Мақола

852 13/02/2022

Тергов қўмитаси раҳбари Бастрикиннинг айбловлари қанчалик асосли? Мигрантлар ишлаши тақиқланган соҳалар қайсилар? Тиббий кўрикдан ҳар 3 ойда ўтиладими? MIGRANT NEWS таҳлилий кўрсатувида шу ва бошқа хабарлар ҳақида хабардор бўлинг.

Аввало, ўтаётган ҳафтада Migrant.mobi сайти ўз фаолиятини қайта бошлади.

  1. Ўтиб бораётган ҳафта бошида шов-шув ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлган янгилик – Россиядаги мигрантлар ҳақиқатдан ҳам кўп жиноят содир этмоқдами, деган савол бўлди. Бунга Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг президент Путинга қилган мурожаати сабаб бўлди.

Бастрикин мурожаати 2021 йил охирида йўлланган бўлиб, жамоатчиликка шу ҳафта бошида ошкор бўлганди. У, МДҲ мамлакатларидан келган мигрантлар жиноятчилик кескин ошгани боис, миграция қонунчилигини жиддийлаштиришни сўраган.

Аммо, россиялик профессор Сергей Абашин Бастрикин сўзлари ёлғон эканини 2013-2021 йиллардаги жиноятчиликка доир рақамлар таҳлили билан исботлади. Шундай қилиб, Россиядаги МДҲ фуқаролари

2013 йилда – салкам 40 ярим минг (40,3);

2019 йилда – 31 минг;

2020 йилда – 30,8 минг;

2021 йилда – 28,5 минг жиноятга қўл урган.

Фоизларда айтганда, МДҲ фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар 2013 йилдан 2021 йилгача 29 фоизга, 2019 йилдан 2021 йилгача 8 фоизга, 2020 йилдан 2021 йилгача 7,5 фоизга камайган.

Умуман олганда, МДҲ мамлакатлари фуқаролари 2021 йилда Россияда қайд этилган жиноятларнинг 2,7 фоизини содир этган. Бу рақам 2013 йилда 3,2 фоизни, 2019 йилда 2,9 фоизни, 2020 йилда 3 фоизни ташкил этган эди.

Хуллас, ҳурматли амалдорлар, бирор маълумот беришдан олдин ўзаро келишиб олинглар, акс ҳолда, ёлғончи эканингиз билиниб қолади.

  1. Бу ҳафтанинг яна бир шов-шувли хабарларидан бири Калуга области ва Карелия республикасида мигрантлар ишлаши тақиқланган соҳаларнинг эълон қилиниши бўлди. Карелияда деярли барча соҳаларда мигрантларнинг ишлаши тақиқланган бўлса, Калуга губернатори Владимир Шапша умумовқатланиш, транспорт ва савдо соҳаларига меҳнат мигрантларини ишга қабул қилишни тақиқлаш режалаштирилаётганини билдирди. У, шунингдек, Калуга области миграция марказига тўсатдан бориб, патент расмийлаштираётган мигрантни сўроққа тутгани видеоси ҳам кенг тарқалди.

Шу ўринда Migrant статистикаси. Ўтаётган ҳафтада маълум қилинишича, ўзбекистонлик мигрантлар 2021 йилда Россияда энг кўп патент расмийлаштирган.

Ўтган йили Россияда жами 2 млн 222 мингга яқин (2 221 826) патент берилган бўлса, салкам 1 млн 317 минг (1 316 569) патент ўзбекистонликларга тегишли.

  1. Ўтиб бораётган ҳафтада Россиядаги мигрантлар сингари ҳуқуқшунослар ва экспертларни ҳам қийнаб келаётган яна бир масалага ойдинлик киритилди. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий кўрик муддати ҳақида саволга жавоб берди. Шундай қилиб, Россиядаги хорижликлар бироз тин олишлари мумкин, ҳар 3 ойда тиббий кўрикдан мажбурий эмас. Демак, ватандошлар, хавотир олишга ўрин йўқ. Шунга кўра, ҳозирча, сиз тиббий кўрикдан ҳар 3 ойда ўтишга мажбур эмассиз.
  1. Аммо, тез орада, хорижликларнинг тиббий кўрикдан ўтиши мажбурий бўлиши мумкин. Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши даражасида миграция муаммоларига эътибор қаратилиши шундай дейишга асос бўлади. Кенгаш раиси ўринбосари Дмитрий Медведев, Хавфсизлик кенгаши йиғилишида, Россияга кириб келаётган мигрантлар сони 2021 йилда 2020 йилга нисбатан 33 фоизга ортганини билдирган. У, шунингдек, хорижий фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ҳам мажбурий бўлиши зарурлигини таъкидлаган.
  1. Бу ҳафтада Россия маҳаллий аҳолисини ҳам миграция экспертларини ҳам, мигрантларнинг ўзини қийнаб келаётган саволга ҳам жавоб берилди. Хўш, мигрантлар россияликларнинг ишларини, бунинг ортидан уларнинг иш ҳақи ва маошини ўзлаштириб олмоқдами? Олимлар ўтказган тадқиқот натижалари бунинг аксини кўрсатмоқда. Уларнинг қисқа хулосасига кўра, миграция иқтисодий ўсишга туртки беради.

Толиб Раҳматов

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация