Мақола

820 27/06/2023

САЙЛОВДА ҚАДР ТОПГАН МИГРАНТЛАР

Ассалому алайкум, сизлар билан яна Migrantnews дайжести ва мен, Дилфуза Акмал қизи. Доимгидай ҳафта давомида содир бўлган мигрантлар учун муҳим хабарларни оддий тилда ва қисқа шаклда айтиб берамиз.

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  1. Мирзиёев хорижда меҳнат қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича режаларини эълон қилди
  2. Ўзбекистонда Қурбон ҳайити қачон нишонланиши эълон қилинди
  3. Россия тарафида урушга кирган ўзбекистонликка Россия фуқаролиги берилмади
  4. Россиядан Тожикистонга уч нафар чақалоқ қайтарилди
  5. Россияда исломий банк хизматларини жорий қилишмоқчи
  6. Туркияда ўзбек ва қирғизлар одам савдоси қурбони бўлишди
  7. АҚШда тожикистонлик юк машинаси ҳайдовчиси ўлдирилди

Мирзиёев хорижда меҳнат қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича режаларини эълон қилди

ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда хориждаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлашга оид режаларни маълум қилди. Унга кўра, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония ва Европа давлатларидан юқори маош тўланадиган иш топиб, кетаётган юртдошларимизга йўл чиптаси ва “ишчи виза”ни олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Бундан ташқари, чет элдаги юртдошларимиз учун:

  • онлайн ҳужжат олиш ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш имкониятлари яратилади, уларнинг нархлари ички тарифларга тенглаштирилади;
  • доимий консуллик ҳисобида туриш бадали бекор қилинади, ҳисобда туриш шартлари соддалашади; Германия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларда, шунингдек, Россиянинг йирик шаҳарларида бепул ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатадиган марказлар очилади;

“Умуман, хориждаги ватандошларимиз билан ишлаш, чет элга ишлашга ва ўқишга кетган одамларимизни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий қўллаб-қувватлаш тадбирларига келгуси йилларда 200 миллион доллар йўналтирилади”, деди номзод.

“Чет элдаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирамиз. Хусусан, оғир аҳволга тушиб қолган барча юртдошларимизга хорижий давлатнинг ўзида моддий ёрдам имкониятларини янада кенгайтирамиз.

Жумладан, уларга вақтинча яшаш, ҳужжатларини тиклаш, она Ватанига қайтиш каби харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Номзод ўз нутқи давомида хорижда вафот этган юртдошларимизни Ўзбекистонга олиб келиш, уларнинг фарзандларига алоҳида ғамхўрлик қилиш ҳақида ҳам гапирди. Тақдир тақозоси билан хорижда вафот этган юртдошларимизни ўз юртига олиб келиш давлат томонидан таъминланади.

Уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларига алоҳида ғамхўрлик қилинади, фарзандларини ўқитиш ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари, хорижда ишлаётган одамларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, уларга адвокат жалб этиш харажатларини қоплаш ва ҳуқуқий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилади”, деди у.

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити қачон нишонланиши эълон қилинди

Бу бўйича президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28 июн – чоршанба кунига тўғри келади ва фуқаролар 2 июлгача кетма-кет 5 кун дам олади. Шундай қилиб:

28 июнь (чоршанба) — Қурбон ҳайити байрами;

29 июнь (пайшанба) — барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни;

30 июнь (жума) — барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни;

1 июль (шанба) — дам олиш куни, шу жумладан, 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун қўшимча дам олиш куни;

2 июль (якшанба) — дам олиш куни ҳисобланади.

Россияда ҳам Қурбон ҳайити 28 июнь, чоршанба куни нишонланиши эълон қилинди.

Россия тарафида урушга кирган ўзбекистонликка Россия фуқаролиги берилмади

Ўзбекистонлик фуқаро “кўнгилли” бўлиб Россия тарафида урушга киргани учун ватанида 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Қизиғи, унга Россия фуқаролиги берилмайди, чунки талаб қилинганидек 12 ой эмас, атиги икки ой жанговар ҳаракатлар ичида бўлган. Аммо қонунлар туфайли яна фронтга ҳам қайтиб бора олмайди. (видеоси қўйилади)

Азамат 38 ёшда, у Ўзбекистон фуқароси, 2011 йилдан бери Россия Федерациясида истиқомат қилади. У “махсус операция”га ўз хоҳиши билан кетган. Унинг ўзи бу хатти ҳаракатини “ўз вақтида Россия бошқа давлатларга ёрдам бергани, ўша кўмак учун қарзини қайтаргани” билан изоҳлаган.

Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузгандан сўнг ўзбекистонлик фуқаро Харков яқинида икки ой бўлиб, уйига қайтган. Келгач, у фуқароликни олиш учун ариза берган, бироқ Россия томони уни етарли муддат хизмат қилмаганлиги учун сўровини рад этган. Кейин Азамат бошқа шартнома имзоламоқчи бўлди. Лекин қонунга кўра, хорижликлар фақат бир марта фронтга бориши мумкин.

Энди у Ўзбекистонга ҳам қайтиб кета олмайди: у ерда уни ёлланма аскар сифатида хизмат қилгани учун қамоқ жазоси кутиб турибди. Тузоқдан қандай чиқиш керак, унинг боши қотган. У ёрдам сўраб Терроризмга қарши кураш ёрдам жамғармаси президенти Вадим Коженовга мурожаат қилди ва у ёрдам беришга ваъда берган. Ўйламай қилинган иш – бошга келтирар ташвиш, деганларидек Азамат ҳам мушкул аҳволга тушиб қолган.

Хорижда, айниқса, Россияда мусофирликда юрган ватандошларимиздан эса, ҳеч қачон уруш бўлаётган ҳудудларга ҳеч бир сабаб билан бормасликларини сўраб қоламиз.

Россияда исломий банк хизматларини жорий қилишмоқчи

16 июн куни Санкт-Петербург иқтисодий форумида 1 сентябрдан бошлаб Россиянинг тўртта ҳудудида исломий банк иши бўйича тажриба ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Ислом банк иши тамойилларини жорий этиш бўйича эксперимент иштирокчилари алкогол, тамаки ва қимор бизнеси, қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ фаолият учун фоизлар ундиришдан мосуво бўлади ва уларни молиялаштира олмайди. Янги тўлов тизими нафақат мусулмонларни қизиқтиради, дейди экспертлар.

Ўн йил давомида Россияда ислом банкини тарғиб қилишга ҳаракат қилинмоқда, аммо ҳозирда бунинг учун энг қулай шароитлар яратилган, деган фикрда Давлат Думасининг молия бозори қўмитаси раҳбари Анатолий Аксаков. Ўтган йили бир гуруҳ депутатлар ва сенаторлар Россия молия тизимига шериклик молиялаштиришни жорий этиш бўйича эксперимент тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этган эди.

У 1 июлдан бошланиши керак эди, бироқ ҳужжат ҳали қабул қилинмади. “Биз 1 сентябрдан экспериментни бошлаш учун қонун лойиҳасини сессия якунига қадар кўриб чиқишга умид қиламиз”, — дейди Аксаков.

Бошқирдистон, Доғистон, Татаристон ва Чеченистон аҳолиси биринчи исломий банк хизматидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Уларда, масалан, бунинг учун оналик капиталидан фойдаланган ҳолда махсус «Ислом ипотекаси» бериш имкониятига эга бўладилар. Эксперимент Россия қонунчилигига ҳамкор молиялаштириш самарали, хавфсиз ва тобора оммалашиб бориши учун қандай ўзгартиришлар киритиш кераклигини кўрсатиши керак, деган Марказий банк раиси ўринбосари Алексей Гузнов. Унинг фикрича, исломий банк иши Россия молия тизимининг ажралмас бўлагига айланиши керак.

Тажриба тўртта ҳудудда ўтказилишига қарамай, барча россияликлар банк мижозига айланишлари мумкин, деди Марказий банк раиси ўринбосари. Ҳалва ҳалол Келгусида муҳокама қилинган банк тамойилидан ислом дунёси давлатлари билан муносабатларда фойдаланиш мумкин, дейилди форумда.

Аммо ҳозиргача Россия банкларининг асосий мақсади мамлакат ичида мижозларни жалб қилишдир, чунки турли ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда 15 дан 20 миллионгача мусулмонлар ва бунга қўшимча бошқа давлатлардан келган фуқаролар ҳам яшайди. Ислом олами имкониятларини баҳолаган Россия банклари қонунни кутмасдан, бу тамойилларни босқичма-босқич амалга оширишга киришди.

Сбербанк ҳатто ихтисослаштирилган бўлинмани ҳам яратди ва биринчи офисини очди, унда Ислом тамойиллари асосида ўқитилган ходимлар ишлайди. Улар фақат дебет карталарини чиқарадилар, қонуннинг қабул қилиниши билан улар ипотека дастурини, шунингдек, молиявий саводхонлик бўйича махсус курсларни бошлайдилар, дейди Сбербанк катта вице-президенти Олег Ганеев.

Агар ислом банки ҳуқуқий соҳага киритилса, атиги бир йил ичида 55 миллиард рубллик активлар шакллантирилиши мумкин, дея башорат қилган эксперт. Унинг айтишича, нафақат исломга эътиқод қилувчилар, балки “муайян ахлоқий тамойилларга эътибор қаратган” ҳар бир киши ҳам шундай хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Муҳокама иштирокчилари ислом банкини тартибга солишда биринчи навбатда барча хавфларни ҳисобга олиш керак, деган фикрга келишди, чунки, ҳар бир янги нарса кўпинча фирибгарлик майдонига айланади. Қонун лойиҳаси устида ишлаш давом этмоқда.

Россиядан Тожикистонга уч нафар чақалоқ қайтарилди

Россия Федерацияси ҳудудида қаровсиз қолган 3 нафар вояга етмаган Тожикистон Республикаси фуқароси ватанига қайтарилди.

Тожикистон элчихонаси жорий йил бошидан буён Тожикистон Республикасининг 9 нафар вояга етмаган фуқароси ўз ватанига қайтарилганини маълум қилмоқда. Гўдакларни ватанга қайтариш вояга етмаган болаларни доимий яшаш мамлакатларига қайтариш тўғрисидаги Кишинёв конвенцияси талабларига мувофиқ амалга оширилган.

Тожикистон дипломатик хизматлари ва Тожикистоннинг бошқа давлат тузилмалари ваколатхоналари ҳар йили ўнлаб болаларни Россиядан ватанига қайтаради. Булар асосан Россияда меҳнат миграциясида бўлган, бироқ туғруқхонада ташлаб кетилган Тожикистон фуқаролари томонидан туғилган болалардир. Аксарият ҳолларда, булар қариндошларининг беникоҳ туғилган болага нисбатан салбий муносабатидан қўрқиб, фарзандини ташлаб кетган аёлларнинг болаларидир.

Оғир ижтимоий-иқтисодий аҳвол ёки боланинг отаси билан ажрашганлиги сабабли фарзандини ташлаб кетаётганлар ҳам бор. Тожикистон қонунлари чет эл фуқароларига Тожикистон ваколатли органлари рухсатисиз фарзанд асраб олишни тақиқлайди. Шу сабабли Тожикистон консуллиги ва бошқа идоралар вакиллари қаровсиз қолган болаларни ўз ватанларига қайтаришга ҳаракат қилмоқда.

Бир неча йил аввал Тожикистоннинг Россиядаги собиқ элчиси Абдулмажид Дўстиевнинг “ота-оналар фарзандларини ташлаб кетса ҳам, Тожикистон бирорта ҳам боласини бегона юртда қолдирмайди, давлат уларнинг ўрнини босади” деган ибораси машҳур бўлган эди. “Тожикистонда исталмаган болалар йўқ. Бу болалар оналари томонидан ташлаб кетилганига қарамай, улар мамлакатимиз фуқароларидир. Тожикистонлик болаларнинг бегона муҳитда улғайишига йўл қўйиб бўлмайди”, – дейди 2007-2014 йилларда Москвада элчи бўлиб ишлаган Дўстиев. Одатда, Россиядан қайтарилган болалар меҳрибонлик уйларига тақсимланади, кейин эса улар фарзанд кўриш истагида бўлган оилалар томонидан асраб олиниши мумкин. Агар болани қариндошлардан бири қабул қилиш истагида бўлса, уларга берилади.

Туркияда ўзбек ва қирғизлар одам савдоси қурбони бўлишди

15 июнь куни АҚШ Давлат департаменти дунёдаги одам савдоси бўйича йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжатда 188 давлатга оид маълумотлар мавжуд. 95 саҳифалик ҳисоботнинг асосий қисми одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича тавсияларга бағишланган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, 2022 йилда 27 миллион қурбондан атиги 115,3 минг кишининг шахси аниқланган. Ҳисоботда, шунингдек, Туркиянинг одам савдосига барҳам бериш бўйича стандартларга тўлиқ жавоб бермаётгани, аммо бу йўналишда сезиларли саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани қайд этилган.

Маълум қилинишича, Туркияда одам савдоси қурбонлари асосан Марказий ва Жанубий Осиё, Шарқий Европа, Озарбайжон ва Суриядан келган фуқаролардир. “2023 йилда Туркияда аниқланган 345 қурбоннинг аксарияти сурияликлар бўлиб, уларнинг ичида 57 нафар ўзбекистонликлар ва 15 нафар қирғизистонликлар бор — дейилади ҳисоботда. 2020 йилда Туркияда одам савдосининг 282 қурбони расман аниқлангани хабар қилинганди.

АҚШда тожикистонлик юк машинаси ҳайдовчиси ўлдирилди

37 ёшли тожикистонлик ҳайдовчи Илҳом Шодиев Калифорния йўлида содир бўлган отишма натижасида жиноят қурбони бўлди. Илҳом оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этди. Тергов олиб бораётган полиция содир бўлган воқеанинг иккита версиясини тақдим этди.

Биринчи тахминга кўра, Илҳом тасодифий қурбон бўлиб, уни бошқа одам билан адаштириб юборишган ва бошқа одамга аталган ўққа дучор бўлган. Иккинчи версияга кўра, Илҳом ва босқинчи ўртасида йўл бўйлаб ҳаракатланаётганда можаро келиб чиққан бўлиши мумкин.

Илҳомнинг қариндошлари унинг жасадини ватанда дафн этиш учун Тожикистонга олиб бориш истагини билдиришган. Шодиевлар оиласи моддий ёрдамга муҳтож, АҚШдаги тожиклар жамияти эса Gofundme платформаси орқали оилани қўллаб-қувватлаш учун маблағ йиғмоқда.

Полиция терговни давом эттирмоқда ва видеорегистратор тасвирлари бўлиши мумкин бўлган қотиллик гувоҳларини полицияга мурожаат қилишга чақирмоқда. Гумонланувчиларнинг шахси ҳозирча аниқланмаган. Қўшма Штатлардаги кўплаб тожик ва ўзбек муҳожирлари юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлайди ва бу қотиллик жамиятда хавотир уйғотмоқда.

Россияда мигрантларсиз яшаб кўриш таклиф қилинди

Меҳнат муҳожирлари касаба уюшмаси раиси Ренат Каримов НСН нашрига мигрантларнинг Россия саноатининг асосий тармоқларидаги аҳамиятини айтишдан чарчаганини айтади. У Россиядаги меҳнат муҳожирларининг аҳамиятини баҳолаш учун эксперимент ўтказиб, уларни вақтинча чиқариб юборишни таклиф қилган. Унинг айтишича, асосий соҳаларда муҳожирлар етишмаётгани аллақачон аниқ кўринмоқда.

Бир кун аввал, Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш кенгаши раҳбари Валерий Фадеев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг тематик сессиясида фуқароларни жалб қилиш учун оқилона квоталар жорий этиш зарурлигини айтган эди. Унинг фикрича, Россия Федерациясига хорижий ишчи кучини жалб қилишда қаттиқ танлов ўтказиш зарур. Унинг иддаосича, тил билмайдиган, Россия ҳудудида анклавлар ташкил қилиб яшовчи ишчиларни чақириш мумкин эмас экан. Каримов бу таклифдан ҳайратда қолганини билдирган.

“Инсон ҳуқуқлари кенгаши раисининг вақти-вақти билан чет эллик ишчилар аҳволини оғирлаштирувчи ташаббусларни илгари сураётгани биз учун бироз ғалати. Биз бунга ҳеч қандай эҳтиёж сезмаяпмиз. Рус тилини билиш даражаси патент берилганда текширилади. Одамлар биринчи ёки иккинчи мартада бу имтиҳондан ўтишади, иш жараёнида улар тил бўйича билимларини оширадилар. Нега бирдан Фадеевга қаттиқроқ сиёсат юргизиш ва муҳожирлар сонини камайтириш керак бўлиб қолди? Бу мен учун топишмоқ”, дейди у.

Каримов ҳукумат, демографлар ва иш берувчиларнинг нуқтаи назари бошқача эканини ҳам эслатган. “Аксинча, ҳукумат асосий тармоқларда мигрантлар етишмаслигини айтади. Демографларнинг айтишича, истиқбол унчалик ёрқин эмас, иқтисодиёт меҳнат ресурсларини талаб қилади. Иш берувчилар меҳнат муҳожирларига муҳтож. Айтиш мумкинки, Россия ишсизликнинг тарихий энг паст даражасида.

Муҳожирларнинг ўрнини боса оладиган фуқароларимиз жуда ҳам кам. Баъзида қандайдир тарихий эксперимент ўтказиш яхшироқ бўлиб туюлади, чунки ҳар томондан «муҳожирлар тўлиб кетди» деганга ўхшаш гап-сўзлар кўпайиб кетди. Агар шундай бўлса, унда келинг, мигрантларсиз яшашга ҳаракат қилиб кўринг. Балки россияликлар икки иш жойида ишлай бошлар ва мамлакатни мигрантларсиз эплаб кетар…

Ҳар доим ҳам ўзингизни оқлай ололмайсиз. Келинглар, мигрантларсиз яшайлик. Агар бу иш бермаса, яхшилаб билиб олингки, демак муҳожирлар иқтисодий жиҳатдан зарур”, деган Ренат Каримов НСН мухбирига.

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация