БАСТРИКИН МИГРАНТЛАРГА СОЛИҚ СОЛМОҚЧИ
Шундай қилиб бугунги эфирда:
Челябинскда мигрантларни жиддий текшириш бошланди
Вилоят хавфсизлик кучлари минтақага ишлаш учун келган, лекин бунга рухсатномаси бўлмаган ноқонуний хорижликларни қидириш бўйича операция эълон қилди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг Челябинск вилоят бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати 11 апрел куни хабар берди.
Бош бошқарма ходимлари ФСБ ва ФСБ нинг вилоят бўйича чегара қўриқлаш бошқармасидаги ҳамкасблари билан биргаликда ноқонуний фуқароларни қидириш бўйича операция ўтказишмоқда. Операция миқёсида чет элликларнинг тўпланиш ва иш жойлари оммавий равишда текширилади.
“Ноқонуний мигрант” тезкор-профилактика тадбирлари давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари чет эл фуқароларининг Россия Федерациясида бўлиш қонунийлигини, ишлаш учун рухсатномалар мавжудлигини текширади. Россия қонунчилигини бузган барча мигрантлар маъмурий жазога тортилади ва Россия Федерациясидан чиқариб юборилади.
Ноқонуний ишга жалб қилиш билан шуғулланган иш берувчиларга нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилади. Энди ноқонуний ишга жойлашиш учун 1 миллион рубль миқдорида жарима ёки компания фаолиятини 90 кунгача тўхтатиш кўзда тутилган.
Москвада аҳоли норозилигидан сўнг кўл бўйида масжид қурмасликка қарор қилинди
Москва ҳукумати шаҳар шарқидаги Святое кўли яқинида масжид қурмасликка қарор қилди.
Феврал ойи бошидан бери Москванинг Косино-Ухтомский райони аҳолиси ўз ҳудудида масжид қурилишига қарши кўчаларда намойишлар ўтказди.
Change.org веб-сайтида Святое кўли ҳудудида 60 минг кишига мўлжалланган масжид қуриш режалаштирилгани, бу жой «Россия ва Москванинг диний ва тарихий зиёратгоҳи» экани ҳақида петиция пайдо бўлди. Материал эълон қилинганидан сўнг, масжид қурилишига қарши бўлган 27 мингдан ортиқ киши петицияни имзолади. 18 март куни «Осторожно, Москва» телеграм канали ушбу ҳудудда «диний маънавий-маърифий марказ» қуриш учун деярли 10 гектар ер ижарага берилгани ҳақида ёзди. Москва шаҳар думаси депутати Евгений Ступиннинг таъкидлашича, аҳоли қурилиш учун «жуда катта ҳудуд» ажратилганидан ва расмийлар «масжид қуриш режаларини рад этмаётгани ёки тасдиқламаётгани»дан хавотирда эканини айтди.
Маҳаллий аҳолининг журналистларга маълум қилишича, улар масжид қурилиши ҳақида черковда ёки танишлардан билиб олган. 12 март куни Святое кўли ҳудудида ўнлаб кишилар масжид қурилишига қарши намойиш қилиб, насронийлар диний маросимини ўтказди. Бир ҳафта олдин эса одамлар плакат ва иконалар билан хоч юришини ўтказишган эди.
Шундан сўнг полиция акциянинг айрим иштирокчиларини ноқонуний оммавий акцияни уюштирганлик, шунингдек, миллатлараро адоват қўзғатганлик учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган.
«Осторожно, новости» телеграм канали бир киши қурилиш майдончасида чўчқа бошини кўмиб ташлагани тасвирланган видеони тақдим қилди. Бир неча кундан кейин у ҳибсга олинган. Бошқа тафсилотлар ҳақида хабар берилмаган.
19 март куни районда яшовчи 500 га яқин киши ибодатхона яқинида яна бир йиғин ўтказди. «Биз тинч жойга кўчиб келганмиз, масжид эса тинчлигимизни бузиши мумкин. Ҳудуд «ислом маркази»га айланади. Биз қарши эмасмиз, лекин бу қирғоқда эмас, балки ҳудудга мутаносиб, ичкарироқда қурилаверсин», деди акция иштирокчиларидан бири.
4 апрель куни Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров масжид қурилишига қарши намойишлар ҳақида фикр билдирди. У содир бўлаётган воқеаларни «провокация, бир давлат фуқаролари ўртасида низо чиқаришга уриниш» деб атади. Унинг сўзларига кўра, «ташаббускорлар» «Ғарб манфаатлари учун» ҳаракат қилмоқда. «Агар бу намойиш иштирокчилари чин юракдан ва чин дилдан Россия ерларини ҳимоя қилиш ғоясини ўйлаб топган бўлса, унда автомат билан урушга отлансин! Автоматни олинг, бугун Россия Донбассида сизнинг ўрнингизда жанг қилаётган мусулмонни четга суринг ва ватанпарварлигингизни, ватанингизни қанчалик севишингизни сўз ёки провокация билан эмас, балки амалда кўрсатинг», деди Қодиров.
Эртаси куни Москва мэри Сергей Собянин ҳақиқатан ҳам кўл ҳудудида масжид қуриш режалаштирилганини тасдиқлади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу борада Москва ҳокимиятининг қарори чиқмаган. Мэрнинг қўшимча қилишича, унга Патриарх Кирилл ва Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раиси Равил Гайнутдиндан таклифлар келиб тушган ва улар қурилиш учун бошқа жой танлашни сўраган.
Собяниннинг сўзларига кўра, масжид учун Косино метро бекатидан унча узоқ бўлмаган жой ажратилади. Шундан сўнг, Қодиров Собянинга «миннатдорчилик изҳор қилди» ва «ҳаммага мос келадиган ажойиб ечим топди», деди. «Масжид Москва марказига яқинроқ, парк ҳудудида, метро ёки транспортда бориш учун қулай жойда қурилади», деб ёзди Қодиров.
Ўйинчоқ дрон учун икки мигрант 50 минг рубль жаримага тортилди
Марказий Осиёдан келган икки мигрант 50 минг жаримага тортилди, бири эса ватанига депортация қилинди. Улар ўйинчоқ квадрокоптерни ишга туширишган. Воқеа Москва вилояти Зюзино туманида содир бўлган.
Бунинг учун авиация ишқибозлари интернетда оддийгина дрон сотиб олишган ва уни ҳовлилардан бирида синаб кўришга қарор қилишган. Зюзинолик пенсионер аёл деразадан йигитларнинг ўйинларини томоша қилган ва муҳожирлар энди Украина учун бомба ташлашади, деб ўйлаган. У дарҳол бу ҳақда полицияга хабар қилган. Полиция етиб келгач, ҳовлида ҳеч кимни топа олмади. Аммо йигитлар камералар томонидан аниқланган. Натижада 23 ёшли мигрантлар 50 минг рубль жаримага тортилди. 18 ёшли Саймиқ эса рўйхатдан ўтиш муддати ўтгани учун уйига кетди, деб хабар беради “Картотека”.
Маълумот ўрнида, ҳозирги кунда Россиянинг кўплаб ҳудудларида дрон/квадрокоптерлар/пилотсиз учар аппаратларни учириш тақиқланганини эслатиб ўтамиз.
Россиянинг ҳар олтинчи корхонаси чет элликларни ишга ёллаши аниқланди
Интернетда иш қидириш ва бўш иш ўринлари билан таништиришга ихтисослашган Headhunter компанияси маҳаллий иш берувчилар томонидан хорижлик ишчи кучини ёллаш соҳасида тадқиқот ўтказди.
Натижаларга кўра, иш берувчиларнинг 16 фоизи мигрантларни ишга қабул қилишган. Уларнинг тахминан 3/4 қисми ойига ўндан кам хорижликни иш билан таъминлайди. Бундан ташқари, 13 фоизи ойига 20 нафаргача, яна 9 фоизи эса 20 дан ортиқ мигрантни ишга олишга тайёр.
Кўпинча Россия компаниялари Ўзбекистон (56%), Тожикистон (55%) ва Қирғизистон (53%) фуқароларини ишга олади.
Россия корхоналарининг 61 фоизи чет элликлар учун бўш иш ўринларини махсус кўникмаларни талаб қилмайдиган деб тавсифлайди, 59 фоизи эса жисмоний меҳнат билан боғлиқ. 23 фоизи мигрантларни ишчи касблари билан боғлиқ бўлмаган лавозимларга қабул қилишга тайёрлигини айтишган.
Иш берувчилар қонуний ишга жойлашиш учун чет элликлардан ҳужжатларни талаб қилишларини, шунингдек, рус тилини билишларини даъво қилишади.
Тахминан 10% компаниялар чет эллик ходимлардан таълим тўғрисидаги ҳужжатларни топширишларини хоҳлашади, 5% эса тавсияномаларни талаб қилади.
Оддий фуқароларнинг ҳам ўз қарашлари бор. Сўровномада қатншган россияликларнинг 59 фоизи хорижликлар камроқ пул эвазига ишлашга рози бўлгани учун ёлланади, деб ҳисоблайди. 54 фоизи мигрантлар Россия Федерацияси фуқаролари рози бўлмайдиган шароитларда ишлашга тайёрликларини айтишган. 37 фоизи эса хорижлик ишчиларни кадрлар етишмайдиган соҳаларга жалб этилишига рози эканликларини билдиришган.
Сўровномада қатнашганларнинг 60%и ўз ҳудудларида мигрантлар ҳаддан ташқари кўплигини гапиради. Респондентларнинг чорак қисми меҳнат бозоридаги хорижликлар сонини “нормал” деб таърифлаган.
Сўровномада қатнашганларнинг атиги 4 фоизи мигрантлар сонини янада кўпайтириш имконияти борлигини таъкидлаган. Тадқиқот иштирокчиларининг учдан бир қисми чет элликлар эгаллаб турган касбларда ишлашга тайёр. Россияликларнинг 28 фоизи иш жойида мигрантларни ўрнида шахсан ишлашга рози эмасликларини таъкидлашган.
Бастрикин мигрантлар меҳнатига солиқ жорий этишни таклиф қилди
Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикинга иш берувчиларнинг 16 фоизи мигрантларни ишга қабул қилишгани ҳақидаги маълумот ёқмаган кўринади. Ўтаётган ҳафтада жаноб Бастрикин мигрантлар меҳнатидан фойдаланганлик учун “катта солиқ” солишни таклиф қилди.
Бундай чора, идора бошлиғининг сўзларига кўра, иш берувчиларни Россия Федерацияси фуқароларини ишга олишга ундаши мумкин. «Менимча, чет эл ишчи кучидан фойдаланганлик учун катта солиқни жорий этиш билан бирга Россия меҳнат ресурсларидан фойдаланувчи тадбиркорларни иқтисодий рағбатлантириш механизмини ҳам ишлаб чиқиш керак», -деди Бастрикин.
Тергов қўмитаси раиси шунингдек, “ижтимоий кескинликни” пасайтириш учун “Меҳнат мигрантларини Россия фуқаролари билан алмаштириш бўйича йўл харитасини шакллантириш”, россияликларга муносиб ижтимоий ва меҳнат кафолатларини тақдим этиш зарурлигини таъкидлади. Аввалроқ қўмита бошлиғи Россияда меҳнат муҳожирларининг кўплаб жиноятларга қўл уришига уларнинг билими пастлиги, кам ҳақ тўланадиган иш билан машғуллиги ва турмуш даражасининг пастлиги сабаб бўлаётгани билан изоҳлаган эди. Унга кўра, чет эл фуқаролари кўпинча инсонлар ҳаётига суиъқасд қилиш, жинсий зўравонлик ва ўзгалар мулкига тажовуз қилиш жиноятларига қўл урадилар.
2100 йилга келиб Россия аҳолиси сони икки баробарга қисқариши мумкинлиги айтилди
Мигрантларни ёмон кўрадиган жаноб Бастрикин мана бу маълумотлар билан ҳам танишиб қўйса бўларди. Олий иқтисодиёт мактаби Россияга зарур бўлган мигрантлар сонини ҳисоблаб чиқди.
Мутахассислар аҳоли сонини сақлаб қолиш учун кейинги 80 йил ичида мамлакатга йилига 390 мингдан 1,1 миллионгача мигрантни жалб қилиш керак, деган хулосага келишди. Шунингдек, улар туғилиш ва ўлим ҳолатларини ҳисобга олиб, 2021 йилдан 2023 йилгача мигрантларнинг йиллик ўсиши 460-1200 минг кишига тўғри келиши кераклигини таъкидладилар.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, мигрантларсиз Россияда аҳоли сонининг ўсишини таъминлаб бўлмайди. Агар аҳоли сони миграция эвазига тўлдириб борилмаса, 2100 йилга келиб Россия аҳолиси икки баробарга қисқариб, 67 миллионни ташкил қилиши мумкин.
Шундай қилиб, мигрантларнинг барқарор оқимига бўлган эҳтиёж 2036 йилгача, аҳолининг қисқариши эса 2026 йилгача давом этади. 2023 йил бошида Россия Федерациясида аҳоли сони 146,45 миллион кишини ташкил этди, бу 2022 йил бошига нисбатан 500 минг кишига кам.
Аввалроқ Олий иқтисодиёт мактаби демографлари Россияда ишчи кучининг қисқаришини тахмин қилишган. Уларнинг прогнозларига кўра, 2030 йил охирига келиб мамлакат ушбу тоифадаги 1,9 миллион кишини йўқотади.
Меҳнатга лаёқатли аҳоли улушининг энг катта қисқариши 4 та субъектда кутилмоқда: Москва, Санкт-Петербург, Москва ва Ленинград вилоятлари. Бу уларнинг аҳолиси ёш мигрантлар ҳисобига кўпайиши билан боғлиқ, аммо ҳозирги ўн йилликда бу ёшлар улғайиб катта ёшли гуруҳларга ўтиб бормоқда.
Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Бизни телеграм каналида ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Сизларни Ватанда оилангиз кутмоқда. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!