Мақола

523 01/05/2023

ID РАҚАМСИЗ ТАКСИ ҲАЙДОЛМАЙСИЗ

Шундай қилиб бугунги эфирда:

  1. Рақамли ID расмийлаштирмаган такси ҳайдовчилари Москва шаҳри ва Москва вилоятида буюртма ололмайди;
  2. Россияда миграция соҳасида ягона мониторинг тизими ишга туширилади;
  3. Санкт-Петербургда иш берувчилар мигрантларни қизамиққа қарши эмлаш билан таъминлашлари мажбурий бўлди;
  4. “КамАЗ” ўзбекистонликларни Россияда ишлаш учун ўқитишни режалаштирмоқда;
  5. Меҳнат мигрантлари ва россияликларнинг маошлари тенглашгани айтилди
  6. Россия олий ўқув юртлари 2024 йилда хорижлик талабалар учун 30 минг бюджет ўрни ажратади
  7. Москва шаҳрида май ойида “РВП” олиш учун квотага ариза топшириш кунлари эълон қилинди.

Рақамли ID расмийлаштирмаган такси ҳайдовчилари Москва шаҳри ва Москва вилоятида буюртма ололмайди

“Такси иши таҳлили (Аналитика работы такси)” интеграциялашган ахборот тизими Москва ва Москва вилоятида 2021 йил август ойида иш бошлаган. Мазкур тизим транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳаддан ортиқ ишламаслиги, тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши ва бошқа кўп нарсаларни назорат қилади. Шунингдек, барча керакли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш ва жарималарни тўлаш текшириб борилади.

Бугунга келиб Москва ва Москва вилоятида 300 мингдан ортиқ ҳайдовчи таксиларни кузатиш тизимида рақамли ID олди, дея хабар бермоқда Москва транспорт департаменти.

Уларнинг деярли 71 фоизи Россия фуқаролари экани хабар қилинган. “Такси ҳайдовчиларининг 29 фоизи хорижликлар бўлиб, уларнинг асосий қисми Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир”, — дейилади транспорт департаменти матбуот хизмати хабарида.

Энди ушбу тизимга уланиб, рақамли ID расмийлаштирмаган такси ҳайдовчилари Москва шаҳри ва Москва вилоятида буюртма ололмайди. 

Россияда миграция соҳасида ягона мониторинг тизими ишга туширилади

Россия ҳукумати 2023 йилда миграция соҳасидаги ахборотни мониторинг қилиш ва қайд этишнинг ягона тизимини ишга тушириш бўйича эксперимент ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги материалларида айтилади.

Шунингдек, хорижий фуқаролар учун хизматларнинг асосий қисмини рақамлаштириш ва Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда иммиграциядан олдинги марказларни ташкил этиш бўйича шартномалар имзолаш режалаштирилган.

Аввалроқ экспертлар Россияга зарур бўлган мигрантлар сонини ҳисоблаб чиққан эди. Унинг муаллифлари аҳоли сонини сақлаб қолиш учун мамлакатга ҳар йили 390 мингдан 1,1 миллионгача мигрантни фуқароликка олиш керак деган хулосага келишди. Апрель ойи ўрталарида Россия Мигрантлар федерациясининг собиқ раҳбари Вадим Коженов миграция соҳасидаги ҳозирги вазиятда бир қатор долзарб муаммолар пишиб етилганини таъкидлади. Хусусан, унинг сўзларига кўра, гап хорижликларни миграция рўйхатидан ўтказиш муаммоси ҳақида бормоқда – мавжуд механизмлар эскирган, барча тартиб ва жараёнларни ислоҳ қилиш талаб этилади.

Шу муносабат билан Коженов мигрантга алоҳида илова ёки давлат хизматлари порталидаги аккаунт орқали ўзини миграция рўйхатидан ўтказиш имкониятини беришни таклиф қилди.

Санкт-Петербургда иш берувчилар мигрантларни қизамиққа қарши эмлаш билан таъминлашлари мажбурий бўлди

2023 йилнинг январидан апрелигача Санкт-Петербургда қизамиқнинг ўттиздан зиёд ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда “Роспотребнадзор”нинг маҳаллий бошқармаси маълум қилди.

Инфекциялар сони олдинги даврларга нисбатан анча юқори. Мисол учун, 2020 йилдан бери ва икки йил давомида Санкт-Петербургда қизамиқ инфекциясининг жуда кам изоляция қилинган ҳолатлари аниқланган, аммо касалликнинг жиддий тарқалиши кузатилмаган.

Ҳозирги эпидемик вазият шифокорларни кескин чоралар кўришга мажбур қилди. Санкт-Петербург бош санитар шифокори Наталья Башкетова шаҳарга келаётган меҳнат мигрантлари орасида қизамиқ инфекциясининг олдини олиш чораларини кўриш зарурлигини таъкидлади.

Махсус буйруққа кўра, жорий йил охиригача Санкт-Петербург иш берувчилари чет эллик ишчилар учун тозаловчи эмлашни таъминлаши шарт. Худди шундай талаб меҳнат мигрантлари қонида ОИВ инфекцияси ва гиёҳванд моддаларга текшириладиган поликлиникалар ва бошқа тиббиёт муассасалари раҳбарларига ҳам белгиланди.

Энди хорижликлар тест билан параллел равишда қизамиққа қарши эмланишлари мумкин. Эмланмаган ёки илгари инфекцияга дучор бўлмаган ташриф буюрувчилар эмлашдан ўтишлари керак.

Март ойида Media-MIG Россия Фанлар академияси академиги ва тиббиёт фанлари доктори Геннадий Онишченконинг фикри билан ўртоқлашди, у қизамиқ тарқалишини собиқ Совет Иттифоқи республикаларида эмлаш ишларининг қониқарсиз даражаси билан изоҳлади. Мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳозирда инфекция изи Россияга Марказий Осиёдан келмоқда.

“КамАЗ” ўзбекистонликларни Россияда ишлаш учун ўқитишни бошлайди

 “КамАЗ” Россияда ишлаш учун жалб қиладиган маҳаллий мутахассисларни тайёрлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия компанияси бош директори ўринбосари Жанна Халиуллина маълум қилди.

“Биз ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда меҳнат мигрантларини тайёрлаш бўйича ишлаяпмиз”, — деди Халиуллина.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда “КамАЗ” корхоналарида Ўзбекистондан 970 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда, улар ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали жалб этилган бўлиб, бу уларга иш стажини сақлаб қолиш, расмий даромад олиш ва солиқ тўлаш имконини беради.

– Бизга келган йигитларнинг меҳнатидан жуда мамнунмиз, – дейди “КамАЗ” бош директори ўринбосари.

Жанна Халиуллинанинг фикрича, Ўзбекистонда дастлабки тайёргарлик маҳаллий мутахассисларни нафақат Россия Федерациясидаги заводларда ишга жойлаштириш, балки уларни республикадаги “КамАЗ” дилерлик тармоғи ҳамда ҳамкор компаниялар билан ҳамкорликка жалб этиш имконини беради.

«Яъни, биз бу ерда касбий тайёргарликнинг бир қисмини ўтказмоқчимиз ва бизга ким келишини, мигрантларга берадиган таклифларимиз уларга мос келадими ёки йўқлигини тушунмоқчимиз», – дея қўшимча қилди Халиуллина.

Меҳнат мигрантлари ва россияликларнинг маошлари тенглашгани айтилди

Бу ҳақда “Российская газета” сайтида тегишли мақола эълон қилинди. Унга кўра, иш берувчилар меҳнат мигрантларига россиялик ходимларга таклиф қилинадиган иш ҳақини тўлай бошлади.

Меҳнат мигрантлари ишбай ҳақ тўланадиган фаолият соҳаларини афзал кўришади: таксилар, курьерлик хизматлари, логистика марказлари, даромадлари бажарилган буюртмалар сонига боғлиқ ишлар шулар жумласидан, – дейди миграция соҳасидаги мустақил эксперт Вадим Коженов. Ишбай тўловдаги соҳаларда  россияликлар ҳам, чет эллик ходимлар ҳам бир хил ставкада ишлайди.

Буюртмани бажарувчи ишчиларнинг ўртача маоши 42,6 минг рублни, такси ҳайдовчисиники – деярли 69 минг рубль, курьерники – 70 минг рублни ташкил этади, деб хабар берди headhunter портали.

“Ҳозирги кунда россияликлар қанча маош олишса, хорижлик ишчилар ҳам шунча ҳақ оладилар, – дейди Юрий Московский, – баъзи мигрантлар эса россияликлардан ҳам кўпроқ маош олишади”. Унинг таъкидлашича, хорижликлар Россияга ишлаш учун келади ва максимал даромад олишдан манфаатдор. Бундан ташқари, улар уй-жой ижарасига пул тўлашади, бу эса қўшимча харажат. Шунинг учун улар ўз даромадларини ошириш, кўпроқ ишлаш, қўшимча буюртмалар олиш учун барча имкониятлардан фойдаланадилар. Мигрантлар туфайли кўплаб соҳаларда маошлар ошиб бормоқда, бу россиялик ходимларга ижобий таъсир кўрсатмоқда, дея таъкидлайди Юрий Московский.

Россияликларнинг деярли ярми (45%) мигрантлар ишлаётган жойда ишлашга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради headhunter. Иш ўринлари учун энг катта рақобат мигрантлар ишлашга тайёр бўлган жойларда пайдо бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Вадим Коженов. Биринчидан, бу такси. “Таксида бизнес ва премиум-классда маҳаллий ҳайдовчилар ишлайди, эконом ва комфорт классда асосан мигрантлар ишлашади. Лекин бу ёзилмаган қоида.

Маҳаллий ходимлар ва мигрантлар бўш иш ўринлари учун мурожаат қиладиган иккинчи йўналиш – буюртмани етказиб бериш. Бугунги кунда россияликлар ҳам, чет эллик ишчилар ҳам курьер сифатида ишлайди. Мигрантларни   логистика марказларида иш ҳақи қизиқтиради, улар асосан комплектловчи вазифасига ишга кирадилар.

Қурилишларда эса аксарият вазиятларда ишбай ва нақд тўловлар кенг тарқалган.

Савдо ва тозалаш (клининг) каби соҳаларда рақобат камроқ. Чунки одатда бу соҳада маълум қийматда белгиланган иш ҳақи тўланади. Маҳаллий ходимлар ва хорижлик ўртасидаги рақобатни жуда шартли, деб ҳисоблайди Юрий Московский.

Агар иш берувчининг танлови бўлса, бу соҳада ҳам у рус ходимини танлайди. Мигрантлар вақтинча ишлаш учун келишади ва иш берувчига бир неча ойда қайтадан ишчи излашига тўғри келади. Бундан ташқари, чет эллик ходим ҳар қандай иккита маъмурий ҳуқуқбузарлик учун депортация қилиниши мумкин, деб тушунтиради Московский. Бу содир бўлмаслиги мумкин, лекин ҳеч ким ҳар куни ходимни йўқотиш хавфи билан ишлашни хоҳламайди. Бунга Россиядан кўра кўпроқ хорижлик кадрлар билан маъмурий иш олиб бориш ва назоратни кучайтиришни қўшинг. “Шунинг учун, иш берувчига россияликни ёллаш ҳар доим қулайроқдир”, деб тушунтиради Московский.

Россия олий ўқув юртлари 2024 йилда хорижлик талабалар учун 30 минг бюджет ўрни ажратади

Россияда хориждан келган 400 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. 2024 йилда Россия олий ўқув юртларида узоқ ва яқин хориждан келган талабалар учун давлат томонидан молиялаштириладиган ўринлар сони 2023 йил даражасида қолади. Бу ҳақда Томскдаги ёш олимлар форумида Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлиги раҳбари Валерий Фальков маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2023 йилда Россия ҳукумати квотаси бўйича хорижлик фуқароларга ўқиш учун 30 минг ўрин ажратилган.

“Бизда яқин ва узоқ хориждан 400 минг нафарга яқин талаба бор. Ковид билан боғлиқ вазият ва мавжуд ўзгаришларга қарамай, ҳатто 2022 йилда ҳам ариза берувчилар сони камаймади, аксинча, бу кўрсаткич йил сайин ўсиб бормоқда. Биз чет эллик талабалар учун квоталарни оширмоқдамиз – 2024 йилда чет эллик талабалар учун квоталар 30 000 та бўлади”, – деди Фальков.

2022 йил маълумотларига кўра, Россия олий ўқув юртларида, шу жумладан уларнинг хорижий филиалларида жами 53 минг Ўзбекистон фуқароси таълим олмоқда.

Шундан 11 минг 734 нафар талаба бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобидан ўқимоқда.

Шу билан бирга, 10 060 нафар ўзбекистонлик Россия фуқаролари билан тенг шароитда олий ўқув юртларига ўқишга кирди, 1674 нафарига эса Россия ҳукумати квотаси берилган.

Яна 41 297 нафар ўзбекистонлик Россия олий ўқув юртларида шартнома асосида таҳсил олмоқда.

Москва шаҳрида май ойида “РВП” олиш учун квотага ариза топшириш кунлари эълон қилинди

Аризалар 2023 йилнинг 2,3,4 ва 5 май кунлари қабул қилинади. Маълумот учун, “РВП” (вақтинчалик яшаш учун рухсатнома) бу – чет эл фуқаросининг паспортига қўйиладиган муҳр. “РВП” қайси регион учун мўлжалланса, мигрантга шу ҳудудда вақтинча яшаш ва патентсиз ишлаш ҳуқуқи берилади.

Аризалар “Сахарово” кўп тармоқли миграция марказида душанбадан пайшанбагача соат 09:00 дан 17:00 гача, жума куни эса 09:00 дан 16:00 гача қабул қилинади. Ариза топшириш жараёни жонли навбат билан амалга оширилади, яъни олдиндан навбатга ёзилиш имкони йўқ. Ариза топширувчи кўп тармоқли миграция марказига келиб, талон олиши ва “Сбербанк” ёки почта бўлимида бўлгани сингари ўз навбатини кутиши зарур. Берилган талон бўйича навбати келмаса, у кейинги кунга ўтмайди.

Квотага ариза топшираётган чет эллик шахслардан аризадан ташқари фуқаролик паспортининг нотариал таржимаси, ундаги прописка ва фуқаролиги кўрсатилган саҳифаларнинг нусхаси, миграция картаси, 3,5х4,5 ҳажмидаги фотосурат талаб қилинади.

Бу мигрант news  дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Бизни телеграм каналидф ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг.Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Сизларни Ватанда оилангиз кутмоқда. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация