Мақола

378 23/10/2023

Хорижда паспортни йўқотса, нима қилиш керак?

 Бугун дастуримизда:

  1. Питерда муҳожирдан бир пачка сигарет олган ДПС инспекторига жиноий иш очилди
  2. Мигрантлар ўртасидаги муштлашув ўлим билан якунланди
  3. Қийин қарор: қайси чет тилини ўрганиш керак?
  4. Ивановода муштлашув: мигрантлар ва маҳаллий аҳоли нимани талашишди?(video)
  5. Тюменга мигрантларнинг кўчиб келиши кўпайди
  6. Турк сайёҳи Ўзбекистонда поезд ходимига пора берганини айтди
  7. Адашган мигрант: Паспортни йўқотиш икки йиллик қамоқ жазосига олиб келиши мумкин
  8. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ эмас, йигирма йилдан сўнг чиқди – Қотиллар жазосини олди
  9. Татаристонда такси ҳайдовчиларини оммавий текшириш давом этмоқда
  10. Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг АҚШга кириши қийинлашади
  11. Россияда ўқиётган ўзбек талабаси ўғирлаб кетилган ва калтакланган
  12. Қозоғистонда олтмишдан ортиқ ўзбекистонлик қулликдан озод бўлди
  13. Ўз фарзандларини ўлдирган самарқандлик эркакка ҳукм ўқилди

Питерда муҳожирдан бир пачка сигарет олган ДПС инспекторига жиноий иш очилди

Санкт-Петербург йўл полицияси инспектори Пулково аэропорти яқинида ўз машинасида кетаётган ўзбек муҳожирини тўхтатиб, ҳужжатларини маълумотлар базасидан текшириб кўрган ва унинг маҳаллий пропискаси йўқлигини айтиб, ёлғон гапирган. Мигрант ВНЖси борлигини таъкидлаган ва ҳатто ўз вакилига қўнғироқ қилган. Полициячи учинчи шахслар билан мулоқот қилишдан бош тортиб, мигрантдан унга бир қути аромакнопкали сигарет сотиб олиб келишни талаб қилган. Бунинг эвазига у ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб беришга ваъда берган. Муҳожир унинг талабини бажариб, бироқ кейин порахўр устидан Ички ишлар вазирлигига шикоят қилган.

ЙПХ ходимига нисбатан пора олиш ва мансаб ваколатини суистеъмол қилиш моддалари бўйича иш қўзғатилди.

Мигрантлар ўртасидаги муштлашув ўлим билан якунланди

Воқеа 13 октябрь, жума куни Санкт-Петербургнинг Колпино туманида содир бўлди. Колпино шаҳрида меҳмонхонада бир гуруҳ муҳожирлар оқшомни бирга ўтказиб, спиртли ичимлик ичиб, “ҳордиқ чиқаришган”.

Бироқ, ўша тунда даҳшатли фожиа юз беради: улардан бири пичоқланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Полиция ходимлари  келиб чиқиши марказий осиёлик, 1986 йилда туғилган эркакнинг жасадини топишди.

Унинг Санкт-Петербургга вақтинчалик иш учун келгани ва фожиадан олдин маҳаллий меҳмонхонада яшагани маълум бўлди. Жабрланувчининг жасадида бўйин, кўкрак ва қоринда пичоқ урилган жароҳатлар борлиги аниқланган.

Қотилликда гумонланувчи воқеа жойида қўлга олинди. Полиция ишсиз ва меҳмонхонада вақтинча яшовчи яна бир эркакни ҳибсга олди. Иккала эркак ҳам хорижлик бўлиб, Санкт-Петербургга ишлаш мақсадида келган.

Қўлга олинган шахс тергов изоляторига жойлаштирилиб, қотиллик моддаси бўйича жиноий иш очилган.

Қийин қарор: қайси чет тилини ўрганиш керак?

Дунё аҳолиси турли-туман, баъзан ғаройиб тилларда сўзлашади. Уларнинг умумий сони – тахминан 7151 та. Инглиз, мандарин (хитой), ҳинд ва испан тиллари энг кенг тарқалган тиллардир. Аммо бу рақамлар аҳоли ва маданиятнинг ўзгаришига қараб доимо ўзгариб туради.

Инглиз тили, Google ва Гарвард университети томонидан олиб борилган тадқиқотга кўра, миллиондан ортиқ сўзларга эга ва доимий равишда ўсиб бораётган бўлса, токипона каби айрим тилларда атиги 123 та сўз бор.

Бир миллиарддан ортиқ одам бу тилда, ҳам ўз она тили, ҳам иккинчи тилда гаплашади. Инглиз тили онлайн ва академик нашрларда ҳам устунлик қилади. Кейинги ўринда 1,1 миллиард сўзлашувчи билан хитой тили (мандарин) ва учинчи ўринда эса ҳинд тили (602,2 миллион киши). Испан ва француз тиллари мос равишда 548,3 ва 274,1 миллион киши билан тўртинчи ва бешинчи ўринларда туради.

Яқин йилларгача Ўзбекистон мактабларида хорижий тиллар (асосан инглиз ва рус тиллари) 2-синфдан бошлаб ўтилган бўлса, сўнгги йилларда ҳатто мактабгача таълим босқичларидан тил дарслари дастурларга киритилиб, рус (бир ўқув йилида 68 соат) ва инглиз (бир ўқув йилида 102 соат) ўргатилмоқда.

Савол туғилади: қайси хорижий тилни ўрганиш мақсадга мувофиқ? Агар бирор тилни шу миллат вакиллари сонига кўра ўрганилса, асосан, ҳинд ва хитой тилларини ўрганиш кифоя бўларди. Бироқ дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида инглиз тилида гаплашишади. Рус тилида собиқ Иттифоқ давлатларида тушунади, холос. Шунда ҳам баъзи давлатлар рус тилини мулоқот тили вазифасидан воз кечган. Муҳим жиҳати, тилни нима мақсадда ўрганишингиз ва қайси давлатга боришни ихтиёр қилишингизга боғлиқ.

Ивановода муштлашув: мигрантлар ва маҳаллий аҳоли нимани талашишди?

Ижтимоий тармоқда маҳаллий аҳоли ва мигрантлар ўртасида бўлган муштлашув видеоси тарқалди. Воқеа Приволжскда бўлиб ўтган. Телеграм-канал хабарига кўра, Кострома вилоятининг Волгореченск шаҳрида жойлашган “Союз-Обувь” поябзал фабрикаси ходимлари маҳаллий аҳоли билан тўқнаш келишган.

Оммавий муштлашувда 23 киши иштирок этган. Дастлабки маълумотларга кўра, можарога маҳаллий барда юз берган воқеа сабаб бўлган бўлиши мумкин. Тергов “безорилик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган, муштлашувнинг барча иштирокчилари шахси аниқланган. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни ҳибсга олиш учун қидирмоқда.

Қозоғистонда ўзбекистонлик қулликдан қутқарилди

Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолган деб эълон қилиниб, бир неча йил қулликда ушлаб турилган. Мурожаат қилган Ўзбекистон фуқароси уч нафар қариндоши билан маҳаллий ресторанлардан бирида ишлаганини, бироқ иш берувчи уларнинг паспортини олиб, уларга иш ҳақи тўламаганини маълум қилган.

Бош консуллик ходимлари вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа жойига боришган/ Иш берувчи билан гаплашгандан сўнг, у ҳужжатларни қайтариб бериб, ходимларга иш ҳақини тўлаган.

Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи А.А. янада ачинарли воқеага тушиб қолган эди. Иш берувчи уни алдов йўли билан Қозоғистонга олиб келган. Шундан сўнг у Ўзбекистон фуқаросини бедарак йўқолган деб эълон қилиб, уни бир неча йил ушлаб турган. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Чимкент шаҳридаги ваколатхонаси ватандошимизни излаш ва уни ватанига қайтариш билан шуғулланган.

Қозоғистоннинг “Сана Сизем” нодавлат ташкилоти Ўзбекистон фуқаросини бошпана ва озиқ-овқат билан таъминлаган, шунингдек, Ўзбекистонга қайтганида чегара постигача кузатиб қўйган.

Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консуллиги Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларига А.А.нинг мурожаатини назоратга олиш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан жазо чораларини қўллашни сўраб хат юборди. Туркистон вилоятининг Ордабаси тумани полицияси Қозоғистон Жиноят кодексининг 126-моддаси (ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноий иш очди.

Тюменга мигрантларнинг кўчиб келиши кўпайди

Маълум бўлишича, жорий йилнинг дастлабки етти ойида Россиянинг турли ҳудудлари ва хорижий давлатлардан 27,3 минг киши доимий яшаш учун Тюмень вилоятига кўчиб келди.

Шу билан бирга, 23 мингга яқин киши вилоятни тарк этган. Бу миграция ўсишининг 4,3 минг кишига кўпайишига олиб келди. Тюмень вилояти бу кўрсаткич бўйича Ураль федерал округи ҳудудлари орасида иккинчи ўринни эгаллаган.

Биринчи ўринни эгаллаган Югра шаҳрида миграция ўсиши деярли 13 минг кишини ташкил этган. Росстат маълумотларига кўра, Тюмень вилоятига доимий яшаш учун келганларнинг аксарияти, яъни 22,3 минг киши Россиянинг бошқа минтақаларидан кўчиб келган.

Яна 4,6 минг киши МДҲ давлатларидан, 363 нафар узоқ хорижий давлатлардан келган. Умуман олганда, Ураль федерал округига 197,4 мингдан ортиқ киши доимий яшаш учун кўчиб келган бўлса, айни пайтда 178 мингга яқин аҳоли ушбу минтақани тарк этган.

Турк сайёҳи Ўзбекистонда поезд ходимига пора берганини айтди

Ўзбекистонга Туркиядан келган сайёҳ Тошкент—Андижон поездида 100 минг сўм пора эвазига жойини ўзгартирганини айтиб, тармоққа видео юклаган.

Пора эвазига жойини ўзгартирган сайёҳ умримда биринчи марта пора берганини, бундан ўзи ҳам ғалати бўлганини айтмоқда. Миллий темир йўл компаниямиз бунга изоҳ берар экан, пора олган ходимни топиш имкони бўлмаганини маълум қилди.

Бир муддат олдин тармоқларда “Афросиёб”да 10 долларга сотиб олинган билетини ичкарида яна 15 доллар тўлаб, ўз жойини эконом классдан бизнес классга ўзгартирган сайёҳ видеоси тарқалганди ва бундай хатога йўл қўйган масъул ишдан олингани маълум қилинганди.

Умуман олганда эса, бу биз учун янгилик эмас. Поезда чипта топиш осон бўлмайди. Чипта изласангиз, кўпинча жойлар банд бўлади. Вагонга чиққанингизда эса негадир бўш жойларга кўзингиз тушади. Шундай сўнг ходимларга пора бериб, бемалол яхши жойга ўтиб олишингиз мумкин. Афсуски, неча йиллардан бери шу аҳвол.

Адашган мигрант: Паспортни йўқотиш икки йиллик қамоқ жазосига олиб келиши мумкин

Саратов вилоятининг Озинский туманида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган йигит қўлга олинган.

Ташкилот маълумотларига кўра, Марказий Осиё республикаларидан бирининг 21 ёшли фуқароси Россияда бўлганида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини йўқотиб қўйган. Шу сабабли у мамлакатда бошқа бўла олмаслигини билиб, чегарани ноқонуний равишда пиёда кесиб ўтишга қарор қилган.

Йигит Озинкидаги автомобил назорат пунктини айланиб ўтаётганда чегарачилар уни ўша ерда ушлаб олишган. Натижада хорижлик фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 322-моддаси биринчи қисми (чегарани ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Энди уни икки йилгача қамоқ жазоси кутмоқда. Муҳожирларга маслаҳатимиз, агар паспортингизни йўқотиб қўйсангиз ёки мажбуран олиб қўйишса, ваҳимага тушманг, дарҳол яқинроқдаги полицияга ҳолат юзасидан ариза беринг, полиция бўлимида сизни аризангизни қабул қилиб олишгани ҳақида қўлингизга «талон-уведомление» ёзиб беришади.

Сиз қўлингиздаги «талон-уведомление» билан паспортингиз топилгунга қадар бемалол ҳаракатланишингиз мумкин. Ёки қўлингиздаги ҳужжат билан ўзингизга яқинроқ Ўзбекистон Республикаси консулхонаси бўлимига учраб, “ватанга қайтиш гувоҳномаси” олиб, 30 кун мобайнида Ўзбекистонга қайтиш имкониятингиз бор.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ эмас, йигирма йилдан сўнг чиқди – Қотиллар жазосини олди

Йигирма йил аввал Якутск шаҳрида қотиллик содир этган жиноятчилар Саха Республикаси Олий суди суд ҳайъати томонидан айбдор деб топилди.

Айбланувчиларнинг ёши 55 ва 38 ёшда бўлиб, улардан бири Тожикистон фуқароси, иккинчиси эса якутиялик аёл бўлган. Ёқутистон Олий суди матбуот хизмати 2023 йил 17 октябрь куни апелляция кенгаши уларни қотиллик содир этишда айбдор деб топганини эълон қилди.

Қотиллик 2003 йилда Якутск шаҳрида содир этилган. Ёқутистон Олий суди аввалроқ Якутск шаҳар суди томонидан чиқарилган ҳукмни қисман ўзгартириб, Тожикистон фуқаросини қаттиқ тартибли ахлоқ тузатиш колониясида ўташ учун 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд унинг илгари ҳам судланган шеригини бошқа суд ҳукми билан қисман қисқартириб, умумий режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида ўташ учун 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Суд ва тергов шуни кўрсатдики, 2003 йил 1 октябрдан 2003 йил 16 декабргача бўлган даврда айбланувчи Якутск шаҳрида кекса аёлдан хонани ижарага олган. Шундан сўнг шериги унинг хонасига кўчиб ўтган. Айбланувчи жабрланувчига ёрдам бериш ва санаторийга юбориш ниқоби остида уни квартирадан олиб чиқиб, бўғиб ўлдирган ва жасадни Якутскдаги ташландиқ гаражга яширган.

Кейин улар квартирани эгасининг шахсий буюмларидан бўшатиб, мулкни учинчи шахсларга сотиб юборишган. Жиноятчилар терговни мураккаблаштириш мақсадида қўшниларига унинг доимий яшаш учун Новосибирскка кўчиб кетганини айтиб, жабрланувчининг номига авиачипта сотиб олишган.

Қотилликни содир этганидан кейин улар Россияни тарк этиб, Тожикистонга қайтишган. Маҳкумлар фақат 2022 йилдагина Москвада қўлга олинган. Улардан бири ўз айбини тан олишдан бош тортган бўлса, Москвада аллақачон судланган бўлган иккинчиси қўйилган айбловларга тўлиқ рози бўлиб, тергов билан фаол ҳамкорлик қилиб, бошқа шеригини ҳам маълум қилган. Бироқ кейинчалик унинг ўлими туфайли унга нисбатан жиноят иши тўхтатилган.

Татаристонда такси ҳайдовчиларини оммавий текшириш давом этмоқда

Татаристонда Давлат йўл инспекцияси ходимлари томонидан такси ҳайдовчиларини оммавий текшириш ўтказилмоқда. Текширув чет эл фуқаролигига эга такси ҳайдовчиларига нисбатан амалга оширилади. Таксида ишлаётган мигрантларнинг йўловчи ташишга рухсати ва миграция қонунчилигига риоя қилиши текширилади.

Шунингдек, мигрант такси ҳайдовчилари ўртасида тиббий кўрикдан ўтказилганилиги ҳам назоратдан ўтказилади.

Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг АҚШга кириши қийинлашади

Жорий йил бошида бир неча ўзбекистонлик АҚШга ИШИДга алоқадор одам ёрдамида киргани бунга сабаб бўлди.

Қўшма Штатлар хавфсизликни кучайтириш мақсадида Европа Иттифоқидан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун транзит визалари жорий этишни сўради.

Бу қарор Марказий Осиёнинг айрим давлатларидан келган саёҳатчилар устидан назоратни кучайтиришга уриниш сифатида қабул қилинмоқда. Ташаббус шу йил бошида бир гуруҳ муҳожирлар “ИШИД”га алоқадор контрабандачи ёрдамида АҚШга ноқонуний равишда кириб келган воқеага жавоб бўлди.

АҚШ расмийлари Европа Иттифоқидан Европа аэропортлари орқали саёҳат қилган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига транзит визалари беришни сўраган. Қарор айрим шахслар Европа орқали транзит ўтгандан сўнг АҚШга ноқонуний киришга уринишлари мумкинлигидан хавотирлар фонида қабул қилинди.

Чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун Байден маъмурияти Мексикадан келган мигрантлар учун асосий кириш нуқтаси бўлган Техаснинг Рио Гранде минтақасида чегара тўсиқларини кучайтириш режаларини эълон қилди.

Россияда ўқиётган ўзбек талабаси ўғирлаб кетилган ва калтакланган

Вақтида қайтарилмаган қарз талабанинг бошига бало бўлди. Қозонда ўзбекистонлик 19 ёшли талаба ўғирлаб кетилган, калтакланган ва ундан 50 минг рубл қарзи учун ярим миллион рубл талаб қилинган.

Маълумотларга кўра, июл ойида бир йигит дўстидан 50 минг рубл қарз олиб, бир ой ичида қайтариб беришни ваъда қилган, бироқ октябр ойида ҳам ваъда қилинган пулни қайтара олмаган. Қарз берган одам икки кишини ёллаб, улар қарздорни машинага солиб, шаҳар ташқарисига олиб боришган.

Ҳужум қилганлар орасида қарз берувчининг ўзи, Евгений исмли номаълум шахс ва жабрланувчи билан бир университетда таҳсил олаётган 20 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳам бўлган. Натижада қарздор калтакланган ва муддати ўтган қарзи учун ундан ярим миллион рубл талаб қилинган.

Шундан сўнг, йигит пул излаш учун қўйиб юборилган. У дарҳол полицияга бориб, у ерда октябр ойи бошида у 19 ёшли дўстидан қарзини бериб қўйишни сўрагани, лекин у буни қилмаганини айтган. Ҳозир полиция ҳужумнинг барча иштирокчиларининг, шу жумладан, пулни манзилга етказиб бермаган “курьер”ни ҳам шахси ва жойлашувини аниқлаштирмоқда.

Қозоғистонда олтмишдан ортиқ ўзбекистонлик қулликдан озод бўлди

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари иккита ғишт заводи эгаларини ноқонуний меҳнат эксплуатациясида гумон қилиб қўлга олди.

Воқеа 14 октябрть куни Ақтўбе вилоятидан бир аёл Олмаота полициясига қўнғироқ қилганидан сўнг бошланган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлган акаси Чимкентдаги ғишт заводида мажбуран ушлаб, зўравонлик билан таҳдид қилган иш берувчиларидан қочиб қутулганини ва Олмаота шаҳрида эканини маълум қилган.

Жиноятнинг оғирлиги сабабли Олмаота ва Чимкент уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказиб, ғишт заводлари хўжайини бўлган 3 нафар эркакни қўлга олди.

Уларнинг икки нафари ака-ука экан. Полиция ходимлари заводларни тинтув қилиш чоғида 60 дан ортиқ хорижлик ишчиларни топдилар, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эди. Дастлабки тергов жараёнида маълум бўлишича, хорижликларни заводларга ишга таклиф қилишган, кейин эса ҳужжатлари олиб қўйилган, маошлари берилмаган, баъзан эса жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қилинган.

Айни пайтда 25 нафар хорижлик ишчи “Сана сезим” нодавлат ташкилоти қарамоғида, 30 дан ортиқ киши шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги сабабли эркин ҳаракатланиш ҳуқуқидан маҳрум. Хорижий фуқаролардан полицияга учта расмий баённома тақдим этилган.

Гумонланувчилар ҳибсга олиниб, меҳнатни эксплуатация қилиш ва ўзбошимчалик мақсадида ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишда айбланяпти. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўз фарзандларини ўлдирган самарқандлик эркакка ҳукм ўқилди

Бир неча ойлар муқаддам Самарқандда 36 ёшли эркак Исроилда ишлаётган турмуш ўртоғига жаҳл қилиб, 3 нафар вояга етмаган фарзандини пичоқлаб ўлдиргани ҳақидаги машъум хабар тарқалган эди.

Мазкур жиноий иш Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судида кўриб чиқилгани хабар қилинди.

Қотилнинг айтишича, турмуш ўртоғи телефон орқали “Яшамайман, болаларни олиб ойимнинг уйига олиб бориб қўй, мени эрим бор” деган. Шундан кейин ошхона пичоғи билан фарзандларини ўлдирган ва ўз жонига қасд қилган. Бироқ тирик қолган.

Суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «в» ва «ж» бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги, икки ёки ундан ортиқ шахсни, ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) билан айбли деб топилиб, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация