Мақола

326 18/09/2023

Мигрант полиция биносига ҳужум қилди

 Бугун дастуримизда:

  • Санкт-Петербургда патент тўловлари қимматлашиши мумкин;
  • Краснодар масжидида рейд – Россия фуқаролигини олган мигрантлар қўлга олинди;
  • Воронежда ўзбек ҳамюртини пичоқлаб ўлдирди;
  • Россияда иш ҳақи энг тез ўсаётган 5 та мутахассислик номи маълум қилинди;
  • Дзержинскдаги полиция бўлимига ҳужум қилган ўзбекистонлик эшикда адашган экан;
  • Россия масжидларида рейдлар: навбат Курган шаҳри жомесига Масжидлардаги рейдларни битта хабарда бериш керак;
  • QIWI Ўзбекистонга халқаро тўловларни тўхтатди;
  • Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади, шекилли — Алишер Қодиров;
  • Россияда тожикистонлик 5 ёшли қизчанинг қотили умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди;
  • Путин мамлакатда мигрантлар геттолари пайдо бўлишидан хавотирда;
  • Путин Россияда таълим олганларга фуқаролик беришни осонлаштирмоқчи, бироқ… Шу иккаласини битта қивориш керак.

Санкт-Петербургда патент тўловлари қимматлашиши мумкин

Санкт-Петербургда мигрантлар учун патентлар нархи ўзгариши мумкин. 8 сентябрь куни коррупцияга қарши экспертиза порталида эълон қилинган қонун лойиҳасидан келиб чиққан ҳолда, шаҳар ҳокимияти уни ҳисоблаш учун қўлланилган коеффициентни ўзгартирмоқчи. “2024 йил учун Санкт-Петербургдаги меҳнат бозорининг ҳудудий хусусиятларини акс эттирувчи коэффициент 1,688693 қилиб белгилансин”, — дейилади ҳужжатда.

Патент нархини ҳисоблашда асосий қиймат (1200 рубл) меҳнат бозорининг минтақавий хусусиятларини акс эттирувчи коэффициентга, шунингдек Иқтисодий ривожланиш вазирлиги томонидан белгиланадиган шахсий даромад солиғи бўйича дефлятор коэффициентига кўпайтирилади. 2023 йил учун коэффициент 1,615272 даражасида белгиланган ва чет эл фуқаролари учун патентнинг ўзи нархи ойига 4400 рублни ташкил қилади.

Санкт-Петербургдаги муҳожирлар учун патентнинг ҳозирги нархи ҳам оғирлик қилмаяптими? Агар у бундан ҳам ошса, қийинчиликлар пайдо бўладими? Фикрларингизни изоҳларга ёзинг. 

Краснодар масжидида рейд – Россия фуқаролигини олган мигрантлар қўлга олинди

Россия полицияси ФСБ ва Россия гвардияси (ОМОН ва СОБР) иштирокида 2023 йил 8 сентябрь куни, жума намози тугаши билан Краснодардаги жоме масжидида рейд ўтказди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, улар асосан Россия фуқаролигини олганларни ҳибсга олишган. Рейд ўтказган хавфсизлик кучлари Россия фуқаролигига эга бўлган муҳожирларни ҳарбий комиссариатга рўйхатдан ўтиш учун  олиб кетилишини маълум қилган.

Эълон қилинган видеода намозхонлар хавфсизлик кучларининг ҳаракатларидан, айниқса, СОБР ва ОМОН ходимларининг қўполликларидан норозилик билдирганини кўриш мумкин. 2023 йил 8 сентябрь куни жума намозидан сўнг Свердловск вилояти Верхняя Пишма шаҳридаги Исмоил ал-Бухорий масжидида ҳам рейд ўтказилди.

Намозхонлар хавфсизлик кучларининг бостириб киришидан норози бўлишган, аммо вилоят Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Валерий Горелих, рейд намоз тугаганидан кейин бошланганини иддао қилган. Унинг хабар беришича, Верхняя Пишма шаҳрида масжидда муҳожирларни текшириш бўйича рейд чоғида полиция ҳарбий хизматга чақирув бўлимига бориш учун 33 кишига чақирув қоғозини топширган.

“Яқинда Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий рўйхатдан ўтишни истамаганларга чақирув қоғозлари топширилди. Энди улар яқин орада рўйхатдан ўтишлари талаб қилинади”, — деган Валерий Горелих. Аввалроқ, Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий рўйхатда бўлмаган мигрантларни аниқлаш бўйича бундай рейдлар Россия Федерациясининг бошқа шаҳарларида, жумладан, Санкт-Петербург ва Москвада ҳам ўтказилган эди. Россия фуқаролигини олган муҳожирларни ҳарбий хизматга рўйхатдан ўтишга мажбурлашга уринишлар Россияда янги сафарбарлик кампаниясига тайёргарлик кўрилаётгани, Украинага қарши урушда Россия армияси аскарлар танқислигини бошдан кечира бошлаганлиги сабабли содир бўлмоқда.

Биринчи сафарбарлик 2022 йилнинг кузида амалга оширилган ва Россия Мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, 270 мингдан ортиқ киши, шу жумладан Россия фуқаролигини олган ўн минглаб муҳожирлар чақирилган эди. Сўнгги пайтларда Украинадаги Россия армиясининг камайиб кетган сафи минглаб муҳожирлар ва маҳбуслар билан тўлдирилди, улар шартнома имзолаб, тезда фуқароликни олиш ёки озод қилиш ваъдалари эвазига жангга киришди. Аммо юз минглаб янги қўшимча кучларни сафарбар қилиш ҳам рус армиясига ёрдам бера олмади ва у Украинадаги уруш ботқоғига тобора чуқурроқ ботиб бормоқда.

Россия аҳолисини Украинадан келаётган минглаб ҳалок бўлган аскарлар ва офицерларнинг жасадлари солинган тобутлар қўрқитмоқда ва улар шунинг учун ҳам бу урушни бемаъни, мақсадсиз деб билишади. Бу ҳолат Россия расмийларини Украинада астойдил курашни давом эттираётган ўз армиясининг камайиб кетган сафларини тўлдириш учун яна бир бор муҳожирларга эътибор қаратишга мажбур қилмоқда.

Александр Бастрикин ва Сергей Миронов каби Россиянинг айрим юқори мартабали амалдорлари ва Кремлга яқин сиёсатчилар Россия фуқаролигини олган муҳожирларни фронтга жўнатиш орқали уларнинг содиқлигини текшириш, боришдан бош тортганларни эса фуқароликдан маҳрум қилиш зарурлигини очиқдан-очиқ эълон қилмоқда.

Воронежда ўзбек ҳамюртини пичоқлаб ўлдирди

Қотил ҳам, ўлдирилган ҳам бир муассаса ходимлари эди. 7 сентябрь куни Воронеж вилоятининг Рамонский туманидаги кафе ҳудудидан 55 ёшли муассаса ходимининг жасади топилган. Қайд этилишича, марҳум Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Қотиллик иши бўйича жиноий иш қўзғатилганидан сўнг полиция ходимлари унинг ҳамюрти бўлган 41 ёшли ҳамкасбини қўлга олган.

Тергов ҳаракатлари давомида қўлга олинган шахс айбига иқрор бўлиб, ҳаммаси қандай содир бўлганини айтиб берган. Унга кўра, 7 сентябрь куни эрталаб муассасанинг икки ходими ўртасида ҳозирда марҳум 55 ёшли эркак меҳнат интизомини мунтазам равишда бузаётгани сабабли жанжал келиб чиққан. Шунда унинг ҳамкасби қизишиб қўлига пичоқ олиб, рақибининг кўксига санчган. Жабрланувчи олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

“Тергов органларининг илтимосига биноан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланди. Содир қилинган жиноят ҳолатларини аниқлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда”, деб хабар қилган Россия Федерацияси СК Воронеж вилояти бўйича тергов бошқармаси матбуот хизмати. Ички ишлар вазирлигининг вилоят бошқармаси эса, ўз навбатида, қотиллик содир бўлган куни навбатчилик пунктига қўнғироқ тез тиббий ёрдам хизмати ходими томонидан бўлганини, етиб боргач, ўлик одамни аниқлаганини қўшимча қилган.

Россияда иш ҳақи энг тез ўсаётган 5 та мутахассислик номи маълум қилинди

 Facancy хизматлари ва «Лаборатории карьеры Алены Владимирской» асосчиси Алена Владимирская ҳозирда иш ҳақи энг тез ўсиб бораётган 5 та мутахассислик ҳақида ёзади.

“Сизнингча, бу IT-ходимларми? Йўқ. IT соҳаси ходимлари бир йилдан буён ҳатто биринчи ўнталикка ҳам кира олишмаган.

🔹 газ-электр пайвандчилари (ҳозир улар кўпинча Москвадаги маркетологлардан кўпроқ маош олишади)

🔹 бетончилар

🔹 токарлар

🔹 саноат тузилмаси муҳандислари

🔹 газ кони ишчилари (улар тўсатдан 5-ўринга тушиб кетишди).

Дзержинскдаги полиция бўлимига ҳужум қилган ўзбекистонлик эшикда адашган экан

“КамАЗ” манипуляторида Дзержинск полиция бўлимига ҳужум қилган ўзбекистонлик ҳақида хабар берган эдик. Маълум бўлишича, унинг Ички ишлар вазирлиги миграция бўлими устидан шикоятлари бўлган, деб хабар бермоқда «Ni Mash» телеграм-канали. Эслатиб ўтамиз, 12 сентябрга ўтар кечаси 36 ёшли юк машинаси ҳайдовчиси Жонибек Жовлиев ўз техникаси ёрдамида бетон конус билан ички ишлар бўлимининг кириш эшиги ва деразаларини бузишга ҳаракат қилган эди. Миграция бўлимида қасди бўлган Ўзбекистон фуқароси ички ишлар бўлимини йўқ қилмоқчи бўлмагани, лекин адашиб бошқа эшикни бузганини айтган. Телеграм-канал маълумотига кўра, миграция бўлимига ҳужум қилишга унинг иш визаси муддати 3 октябрда тугаши ва янгисини олиш учун ариза беришга улгурмаслиги сабаб бўлган. 

Россия масжидларида рейдлар: навбат Курган шаҳри жомесига

Россия шаҳарларидаги жоме масжидларида жума намозидан сўнг полиция рейдлар уюштириб, фуқароларни мажбуран ҳарбий рўйхатга қўймоқда. Навбатдаги рейд Курган шаҳри жоме масжидида ўтказилди. Намозхонлар масжиддан чиқиш эшикларининг фақат биттаси очиқ қолдирилганидан норози бўлишган. Уларнинг кўпчилиги ишга кеч қолаётганини айтгани полиция ходимларига қўполлик бўлиб кўринди.

Полиция етти кишини ҳарбий хизмат учун рўйхатдан ўтмаганликда айблаб, уларга ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози берди. Шунингдек, яна бир муҳожир Россия бўлиш режимини бузган деб топилди. — Полиция хорижлик фуқаронинг Россия ҳудудида бўлиш режимини бузганлиги фактини аниқлади. У қўшимча тергов ўтказиш учун Курган ИИБга олиб кетилди”, — деб хабар берган ИИВнинг Курган вилояти бўйича матбуот хизмати.

Қоидабузар маъмурий жавобгарликка тортилган. Муҳожирларга қарши курашга православ дини арбоблари ҳам аралашмоқда. Курган ва Белозерск митрополити Даниил вилоят ҳокимиятини чет эллик мутахассисларни олиб киришни чеклашга чақирди. – Миллатлараро тинчлик ва тотувлик муҳити доимо ҳукм сураётган тинч минтақамизда хавотирли тенденция кузатилмоқда.

Қўшни давлатлардан келаётган фуқаролар нафақат бизнинг урф-одатларимизни ҳурмат қилмайди, балки ёшларимизни гиёҳванд моддаларга илинтириб, бизни эртанги кунимиздан маҳрум қилади, дейилади черков вакилининг маҳаллий ҳокимиятга йўллаган мактубида. Митрополит чет эл фуқароларини Россия фуқаролари ўртасида иш ҳақи ва ишсизликнинг пасайишига олиб келадиган, шунингдек, ижтимоий, миллий ёки диний можароларга олиб келадиган жойларда ишга олишни тақиқлашни таклиф қилмоқда.

Айтганча, шунга ўхшаш қарорлар аллақачон Калининград ва Калуга вилоятларида қабул қилинган. Краснодар шаҳрида ҳам 8 сентябр куни жума намозидан сўнг маҳаллий ОМОН масжидга рейд ўтказди. Тожикистонлик муҳожирлардан бири полициячилар  масжид эшикларини ёпиб, намозхонларнинг ҳужжатларини текшираётгани акс этган видеони юборган. “Биз намозга келганларнинг ҳаммасини текширдик. Россия паспорти эгалари алоҳида рўйхатга киритилиб, уларга икки кундан кейин ҳарбий комиссариатга келиш шарти қўйилди. ОМОН ходимлари Россия Федерациясида вақтинчалик пропискага эга шахсларнинг ҳужжатларини суратга олган. Ҳужжатлари билан муаммога дуч келган муҳожирлар эса полиция бўлимига олиб кетилган”, – дейди тожикистонлик муҳожир.

Верхняя Пишма шаҳрида (Свердловск вилояти) полиция ва ФСБ ходимлари масжиддаги рейд пайтида ҳарбий хизматга чақирув қоғозларини топширган. Бу ҳақда вилоят ИИБ бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи, полковник Валерий Горелих маълум қилган. “Рейд давомида яқинда Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий рўйхатдан ўтишга шошилмаётган шахсларга 33 та чақирув қоғози топширди. Энди улар буни имкон қадар тезроқ қилишга мажбур бўлишади, – дейди полковник Горелих. 

QIWI Ўзбекистонга халқаро тўловларни тўхтатди

Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки 5 сентябрь кунидан эътиборан тўлов ташкилотларининг трансчегаравий пул ўтказмаларига чекловлар қўйган эди. Мазкур чекловлар Россиянинг QIWI компаниясига ҳам таъсир қилиб, ташкилот Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмаларини тўхтатишга қарор қилди.

“Бир қанча ҳамкорларимиз томонида олиб борилган режадан ташқари техник ишлар сабаб, биз аввалроқ иловамида ҳар қандай хизматларни тўхтатган эдик. Таъкидлаш жоизки, тўлов ва пул ўтказмаларини амалга ошириш қийин жараён бўлиб, унда нафақат QIWI, балки бошқа тўлов ташкилотлари ҳам қатнашади. Режадан ташқари бошланган ишлар туфайли ҳамкорларимиз Uzcard ва HUMO карталари билан боғлиқ операциялар вақтинчалик тўхтатилган эди.

Эндиликда ҳамкорларимиз тарафидаги техник ишлар якунланди. Ҳозирда эса биз ўз тарафимиздан иловамизда керакли техник ишларни амалга оширишда давом этмоқдамиз”, дейилади QIWI баёнотида. Компания ҳозирги вақтда мижозлар QIWI ҳамённи Россия карталари ва QIWI ру ҳамёни орқали тўлдириш, миллий провайдерлари хизматларига ҳамёнингиз ва иловага уланган Россия карталари орқали тўлов қилиш мумкинлигини хабар берган.

Бундан ташқари QIWI Uzbekistan ҳамёнлари орасида пул ўтказмаларини амалга ошириш мумкин. Бироқ Uzcard ва HUMO карталари ва исталган банк карталарига, бундан ташқари QIWI Россия ва QIWI Қозоғистон ҳамёнларига пул ўтказиш, чет эл хизматлари учун тўлов қилиш ва иловадаги молиявий хизматлар бўлимидаги хизматлар учун тўлов қилиш имконияти вақтинчалик тўхтатилган. Компания техник ишлар тугаш муддати маълум эмаслигини маълум қилган. Мижозлар ҳисобидаги маблағни техник ишлар якунлангач чиқариб олиши мумкин бўлади.

Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади, шекилли — Алишер Қодиров

Россия Давлат Думаси депутати Евгений Федоровнинг иддаосича, “республикаларнинг барчаси СССРдан ноқонуний равишда чиқиб кетган, шунинг учун Россия билан “можаро чиқарар” эмиш. Бу ҳақда у рус тилидаги телеграм каналлардан бирига берган интервюсида маълум қилган. Евгений Федоров сўзида давом этиб эътиборини Қозоғистонга қаратган. Унинг фикрича, Қозоғистон Россияга қонуний равишда тегишли бўлган ҳудудни қайтариши ва рус халқига бундай “совға учун миннатдорчилик билдириши” керак экан.

Евгений Федоров қозоқлар асрлар бўйи яшаб келаётган ҳудудларни уларга руслар томонидан ҳадя қилинганини даъво қилмоқда. Унинг таъкидлашича, Россия ҳудудни қайтариш ва 1991 йилдаги ноқонуний қарорларни тиклаш масаласини кўтаришига фақат маънавий чеклов тўхтатиб турар эмиш. 1991 йилда республикаларнинг СССРдан ажралиб чиқиши “ноқонуний” бўлганини иддао қилаётган Евгений Федоров Қозоғистон Совет Иттифоқидан ҳудудни 100% ижарага олган, деб ҳисоблайди.

РФ Давлат думаси депутати Фёдоровнинг собиқ совет республикаларидаги “баҳсли ҳудудлар” ҳақидаги сафсаталарига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП МК раиси Алишер Қодиров шундай жавоб берди: — Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади, шекилли… Бундан биз фойда кўрамизми, йўқми, вақт кўрсатади. Ёнғинга қарши чоралар кўриб, совуққонлик билан кузатамиз…

Собиқ иттифоқ республикаларига ҳудудий даъволар билан чиқиш россиялик депутатлар орасида янгилик эмас. Давлат Думасининг яна бир депутати Вячеслав Никонов ҳам илгарироқ  “Қозоғистон ҳудуди Россиянинг катта совғаси” деган сўзларни айтгани учун қозоғистонликларнинг ғазабини қўзитган ва ТИВ ўринбосари Марат Сиздиков норозилик нотасини топширган эди.

Шуни эслаб ўтиш лозимки, 2020 йилда президент Путин, ҳали ҳеч ким Украина билан урурш бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган пайтда Украинанинг Совет Иттифоқидан катта совға олгани ҳақида гапирган эди. Натижа ҳаммага маълум: икки йил ўтиб Россия Украинага уруш очди. Қозоғистонга бўлаётган ҳудудий даъволар ҳам янгилик эмас.

Депутат Фёдоровнинг сўзларига ишонсак, Россия ҳар бир республика билан урушиши муқаррар экан. Бу Украинадан сўнг Қозоғистоннинг навбати келади, деганими? Россия депутатлари, кўпинча Путин ўзи айтолмайдиган гапларни ошкор қиладиган ўзига хос “мегафон” вазифасини бажаради. Ўзбек партияси раҳбари айтганидек, “совуққонлик билан кузатиб туриш” яхши, бироқ ҳар хил ҳолатларга доимо тайёр бўлиб туриш ҳам зарар қилмайди.

Россияда тожикистонлик 5 ёшли қизчанинг қотили умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

 Москвада кассация суди тожикистонлик муҳожирларнинг 5 ёшли қизи Ҳувайдо Тиллозодани зўрлаш ва ўлдиришда айбдор деб топилган Александр Сёминга нисбатан чиқарилган ҳукм устидан берилган кассация шикояти важларини ишончли деб топди ва уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. 13 сентябрь куни Александр Сёмин 2018 йилнинг июль ойида 5 ёшли Ҳувайдо Тиллозодани зўрлаш ва ўлдиришда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У аввалроқ 24 йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ жабрланувчининг яқинлари талабидан сўнг жазо бекор қилинган ва оғирроқ жазога ўзгартирилган. Бир умрлик қамоқ жазоси чиқарилгандан кейин маҳкум норозилик билдирган.

Суд Сёминнинг психиатрия клиникасида эканлиги сабабли кечиктирилган, бироқ кейинчалик судда қатнашиши мумкин деб топилган эди. 5 ёшли Ҳувайдо Тиллозода 2018 йилнинг 22 июл куни Москва яқинидаги Серпуховдаги уйлардан бирининг ҳовлисидан ўғирлаб кетилган. Оила ва кўнгиллилар болани деярли бир кун қидиришди, бироқ уни топишганда, кеч бўлган эди. Ўлган бола темир йўл вокзали яқинида спорт сумкасида топилган. Суд-тиббиёт экспертизаси қиз зўрланганини, кейин эса пичоқ билан ўлдирилганини кўрсатди. Серпуховда Тожикистондан келган муҳожирлар оиласи билан қўшни яшаган Александр Сёмин қотилликда айбланиб ҳибсга олинган. Ҳувайдо Тиллозоданинг ўлдирилиши сўнгги йиллардаги энг шов-шувли ишлардан бирига айланди. Бу фожиа тожикистонликлар ва Россия жамиятини ларзага солди, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳукуматига нота йўллаб, адолатли тергов ўтказишга чақирган эди.

Путин мамлакатда мигрантлар геттолари пайдо бўлишидан хавотирда

Владимир Путин Россияга муҳожирлар оқимидан хавотир билдирди ва мигрантлар геттолари шаклланмаслиги учун бу вазиятга эҳтиёткорона ёндашишга чақирди. Гетто – ижтимоий, ҳуқуқий ёки иқтисодий босим натижасида озчиликларнинг ихтиёрий ёки мажбурий яшаши учун ажратилган йирик шаҳарларнинг бир қисмидир. Россия президентининг фикрича, мамлакат иқтисодига мигрантлар керак, бироқ янги технологиялар муваффақиятли жорий этилса, ҳаддан ташқари кўп муҳожирлар керак бўлмаслиги мумкин.

Путиннинг таъкидлашича, Россия иқтисодиёти ҳақиқатан ҳам мигрантларга боғлиқ, айниқса қурилиш секторида, бу ерда ишчи кучининг 33 фоизини мигрантлар ташкил қилади. Шу билан бирга, президент инсон меҳнатини кам талаб қилувчи замонавий технологияларни жорий этиш орқали мигрантларга қарамликни камайтириш мумкинлигини таъкидлаган. Путиннинг айтишича, Россиянинг айрим хорижий давлатларга нисбатан устунлиги борлиги муҳожирларнинг аксарияти собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан келганлигидир.

Бу муҳожирларнинг Россия жамиятига ҳамкорлиги ва интеграциялашувини осонлаштиради. Президент, шунингдек, муҳожирларга рус тилини ва Россия Федерацияси қоидаларини ўргатиш, уларнинг мамлакат анъаналари ва маданиятига мослашиб, ҳурмат қилишлари муҳимлигини таъкидлайди.

У, муҳожирлар геттоларининг шаклланишига йўл қўймаслик муҳимлиги, бу эса бошқа баъзи мамлакатларда бўлгани каби ижтимоий кескинлик ва можаролар манбаига айланиши мумкинлигини айтиб ўтди. Президент Россия фуқароларининг манфаатлари биринчи ўринда туриши, миграция оқими аҳоли ўртасида ғазаб уйғотмаслигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Ҳозирда Россия меҳнат бозорида мигрантларнинг улуши бор-йўғи 3,7 фоизни ташкил этади, бироқ Путин мамлакат учун салбий оқибатларга олиб келмаслик учун мигрантларга бўлган эҳтиёжни мувозанатлаш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга интилмоқда. Россияда мигрант геттолари, яъни бир жойда тўп бўлиб яшаётган муҳожирлар жамоаси борми? Бу сизнинг назарингизда, яхшими ёки ёмонми? Фикрларингизни изоҳда қолдиринг.

Путин Россияда таълим олганларга фуқаролик беришни осонлаштирмоқчи, бироқ…

Владимир Путин Россияда таҳсил олган хорижлик мутахассисларга соддалаштирилган тартибда фуқаролик беришни таклиф қилди. Унинг айтишича, ўрта ёки олий маълумотга эга бўлган мазкур тоифага фуқароликни олишни осонлаштириш бўйича қарорлар аллақачон қабул қилинган. Бу мутахассислар Россия иқтисодиёти учун муҳим, чунки улар мамлакатда таълим олган ва рус тилини билади, маҳаллий муҳит ва маданиятга мослашган.

Шунингдек, у фуқароликни олиш жараёнини соддалаштириш, жумладан, Россияда ўқиш учун сарфланган вақтни ҳисобга олиш масаласини ҳам кўриб чиқиш кераклигини айтган. Шу билан бирга, у фуқароликни соддалаштирилган ҳолда қабул қилиш масаласи Россия учун, айниқса, меҳнат муҳожирларининг кўплиги билан боғлиқ ҳолда мураккаб ва нозик масала эканини таъкидлади. Путиннинг фикрича, бундай қарорларни қабул қилишдан олдин кўплаб омиллар, жумладан, бу одамларнинг рус ҳаётига мослашиши, рус маданияти ва анъаналарига ҳурмат кўрсатилишини ҳисобга олиш керак.

Россияда қанча чет эллик талаба бор?

Россияда олий маълумот олаётган чет эллик талабаларнинг умумий сони сўнгги уч йилда 26 мингдан ортиқ кишига кўпайди. Шу тариқа, 2019 йилда Россияда 298 минг, 2020 йилда 315 минг, 2021 йилда 324 минг чет эллик талаба ўқиган бўлса, Россия Таълим ва фан вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Россия университетларида (таълимнинг барча босқичларида) 362 мингдан ортиқ хорижлик таҳсил олаётган эди. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россияда таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг энг кўп сони Қозоғистондан – жами 62 358 нафар. Иккинчи ўринда Хитой – 39 959 нафар, Ўзбекистон ҳам учлик орасида – 39 825 талаба. Россиядаги энг кўп чет элликлар ўнлигига туркманистонлик талабалар киради – 36 773 нафар, Тожикистон – 20251, Ҳиндистон – 18536, Украинадан – 11123, Мисрдан – 10535 ва Белоруссиядан – 9769 киши Россия ОТМларида таълим олмоқда. Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция статистикаси маълумотларига кўра, 2022 йилда Россия фуқаролигини олган чет эл фуқаролари сони 2021 йилга нисбатан 6,4 фоизга камайиб, 691 минг кишидан сал кўпроқни ташкил қилган.

Россияда ўқиган талабаларнинг қанчаси рус фуқаролигини олмоқда?

Шунингдек, ўтган йили Россияга 38 885 нафар африкалик келган. Уларнинг катта қисми мамлакатда ўқиш визаси билан бўлган: 34 360 киши. Бир неча минг африкаликлар ўз ҳаётларини Россия билан у ёки бу тарзда боғлашни режалаштирмоқда. Африкадан 1338 киши вақтинчалик яшаш учун рухсатнома, 1994 киши доимий яшаш учун рухсатнома олган. 319 киши ишлаш учун рухсатномага эга бўлган, 874 киши Россия Федерацияси фуқаролигини олган.

Россия президентининг бу таклифи нимани англатади?

Бундан рус жамиятида кадрлар танқислиги ўта жиддий эканини пайқаш мумкин. Шунингдек, “махсус ҳарбий операция”га ҳам одам етишмаётгани ҳаммага маълум ва равшан. Шундай экан, яқин орада Украина билан уруш жабҳаларида қора танли “россиялик”ларни ҳам кўриб қолсак ажаб эмас.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация