Maqola

4,200 01/09/2016

 Ватанимиз мустақиллигининг  25 йиллигига

Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлардан совға.

газета

Бугун Россияда мигрантлар сони жиҳатидан энг кўп миллатмиз. Расмий манбаларга кўра, айни пайтда Россия Федерациясида икки миллион нафарга яқин ўзбекистонликлар меҳнат қилишмоқда. Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа қўшни давлатлардан келган миллатдошларимизни ҳам ҳисобга олсак, бу рақам янада ортади.

Бир-биримизга елкадош бўлишимиз ва қўллаб-қувватлашимиз мусофирлик қийинчиликларини енгишда жуда муҳим. Ҳар биримиз олдимизга қўйган эзгу мақсадларимизга етишимиз ва она юртимизга ёруғ юз билан қайтишимиз ҳам кўп жиҳатдан ҳамжиҳатлигимизга боғлиқ.

Илк бор 2011 йилда Москвага келдим ва бу ерда яшаб ишлаш жараёнида юртдошларимиз ҳаётини кузата бошладим, давлатнинг миграция борасидаги қонун-қоидаларини билишга қизиқдим.

Ўзбекистонлик мигрантлар уч тоифага бўлинган. Биринчиси, Россия фуқаролигини олганлар, уларни собиқ юртдошларининг ҳаёти деярли қизиқтирмайди. Иккинчиси рус тилини биладиган ўзбекистонликлар, улар ўзларига яхши иш ва шароитни яратиб олганлар. Учинчиси, тирикчилик, уй-тўй каби ҳаётий ташвишларини ҳал этиш учун ишлашга келганлар. Айнан шу қатлам ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояга муҳтож. Боз устига, учинчи қатлам Россияда энг катта қисмни ташкил этади.

Ўзбек тилидаги ОАВларнинг барчаси мигрантлар ҳаётининг ижобий ёки салбий жиҳатини ёритади. Бироқ миграция борасидаги янгиликлар, қонунлардаги ўзгаришлардан хабардор этиб борувчи ва зарур бўлганда мигрантлар учун маслаҳат берувчи ўзбекча манба йўқ, ҳисоби. Тил ва қонун билмаслик оқибатида эса, юртдошларимиз орасида нотўғри маълумотлар ва қонунбузарликлар кўп. Айниқса, юртдошларимизнинг тил билмасликларидан фойдаланиб, уларга қалбаки хужжатлар тайёрлаб берувчи, иш берувчи билан ишчи орасида “даллол”лар, ҳаттоки, ватандошларимизни пул эвазига қулликка сотиб юборувчилар ҳам учраб туриши жуда ачинарли.

Инсонийлик юзасидан мусофирликдаги юртдошларимизни қийнаётган муаммоларга бефарқ қарай олмадим, уларга имкон қадар ёрдам бериш йўлларини излай бошладим. Шу тариқа, Россиядаги мигрантларимизнинг 80 фоизи кенг фойдаланадиган “Одноклассники” ижтимоий тармоғида “Ўзбек муҳожирлари” гуруҳини ташкил этдим. Аввалига миграция қонунчилигидаги хабар ва янгиликларни ўзбек тилига таржима қилиб эълон қилиб бордим. Аста-секин сафимиз кенгайиши баробарида, Россияда қонуний ишлаш ва яшаш тартиби борасида савол-жавоблар, турли маслаҳат ва йўл-йўриқлар берила бошланди. Кейин эса орамиздаги ижодкорлар ўз шеъру ҳикоялари, чизган суратлари, кечинмалари ва турли мавзулардаги мулоҳазаларини ҳам гуруҳдошларимизга улаша бошлашди.

Шу йилнинг февраль ойида гуруҳ номини “Таянч” дея ўзгартириб, бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам ўз саҳифаларимизни очдик. 21 март куни эса мигрантлар учун ўзбек тилидаги ягона портал – “Таянч.ру” ишга тушди. Эндиликда ушбу сайт нафақат ўзбекистонлик мигрантлар учун маълумотлар портали, балки улар учун зарур бўлган иш, уй-жой, турли хизматлар, олди-сотди ва мусофирчиликда асқотадиган барча турдаги эълонлар майдони ҳамдир. Айтиш жоизки, гуруҳимиз 6 ой ичида ижтимоий тармоқлар орқали мусофирликдаги юртдошларимиз учун энг фойдали манбага айланиб улгурди.

Айни пайтда “Таянч”нинг доимий ўқувчилари сони 20 минг нафардан зиёд. Ҳар ойда ўртача 300 мингдан ортиқ юртдошларимиз саҳифаларимиз билан танишиб боришмоқда. Яқиндан бошлаб эса мигрантлар учун муҳим бўлган маълумотларни уларга етказишда видеолавҳалардан фойдалана бошладик. Мусофирликдаги юртдошлар ҳаётида бефарқ бўлмаган кўнгиллилар “Таянч” жамоасига қўшилишди. Жамшид Ахмеджанов, Иззат Шарипов, Мухтор Абдуллаев, Зокиржон Қобулов, Жамшид Бегматов каби маслакдошларимизнинг қўллаб-қувватлашларида ўз олдимизга қўйган вазифаларимизга етиб бораяпмиз.

Тақдир тақозоси билан Россияда йўқолган ёки оғир аҳволда топилган юртдошларимизни яқинлари билан бирлаштириш учун видеодастурлар тайёрлаб бормоқдамиз. Шунингдек, ҳамкоримиз Халқаро Миграция Ташкилотининг Москва шаҳридаги бюроси ва Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчи идораси кўмагида ёрдамга муҳтож, одам савдоси ёки қулликка тушиб қолганлар мигрантларимизни Ватанга қайтариш ишлари олиб борилмоқда.

Мақсадларимиздан бири – Россияга ишлашга келаётган юртдошларимиз учун қонуний ишлашлари, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиш ва кези келганда қонун йўли билан ҳимоя қила олишлари учун ўзбек тилидаги манбалар яратишдир.
Ушбу газета шу ҳаракатларимизнинг маҳсулидир. Уни фойдали нашр, дея изоҳладик ва ҳақиқатда фойдали газета бўлишига ишончимиз комил.
Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya