Медведев меҳнат мигрантларини Россияга юбориш борасида Ўзбекистон тажрибасини ўрганишни таклиф қилмоқда.
Россияда санкциялар ортидан ишсизлар сони ортиши эҳтимоли боис, мигрантларни саралаш таклиф этилмоқда. Россия мигрантларни ишга ёллашда меҳнат бозорини баҳолаши қолаверса, мигрантларни саралаши зарур. Расмийлар муҳожирларни Россияга ишлашга жалб қилишда янада оқилона бўлиши керак.
Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев давлат миграция сиёсатини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия йиғилишида шундай фикрларни билдирган. Унинг сўзларига кўра, бошқа давлатлардаги муҳожирлар билан дастлабки саралаш ишлари олиб борилиши керак.
“Биз Россияга меҳнат муҳожирларини жалб қилиш жараёнига янада оқилона ёндашишимиз керак – уларнинг мамлакатларида дастлабки ишларни олиб бориш, яъни иқтисодимиз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда номзодларни танлаш керак”, — деган Медведев.
Унинг қўшимча қилишича, чет элликларнинг катта қисми руслар бажаришга тайёр бўлмаган, шунингдек, тажриба талаб қилмайдиган ва оғир жисмоний ишларда ишлаш учун келадилар.
“Меҳнат бозори ҳолатини баҳолашда бу омилни ҳам унутмаслик керак”, – дея изоҳ берган Медведев.
Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари комиссия ишчи гуруҳига меҳнат муҳожирларини ишга ёллаш бўйича пилот лойиҳасини бошлаган Ўзбекистон тажрибасини таҳлил қилиш бўйича топшириқ берган.