Мақола

660 22/05/2023

800 МИНГ МИГРАНТГА “ЗАПРЕТ” ҚЎЙИЛДИ

Ассалому алайкум, сизлар билан яна Migrantnews дайжести ва мен, Дилфуза Акмаловна. Доимгидай ҳафта давомида содир бўлган мигрантлар учун муҳим хабарларни оддий тилда ва қисқа шаклда айтиб беришга ҳаракат қиламан.

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  1. 800 мингга яқин хорижликларнинг Россияга кириши тақиқлангани айтилди;
  2. Муҳожирлар ҳақида нолойиқ сўзлар гапирган имомга чора кўрилди
  3. Икки тожикистонлик Қизил майдонда ҳаво шарларини учиргани учун ҳибсга олинди;
  4. Екатеринбургда ўз чақалоғини ўлдирган Тожикистон фуқаросига ҳукм ўқилди
  5. Украинадаги урушда қатнашган қирғизистонлик 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
  6. Utair июнь ойидан бошлаб Самарадан Бухоро ва Фарғонага мунтазам парвозларни амалга оширади

800 мингга яқин хорижликларнинг Россияга кириши тақиқлангани айтилди

ИИВ Миграция бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова 797 минг хорижлик фуқарога Россия Федерациясига киришига чеклов қўйилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатга киришга “ЗАПРЕТ” қўйиш, яъни чеклаш тўғрисидаги қарорни асосан Ички ишлар вазирлиги қабул қилади. Бироқ ИВВ дан ташқари бошқа давлат органлари томонидан ҳам чекловлар қўйилади.  Мисол учун, Адлия вазирлиги ва Федерал жазони ижро этиш хизмати томонидан 97 минг, ФСБ томонидан 88 минг, Роспотребнадзор ва ФМБА томонидан 35 минг, Федерал божхона хизмати ва Росфинмониторинг томонидан 11 мингдан ортиқ чет эл фуқаросига Россияга киришга тақиқ қўйилган.

«Биз чекловларнинг деярли 70% ёки 548 минг чет эл фуқаролари учун мамлакатга кириш эшикларини ёпяпмиз», деган Казакова хоним Санкт-Петербург халқаро юридик форумида. У хорижий фуқароларнинг мамлакатга киритилмаслиги сабабларини маълум қилмаган.

Март ойида Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев 2022 йилда Россиядан депортация қилинган муҳожирлар сони 2,5 баробардан кўпроққа кўпайганини айтган, бироқ у ҳам аниқ рақамларни келтирмаган.

Муҳожирлар ҳақида нолойиқ сўзлар гапирган имомга чора кўрилди

Ўтаётган ҳафтада таниқли имом Шукрулло Эгамбердиевнинг Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳақидаги кескин чиқиши ижтимоий тармоқларни “портлатиб” юборди.

Муҳожирликдаги ўзбекистонликлар “Шукрулло домла” номи билан танилган имомга ўз эътирозларини видеожавоб шаклида эълон қила бошлашди. Шундан кейин Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган фарғоналик имом Шукрулло домланинг муҳожирлар ҳақида гапирганлари бўйича баёнот тарқатди.

“Шу йил 16 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси томонидан халқ орасида “Шукрулло домла” деб танилган Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилинди. Йиғилишда имом-хатибнинг эътирозларга сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари имомлик мақомига тўғри келмаслигига урғу қаратилди. Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этди ва узр сўради. Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирди. Ўз навбатида, мазкур хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чора кўрилиши муносабати билан имом-хатибни обрўсизлантириш ҳолатларидан сақланишни сўраймиз”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, Ички назорат комиссияси баён этилганларни инобатга олиб, Шукрулло Эгамбердиевга “ҳайфсан” интизомий жазоси бериш ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилгани хабар қилинган. Маълум қилинишича, Шукрулло Эгамбердиев «Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом-хатиби лавозимида қолган.

Икки тожикистонлик Қизил майдонда ҳаво шарларини учиргани учун ҳибсга олинди

Москвада Қизил майдон устида Украина байроғи туширилган тўртта шарни учиришда айбланган икки киши ҳибсга олинди. Қўлга олинганлар Тожикистон фуқаролари бўлган, деб хабар берган Baza телеграм канали.

12 май куни тушдан кейин кўк ва сариқ рангда ҳилпираётган байроқ кўзга ташланди. Телеканал маълумотларига кўра, ҳаво шарлари Қизил майдон яқинида Opel автомобилида тўхтаган одамлар томонидан учирилган. Шарларни ҳавога қўйиб юбориб улар дарҳол кетишган.

«Бир соатдан кейин хавфсизлик кучлари ичида икки нафар Тожикистон фуқароси, 30 ёшли Алишер Қодиров ва 27 ёшли Баҳром Усмонов бўлган мазкур машинани тўхтатган. Улар ҳаво шарларини учирганини тан олишган. Лекин уларга Украина байроғи ҳақида айтилганда жуда ҳайрон бўлишган”, — деб ёзади телеграм канали.

Уларнинг сўзларига кўра, плакат пушти-бинафша-сариқ рангларда бўлиб, унинг устида “Қизалоқ учун ташаккур” деган ёзув бўлган. Шунга қарамай, ҳибсга олинганларга нисбатан Россия ҳудудида бўлиш режимини бузганлик ва Россия Федерацияси Қуролли Кучларини обрўсизлантириш каби моддалар бўйича маъмурий баённомалар тузилган.

Екатеринбургда ўз чақалоғини ўлдирган Тожикистон фуқаросига ҳукм ўқилди

2023 йилнинг 12 май куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрининг Чкаловск туман суди янги туғилган чақалоқни ҳожатхонадаги оқава сувга чўктирган 20 ёшли Тожикистон фуқаросига ҳукм чиқарди.

2023 йил февраль ойида тўққиз ойлик ҳомиладор аёл маҳаллий шифохонага келтирилган. Тиббиёт муассасасида бўлганида, бемор ҳожатхонага боришни сўраган. У ерда у боласини туққан. Свердловск вилояти Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Валерий Горелихнинг айтишича, асли тожикистонлик бўлган аёл чақалоққа шафқатсиз муносабатда бўлган: киндикни кесиб, янги туғилган чақалоқни ҳожатхонадаги сув кеткизадиган бачокка солгани сабабли бола бўғилиб нобуд бўлган.

Бироз вақт ўтгач, шифокорлар ҳожатхона полида қон борлигини пайқашган ва кабинани очишганида, бачокда чақалоқнинг жонсиз жасади топилган. Шундан сўнг улар полицияни чақиришган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари янги туғилган чақалоқнинг она томонидан ўлдирилиши моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Суд жараёни 12 май куни ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Аёл судда ўз айбига иқрор бўлган.

Суд унга нисбатан енгил жазоси берди. – Суд ҳукми билан судланувчи икки йилга озодликдан маҳрум этилди, – дейди вилоят Тергов қўмитаси раҳбарининг катта ёрдамчиси Александр Шульга. Бундай енгил ҳукмнинг қабул қилиниши сабабига изоҳ берилмаган.

Чақалоқнинг она томонидан ўлдирилиши сабаблари маълум қилинмаган.

Украинадаги урушда қатнашган қирғизистонлик 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Бишкекнинг Первомайский туман суди Укра инадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганликда айбланган Қирғизистон фуқаросини 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. Қайд этилишича, 31 ёшли Ат-Баши туманида туғилган фуқаро Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 416-моддаси 2-қисми (ёлланма аскарлик) — «Тегишли шахсларнинг рухсатисиз бошқа давлатлар қуролли тўқнашувларида моддий мукофотлар олиш мақсадида иштирок этиш» жиноятини содир этганликда айбдор деб топилган.

Тергов маълумотларига кўра, 2022 йил июнь ойида Москвада бўлган айбланувчи Украинадаги урушда қатнашиш учун ўзини ўзи эълон қилган Луганск Халқ Республикаси қуролли кучларига қўшилишга қарор қилган. Июль ойида у Брянка шаҳрига келган ва 180 минг рубль миқдорида маош билан ҳарбий хизматга қабул қилинган.

У разведка операцияларида қатнашган, жанговар тайёргарлик курсларини тамомлаган, фронтни миномёт ва ўқ-дорилар билан таъминлаш билан шуғулланган. 2022 йил ноябрь ойида у ҳарбий хизматдан бўшатилган ва аввал Москвага, сўнгра Бишкекка қайтиб келган. Судда айбланувчи ўз айбини тан олмаган.

Эслатиб ўтамиз, Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган Қирғизистон фуқароси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олингани январь ойида маълум бўлган эди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўзбекистонликларга мурожаат қилиб бошқа давлатларнинг қуролли тўқнашувларида қатнашмасликка чақирган. Мурожаатда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳам бу ҳаракатлар учун жиноий жазо тайинлангани эслатиб ўтилган.

Utair июнь ойидан бошлаб Самарадан Бухоро ва Фарғонага мунтазам парвозларни амалга оширади

Бухорога парвозлар шанба кунлари амалга оширилади. Utair компаниясининг Фарғонага парвози чоршанба кунлари режалаштирилган. Парвоз вақти – 3 соат 10 дақиқа. Ҳозирда Самарадан ушбу шаҳарларга тўғридан-тўғри рейслар қўйилмаган.

Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб Utair авиакомпанияси Самарадан Ўзбекистоннинг бошқа шаҳри – Самарқандга ҳам парвозларни амалга оширмоқда. 

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация