Мақола

641 31/07/2023

Россия полицияси “қутурди” 

  1. Россиянинг турли минтақаларида полиция рейдлари давом этмоқда
  2. Донецкка ишга борган ўзбеклар мажбуран урушга жалб қилинмоқда
  3. Ўзбекистон банклари “Юнистрим” тизими билан ишлашдан бутунлай воз кечди.
  4. Қайси давлат фуқаролари Россия фуқаролигини кўп олишаётгани маълум қилинди.
  5. Санкт-Петербургда депутат мигрантларни сохта рўйхатга олиш ишида айбланмоқда
  6. Буюк Британияга иш учун кетаётган марказий осиёликлар кўпаймоқда

                Россиянинг турли минтақаларида полиция рейдлари давом этмоқда

Июнь ойида “Нелегал-2023” рейди бўлиб ўтганига қарамай, Россиянинг турли шаҳарларида мигрантларга қарши полиция рейдлари давом этмоқда.

Шу ҳафтанинг ўзида кўпчиликни ҳайратга солган учта вилео тарқалди.

26 июль куни Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида полиция рейди ўтказилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода полиция автобуси олдида бир-бирларининг елкаларини ушлаб саф тортиб турган фуқароларни кўриш мумкин. Ачинарлиси, улар шаррос қуяётган ёмғир остида автобусга чиқарилмай ушлаб турилган. Атрофдаги машиналардан уларнинг яндекс такси ҳайдовчилари эканлигини фараз қилиш мумкин.

26 июндан эканлиги айтилган яна бир видеода Екатеринбургда бир-бирларининг елкаларини ушлаб саф тортиб кетаётган фуқароларни кўриш мумкин. Ушланганлар орасида аёллар ҳам бор.

27 июлда Москва шаҳри Тергов қўмитаси томонидан тарқатилган видеода эса ноқонуний миграцияни ташкил қилиш моддаси бўйича қўзғатилган жиноий иш доирасида Москвадаги хостелда рейд ва текширувлар ўтказилгани ва 100 дан ортиқ мигрантлар ушланиб, текширув учун юбрилгани айтилган. Видеода дам олаётган фуқароларнинг ерга ётқизиб қўйилганини кўриш мумкин.

Шу ўринда бир савол туғилади. Россия ҳукумати ва полицияси мигрантлардан нимани хоҳлайди? Майли, қонун бор, ҳамма қонунга бўйсуниб, қонуний ҳужжатлар асосида юриши керак. Лекин, полиция ҳам текширув пайтида қонун дориасида ҳаракат қилиши керак эмас-ми? Қайси қонунда ҳали айби исботланмаган фуқароларни ерга ётқизиб қўйиш, ёмғир остида ушлаб туриш ёки сўнгги пайтларда урф бўлаётган бир-бирларининг елкаларини ушлаб саф тортишга мажбур қилишга рухсат берилган? Бундай саф тортиб юришга асирга тушган Гитлер Германияси аскарлари мажбур қилинганди илгари. Бу фуқаролар нари борса ҳужжатида муаммоси бор ҳуқуқбузарлар холос, хавфли жиноятчи ёки рецидивист эмас. Ҳатто жиноятчида ҳам ҳуқуқ бор. Бундай тарзда намойишкорона қўполлик қилиш ва хўрлашдан мақсад нима? Масжидга оёқ кийим билан кириб, текширув ўтказганлик бўйича ҳам ҳеч қандай изоҳ берилмади. Ўзбекистон ҳукумати, элчихонаси ва миграция агентлиги ҳам бирор чора кўрармикан? Хуллас, биз мутасаддилардан Россия полициясининг ноқонуний ишлари бўйича аниқ ҳаракатларни кутиб қоламиз.

Донецкка ишга борган ўзбеклар мажбуран урушга жалб қилинмоқда

Украинанинг Россия томонидан босиб олинган Донецк вилоятининг Горловка шаҳрида жойлаштирилган Россия армиясининг бўлинмаларида Ўзбекистон фуқаролари топилган. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотида айтилган. “Ушбу шахслар Мариуполга қурилиш ишлари учун келишган. Улар келгандан кейин паспортларини олиб қўйилган ва кўнгиллилар сифатида ҳарбий хизматга сафарбар қилинган”, дейилади хабарда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига сўров юборилган. Вазирликдаги манбанинг айтишича, ташқи ишлар вазирлиги хабарни текширишни бошлаган.

Шундай кейин Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўзбекистонлик муҳожирларнинг босиб олинган ҳудудларга ишлаш ва бошқа мақсадларда бормасликка, бунинг учун жиноий жавобгарлик борлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Шундан кейин Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Украина ҳудудидаги ўзбеклар бўйича баёнот берди.

“Украина Қуролли Кучлари Бош штаби томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия қўшинлари сафига кўнгилли сифатида мажбуран сафарбар этилаётгани тўғрисида чоп этилган маълумот юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси мазкур давлат Ташқи ишлар вазирлигига тегишли сўров юборди. Ушбу масала дипломатик ваколатхона томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, Украина томонидан юқоридаги маълумот тасдиқланган тақдирда, фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича керакли барча чора-тадбирлар кўрилади”, дейилади элчихона баёнотида.

Июн ойида ВВС рус хизмати Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларини Россия қамоқхоналарида Украинадаги урушга жалб қилиш бўйича суриштирув натижасини эълон қилган эди. Сайт маълумотларига кўра, ёлланганлар орасида камида 93 киши, шу жумладан 34 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган.

Уруш булаётган давлатларнинг уз фукаролари юртини тарк этаётган бир вактда, мухожирларни мажбуран урушга жалб этиш адолатсизлик эмасми? Бу холатга хар бир давлат жиддий караши керак. Тинч юртидан ишлаш учун кетганлар, урушни,бомбардимон ок овозларини хавас килиб кетишмаяпти. Муаммога ечим битта, четга айникса уруш булаётган давлатларга ишга кетмаслик учун ишсизлик, нарх-наво ва ойлик масаласи тубдан кориб чикилиши керак.

Ўзбекистон банклари “Юнистрим” тизими билан ишлашдан бутунлай воз кечди

Ўзбекистон банклари “Юнистрим” тизими билан ишлашдан бутунлай воз кечди. Россиянинг “Юнистрим” пул ўтказмалари компанияси билан ишлаган барча ўзбек 14 банклари унга хизмат қилишни тўхтатди. 24 июл куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки “Юнистрим” билан Халқ банки, Ипотека-Банк ва Турон-банк ишлашдан бош тортганини хабар қилган эди. Қарор “техник сабабларга кўра” деб айтилди. Хабарларга кўра, яна иккита банк:  Капиталбанк ва Ипак Йўли банки ўтган йилидаёқ ушбу тизимда пул ўтказишни тўхтатган эди. Қолган тўққизта банк ҳам “Юнистрим” билан ҳамкорликни тўхтатгани тўғрисида хабар берилди. 20 июл куни “Юнистрим” пул ўтказмалари компанияси АҚШ ва Канада санкцияларига дучор бўлди. 24 июл куни Қозоғистон “Казпочта” миллий оператори ҳам “Юнистрим” орқали пул юборишни  тўхтатди. Пул ўтказмалари 20 июлдан санкциялар сабабли тўхтатилган. Қирғизистоннинг йирик банклари ҳам худди шу йўлни тутишган.

Қайси давлат фуқаролари Россия фуқаролигини кўп олишаётгани маълум қилинди

 Россия Федерациясидаги Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция вазияти бўйича расмий статистик маълумотларида жорий йилнинг биринчи ярмида 87 мингга яқин тожикистонлик Россия фуқаролигини олгани хабар берилган. Бу бир йил аввалгига нисбатан 13 минг нафарга кўпдир.

Маълумотларга кўра, январ-июн ойларида 205 мингдан ортиқ хорижлик Россия фуқаролигини олган ёки 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 382 минг кишига кам. Россия фуқаролигини олишда Тожикистон фуқаролари етакчилик қилмоқда, иккинчи ўринда Украина фуқаролари – 39 минг, Арманистон эса учинчи ўринда – деярли 18 минг. Кейинги ўринларда Қозоғистон (13 минг 876), Қирғизистон (10 минг 500), Ўзбекистон (9 минг 340), Озарбайжон (7 минг 457) давлатлари фуқароларидир.

Шунингдек, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Тожикистоннинг 128 минг 156 нафар фуқароси Россия Федерациясида яшаш учун рухсатномага эга. Бу дегани, улар Россия фуқаролигини олишга бир қадам қолган ва, эҳтимол, 2023-2024 йилларда улар ҳам Россия фуқароси бўлишади. Яна 46 479 нафар тожикистонлик вақтинчалик яшаш учун рухсатномага эга бўлиб, бу Россия фуқаролигини олиш йўлидаги биринчи қадамдир. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда Россия фуқаролигини олишга интилаётган тожикистонликлар сони ортган.

Агар 2020 йилда 63 мингдан кўпроқ тожикистонлик Россия фуқаролигини олган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 103 мингдан ошган, 2022 йилда эса 173 мингдан ортиқ кишига етган. Муносабат: Менимча, айни дамда Россия фукаролигини олишга интилиш бироз кескин карор хисобланади. Сабаби уруш эмас, балки мухожирларга булган салбий, совук ва намойишкорона тахдидлар. Фукаролигини олганлар мухожир болмайди дейишингиз мумкин, лекин хужжат булган билан у ердагиларнинг муносабати узгармаса, юкоридаги каби холатлар, тахдидлар такрорланаверади.

Санкт-Петербургда депутат мигрантларни сохта рўйхатга олиш ишида айбланмоқда

 Санкт-Петербургда мигрантларни сохта рўйхатга олиш иши доирасида 11 кишига нисбатан жиноий иш очилиб, 100 дан ортиқ жойда тинтув ўтказилди. Улар фаолияти давомида 100 минг мигрантни рўйхатга қўйишга муваффақ бўлган. Тергов қўмитаси минтақавий бошқармаси хабар беришича, тинтувлар судланувчиларнинг яшаш жойларида, миграция масалалари бўйича шаҳар бошқармаси бўлимларида, жамоат аъзолари томонидан ноқонуний фаолиятда фойдаланган идораларда бўлиб ўтган.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний бўлган шахслар тўпланган жойларда тергов тадбирлари ўтказилган. Қўмита маълумотларига кўра, чет эл фуқароларини миграция рўйхатидан ўтказиш тўғрисида сохта ҳужжатлар тайёрлаган жиноий гуруҳни ташкил этган айбланувчилар орасида маҳаллий муниципал депутатлардан бири ҳам бўлган. Ишга Ички ишлар вазирлиги бош бошқармаси Миграция бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари ҳам аралашган.

Ишда иштирок этаётган ҳар бир шахснинг роли ва иштирокига қараб, уларга ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва жиноий гуруҳ ташкил этиш айблари қўйилади. Аввалроқ тинтувлар 13 июл куни бошлангани ва Санкт-Петербург миграция департаментида ҳам бўлиб ўтгани ҳақида ёзилган эди.

Буюк Британияга иш учун кетаётган марказий осиёликлар кўпаймоқда

Brexit Европа Иттифоқидан келувчи ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини тўхтатди, бироқ бандлик агентликлари Марказий Осиёда янги ваколатхоналарни очди. Британиянинг The Economist нашри материалида 2022 йилда Марказий Осиёдан меҳнат муҳожирлари сони ўтган йилга нисбатан бир неча баробар ортгани ҳақида хабар берилган.

Масалан, 2021 йилда Қирғизистондан мамлакатга вақтинчалик меҳнат визаси билан келган ишчилар сони 300 кишини ташкил этган бўлса, келгуси йилда 4000 нафар кўпроқ мавсумий ишчилар бор эди, дея хабар беради Ички ишлар вазирлиги. 2022 йилда берилган 34,5 мингга яқин sws визасининг 44 фоизи Марказий Осиёнинг тўртта давлати фуқароларига берилган.

Минтақадаги собиқ иттифоқ республикаларининг бешинчиси бўлган Туркманистондан келганлар ҳали ҳам кам. Brexit Европа Иттифоқидан ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини тўхтатганида бандлик агентликлари Марказий Осиёда янги ваколатхоналарни очиб, минтақавий ҳокимиятлар билан яқин алоқалар ўрнатишни бошлади ва ўз ишини тезда қайта ташкил этишга муваффақ бўлди. Бу алоқаларнинг янада ривожланиши билан минтақадан келадиган ишчилар сони ортиши кутилмоқда. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли март ойида Остонада Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан учрашган эди.

Европа вазири Лео Догерти эса июн ойида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга сафар қилди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича махсус қўмитаси депутатлари Марказий Осиёдаги сиёсий муҳит билан танишиш чоғида худди шу давлатларга ташриф буюрди. Chatham House маркази таҳлилчиси Аннет Борнинг айтишича, хайрихоҳ ҳамкор бўлиш муҳим. Буюк Британия “юмшоқ куч” стратегиясини, хусусан, таълим соҳасида тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу ҳаракатлар вақт талаб қилиши мумкин, аммо улар охир-оқибат узоқ муддатли сармоя ролини ўйнаши мумкин.

Хар кандай холатда хам, чет элга ишлашга кетаётган булсангиз, шартнома тузаётган корхонангиз чавфсиз эканлигига ишонч хосил кидишингизги ва алданиб колмаслигингизни сураймиз.

Бу мигрант news дайжести эди. Мигрантлар учун ҳафтанинг энг мухим хабарлардан айримларини эслатиб ўтдик. Қаерда бўлишса ҳам бизнинг мигрантларимиз соғ-омон бўлишсин. Бизни телеграм каналда ҳам кузатиб боринг, ютубга ҳам обуна бўлишни унутманг. Кейинги ҳафтада кўришгунча саломат бўлинг!

 

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация