Мақола

499 31/05/2023

ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР УЧУН АМНИСТИЯ

Ассалому алайкум, сизлар билан яна Migrantnews дайжести ва мен, Ботиржон Шермуҳаммад. Доимгидай ҳафта давомида содир бўлган мигрантлар учун муҳим хабарларни оддий тилда ва қисқа шаклда айтиб беришга ҳаракат қиламан.

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  1. Ўзбекистон фуқаролари учун баъзи бир тоифадаги запретлар бекор қилинди
  2. Ўзбекистонлик йигит Украинадаги урушда ҳалок бўлди
  3. Саккиз йил ичида патентлар Москвага қанча фойда келтираги айтилди
  4. Wildberries Ўзбекистондан тўғридан-тўғри савдони йўлга қўйди
  5. Россия полицияси 100 дан ортиқ тожикистонлик талабаларни калтаклади

Ўзбекистон фуқаролари учун баъзи бир тоифадаги запретлар бекор қилинди

      Migrant каналининг Россия ИВВ Миграция бўлимидаги манбасининг хабар беришича, Ўзбекистон фуқаролари учун баъзи бир тоифадаги запретлар бўйича норасмий амнистия эълон қилинган.

ИИВ базасидан текширилганда қуйидаги моддалар бўйича қўйилган 3, 5 ва 10 йиллик запретлар 24.05.2023 санасидан бошлаб очилганини кўрсатмоқда:

👉 пп. 4, ст. 26 114-ФЗ (уч йил ичида 2 ва ундан ортиқ маъмурий жавобгарликка тортилганлар, жарима олган ҳайдовчи акалар);

👉 пп. 8, ст. 26 114-ФЗ (30 кундан ортиқ регистрациясиз юрганлар);

👉 пп. 13, ч.1, ст. 27 114-ФЗ (180 кундан ортиқ регистрациясиз юрганлар);

👉 пп. 14, ч.1, ст. 27 114-ФЗ (270 кундан ортиқ регистрациясиз юрганлар).

🤷‍♂️ 90/180 қоидасини бузганлиги учун пп. 12, ч.1, ст.27 114-ФЗ бўйича қўйилган запретлар бўйича аниқ маълумот йўқ. Очилган бўлиши керак, текширилмоқда.

❗️ Амнистия кимларга қўлланмаган:

  • Суд орқали выдворение ёки депорт қилинганларга;
  • Бир йил ичида жамоат ҳавфсизлиги ва регистрация билан боғлиқ икки ва ундан ортиқ маъмурий жазога тортилганларга;
  • Жарима ёки солиқдан қарзи борларга;
  • Хавфли юқумли касаллиги борларга;
  • Жиноий иш бўйича судланиб, айбдор деб топилганларга.

📌 Суд орқали выдворение ёки депорт қилинганлар запрети очилгани йўқ, адаштирманглар!

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил августида ҳам Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўйилган Россияга киришга тақиқлар ҳудди шундай тартибда Россия ИИВ базаларидан ўчириб ташланган эди. Аввалига бу хабар расмий эълон қилинмаган бўлса ҳам, кейинчалик Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан тасдиқланган эди.

🔹Агар сизда юқорида кўрсатилган моддалар бўйича запретингиз бўлса, очилдими-йўқми билиш учун текширтириб олинг!

Ўзбекистонлик йигит Украинадаги урушда ҳалок бўлди

23 ёшли наманганлик Ш. Тожибоев Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашаётган вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, йигит Россияга ишлаш учун бориб, кафе очган, машина олишга муваффақ бўлган. Россия-Украина чегарасига одам олиб кетаётганда машинасидан героин билан қўлга тушган. Шундан сўнг, Ш.Тожибоев Россияда қамалган. У Россия қамоқхонасидан мажбурлаб Украинадаги урушга сафарбар қилинган. У ерда ҳалок бўлиб, жасади Ўзбекистонга юборилган.

Марҳумнинг онаси уни армияда хизмат қилмагани, қурол ушлашни билмаслигини айтган.

«Мен ҳеч қандай хизмат қилмайман, одам ўлдирмайман, онажоним, мен бормайман, десам ҳам мажбурлашди», деб ўғлининг сўзларини келтирди она.

«Ҳеч кимга бу кунни раво кўрмайман. Фарзандларингизни эҳтиёт қилинглар, ишлагани кетяпти деманглар, туҳмат қилишаркан», деб мурожаат қилди у бошқа ота-оналарга қарата. Аёл ўғлининг жасади Ўзбекистонга келтирилганини тасдиқлади.

Украинада уруш бошлангач Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси қамоқхоналардан жангчи ёллашни бошлагани ҳақида кўплаб хабарлар тарқалган эди. Улар маҳкумларга 6 ой уруш зонасида «хизмат» қилганидан кейин афв қилинишини ва озодликка чиқишини ваъда қилишган. Ёлланганлар орасида нафақат россияликлар, балки хорижликлар ҳам борлиги айтилган эди.

Ўтаётган ҳафтада эса Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги бюджет ташкилотлари орқали ёлланма аскарларни қидираётгани хабари чиқди.

Москванинг «Жилишник» давлат бюджет муассасаси томонидан турар-жой биноларини таъмирлаш билан шуғулланадиган «Қоровуллар»га 170 минг рублдан 240 минг рублгача маош, жанговар ҳаракатлар фахрийси мақоми, имтиёзлар, болалар учун тўловлар ва «икки йил давомида асосий иш жойини сақлаб қолиш» ваъда қилинган.

Бундай бўш иш ўринлари, хусусан, Кузьминки ва Рязан туманларининг “Жилишники” муассасалари томонидан ҳам берилган.

Шу билан бирга, иш тажрибаси талаб қилинмайди, аммо 2 ой мобайнида тайёргарликдан ўтиш кераклиги кўрсатилган. Кузминьки туманидаги «Жилишник» муассасаси бўш ўрин «Россия Мудофаа вазирлиги» билан боғлиқлигини кўрсатган.

ВВC рус хизмати мухбири эълонларда кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилганда жавоб берган шахс «гап ҳарбий хизмат учун шартнома тузиш ҳақида, бу махсус операция зонасидаги иш», деб тушунтирган. «Шартнома Мудофаа вазирлиги билан бўлади, фақат Москва шаҳридан қўшимча тўлов эвазига сизни ”Жилишник» давлат бюджет муассасаси ишга олади. Сиз гўёки шу ташкилотдан боргандек бўласиз”, деган жавоб берувчи.

ВВC рус хизмати манбаси нега бўш ўринга қоровуллик кўрсатилганини сўраганда: «Чунки бундай бўш иш ўринларини Мудофаа вазирлигига алоқадор бўлмаган ташкилот эълон қила олмайди», деб жавоб берилган. 19 май куни эрталаб ушбу хабардаги бўш иш ўринлари йўқ қилинган.

Муносабат:

Афсуски, бу йигит Украинадан ўлиги келган ягона ватандошимиз эмас. Бошқа ҳолатлар ҳам бор. Фақат бу ҳақда биринчи марта давлат ташкилоти томонидан хабар бериляпти. Хабарга эътибор мигратларни огоҳлантириш эсдан чиқмаган. Ўзбекистонда четда урушда қатнашганлик учун жиноий жавобгарлик борлигини эшитмаган муҳожиримиз қолмади, шекилли. Энди Россия томонини ҳам огоҳлантирайлик, барака топгурлар. Ҳеч бўлмаса бир марта бизнинг фуқароларимизни урушга жалб қилма дейлик уларга. Қачонгача бизнинг фарзандларимизнинг ўлиги, ўлигининг ярми шунақа тобутларда келади?

Саккиз йил ичида патентлар Москвага қанча фойда келтираги айтилди

Саккиз йил ичида Москвада 4 миллионга яқин меҳнат патенти берилган.

“Саккиз йил давомида Москвада 3,9 миллион меҳнат патенти берилган, хорижликлардан олинадиган шахсий даромад солиғидан шаҳар бюджетига тушум 152 миллиард рублдан ошди”, — деб таъкидлаган Москва ҳукуматининг иқтисодий сиёсат, мулк ва ер муносабатлари департаменти бошлиғининг ўринбосари Мария Василевская 11-Петербург халқаро юридик форумида. Унинг сўзларига кўра, ўтган йиллар давомида, 2020 йилги пандемия йилидан ташқари, даромадлар ҳар йили ўсган. Россияга визасиз кириб келаётган Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Молдова каби давлатлар фуқаролари учун Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патентлар 2015 йилда жорий қилинган. Москвада патент ва барча керакли ҳужжатларни бир нуқтада бериш ва янгилаш учун қулай механизм, Кўп тармоқли миграция маркази (ММЦ) ташкил этилган.

Хорижий фуқароларга ариза топширишдан тортиб, тиббий кўрикдан ўтиш ва рус тилини билиш учун имтиҳон топширишгача «бир дарча» режимида тўлиқ хизматлар кўрсатилади. 2015 йилнинг январь ойидан бошлаб мигрантлар учун патент нархи 1200 рублдан 4 минг рублгача оширилган эди.

2016 йилдан бошлаб нарх 5% га оширилди ва 4200 рублни ташкил қилди. 2017 йилда –  4200, 2018 йилда – 4500, 2019 йилда – 5000, 2020 йилда эса чет элликлар учун Москвада ишлаш ҳуқуқи учун тўлов миқдори 5350 рублни ташкил қилганди. Москва Иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти 2019 йилда мигрант патентларидан шахсий даромад солиғи кўринишидаги бюджет даромадлари 18 млрд. рублни ташкил этганини ёзган. Йил охирида 427 минг киши патент олган.

Кейинги йилларда ҳам патент нархи ошишда давом этди: 2021 йилда Россия пойтахтида меҳнат қилиш учун 5340 рубль тўланган бўлса, 2022 йилда 5900 рублгача оширилган. Москва шаҳар думаси томонидан қабул қилинган тузатишларга кўра, 2023 йилдан бошлаб меҳнат патентининг нархи ойига 6600 рублгача оширилган.

Wildberries Ўзбекистондан тўғридан-тўғри савдони йўлга қўйди

Россиянинг Wildberries онлайн платформаси жамоаси Ўзбекистонда биринчи логистика маркази очилгани ҳақида эълон қилди, бу эса тадбиркорлар ва маҳаллий бизнес вакилларига тўғридан-тўғри савдоларни йўлга қўйиш имконини беради.

Тошкент вилоятидаги логистика марказининг майдони 1122 квадрат метрни ташкил этади.

Эндиликда ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз товарларини ”Маркетплейс” моделидан фойдаланган ҳолда онлайн платформада сотишлари мумкин. Улар реал вақт режимида буюртмалар ҳақида маълумот олишлари ва товарларни саралаш марказига етказиб беришлари мумкин бўлади. Логистика маркази, шунингдек, мамлакатга кирувчи буюртмаларни саралайди ва кейин уларни қабул қилиш пунктларига олиб боради.

“Янги Wildberries марказининг очилиши ўзбек бизнеси вакилларига онлайн сегментга кириш, ўз логистика харажатларини камайтириш ва бозорда ўз маҳсулотлари турларини кенгайтириш имконини беради” дейилади Wildberries матбуот хизмати хабарида.

Россия полицияси 100 дан ортиқ тожикистонлик талабаларни калтаклади

 Россиянинг Комсомолск-на-Амур шаҳридаги Техника университетида таҳсил олаётган тожикистонлик бир гуруҳ талабалар Хабаровск ўлкасидан келган ОМОН ходимлари томонидан қаттиқ калтакланганини маълум қилишган. Талабаларнинг сўзларига кўра, воқеа 19 май куни эрта тонгда университет ётоқхонасида, улар дарсга кетмоқчи бўлган вақтда содир бўлган.

Талабалардан бири ОМОН ФСБ ходимлари билан бирга ётоқхонага келиб, аввалига видеокузатув камераларини ўчириб қўйганини айтган, кейин эса ноқонуний ҳеч нарса қилмаган талабалар калтаклана бошланган. Ходимлар ниқоб кийиб, тўппонча ва электрошокерлар билан қуролланган бўлган, қўлларида кастетга ўхшаш махсус қўлқоплар бўлган. Нима учун калтакланганини сўраган кишилар қўшимча зарбалар олган. Бу ётоқхонада бошқа миллат талабалари ҳам бўлса-да, лекин фақат Тожикистон фуқаролари калтакланган. Кейин ҳаммани ётоқхона коридорига қатор тизиб, ҳужжатларни текшира бошлашган. Унинг қўшимча қилишича, ОМОНчилар барчанинг ҳужжатлари ва телефонларини тортиб олган ва олти нафар тожикистонлик талабани ўзлари билан олиб кетиб, сўроқ қилингандан кейин қўйиб юборишган.

Калтаклар натижасида 15 нафарга яқин талаба оғир тан жароҳати олган, уларнинг баъзилари жарроҳлик амалиётига муҳтож. Илгари ётоқхона ва университетда ваколатли идоралар ҳужжатларни текширишни йўлга қўйилган бўлган, бироқ тожикистонлик талабаларга нисбатан бундай зўравонлик биринчи марта содир бўлган.

Жабрланувчилар бундай ножўя муносабат сабабларини билиш мақсадида ётоқхона маъмуриятига, қолаверса, университетнинг ўзига мурожаат қилганларида, улар жавобан елка қисиб, ҳеч нарса қила олмасликларини айтишган. 20 май куни талабалар Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраган.

Хабаровск ўлкасидаги талабаларнинг шикояти ўтган ҳафта давомида Россиянинг турли бурчакларидан тожик муҳожирларига қарши рейдлар ва зўравонликларга оид ўнлаб видеолавҳалар пайдо бўлиши фонида юзага келган.

Ўтган ҳафта Москва вилоятининг Котелники шаҳрида бир гуруҳ аҳолининг Россия президенти Владимир Путинга мурожаати ортидан муҳожирларга қарши норозилик кучайган. Улар ўз яшаш жойлари “Тожикистон анклавига” айлангани ва аҳолининг 80 фоизи муҳожирлар эканини даъво қилган. «Биз ҳатто ташқарига чиқишдан ҳам қўрқамиз ва ўзимизни хавфсиз ҳис қилмаймиз», дейилади петицияда.

24 май куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига Россия элчиси таклиф қилинган ва унга Тожикистон фуқароларининг Россия ҳудудида ҳар хил сабаблар билан оммавий тарзда қўлга олинаётгани бўйича тодик томонинг ҳавотири етказилган.

Учрашувда талабалар билан боғлиқ ҳолат алоҳида муҳокама қилинган. Мавжуд ва пайдо бўлаётган миграция муаммоларига биргаликда жавоб бериш зарурлиги, шунингдек, миграция масалалари бўйича мумкин бўлган қўшма чораларни ишлаб чиқишда келишилган ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилган.

“Ушбу университетда таҳсил олаётган юздан ортиқ тожикистонлик талабалар Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан сўроқ ва шақатсиз муносабатда бўлинган. Бундай ҳодисалар Тожикистон-Россия стратегик шериклиги ва Иттифоқи руҳига тўғри келмайди ва томонларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларига зарар етказиши мумкин”, дейилади Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Муносабат:

Қойил, шунчаки қойил. Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари бу борада доимий тарзда мастер-класс ўтиб беришади. Мигрантлар масаласида Россия томонига бир неча марта ноталар юборганини кўрганмиз. Ўзбекистон ҳукумати эса фақат ўзимизни огоҳлантириш билан чекланади. Ҳурматли жаноблар, сизлар бирор марта ёрилинглар, одамлар ўлиб кетяпти ахир. 

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация