Россия Федерациясидаги меҳнат миграцияси масаласида қонуний ишловчи мигрантлар сонининг ортаётгани кузатилмоқда. Бу ҳақда Этносиёсий ва минтақавий тадқиқотлар маркази (ЭМТМ) экспертларига таяниб Ng.ru хабар қилди.
Марказ маълумотларига кўра, сўнгги вақтларда миграцион оқим нисбатан сусайган, ўтган йил давомида ойликларнинг пастлиги, иш ўринларининг қисқаргани ва бошқа сабаблар билан 1 млн украиналик мигрант мамлакатни тарк этган. Марказий осиёлик мигрантлар сонининг эса ортиши кутилмоқда. Бу уларнинг бошқа йўли йўқлиги, ўз мамлакатида вазият бундан ҳам ёмон экани билан боғлиқ, дейди экспертлар.
Ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда Россиядаги 70 фоизга яқин мигрант қонуний фаолият кўрсатмоқда. Беш йил муқаддам бу кўрсаткич 50 фоиздан камроқни ташкил этар эди. Июнь ойида тахминан 1,7 млн хорижлик ишлаш учун рухсат берувчи патентга эга бўлиб турган. Россияга қўшни мамлакатларнинг яна 1 млн фуқароси эса рухсатномаларсиз ишлаш ҳуқуқига эга. Расмий маълумотларда келтирилишича, Россияда Ўзбекистоннинг 1,4 млн, Тожикистоннинг 537 минг, Украинанинг 504 минг, Қирғизистоннинг 361 минг фуқароси фаолият кўрсатмоқда.