Транспорт, савдо ва умумий овқатланиш соҳаси. Россиянинг яна бир областида мигрантлар ишлаши тақиқланган соҳалар маълум қилинди.
Россиянинг Калуга области губернатори Владислав Шапша ўз ҳудудидаги мигрантлар учун қатор тақиқлар жорий қилинганини эълон қилди.
Мулозимнинг ўз Telegram каналида хабар қилганидек, яқин орада умумовқатланиш, транспорт ва чакана савдо соҳаларига меҳнат мигрантларини ишга қабул қилишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Шапша, «мигрантларга патент бериш сезиларли чекланиши»га ваъда берган. Шунингдек, Россия фуқаролигини олишни истаганларнинг рус тилини билиш даражасини текширишнинг шаффофлигини таъминлашни ташкил этишини билдирган.
Кейинроқ, губернатор «Подъём» нашри билан суҳбатда, мигрантларга иш беришни бутунлай тақиқлаш ҳақида гап бормаётганини айтган. Хорижий ишчилар маҳаллий аҳоли орасида талаб бўлмаган бўш иш ўринларини эгаллашлари мумкин.
«Биз барчасини тақиқлаганимиз йўқ. Биз маҳаллий аҳоли банд қилмаган вакансияларни тўлдиришга етарли бўлгунга қадар квоталарни қисқартирамиз. Барчасини тақиқлаш ва ҳаммани қувиш ҳақида эмас, чеклов ҳақида гап бормоқда. Ўтган йили бизга керагидан ортиқ мигрант келганди. Биз бу жараённи назоратга олишимиз ва тўхтатишимиз керак», — дея изоҳ берган Шапша.