Мақола

382 28/08/2023

Саудияга бир миллион ишчи керак

Бугун дастуримизда:

  1. Қирғизистонлик мигрант машинасида доялик қилди:
  2. Доғистондаги портлаш оқибатида 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
  3. Мигрантларнинг кетиши паррандачилик хўжаликларига зарар бўлмоқда;
  4. Ставрополлик қария икки ўзбекистонликни 20 минг рублга «қул» қилиб сотиб олган;
  5. Ўзбекистонликлар харажатининг салкам ярми озиқ-овқатга кетади;
  6. Мексика чегараси очиқ: минглаб муҳожирлар АҚШга кирмоқда;
  7. Саудия Арабистони ҳаж мавсумида Ўзбекистондан мигрантларни жалб қилмоқчи;
  8. 1 сентябрдан қирғиз-ўзбек чегарасини ID-карта билан кесиб ўтса бўлади

Қирғизистонлик мигрант машинасида доялик қилди

3 йилдан бери Санкт-Петербургда ҳайдовчилик билан шуғулланувчи қирғизистонлик 29 ёшли Исломбек 3 август куни ўз машинасида доялик қилди.

Исломбек Қосимжон ўғли таксичилик қилишни бошлаганига атиги 2 ой бўлганди. Кулранг “Киа Рио”да 3 август куни эрталаб соат саккизларда Русановская кўчасидаги уйга етиб келади. Эшик олдида ҳомиладор аёл ва унинг эри турарди. Улар Оржоникидзе кўчаси, 47-уйда жойлашган 9-сонли туғруқхонага такси чақиришди.

Ҳайдовчининг сўзларига кўра, йўлнинг биринчи учдан бир қисми ҳотиржам ўтган, лекин улар Володарский кўпригидан ўтишганда, Ивановская ва Бабушкина чорраҳаси яқинида аёлнинг аҳволи оғирлашган. “Такси ҳайдовчиси сифатида тушунганим шуки, йўловчини олиб, “А” нуқтасидан “Б” нуқтасига олиб боргунингизгача унинг учун сиз жавобгарсиз”, – дейди Исломбек. Шунинг учун шифокорлар туғруқ пайтида аёлга профессионал ёрдам кўрсатиши учун имкон қадар тезроқ туғруқхонага боришга қарор қилган.

Мигрант-таксист йўлни бўшатишларини сўраб “аварийка”ни ёқиб тезлашади. Бошини, қўлини машинада чиқариб бошқа ҳайдовчиларга вазиятни тушунтириб бақиради. Хуллас, амаллаб тезлашганча туғруқхонага етиб боради. Фақат туғруқхонанинг асосий кириш қисмига келмагани учун яна бир оз айланишига тўғри келади. Бу вақт аёлнинг эри зудлик билан шифокорларни чақиришга машинадан тушиб кетади.

Қўриқчи билан гаплашиб, машинага қайтаётганда Ислoмбек аёл туғишни бошлаганини кўради ва ҳаяжон аралаш қўрқувдан атрофдагилардан ёрдам сўраб бақира бошлайди. Ислoмбек ўзи уйланмаган, фарзанди йўқ. Ислoмбекка фақат бир рус эркак ёрдамга келади ва улар биргаликда туғриқни муваффақиятли якунлашади.

Аёл қизлик бўлди, чақалоқни Исломбекнинг устки кийимига ўраб, аёлга беришади. Воқеа бир неча дақиқаларда содир бўлгани учун Исломбек ҳамма тафсилотларни эслаб қолмаган, лекин бу буюртмани аниқ бир умрга эслаб қолганини айтган. Ҳаммаси яхшилик билан тугади ва қизалоқнинг ота-онаси ҳамда шифокорлар Исломбекка миннатдорлик билдиришди.

Доғистондаги портлаш оқибатида 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

14 август куни Махачқалъа чеккасидаги ёқилғи қуйиш шохобчасида юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор. Бу ҳақда Доғистон Республикаси раҳбари Сергей Меликов фожиадан бир ҳафта ўтиб маълум қилди.

Доғистон раҳбари, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг оилаларига фожиадан кейин Доғистон жамғармалари томонидан 1 миллион рубл (10 минг доллардан ортиқ) миқдорида ёрдам кўрсатилишини таъкидлади. Ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг шахси айтилмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча вазиятга изоҳ бермади. 14 август куни Махачқалъадаги ёқилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган ёнғин ва портлаш оқибатида 35 киши ҳалок бўлди, 119 киши жароҳатланди, 400 дан ортиқ бино вайрон бўлди.

Портлаш кучи 35 тонна тротилга баҳоланмоқда. 15 август Доғистонда мотам куни деб эълон қилинди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Доғистон раҳбари Сергей Меликов фожиага “хасислик ва очкўзлик” сабаб бўлганини айтди.

Мигрантларнинг кетиши паррандачилик хўжаликларига зарар бўлмоқда

Рублнинг сезиларли даражада қадрсизланишидан кейин мигрантларнинг кетиши йирик агрофирмаларга салбий таъсир кўрсатувчи кадрлар етишмовчилигига олиб келди.

Россиядаги энг йирик паррандачилик фермаларидан бири, тухум ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринни эгаллаган “Синявинская”  чакана сотувчиларни етказиб беришда кечикишлар ва 25-30 фоиз буюртмалар ишчилар етишмаслиги сабабли бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирди. Кадрларнинг, асосан, мигрантларнинг оммавий равишда чиқиб кетиши туфайли корхонада ишчи кучининг 25-30 фоизи етишмайди, бу эса тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича тўлақонли сменалар яратишга тўсқинлик қилмоқда.

Улар бу ҳолатни форс-мажор ҳолати деб ҳисоблашни ва 1 августдан бошлаб етказиб бериш ёки кам етказиб бериш учун жарима қўлламасликни сўрашди. Ишчилар етишмаслиги билан боғлиқ вазият бошқа агросаноат тармоқларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Мол гўшти ишлаб чиқарувчилар миллий иттифоқи бош директори Роман Костюк, биринчи навбатда, механизаторлар ва нимталовчиларнинг етишмаслиги, шунингдек, меҳнат муҳожирларининг кетишини қайд этади. Муаммо техник ходимларга ҳам тегишли. Мигрантлар етишмаслигига қарамай, уларнинг қишлоқ хўжалигидаги улуши 10-15 фоиздан ошмайди. Мутахассислар ишчи кучи танқислигини биринчи навбатда ички миграция ва ишчиларнинг ўз ёрдамчи хўжаликларига кетиб, кузгача қайтиб келадиган мавсумий омил билан боғлашади.

Рубль курсининг пасайиши туфайли муҳожирларнинг чиқиб кетиши муаммони янада кучайтирмоқда. Қишлоқ хўжалигидаги вазият кадрлар етишмовчилиги кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Ушбу соҳада иш ўринлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга ўсган, фаол резюмелар эса атиги 2 фоизга кўпайган, бу эса ходимларнинг жиддий етишмаслигидан далолат беради. Қолаверса, бу тўлиқ бўлмаган иш вақтининг оммалашиши ва демографик муаммолар билан боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари соҳани меҳнат ва моддий-техника ресурслари билан таъминлашни диққат билан кузатиб бораётгани, қишлоқ хўжалиги саноатида гўшт ва тухум етиштиришда барқарор ўсиш кузатилаётганини таъкидламоқда.

Ставрополлик қария икки ўзбекистонликни 20 минг рублга «қул» қилиб сотиб олган

Маълум бўлишича, 2022 йил охирида Шпаков муниципал округида яшовчи 71 ёшли қария ва унинг икки шериги томорқада ишлашдан безор бўлиб, қул сотиб олишга қарор қилишган.

Улар номаълум шахслар билан Россияда ноқонуний яшаб келган икки нафар Ўзбекистон фуқароси, 31 ёшли эркак ва 27 ёшли аёлни сотиш бўйича келишиб олган. Улар 20 минг рублга сотиб олинган ва олти ой давомида ишлаб юришган.

Нафақадаги “қулдор” ва унинг дўсти ҳибсга олинган, учинчи дўсти июнь ойи охирида вафот этган. 71 ёшли бобога нисбатан “Одамни ўғирлаб кетиш билан боғлиқ бўлмаган қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш” ва “Ноқонуний миграцияни ташкил этиш” моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, у тергов изоляторида сақланмоқда.

Унинг 31 ёшли шериги уй қамоғида. Номаълум “қул савдогарлари” қидирилмоқда. “Ставрополда қуллик ҳолатлари бошқа вилоятларга қараганда кўпроқ, чунки ҳудуд асосан қишлоқ хўжалигига мослашган. Бу ерда оғир жисмоний иш жуда кўп, бунга ҳамма ҳам рози бўлмайди “, – деб тушунтиради “Альтернатива” ҳаракати координатори Алексей Никитин.

Ҳужжатларнинг йўқлиги ҳам “қул савдогарлари”нинг фойдасига ишлайди. Қулликка дайди ёки ичкиликка берилган одамлар тушади деган фикр бор. Аслида, қулликка турли тоифадаги одамлар тушиб қолади, – дейди А.Никитин. – Айниқса, мигрантларни қўрқитиш осон. Улар қочиб кетса, қамоққа тушиши ёки бошқа одамларга қул қилиб сотиб юборилиши айтилади. Совет паспортига эга бўлган бир кишини қочиб кетган тақдирда уруш зонасига жўнатиш билан қўрқитишган. 

Ўзбекистонликлар харажатининг салкам ярми озиқ-овқатга кетади

Picodi.com таҳлилчилари 105 мамлакатдаги статистик маълумотларни кўриб чиқиб,  дунёнинг турли минтақалари аҳолиси озиқ-овқатга қанча пул сарфлашини ҳисоблаб чиқишди. Маълумотлардан мамлакатга қараб, барча истеъмол харажатларининг бир неча фоизидан ярмидан кўпигача озиқ-овқатга сарфланиши маълум бўлади.

Мисол учун, уйда истеъмол қилинадиган озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликлар ўртача ҳисобда барча харажатларнинг 1/10 қисмидан кам бўлган мамлакатларга АҚШ – 6,7 фоиз, Сингапур – 8,4 фоиз, Буюк Британия – 8,7 фоиз, Ирландия – 9,2 фоиз, Швейцария – 9,9 фоиз киради. Латвия ушбу рейтингда 105 мамлакат орасида 40-ўринда: озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликлар истеъмол товарлари ва хизматлари латишлар харажатининг 19,3 фоизини ташкил қилади.

Эстония 46 (20,2 фоиз) ва Литва 48 (21 фоиз) ўринни банд этган. Россия 69-ўринда (29 фоиз), Грузия 79-ўринда (32,3 фоиз) жойлашган. Рейтингда қуйида Туркманистон (84-ўрин ва 36,9 фоиз), Молдова (41,1 фоиз), Озарбайжон (43,6 фоиз) ва Ўзбекистон (46,5 фоиз) жой олган. Ўрганилган мамлакатлар орасида озиқ-овқат харажатларининг энг юқори фоизи Нигерия (59 фоиз), Мьянма (56,6 фоиз) ва Кенияда (56,1 фоиз). Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқатга қанча пул сарфланади? Европа мамлакатлари орасида Швейцария (ойига 359$/325€), Норвегия (341$/308$/ой) ва Дания (311$/281$/ой) озиқ-овқат учун энг кўп харажат қилади, буни ушбу мамлакатлардаги нархларнинг баландлиги билан изоҳлаш мумкин.

Литванинг ўртача аҳолиси учун озиқ-овқат нархи ойига 218 €/241 долларни ташкил қилади. Эстонияда бу миқдор ойига 197 €/218 $, Латвияда эса 164 €/181 $. Россияликлар озиқ-овқат учун ойига $146/€132 сарфлашса, Грузияда бу миқдор $116/€105, Озарбайжонда $102/€92, Молдовада эса $97/€88 харажат қилишади. Озиқ-овқатга энг кам сарфланган харажатлар Туркманистонда (ойига 26 доллар/24 евро) ва Ўзбекистонда (ойига 40 доллар/36 евро) аниқланган.

Мексика чегараси очиқ: минглаб муҳожирлар АҚШга кирмоқда

АҚШнинг Аризонадаги Мексика билан чегарасида ғалати вазият юзага келди. Ушбу чегара бўйлаб 100 дан ортиқ катта эшиклар очиқ қолиб, ҳар куни юзлаб муҳожирлар мамлакатга кириб келмоқда.

Федерал амалдорлар Аризона штатидаги АҚШ чегарасининг 36 милялик қисмида йиллик муссон сув тошқини ва йўқолиб бораётган антилопа турларини сақлаш учун 114 та шлюзни очиб юборган. Минглаб муҳожирлар имкониятни қўлдан чиқаришмади.

АҚШ чегара хизмати ходимлари бошпана сўраган мигрантларни кўриб чиқмоқда. Расмийларнинг таъкидлашича, эшиклар муссон пайтида сувнинг эркин оқиши ва баъзи ҳайвон турларининг кўчиб ўтишини таъминлаш учун очилган. Бироқ, турли мамлакатлардан, ҳатто Хитойдан келган муҳожирлар ҳам бу очиқ эшиклардан бемалол ўтишлари маълум бўлди. Оқибатда бу дарвозалар орқали ҳар куни 1400 га яқин муҳожир мамлакатга кириб келади ва чегарачилар уларни тўхтатишга имкон топа олмаяпти.

Кўпчилик муҳожирларнинг айтишларича, очиқ дарвозадан ўтаётганда ҳеч ким уларни тўхтатмайди. Контрабандачилар ҳам бу ҳолатдан фойдаланиб, муҳожирларни автобусда мана шу дарвозаларгача олиб боришни ташкил қилиб, оддий сайёҳлардек ташлаб кетишмоқда. Бу ҳолат натижасида АҚШнинг Аризона билан чегарасида катта мигрантлар оқими кузатилмоқда.

Биргина ўтган ойнинг ўзида ушбу дарвоза орқали 42 мингдан ортиқ фуқаро чегарани ноқонуний кесиб ўтган. Ҳодиса расмийларнинг хавотирига сабаб бўлди, чунки миграциянинг бундай катта тўлқини чегара қўриқчилари учун муаммолар келтириб чиқаради ва мамлакат хавфсизлигига оид саволлар туғдиради.

Ҳозирча Аризона чегарасидаги очиқ дарвоза ҳолати ушбу ноқонуний чегарани кесиб ўтишни мамлакатдаги энг гавжум ўтиш жойларидан бирига айлантирди.

Саудия Арабистони ҳаж мавсумида Ўзбекистондан мигрантларни жалб қилмоқчи

Саудия томони бир миллионгача ўзбекистонлик ишчиларни таклиф қилишга ва уларни қироллик иқтисодиётининг турли соҳаларида ишга жойлаштиришга тайёр.

Саудия Арабистони иш берувчилари Ҳаж мавсумида, яъни мамлакатга кўплаб зиёратчилар келган пайтда Ўзбекистондан ишчи кучи олиб келишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизматига таяниб, NEWSHUB ахборот портали хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, бир йил аввал, 2022 йил август ойида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида Жидда шаҳрида фуқароларни иш билан таъминлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳукуматлараро битим имзоланган. Бундан ташқари, саудиялик иш берувчилар 2020 ва 2021 йилларда 500 нафар ўзбекистонлик ҳайдовчи ва 1000 нафар қассобни Ҳаж зиёрати пайтида жалб этишга қизиқиш билдирган.

Вазир Беҳзод Мусаев Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф бин Солиҳ ал-Гаҳро ал-Утайбий билан келишувнинг бажарилишини муҳокама қилиб, у билан саудиялик иш берувчилар ва уларнинг иш билан таъминлаш борасидаги имкониятлари бўйича келишув талабларини ўрганувчи техник қўмита тузишга келишиб олди.

Учрашувда Саудия Арабистонининг рекрутинг компаниялари вакиллари ва иш берувчиларнинг Ўзбекистонга ўқув ташрифини ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳам муҳокама қилинди. Саудия Арабистони сармоя вазири Холид ал-Фолиҳнинг айтишича, Ар-Риёд бир миллионгача ўзбекистонлик ишчиларни таклиф қилишга ва уларни қироллик иқтисодиётининг турли соҳаларида ишга жойлаштиришга тайёр.

1 сентябрдан қирғиз-ўзбек чегарасини ID-карта билан кесиб ўтса бўлади

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати 1 сентябрдан Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари икки давлат чегарасидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан ўтишлари мумкин бўлишини маълум қилди.

2023 йил 27 январда Бишкек шаҳрида имзоланган Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида битимга 2006 йил 3 октябрда ўзгартиришлар киритилган эди.

Баённомага кўра, 1 сентябрдан бошлаб Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ID-карталаридан икки давлат ҳудудига кириш, чиқиш, ҳаракатланиш ва бўлиб туриш учун бошқа йўл ҳужжатлари билан бир қаторда фойдаланишлари мумкин.

Ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубоев жорий йилнинг тўрт ойида Қирғизистонга Ўзбекистондан 1 миллион 618 минг киши, Қирғизистондан эса қўшни давлатга 1 миллион 574 минг 732 киши чиққанини маълум қилганди.

Икки давлат ўртасидаги визасиз режимнинг амал қилиш муддати 60 кунни ташкил этади ва келаётган фуқаро 5 кун ичида рўйхатдан ўтиши керак.

Икки давлат чегарасида 15 та назорат пункти мавжуд. Уларнинг аксарияти 2005 йилда Қирғизистондаги сиёсий воқеалар туфайли ёпилган эди. Расмий равишда, 2016 йилда Бишкек ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар яхшилана бошлагач, назорат-ўтказиш пунктлари қайта ишлай бошлади.

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Мигрантлар дунёси ва дунё миграциясига оид янгиликларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кузатиб боринг! Ҳаётингизда фақат яхши янгиликлар содир бўлсин!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация