузарликларни аниқлади.

Ишчиларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш ва яшаш шароитларига қўйиладиган талаблар бажарилмаган, иш ҳақи ўз вақтида тўланмаган, зарурий тайёргарликдан ўтмаган шахслар корхона қўриқлаш хизматига жалб қилинган. Натижада, компания мансабдор шахслари маъмурий жаримага тортилди. Кон ҳудудида яна тўртта ошхона жиҳозланди, қўриқлаш штаби кенгайтирилди.

Жамоат тартибини бузганлик учун 300 дан ортиқ киши жаримага тортилган, 34 нафар муҳожирга “выдворение” – маъмурий чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган. Безорилик айби билан қўзғатилган жиноят иши бўйича бир неча киши судланиб, улардан беш нафарига нисбатан уй қамоғи ёки қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Чебоксари шаҳрида “военкомат”га бормаган собиқ муҳожирлар жаримага тортилди.

ФСБ ходимлари Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардиядаги ҳамкасблари ва ҳарбий хизматчилар иштирокида Чувашия Республикаси пойтахтида яқинда Россия паспортини олган, аммо ҳарбий рўйхатга олинмаган бир қатор фуқароларни аниқлади.

Мазкур фуқаролар мажбуран ҳарбий комиссариатга келишга мажбур этилди. Бундан ташқари, жами 14 нафар бўлган “янги россияликлар” ҳарбий рўйхатдан ўтмагани учун жаримага ҳам тортилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб ҳарбий рўйхатга олиш бўлимларига чақирув бўйича узрли сабабсиз келмаганлик учун жарима миқдори 10 дан 30 минг рублгача белгиланган.

Россияда муҳожирлар учун РВП квоталари қисқартирилади.

 2024 йилда чет эл фуқароларига Россияда РВП – вақтинчалик яшаш учун рухсатномалар бериш квотаси 20 фоиздан кўпроққа қисқартирилади.

Рухсатномаларнинг асосий қисми Москва ва Москва вилоятига ажратилади. Россия Бош вазири Михаил Мишустин имзолаган фармонга кўра, келаси йили квоталар 10 595 донани ташкил этади.

Москва учун 1500 та, Москва вилояти учун 750 та, Санкт-Петербург учун 300 тадан ажратилади. Татаристон ва Бошқирдистон учун квоталар икки баробарга қисқартирилади – ҳар бир республика учун 250 та (2023 йилда – 500).

Ҳудудлар ўртасида қўшимча равишда тақсимланадиган квота захираси 3178 тани ташкил қилади. Таққослаш учун, 2023 йилда пойтахт ва вилоят 2750 та, Санкт-Петербургга эса 400 та, жами 13 535 та рухсатнома олган. 2022 йилда 19 мингга яқин, 2021 йилда 39 мингдан ортиқ квоталар ажратилган.

Литвада Марказий Осиёдан келган ишчилар сони кўпаймоқда.

Литвада, бошқа мамлакатларда бўлгани каби, Марказий Осиё давлатларидан келган ишчилар сони ортиб бормоқда.

Бандлик хизмати директори ўринбосари Гедре Синкявиче Литвада ишлаш учун келаётган Европа Иттифоқи фуқаролари сони камайганига қарамай, аксинча, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон каби Марказий Осиё давлатлари фуқаролари сони ортганини таъкидлаган. Улар кўпинча, яхши маоши бўлган транспорт ва қурилиш соҳаларида ишлашмоқда.

Бироқ, Литва Иш берувчилар Конфедерацияси раиси ўринбосари Аурелия Малдутитенинг фикрича, Литва меҳнат бозорида Марказий Осиё давлатларидан келган ишчилар ҳали ҳам кам сонли бўлиб, уларнинг улуши атиги 4 фоизни ташкил этади.

Бунинг сабаби, илгари Литва бозорида беларуслар ва украиналиклар кўпчилик бўлган, аммо турли чекловлар туфайли уларнинг сони камайди. Малдутите таъкидлаганидек, Марказий Осиёдан ишчиларни ёллашда иш берувчилар маблағни тежашмайди, чунки бу тил ва маданий тафовутлар туфайли қўшимча харажатлар келтириб чиқаради.

Бироқ, бу ишчилар Литвага пул топиш ва оилаларига ёрдам бериш учун келишади. Литва иш берувчилари маҳаллий ишчиларни ёллашни афзал кўришларини тан олишади, аммо баъзи соҳаларда литваликлар сони етарли эмас.

Ўнлаб марказий осиёликлар АҚШга ноқонуний киришга уриниб, картеллар қурбонига айланмоқда.

Сўнгги йилларда минглаб Марказий Осиё фуқаролари Мексика орқали АҚШга ноқонуний йўллар билан киришга уринмоқда. Уларнинг маршрути Истанбул, Мадрид, Богота, Панама ва Манагуани ўз ичига олиб, сўнгра Марказий Американинг бир қанча мамлакатлари бўйлаб пиёда ва машинада юриш керак бўлади.

Бироқ, йўлда улар ўз ҳаётларини хавф-хатарга қўйиб, мексикалик жиноятчиларнинг картеллари қўлига тушишади.

Қирғизистонлик Асан Багишов рафиқаси ва болалари билан АҚШ чегарасига етиб бориш учун бир ойдан кўпроқ вақт сарфлаганини айтади. Қирғизистонда ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаган Асан сиёсий сабабларга кўра мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганини даъво қилади. У қонуний йўл билан АҚШ визасини олишга уринганини, бироқ Қирғизистон фуқаролари учун бу деярли имконсиз эканлигини айтади.

Муҳожирларнинг сўзларига кўра, Мексикадаги картеллар ва полиция ўзаро ҳамкорлик қилади. Рейносадаги картеллар МДҲдан келганлар пул олиб келишларидан хабардор. Шунинг учун муҳожирлар меҳмонхонадан чиқмай яшашга мажбур бўлишади.

Ўтган йил давомида Мексикада бедарак йўқолганлар сони 12 мингдан ошди. Уларнинг бир қанчаси Марказий Осиёдан келган муҳожирлар.

Яқинда эълон қилинган статистикага кўра АҚШ-Мексика чегарасини кесиб ўтувчилар орасида ўзбекистонликлар етакчилар қаторида бўлиб турибди.

Афсуски, фаровон ҳаёт истаб ана шундай хавфли йўлларни танлаётган фуқароларимиз сони кундан кун кўпайиб бормоқда.

Ошпазлар қидирилмоқда: Россия ресторан бизнеси вакиллари  муҳожирларга мурожаат қилади

Россияда ресторан бизнеси вакиллари МДҲ давлатларидан меҳнат муҳожирларини фаол равишда ишга таклиф қила бошлади. Бу мазкур соҳада ошпазлар, официантлар, курьерлар ва бошқа мутахассисларнинг кескин етишмаслиги билан боғлиқ.

Бир қанча ресторанлар тармоғи, жумладан, “Якитория” ва “Шоколадница” МДҲ давлатларида ресторан ва ошхона ишчилари учун бўш иш ўринларини реклама қилмоқда.

Компаниялар, шунингдек, ихтисослашган вакансия ресурслари орқали ҳам кадрларни қидирмоқда. Муҳожир ишчиларнинг Россиядан чиқиб кетишига валюта курслари ва чипталар нархининг ошиши асосий сабаб бўлди. Ҳозирги вақтда ресторан бизнесида ошпазлар, официантлар ва курьерлар энг кўп талаб қилинган касблардан бўлмоқда.

hh.ru маълумотларига кўра, жорий йил бошидан бери меҳнат муҳожирлари учун соҳадаги бўш иш ўринлари сони 70 фоиздан кўпроққа ошган. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, яқин келажакда Россиядаги ресторанларда таомлар нархи 15-20 фоизга ошиши мумкин.

“Украинанинг Бучасида нима бўлган эди?”

Платформамизга шу мавзудаги кўрсатув жойланди. Унинг қаҳрамони асли ўзбекистонлик Украина фуқароси Аҳмад Маткаримов.

У махсус мухбиримизга берган интервьюсида Украинадаги ҳаёти, уруш, қишлоғининг ишғол қилиниши, Қодировчи аскарлар билан содир бўлган воқеалар ва қандай омон қолгани ҳақида сўзлаб берди. Кўрсатувни ютубдаги саҳифамизда томоша қилиншингиз мумкин.

Ҳозирча шулар! Янгиликларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кузатиб боринг! Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация