Maqola

4 138 25/04/2017

 

8 апрель, айни тушлик вақти. Соат 11:40. Метронинг Добрынинский бекатидан чиққач, Коровий вал кўчасидаги 5-уйни топгунимча ўн дақиқадан ортиқ вақтим кетди. Бино ичида керакли эшикни излаб ўн дақиқача сандироқлаб юргач, бехос ташрифимнинг асосий сабабчиси Валентина Чупикка рўпара келиб қолдим. Кўринишидан кичкинагина, жисмига номонанд оғир юк кўтариб олган, балки шу сабаб қадди сал эгик, сочлари бироз пахмайган, иккинчи қаватга ховлиқиб кўтарилаётган бу аёлга қизиқсиниб қарадим.

– Здравствуйте, мы к вам (одатда бир ўзим бўлсам-да, кўплик қўшимчасини ишлатаман).
– Очень хорошо, спускайтесь на первый этаж.

Валентина Чупик… Бир кун аввал у ҳақида ўқиган маълумотларимни бир-бир хаёлимдан ўтказдим. Ҳуқуқшунос, 24 соат бепул маслаҳатлари билан ёрдам қўлини чўзишга тайёр бу аёл асли Тошкентдан. Тренингда иштирок этишдан асосий мақсадим ундан интервью олиш ва мени қизиқтирган саволларга жавоб топиш аслида.
Пастки қаватдаман. Валентина Чупик ташкил этадиган тренингга қатнашиш мақсадида келган бошқа юртдошларимиз билан суҳбатлашиш жараёнида ҳам анча-мунча таассуротларга эга бўлдим. Уларнинг кўпчилиги тренингда аввал ҳам қатнашгани, олган маслаҳатлари кундалик ҳаётда жуда асқотиб, эндиликда янада кўпроқ маълумот олиш ҳамда ҳуқуқий билимларини кенгайтириш мақсадида эканини сўзлаб беришди.

– У меня пирожки очень неплохо получились. Кто очень голоден можете сначала покушать.

Ичкари хонага мўралайман. Стол устидаги бежирим тақсимчага пирожокларни бирма-бир чиройли қилиб тахлаётган ҳуқуқшунос хоним кулимсираб мулойим боқади. Тушунарли. Демак, биз иштирокчиларни оч қолдирмаслик ҳаракатида. Унга бунинг нима кераги бор. Нега ахир… Саволларим ҳозирча жавобсиз.

– Хўш, айтинглар-чи, қандай сеҳрли буюмларни биласиз?

Тренинг худди шу савол билан бошланди.

– Учар гилам!
– Сеҳрли таёқча…
– Кўринмас қалпоқча.
– Баракалла!
Буёғи унданам қизиқ тус олди! Тасаввур қилинглар-а, қаршимизда полиция бош кийими-ю таёқчаси билан “қуролланган” Валентина турибди.1

– Келинглар. Сизлар билан ўйин ўйнаймиз. Мен “полициячи”ман, сизлар эса “мигрант”. Мен сизни кўчада тўхтатаман. Паспортингизни кўрсатишингизни талаб қилаяпман. Хўш, сиз нима қиласиз?

Ўйинда қатнашаётган иштирокчи индамасдан чўнтагидан паспорт, патент ва бошқа ҳужжатларини чиқара бошлади. Полиция ходими йўловчини тўхтовсиз сўроқ қилиб, бечорани ҳол-жонига қўймади. У ҳамма ҳужжатларини узатиб ҳам қутулолмади.
Хуллас, томоша якунига етгач Валентина “йўловчи”дан нега ўзини ҳимоя қилмаганини сўради. Ачинарли ҳол албатта. Аммо Россия ҳудудига иш излаб келган ҳамюртларимизнинг 90 фоизи полициячилар билан тўқнашганда ўзларини худди шундай тутишади. Йиллар давомида ишлаётганларнинг аксарият қисми ҳам. Ҳужжат сўралдими, тамом, албатта уни кўрсатиш шарт!

– Диққат қилинг! Сизни полиция ходими тўхтатса ҳужжатларингизни олишга шошилманг. Яхшиси, телефонингиздаги диктофонни ёқинг. Ундан “Нима содир бўлди? Мен қандайдир ҳуқуқбузарликда гумон қилинаяпманми?” деб сўранг. Текширувнинг қонуний сабаблари билан қизиқинг. Агар сизни полиция маҳкамасига олиб боришса, тезда 112 рақамига қўнғироқ қилиб, “Мени сабабсиз маҳкамага, нотаниш шахс элтди”, дея маълумот беринг…

Шунга ўхшаш кўпдан-кўп вазиятларда ўзимизни тўғри тутишимиз, саволларга қонуний жавоб беришни ҳар биримиз билишимиз шарт аслида. Таҳминан 6 соат давом этган тренинг жараёнида Валентина Чупкинанинг қўл телефони деярли ҳар 15 дақиқада жиринглади.

– Алло, вы попали в полицию? Нет… По другому вопросу? Пожалуйста, перезвоните после 18:00.

Навбатдаги қўнғироқларга бериладиган жавоблар иштирокчиларга ёд бўлиб кетди. Мен эса ҳайронман… Наҳотки 24 соат шу ҳол давом этса… Тўхтовсиз қўнғироқлар. Бор вақтини ўзгаларга, аниқроғи гўшакнинг нариги тарафидаги умуман нотаниш, бироқ олий тоифали юрист ёрдамидан умидвор инсонларга бағишлаш, муҳтожларга ёрдам бериш истаги шунчалар кучлими бу аёлда?
Безымянный  Россия чегараларидан кесиб ўтишлари биланоқ “мигрант” ёрлиғи ёпиштириладиган ҳамюртларимиз ўзлари билмаган ҳолда кўп хатоларга йўл қўядилар. Сабаб эса ҳақ-ҳуқуқлари, қонунларни билмасликларида. Ҳуқуқий саводхонликни оширишни мақсад қилган бу тренингда нафакат полиция ходими билан тўғри мулоқот қилиш, балки тўғри иш танлаш, ишга жойлашиш жараёнига керакли ҳужжатларни тайёрлаш, сохта ҳамда қалбаки ҳужжатларни ажрата билиш, ижарага уй-жой қидиришдаги муаммоларни ҳал этиш йўллари, сохта брокерларга алданиб қолмаслик, иш ҳақи тўлови, миграция ва паспорт текширувлари пайтида юзага келадиган муаммолар, четга чиқиш ва киришдаги асосий қоидалар, энг асосийси ўзга давлат фуқароси эканлигингиз сабаб ҳақ-ҳуқуқларингиз топталмаслиги учун керакли маслаҳатлар берилди. Иштирокчиларнинг жонли баҳс ва мулоқотлари тренингни янада қизитди.
Уйга қайтар эканман, асосий саволларим жавобсиз қолганлигини эслаб қолдим. Бироқ мигрантлар билан боғлиқ долзарб мавзулар олдида саволларим аҳамиятсиздек туюлди.
Аммо барибир Валентина Чупик билан яна бир бор кўришиш ниятидан асло қайтмадим.

IMG_1829IMG_1857

 

 

 

 

 

 

 

 

Д. Абдуллаева

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya