Мақола

1 055 30/10/2023

Депортация бўлганлар қочиб кетди

Бугун дастуримизда:

  1. Алишер Қодиров рус депутати Делягинга жавоб қайтарди.
  2. Москвада ўзбекистонлик аёл икки боласини сотиб юборган.
  3. Марказий осиёликлар энди Россия банкларининг карталарини масофадан очиши мумкин
  4. Кубанда уч муҳожир қочоқ қидирилмоқда: уларнинг икки нафари ўзбек
  5. Ўзбекистонлик мигрант хорижда қандай қилиб молиявий компенсация олиши мумкин?
  6. Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси фуқаролик олиш учун аризалар қабул қилишни тўхтатди
  7. Москва шаҳрида ноябрь ойида “РВП” олиш учун квотага ариза топшириш кунлари эълон қилинди
  8. Патриарх муҳожирлар оқими туфайли Россия ўзлигини йўқотишидан қўрқмоқда. Муфтий бошқача фикрда.
  9. Уруш тарғиботидан мақсад нима? Империализм сиёсатими?

Ўзбекистон Президенти администрациясининг Ёшлар сиёсати департаменти раҳбари Қаҳрамон Қуранбоев Россия федерациясида бўлиб, у ерда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбек муҳожирлари билан суҳбатлашиб, уларнинг шароитлари билан танишган эди.

Ташриф доирасида Қуранбоев Россия Давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашган ва мулоқотда ўзбек диаспораси вакиллари ҳисобидан Ўзбекистондан келган меҳнат мигрантлари болалари учун хусусий болалар боғчалари ва мактаблар очишга кўмаклашишни сўраганди.

“Говорит Москва” радиостанциясига интервью берган Давлат думаси депутати Михаил Делягин бу ташаббусни “ноқонуний” деб атади.

Фақат мигрант болалар учун мактаблар очиш Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан камситиш, дея болалар боғчалари ва мактабларни Ўзбекистонда қуриши кераклигини таъкидлайди.

Шунингдек, бу ташаббусни “Россияни емириш ва йўқ қилиш учун аввал бегона, кейин душман анклавларни яратишга қаратилган онгли сиёсат” деб атади.

Бунга жавобан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров муносабат билдирар экан, “Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягинча бўлса, Ўзбекистонда рус тилига муносабат мутаносиб бўлиши керак. Россия мактабларида ўзбек тилини ўргатиш рус миллатини камситиш ҳисобланади-ю, Ўзбекистон мактабларида рус тилида таълим берилаётгани ўзбекларни камситиш ҳисобланмайдими?”, — деб ёзади Қодиров.

Россия Тергов қўмитаси рус пасспортини олган муҳожирлар учун ҳавотирли таклифни билдирди

Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин муҳожирлар, яъни рус пасспортини олганлар,  Украинадаги урушда қатнашишдан бош тортса, уларни Россия фуқаролигидан маҳрум қилишни таклиф қилди.

Бу ҳақда у Россия ҳарбий етакчилари клубининг ҳарбий-илмий конференциясида гапирган.

“Махсус ҳарбий операция давом этаётган бир пайтда, менимча, уларни махсус ҳарбий операцияни ўтказишга жалб қилиш керак. Агар сиз Россия Федерацияси фуқароси сифатида ҳарбий бурчингизни бажаришга тайёр бўлмасангиз, бундай шахсни фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилишингиз керак”, — деди Бастрикин.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрь ойида Россия президенти Владимир Путин Россия қуролли кучларида ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузган хорижликларга соддалаштирилган фуқароликни бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Эндиликда соддалаштирилган тартибда фуқароликни олиш учун чет эл фуқароси камида бир йил муддатга шартнома тузиши ва камида олти ой давомида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши керак.

Москвада ўзбекистонлик аёл икки боласини сотиб юборган

Хавфсизлик кучлари москвалик 48 ёшли кўп болали она Юлия Логинова айбланувчига айланган шов-шувли иш юзасидан баёнот берди. Терговчилар унинг 2018 ва 2019 йилларда ўғил ва қиз туққанига шубҳа қилишган.

Тергов маълумотларига кўра, Логинова ўзининг “қизи” ва “ўғли”ни Ўзбекистон фуқароси Фариза Ускановадан сотиб олган ҳамда суррогат онадан туғилган, деб ўз номига сохта ҳужжатлар билан расмийлаштирган. Генетик текширув Логинованинг бу болалар билан қариндошлик алоқаси йўқлигини кўрсатди.

Терговчиларнинг фикрига кўра, 15 нафар фарзанд тарбиялаётган Юлия Логинова имтиёз ва хайрият ташкилотларидан ёрдам олиб туради, қолаверса, ҳар бир болага давлат нафақа беради, ногирон бола учун бу ойига 30 минг рублдан ошади.

2011 йилда матбуот Логиновани “энг бахтли она” деб атаган эди. Ўша пайтда москваликнинг олти фарзанди бўлиб у: “қанчалик кўп болалар бўлса, уларни тарбиялаш осонроқ бўлади”, деб айтган эди.

2018 ва 2019 йилларда Логиновлар оиласи яна кўпайди: ўғил ва қиз фарзанд туғилди. Логинова янги туғилган чақалоқларнинг туққан онаси сифатида рўйхатга олинган.

Бироқ Тергов қўмитасининг хабарига кўра, ундан олдинроқ Логинова операция қилиниб, жисмонан ҳомиладор бўлишининг имкони йўқ эди.

Бу болаларнинг туғилиш тарихини ҳам “Следком” ўрганиб чиқмоқда.

Марказий осиёликлар энди Россия банкларининг карталарини масофадан очиши мумкин

Россия ҳукумати молия институтлари ўз фуқаролари ва хорижликларга Россия банкларининг карталари ва улардаги ҳисоб рақамларини масофадан очиш ҳуқуқига эга бўлган давлатлар рўйхатини тасдиқлади. Рўйхатга 25 та давлат қаторида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон киритилди, деб ёзади “РБК” Россия Вазирлар Маҳкамаси қарорига таяниб.

Нашрнинг аниқлик киритишича, шу йилнинг июнь ойида Давлат Думаси қонун ҳужжатларига Россия банкларига чет элликлар ва Россия Федерациясининг норезидент компаниялари учун масофавий форматда ҳисоб рақамларини очиш, шунингдек, карталарни рўйхатдан ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритди. Ушбу хизматни тақдим этиш учун молия институти чет эллик ҳамкор билан шартнома тузиб, мижоз ўз мамлакатида идентификациядан сўнг, Россияда электрон ҳисоб эгаси бўлиши мумкин ва Россия Федерациясига келганида банк картасини олиши мумкин.

Янгиликнинг долзарблиги шундаки, Visa ва MasterCard тизимлари ўтган йили Россияни тарк этганидан сўнг Россия Федерациясида чиқарилган карталар чет элда ишлашни ва хорижий банклар томонидан чиқарилган карталар Россия ҳудудида ишлашни тўхтатганидан сўнг пайдо бўлган муаммолар бўлди. Шу сабабли, Россия ҳукумати чет эллик сайёҳлар ва ишбилармонлар маҳаллий молиявий инфратузилмадан узилиб қолгани ва улар товар ва хизматлар учун тўлай олмагани айтади.

Кубанда уч муҳожир қочоқ қидирилмоқда: уларнинг икки нафари ўзбек

18 октябр, чоршанба куни, соат 04.40 да уч киши – Сурия фуқароси 29 ёшли Бадар Умар Мустафо ҳамда икки нафар ўзбекистонлик – 27 ёшли Отахонов Шаҳзод Ҳусан ўғли ва 30 ёшли Бўстонов Жасурбек Рўзибой ўғли Россия ИИВнинг Гулкевичи туманидаги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан қочиб кетган.

Мигрантлар Россия Федерациясидан депортация қилиниши мумкин. Россия Федерациясининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 13.10-моддасига биноан, Россия Федерациясида ноқонуний бўлиш Россия Федерациясидан маъмурий чиқариб юбориш ёки чиқариб юборилмаган ҳолда 2 дан 5 минг рублгача маъмурий жарима билан жазоланади.

Агар муҳожирлар вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан қочиб кетса, улар Россия Федерациясидан маъмурий депортация қилиш билан 5 дан 10 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин.

Ўзбекистонлик мигрант хорижда қандай қилиб молиявий компенсация олиши мумкин?

Хорижда қонуний ишлаётган ҳар бир ўзбекистонлик меҳнат муҳожири молиявий тўлов, ётоқхонада вақтинчалик турар жой ва бошқаларни олиши мумкин.

Ўзбекистонлик мигрантлар қуйидаги турдаги ёрдамларни олишлари мумкин:

2 БРВ (660 минг сўм) миқдорида бир марталик молиявий тўлов;

вақтинчалик ётоқхоналарда жойлаштириш;

меҳнат қобилиятини ёки соғлиғини йўқотган тақдирда Ўзбекистонга қайтарилиш;

вафот этган фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш;

1,5 минг долларгача бўлган тиббий харажатларни қоплаш (сурункали касалликлардан ташқари).

Молиявий тўловлар ёки бошқа ёрдам олиш учун Ўзбекистон фуқаролари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки унинг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилишлари керак. Умуман олганда, агентликнинг 19 та давлатда ваколатхоналари мавжуд, улардан 16 таси Россия Федерациясида.

Шу билан бирга, меҳнат шартномаси, меҳнат визаси ёки меҳнат патенти билан хорижда ишлаётган мигрантлар ёрдам олишлари мумкин.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси фуқаролик олиш учун аризалар қабул қилишни тўхтатди

Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Россия фуқаролигига оид аризаларни қабул қилишни вақтинча тўхтатгани ҳақида ўз телеграм каналида хабар берди.

Бунга Россия Федерациясининг фуқаролиги тўғрисидаги янги Федерал қонуннинг кучга кириши сабаб қилиб кўрсатилган. “Фуқаролик масалалари бўйича аризаларни қабул қилиш иш тартибини белгиловчи фуқаролик масалаларини кўриш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилингунга қадар тўхтатилди”, — дейилади хабарда.

Россия паспортининг мавжудлиги ёки йўқлигини текшириш учун сўровлар бундан мустасно. Элчихона барча зарур тартиб-қоидалар тасдиқлангач, фуқаролик масалалари бўйича нормал иш қайта тиклангани ҳақида қўшимча маълумот беришини қўшимча қилган.

Москва шаҳрида ноябрь ойида “РВП” олиш учун квотага ариза топшириш кунлари эълон қилинди

Аризалар 2023 йилнинг 1,2,3 ва 7 ноябрь кунлари қабул қилинади.

Маълумот учун, “РВП” (вақтинчалик яшаш учун рухсатнома) бу – чет эл фуқаросининг паспортига қўйиладиган муҳр. “РВП” қайси регион учун мўлжалланса, мигрантга шу ҳудудда вақтинча яшаш ва патентсиз ишлаш ҳуқуқи берилади.

Аризалар “Сахарово” кўп тармоқли миграция марказида душанбадан пайшанбагача соат 09:00 дан 17:00 гача, жума куни эса 09:00 дан 16:00 гача қабул қилинади.

Ариза топшириш жараёни жонли навбат билан амалга оширилади, яъни олдиндан навбатга ёзилиш имкони йўқ. Ариза топширувчи кўп тармоқли миграция марказига келиб, талон олиши ва “Сбербанк” ёки почта бўлимида бўлгани сингари ўз навбатини кутиши зарур. Берилган талон бўйича навбати келмаса, у кейинги кунга ўтмайди.

Квотага ариза топшираётган чет эллик шахслардан аризадан ташқари фуқаролик паспортининг нотариал таржимаси, ундаги прописка ва фуқаролиги кўрсатилган саҳифаларнинг нусхаси, миграция картаси, 3,5х4,5 ҳажмидаги фотосурат талаб қилинади.

“РВП” квотаси учун аризаларни топшириш тартибини «Помощь мигрантам» телеграм боти орқали билиб олишингиз мумкин.

Патриарх муҳожирлар оқими туфайли Россия ўзлигини йўқотишидан қўрқмоқда. Муфтий бошқача фикрда

Москва ва Бутун Россия Патриархи Кирилл МПГУ талабалари билан учрашувда, агар хориждан жалб қилинган меҳнат муҳожирларининг маданияти ҳукмронлик қила бошласа, Россия ўзининг маданий ўзига хослигини йўқотиши мумкин, деб иддао қилди.

“Бундай одамлар бизга на эътиқоди, на маданияти билан яқинлашмайди. Уларнинг ўз эътиқоди ва ўз маданияти бор. Ўқимишли, ақлли рус одами бошқа халқнинг эътиқодини ҳам, маданиятини ҳам ҳурмат қилиши керак. Лекин агар бошқа эътиқод, бошқа маданият шунчалик тарқалиб кетсаки, қайсидир вақтда тенглашса ёки худо сақласин, кўпайиб кетса, биз ватанни йўқотамиз, биз ўзлигимизни йўқотамиз”.

Шу билан бирга, Патриарх Кирилл мусулмонларга қарши ҳеч хусумати  йўқлигини таъкидлаб, ўзи ҳам Рус православ черкови ва ислом жамияти ўртасидаги муносабатларга анчадан бери аралашиб келганини эслатган. У, гап биринчи навбатда, Россияга ишлаш учун келган, рус тилини билмайдиган, Россия ва унинг халқини ҳурмат қилмайдиган меҳнат муҳожирлари ҳақида кетаётганини тушунтирди.

“Гап мамлакатимиз ва давлатимиз табиатини тубдан ўзгартириши мумкин бўлган демографик жараёнлар ҳақида бормоқда. Шунинг учун биз бу муаммони қандай ҳал қилиш ҳақида жуда пухта ўйлашимиз керак”.

Бироқ Москва муфтийси Илдар Aляутдинов патриархнинг гапларига раддия бериб таъкидлашича, ўзликни йўқотиш Россияга мусулмонларнинг келаётгани учун эмас, балки ватанпарварлик сусайиб, халқнинг ўз урф-одатларига беписанд бўлган тақдирда таҳдид солади.

Aляутдинов муҳожирларнинг ўзига хос миллий ва диний хусусиятлари борлигини ва “бу мутлақо табиий” эканлигини эслатган. “Инсондан йиллар давомида шаклланган нарсани олиб ташлаб бўлмайди. Бу нотўғри ва ножоиз, чунки улар ўз маданиятининг посбонлари”, — деди муфтий. Унинг қўшимча қилишича, Россия жамиятига “миллий ва диний тамойилларни сақлаб қолган ҳолда” интеграция қилиш муҳим.

ХАЙРЛАШУВ: Бизда ҳозирча шулар! Мигрантлар дунёси ва дунё миграциясига оид янгиликларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кузатиб боринг! Ҳаётингизда фақат яхши янгиликлар содир бўлсин!

Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация