Maqola

922 06/05/2022

Россияда хорижий мамлакатлар фуқаролари томонидан содир этилган жиноятларга доир статистика бузиб кўрсатилган. 

4 май куни media-mig.ru сайтида Денис Новиковнинг «Мигрант – не значит «преступник» (“Мигрант жиноятчи дегани эмас”) мақоласи чоп этилди.

Муаллифга кўра, 2021 йилнинг биринчи чораги билан солиштирганда, Россияда қайд этилган жиноятлар сони 3,8 фоиз, оғир ва ўта оғир жиноятлар сони 8,3 фоиз қисқарган. Мамлакат бюджети ва унинг фуқароларига жиноий унсурлар етказган моддий зарар 9 фоиз қисқариб, 123 миллиард рублни ташкил этган.

Мақолада таъкидланишича, Россияда хорижий мамлакатлар фуқаролари томонидан содир этилган жиноятларга доир статистика бузиб кўрсатилган.

“Россия Федерацияси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 10 385 та жиноят содир этди, бу 2021 йилнинг январ-март ойларига нисбатан 8,1 фоиз кўпдир”, дейилади Россия ИИВнинг расмий хабарида.

Билдирилишича, МДҲга аъзо мамлакатлар фуқаролари 8448 та жиноят содир этган ва бу ўтган йилдагига нисбатан 12,6 фоиз кўпдир. Аммо вазирлик айнан қандай жиноятлар ҳақида гап кетаётганини, уларнинг умумий сони нега ошганини очиқламаган.

“ИИВ тафсилотларни ошкор қилмай, ксенофоблар (бегона кишилар ва нотаниш ҳамда ғайриоддий нарсаларга нисбатан муросасизлар) ва мигрантларни ёқтирмайдиган кишиларга баҳона топиб берди”, деб ёзади мақола муаллифи.

Д. Новиков фикрича, “чет эл фуқаролари, биринчи навбатда, Марказий Осиёдан келган мигрантларнинг аксарияти Россияга жиноят содир қилиш учун келмайди, улар “жиноятлар сони ўсишининг асосий сабабчиси” ҳам эмас, улар содир этаётган ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти жиноий эмас, маъмурий характерга эга”.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки уч ойида Россия ҳудудида бўлиб турган 15 миллионга яқин мигрантлар 10 385 та жиноят содир этган, бу ушбу мамлакатдаги расман қайд этилган 482 500 та жиноятнинг, бор-йўғи, 2,15 фоизини ташкил этади. Яна маълум бўлишича, мигрантлар Россияда содир этган ҳуқуқбузарликларнинг асосий қисми маъмурий характерга эга. Буни РФ ИИВ ҳам тан олади.

Мигрантлар ҳуқуқбузарликларининг аксарияти миграция режимини ёки мамлакатга кириш қоидаларини бузиш ёки ноқонуний меҳнат фаолияти билан боғлиқ.

Москва давлат университетининг аҳолишунослик ва демография иқтисодиёти лабораторияси мудираси Олга Чудиновскихга кўра, чет элликлар содир этаётган жиноятлар таркиби Россия фуқаролари жиноятлари таркибидан фарқ қилади. Чет элликларга берилаётган жазо муддатлари Россия фуқаролариникидан анча кам. Яна россияликлар чет элликларга нисбатан оғирроқ жиноятларни кўпроқ содир этади.

Олга Чудиновских Россияда меҳнат миграцияси аҳамиятли ижтимоий феноменга айлана бошлаган 2000-йиллардан бери, гастарбайтерлар – ёмон, деган қараш пайдо бўлганини, улар билан боғлиқ фактлар контекстдан узиб олиниб, ўқувчига қизиқарли қилиб тақдим этиш урф бўлганини айтади.

“Мен ҳар доим айтганман, яна қайтараман: чет эл фуқаролари содир этаётган ҳуқуқбузарликлар статистикасини эълон қилаётганда, оддий кишиларда нотўғри тушунча ҳосил бўлмаслиги учун уни яхшилаб тушунтириб бериш зарур, – дейди Россия Федерал миграция хизмати директори ўринбосари, Миграция жараёнларини таҳлилий ва амалий тадқиқ қилиш маркази раҳбари Вячеслав Поставнин. – Менимча, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бу ишни қилмаслиги сабаби ҳақиқий рақамлар кулгили туюлиши билан боғлиқ: “жиноятлар”нинг аксариятини жиноий эмас, майда маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил қилади. Бу кишилар ўшанда, “Сизлар ИИВда нима билан шуғулланяпсизлар? Мана шу бемаъни иш биланми?” деб савол бериши мумкин”.

В. Поставнин фикрича, жорий йилнинг биринчи чорагида мигрантлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ортиб кетишининг асосий сабабларидан бири 2021 йил 31 декабрида чет эл фуқаролари учун коронавирус билан боғлиқ талаблар сусайишининг муддати тугагани ҳамдир. Шундан сўнг йил бошида ИИВ олдин жазолай олмаган мигрантларни жазолашга тушиб кетган.

“Жорий йилнинг дастлабки уч ойидаги Россия Федерациясидаги жиноятчилик аҳволи бўйича ижобий статистика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари хизмати экани шубҳасиз. Лекин бугунги кунда Россия ИИВнинг Миграция масалалари бўйича бош бошқармасининг ҳужжатларни расмийлаштириш ва бериш баробарида ноқонуний иммигрантларга қарши кураш билан шуғулланаётгани билан миграция сиёсатини шакллантириб бўлмайди. Бугун мамлакатимизда чет эллик фуқароларнинг Россия ҳудудида бўлиб туриши ва фаолиятига оид ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий сингари барча вазифаларни ҳал эта оладиган ягона идора ташкил этиш зарурати туғилмоқда”, деб ёзади Д. Новиков мақоласига хулоса ясар экан.

 

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya