Maqola

567 17/07/2023

Етти минг одам депорт қилинди

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  1. Расул Кушербаев Россия мигрантларсиз нима қилиши ҳақида гапирди;
  2. Эксперт Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат ичкарисида кўпроқ иш ўринлари очишга чақирди;
  3. Рубл курси тушиб кетаётганига изоҳ берилди;
  4. Котелники мусулмонлари ҳимоя қилишни сўраб Владимир Путинга мурожаат қилишди;
  5. Муҳожирларни ўлдирган қотиллар 20 йилдан сўнг жазоланди;
  6. «Нелегал – 2023» операцияси давомида 7 минг муҳожир Россиядан чиқариб юборилди;
  7. Қирғиз муҳожири миграция марказларидаги урушга ёллаш ҳаракатлари ҳақида хабар берди. 

  Расул Кушербаев Россия мигрантларсиз нима қилиши ҳақида гапирди

– Айримлар мигрантларимизни пеш қилиб гапиради, яъни «…рус халқи сизларни боқяпти, Россия бўлмаганда ишсиз бўлар эди, руслардан миннатдор бўлиш керак, Россиядан миннатдор бўлиш керак», дея.  Битта нарсани айтиш керак, мигрантлар текинга ишлаётгани йўқ, Россия мигрантларни боқаётгани йўқ, мигрантлар ўзларини меҳнатлари орқали ўзларини-ўзлари боқяпти – дейди Расул Кушербаев ўзининг билдирган муносабатида.

Расул Кушербаев сўз бошида уни “Америкапараст” деган гаплар асоссиз эканлигини тушунтирди ва Россия Украина худудига бостириб кирганин очикчасига айтди. Расул Кушербаев айни дамда, одамларнинг вафот этаётгани ва уруш сабабли ҳар иккала давлатдаги бегуноҳ инсонлар вафот этаётгани аслида катта муаммо эканлигини таъкидлади. Шунингдек, уруш кетаётган бир пайтда мамлакатнинг эл суйган сан’аткорлари урушни қўллаб-қувватлаб концертлар ташкил қилаётганини ҳам қоралади.

Турли маълумотларга кўра, икки давлат ўртасидаги уруш натижасида 100 мингглаб харбийлар ва оддий аҳоли ҳалок бўлган ва бу сонлар кундан кунга ортиб бормоқда. Энг ачинарлиси эса ҳар иккала давлатга алоқаси бўлмаган мигрантлар ҳам бу талофатлардан жабр кўрмоқда. Уруш ва босқинчилик билан масала ҳал бўлмаслигини икки давлат масьуллари тушуниб етиши керак. Сабаби зарар ва хавф оддий халкни таъкиб киляпти. Айни дамда муносабатларни уруша билан эмас дипломатик тарзда хал килиниши керак деб хисоблаймиз.

Эксперт Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат ичкарисида кўпроқ иш ўринлари очишга чақирди

 Миграция масалалари бўйича эксперт Ботиржон Шермуҳаммад Kun.uz’га берган интервюсида ҳукуматни ватандошлар учун ичкарида кўпроқ иш ўринлари яратишга чақирди. Унга кўра, ишсизликка ечим сифатида ватандошларнинг хорижга юборилиши тўғри эмас.

“Одамлар муҳожирликда ҳеч қачон оиласи, яқинларидан узоқда юриб бахтли бўлмайди. Бу нарсани ҳукумат ҳам, ўзимиз ҳам тушунишимиз керак. Бориб пул топиш мумкин, лекин бахтли бўлиб бўлмайди.

Дейлик, Россияда Россия фуқароси 8 соатлик ишдан кейин уйига боради, оиласи билан бўлади, дам олади. Бизникилар эса муҳожирликда камида 12 соат ишлайди. Яшаш жойи ҳам қурилиш яқинидаги қандайдир вагонга ўхшаш нарса. У ерда оиласи йўқ, дам олишга, бошқа бир шаклда ҳордиқ чиқаришга имконияти ҳам йўқ. Камида 6 кун ишлайди ҳафтасига шу тартибда. Бу нарса ойлаб, йиллаб давом этгач, одамнинг психологияси ўзгаради, асаблари чарчайди, бундай одамларга эса озгина гап ҳам ортиқчалик қилиб қолиши мумкин.

Ўзбекистонда қолган оиласида ҳам шундай бахтсизлик бўлади. Психологик ҳолати бузилганидан, чарчаганидан ўз боласини қийнаб видеога олганлар чиқяпти. Биз ҳеч қачон одамларни четга ишга юбориб, ватанни ривожлантиролмаймиз, одамларни бахтли қилолмаймиз. Чет элда ишлаш вақтинчалик ечим бўлиши керак. Чиққан инсон фақат, 3-4 ойда қайтиб келиши лозим. Бўлмаса, бундай ижтимоий муаммолар келиб чиқаверади.

Россиядаги бир учрашувда собиқ Ички ишлар вазирлиги ходимига сиз ҳам оиласиз бир неча ой яшаб кўринг-чи, деб айтдим. Йиллаб юради одамлар у ерда. Ишсизлик ечими сифатида ватандошларни чет элга юбориш — нотўғри. Биз бунга эмас, ўзимизда иш ўрни яратишга ҳаракат қилишимиз керак — бундан бошқа ечим йўқ” – дейди эксперт.

Интервьюда, шунингдек, Россиядаги рейдлар, мигрантлар орасидаги жанжаллар ва қадрсизланаётган рубл курси ҳақида хам фикр алмашилган.

Ҳақиқатдан ҳам сўнгги пайтларда кўпроқ одамларни четга ишга юбориш масалаларига эътибор берилиб, ўзимизда иш ўринлари яратиш масалалари камроқ ёритилмоқда. Ҳар бир ўзбекистонлик ўз ватанида, оиласи бағрида ишлаш ва яшашга ҳақли. Биз ҳам бу борада ҳукуматдан аниқ режали ва самарали қадамларни кутиб қоламиз.

                 Рубл курси тушиб кетаётганига изоҳ берилди

2023 йилда рубл доллар ва бошқа валюталарга нисбатан қадрсизланди. Бу, айниқса, ёзда яққол намоён бўлди. Июл ойи бошида бир доллар 90 рублдан, евро эса 100 рублдан қимматроқ эди. Йил бошига нисбатан доллар учдан бир, 2022 йил июлидан эса деярли 70 фоизга қимматлашган. Рубл дунёдаги энг заиф валюталардан бирига айланиб, бир неча Африка мамлакатлари ва Аргентинани ортда қолдирди. Рублнинг бундай қадрсизланиши бир неча омилларга боғлиқ.

Гап шундаки, валютага бўлган талабни фақат импорт қилувчиларгина шакллантирмайди. Уни аҳоли ва ташқи савдо билан боғлиқ бўлмаган корхоналар ҳам сотиб олади. Бу жараён июн ойининг охиридаги сиёсий тўнтаришлар туфайли сезиларли даражада тезлашиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, бу воқеалар рублга жиддий зарба бериши эҳтимолi bor.  Шунингдек, Россиядан пул олиб чиқиш хорижий мулк ва активларни сотиш, хорижий инвесторларнинг бозорни тарк этишига ҳам боғлиқ. Мисол учун, июн ойида ўз акцияларини чет эллик эгаларидан қайтариб сотиб олишга тайёргарлик кўраётган “Магнит” кунига 10 миллион долларгача чет эл валютасини сотиб олди.

Бугунги кунда рубл курсининг динамикаси биринчи навбатда ташқи савдо билан боғлиқ вазият билан белгиланади. Арзонроқ энергия ресурслари ва Россияга нисбатан санкциялар билан жорий қилинган экспорт чекловлари валюта курсига босим ўтказиб, мамлакатга валюта оқимини камайтиради. Хуллас, Россиядан пул оқими қанчалик кўп бўлса, рубл шунчалик заифлашади.

Котелники мусулмонлари ҳимоя қилишни сўраб Владимир Путинга мурожаат қилишди

Москванинг Котелники мавзесидаги мусулмонлар жамоати давом этаётган рейдлар натижасида ўзбошимчаликларга дучор бўлганини иддао қилиб Россия президентига мурожаат қилди.

“Биз, Котелники шаҳар округи мусулмонлари жамоати, Россия конституциясининг гаранти сифатида ҳуқуқ ва эркинликларимизни ҳимоя қилиш учун сизга мурожаат қиламиз”, — дейилади ижтимоий тармоқда тарқалган видеода.

Видеомурожаат Москва вилояти мусулмонлари диний бошқармаси расмий сайтида эълон қилинган. Видеода улар 7 июл куни Москва яқинидаги Котелники шаҳридаги кўп қаватли уйда жойлашган намозхонада бўлиб ўтган сўнгги рейд ҳақида сўзлаб беришган: ўша куни ОМОН ходимлари жума намозига келиб, одамларни тарқатиб юборишга уринган. Котелники мусулмон жамияти вакилларининг сўзларига кўра, жума куни бўлиб ўтган рейд чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари оёқ кийимида кириб, жойнамозларни ифлос қилган, намозхонларга нисбатан жисмоний куч ишлатган, уларни ҳақорат қилган ва содир бўлган воқеа сабабларини тушунтириш талаб қилинганда, уларга ўзидан газ чиқарувчи мослама отилган.

“Котелники шаҳар туманидаги мусулмонлар жамияти Бош муфтий шайх Равил Гайнутдин кўмагида ташкил этилган ва Россия Федерациясида қонуний рўйхатга олинган. Бундан кўзланган мақсадлардан бири пойтахт марказидаги масжидларнинг юкини енгиллатишдир. Биз фақат намозхонлардан кўмак оламиз, биз давлатдан ёрдам олмаймиз, биноларни қонуний равишда ижарага оламиз, ОМОН ходимларининг қилмишлари жамиятдаги миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ва тотувликка катта зарар етказмоқда”, дейилади видеомурожаатда.

Диний бошқарма “ОМОН ходимларининг одамларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини камситувчи ҳар бир ҳаракати учун” прокуратурага ариза ёзишга ваъда берди. Айни пайтда рейд давомида 70 га яқин ҳужжатсиз хорижлик қўлга олингани айтилмоқда. Хавфсизлик кучларининг бундай рейдлари бу ерда ноёб ҳол эмас: яқинда Котелники аҳолиси Владимир Путинга ҳудудда муҳожирлар ҳукмронлиги ҳақида шикоят қилишган эди. Уларга 17 қаватли қаватли уйда намозхона ташкил этилгани ёқмайди. Уларнинг Россия президенти Владимир Путинга видеомурожаатида 1000 нафаргача одам тўпланиб, уй яқинидаги барча тўхташ жойларини эгаллаши ёқмаслиги ҳамда масжидни ёпиш илтимоси бўлган. Май ойида хавфсизлик кучлари бу намозхонани ёпиб қўйган ва Тергов қўмитаси ҳам россияликларнинг шикоятларига муносабатини билдирган эди.

Шунга ўхшаган рейд Москва вилояти Дзержинс шаҳри масжидида ҳам бўлиб ўтди. Диний блогер Расул Тавдиряковнинг хабар беришича, полиция ходимлари ибодат қилгани келганларнинг ҳужжатларини жума намози вақтида текширишган. Имом ва бошқа фуқароларнинг ибодатни тўхтатмаслик ҳақидаги сўровларига жавоб бермай, бир қанча одамларни ҳақорат қилишган ва масжидда оёқ кийимлари билан юришган. Бундан ташқари, бундай текширувлар доим бўлишини таъкидлашган.

Масжид маъмурияти прокуратурага мурожаат қилишни ният қилган.

Кимдир Россияда динлараро адоватни қўзғаб, тинчликни бузишга уринаётган кўринади. Сабаби, мусулмонларга нисбатан бу каби номоёшкорона ҳурматсизлик биринчи марта  кузатилмоқда. Ўзи шундоғам уруш билан боғлиқ муаммолар етарли бир вақтда, бундай ҳаракатлардан ҳукумат ҳам манфаатдор бўлмаса керак. Россия Президенти барча динларни ҳар томонлама ҳурмат қилишини бот-бот такрорлагани ҳеч кимга сир эмас. Умид қиламизки бу каби муаммолар ҳам тез орада ижобий ҳал бўлади ва айбдор полиция ходимларига қонуний чора кўрилади.

Муҳожирларни ўлдирган қотиллар 20 йилдан сўнг жазоланди

Москва вилоятининг Сергиев Посад шаҳар суди “Тесак” лақабли миллатчи Максим Марцинкевичнинг олти нафар шеригини 2003 йилда муҳожирларни ўлдиришда айбдор деб топди.

Семён Токмаков, Андрей Кайль, Алексей Гудилин, Александр Лисенков, Максим Хотулев ва Павел Хрулевлар бир гуруҳ шахслар томонидан ўта шафқатсизлик ва миллий адоват асосида қотиллик содир этишда айбдор сифатида тан олинган.

Тергов тадбирлари давомида улар ўз айбига иқрор бўлишган бўлса-да, бироқ суд жараёнлари бошлангандан сўнг улар айтганларидан тонишди. Максим Марцинкевичнинг ўзи ҳам худди шу иш бўйича тергов қилинган, бироқ 2020 йил сентябрида у Челябинск вилоятидаги 3-сонли СИЗО камерасида ўлик ҳолда топилган.

Тергов маълумотларига кўра, 2003 йил сентябрида судланувчилар “қурилиш ишлари баҳонасида” икки муҳожирни Смоленск вилоятидаги “Тесак”нинг дачасига олиб боришган. Дачада ишчилар уйқу таблеткаларини ичишга мажбурланган, кейин биттасини болта билан, иккинчисини бўғиб ўлдиришган. Кейинги қотиллик, иш материалларига кўра, ўша йилнинг декабр ойида Сергиев Посад вилоятидаги ташландиқ лагер ҳудудида содир бўлган. У ерда гуруҳ бир муҳожирни отиб ўлдирган, иккинчиси бўғиб ўлдирилган. Қотиллик суратга олиниб, интернетга жойлаштирилган ва қурбонларнинг бошлари Москва шарқида ташлаб юборилган.

Теrгов қўмитасининг таъкидлашича, Максим Марцинкевич ўлимидан бироз олдин иккита қўш қотилликка алоқадорлигини тан олган. Расмий тахминларга кўра, у ўз жонига қасд қилган.  У 2018 йилда у этник ва диний асосда адоват қўзғаш ва безорилик учун ўн йилга озодликдан маҳрум этилган бўлган.

«Нелегал – 2023» операцияси давомида 7 минг муҳожир Россиядан чиқариб юборилди

«Россия Ички ишлар вазирлиги “Нолегал – 2023” операциясининг биринчи босқичи якунларини сарҳисоб қилди.

Операция иштирокчиларининг асосий эътибори ноқонуний миграция каналлари ва улар билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларни аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган эди. Операция давомида 45 мингга яқин миграция қонунчилиги бузилиши аниқланган. Бунга 33 мингдан ортиқ хорижий фуқароларнинг Россия ҳудудига кириш, чиқиш, транзит ва бўлиш қоидаларини, шунингдек, чет эл фуқаролари томонидан 12 мингдан ортиқ меҳнат қоидаларини бузиш ҳолатлари киради.

Хорижий фуқароларни Россиядан маъмурий чиқариб юбориш ва депортация қилиш бўйича етти мингга яқин қарор қабул қилинган. Шунингдек, ноқонуний миграция, гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғларнинг ноқонуний айланиши, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари бўйича 2 мингдан ортиқ жиноят иши қўзғатилган. Операция давомида, шунингдек, федерал ва халқаро миқёсда қидирувга берилган 273 нафар қўлга олинган.

Ички ишлар вазирлиги ходимлари ноқонуний миграцияга қарши курашни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волк хабар берган.

Тушунишимиз бўйича, бу саъй-ҳаракатлар барқарор миграция вазиятини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Майли, тартиб бўлиши керак. Лекин, одамларни текшириш бу каби намойишкорона қўпол кўринишда бўлмаслиги керак. Кафеда овқатланаётган одамларни ерга ётқизиб қўйиб, ҳудди немис нацистлари каби қўлларини елкаларига қўйиб юргизиш тўғрими? Ахир, булар орасида нари борса ҳужжати муаммоси бор ҳуқуқбузарлар бор, террорист ёки ҳавфли жиноячилар эмас. Элчихонамиз ҳам бу масалага эътибор қаратса яхши бўларди.

Қирғиз муҳожири миграция марказларидаги урушга ёллаш ҳаракатлари ҳақида хабар берди

Ҳибсга олинган ва Россиядан депортация қилинган қирғизистонлик муҳожир уни Украинадаги урушда қатнашиш учун ёллаш уринишлари ҳақида гапириб берган. Йигит, агар у 6 ой давомида Россия учун жангга боришга рози бўлса, унга пул ва ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам ваъда қилинганини айтади. У таклифни рад этган ва охир-оқибат бошқа муҳожирлар билан бирга депортация қилинган.

Муҳожир Россияда рўйхатдан ўтиш муддати тугагани сабабли қўлга олинган ва у Сахароводаги депортация марказига олиб кетилган. У марказда муҳожирларни ҳарбий хизматга жалб қилиш ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида гапириб берган.

Марказда пул мукофотлари ва Россия фуқаролигини олиш ваъдалари ёзилган варақалар осиб қўйилган, дейди қирғиз йигит. У билан бирга бўлган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган айрим муҳожирлар Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, пул топиш ва қарзларини тўлаш мақсадида урушга кетишга қарор қилишган. Бироқ у бу ишни қилмагани ва можарода иштирок этмаганидан хурсанд.

У Қирғизистонга қайтиб, ишлаш, ўқиш ва янги ҳаёт бошлаш ниятида. Муҳожир томонидан тасвирланган воқеа муҳожирларни ҳарбий можароларда қатнашиш учун ёллаш ва Россиядаги миграция марказларидаги шароитлар ҳақида турли саволлар туғдиради.

Ижтимоий тармоқларда Россия армиясига, хусусан, «Вагнер» сафига қўшилиб, урушга бориб ҳалок бўлган жуда кўп муҳожирларнинг қабрлари видеоси тарқалди. Уларнинг орасида айни навқирон ёшдаги кўплаб тожик, қирғиз ва ўзбеклар исмлари бор. Уларнинг қабр тошларидаги ёзувларда марҳумларнинг аксарияти жорий йилнинг баҳор-ёз ойларида вафот этганини кўриш мумкин. Ўзбекистон томонининг ёлланма аскарлик учун жиноий жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантиришларига қарамай, ҳали ҳам муҳожирларнинг урушга қатнашиш учун розилик бераётгани аянчли ҳолдир. Уларнинг жуда кўпи туҳмат билан қамалиб, мажбурликдан урушга кетган йигитлар дейишади. Ўзи хоҳлаб ёлланиб кетганлари жуда оз. Россиядаги ватандошларимиздан бу борада янада эҳтиёт бўлишларини сўраб қоламиз.

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya