Мақола

768 19/02/2022

Калуга. Карелия. Тюмень. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Уларнинг барчасида хорижий меҳнат мигрантлари маълум бир соҳаларда ишлаши тақиқланган. Умуман олганда, Россияда мигрантлар ишлаши мутлақо тақиқланган соҳалар ва касблар Федерал қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Демак, бугунги кўрсатувимиз мавзуси патентли мигрантлар ишлаши тақиқланган соҳалар ва минтақалар ҳақида бўлади.

Ассалому алайкум. Сиз билан журналист Толиб Раҳматов. Бизни томоша қилиб турган сиз ватандошлардан биргина илтимосимиз бўлади, қуйида “ёқди” тугмачасини босиш орқали бошқалар ҳам томоша қилишларига ҳисса қўшган бўлар эдингиз. Бу бизга ҳам ўзига хос рағбат – “мотивация” беради.

Маълумки, Россия ҳукумати ҳар йили, Федерал қонунчилик меъёрларидан ташқари, мамлакат миқёсида мигрантлар ишлаши тақиқланган соҳалар ва мутахассисликлар рўйхатини янгилаб туради ва қарор қабул қилади. Баъзан маълум бир соҳага ўрнатилган тақиқлар бекор қилиниши, янги соҳаларда тақиқлар жорий қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, Россиянинг ҳар бир минтақаси мигрантлар ишлаши тақиқланган соҳалар бўйича ўз рўйхатини шакллантира олади.

Даставвал, хорижлик меҳнат мигрантлари Федерал миқёсда қайси соҳаларда ишлаши тақиқлангани ҳақида. Федерал қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, чет элликлар қуйидаги касбларда ишлаши мутлақо тақиқланган:

– ҳар қандай даражадаги муниципал хизматчи;

– ҳарбий кема ва давлат хизматининг учувчи қурилмаси экипаж аъзоси;

– тажрибавий ёки фуқаролик ҳаво кемаси экипаж аъзоси;

– РФ давлат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ташкилотлар ва иншоотларда ҳар қандай лавозимда ишлаш.

Россия Вазирлар маҳкамаси, ўз навбатида, 2021 йил 7 октябрдаги қарори билан 2022 йил мигрантлар ишлаши тақиқланган соҳаларнинг янги рўйхатини тасдиқлади. Унга кўра,

– Ностационар иншоотлар ва бозорлардаги савдода;

– Дўконлар, чайлалар ва бозорлардан ташқари савдода;

– Дори воситаларини сотишда мигрантлар ишлай олмайди.

Migrant.mobi патент асосида ишловчи чет эллик меҳнат мигрантлари Россия маъмурий ҳудудларида қайси соҳаларда ишлай олмасликларига доир рўйхатни тақдим этади.

Калуга областида ҳозирча, мигрантлар ишлаши тақиқланган соҳалар белгилаб олинган бўлса-да, қарор қабул қилинганича йўқ.

Област губернатори Владислав Шапшага кўра, умумовқатланиш, транспорт ва савдо соҳаларида меҳнат мигрантлари ишлай олмайди. Хорижий ишчилар маҳаллий аҳоли орасида талаб бўлмаган бўш иш ўринларини эгаллаши мумкин бўлади.

Карелия республикаси2022 йил 1 апрелдан бошлаб қатор соҳа ва касбларда меҳнат мигрантлари ишлашини тақиқлади. Республика раҳбари фармонига келтирилган иловага мувофиқ, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, савдо, ёғоч саноати, хизмат кўрсатиш, кончилик, бандликка кўмаклашиш хизматлари каби 18та соҳада ишлашлари мумкин эмас.

Якутия (Саха республикаси), яъни Ёқутистонда 33та соҳада мигрантлар ишлаши тақиқланган. Республика маъмурияти ҳар йили феврал ойида ушбу рўйхатнинг амал қилиш муддатини узайтириб келади.

Якутия раҳбарининг фармонига мувофиқ, мигрантлар автомобиллар ва мотоцикллар савдосидан бошқа турдаги улгуржи ва чакана савдода ҳам ишлай олмайди.

Бундан ташқари, патентли мигрантлар таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида ишлаши мумкин эмас, Илмий фаолият билан шуғулланиш ҳам тақиқ остида. Шунингдек, йўловчи ва юк ташиш, қишлоқ ва ўрмон хўжаликлари, балиқчилик, чорвачилик, ов, ёғоч саноати ва мебелсозлик, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, кийим-кечак, бино-иншоотларни бузиш, бино-иншоотлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш соҳалари ҳам шулар жумласидан.

Твер областида ўрмон хўжалиги ва ёғочни қайта ишлаш, алкоголли ичимликлар ва спирт ишлаб чиқариш, гидротехник иншоотлар қурилиши, резина ва пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаш тақиқланган. Бундан ташқари, йўловчи ва юк ташиш, автомобиллар ва мотоцикллар савдосидан бошқа барча маҳсулот савдосида ишлаш тақиқланади. Молиявий ўртакашлик (брокерлик), таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари ҳам тақиқланган соҳалар ҳисобланади.

Ханти-Манси автоном округи – Югра губернаторининг 2021 йил 14 декабридаги қарорига кўра, патентли мигрантлар автобус ва йўналишли таксиларда (маршрутка) ҳайдовчи бўлиб ишлай олмайди. Шунингдек, енгил автомобилни ижарага олиб таксичилик қилиш ҳам мумкин эмас. Бундан ташқари, патентли меҳнат муҳожирлари озиқ-овқат ва ичимликлар билан таъминлаш, болалар овқатлари ва парҳез овқатлар ишлаб чиқариш, ихтисослашган дўконларда алкоголли ичимликлар, шу жумладан пиво савдоси, ихтисослашган дўконларда тамаки маҳсулотлари савдосида ишлай олмайди. Ҳа айтганча, аксар минтақаларда бўлгани каби, таълим соҳаси ҳам мигрантлар ишлашига рухсат берилмаган соҳалардан биридир.

Тюмен губернатори имзолаган қарорга кўра, 2022 йил январ ойидан бошлаб, областдаги транспорт компаниялари патентли мигрантларни ишга ёллай олмайди. Бунда қуруқликдаги йўловчи ташиш, шаҳар ва шаҳар атрофида йўловчи ташиш жамоат транспорти, енгил ва юк автомобилларда хизмат кўрсатиш, автомобилларда юк ташиш хизматлари.

Калининград областида ҳам патентли мигрантлар худди шундай тақиқлар мавжуд. Бу ерда 2021 йил 2 октябрдан бошлаб, мигрантлар таксист, автобус ҳайдовчиси, новвой, ўқитувчи ва болалар боғчасида тарбиячи сифатида ишлай олмайди.

Перм ўлкасида патент асосида ишлайдиган мигрантлар ҳам такси ва жамоат транспорти ҳайдовчиси, сотувчи сифатида ишга жойлаша олмайди. Ўлка губернатори Дмитрий Махонин имзолаган фармонга кўра, хорижликларга бериладиган патентда касби қайд этилиши шарт. Бундан ташқари, ўрмон маҳсулотларини тайёрлаш, ёғочни қайта ишлаш ва нефт маҳсулотлари ишлаб чиқиш ҳам тақиқланган соҳалар рўйхатида.

Мари Эл республикасида савдо ва транспорт, Челябинск областида транспорт соҳаси, Новосибирск областида таълим, транспорт, ишлаб чиқариш ва савдо, Кемерово областида таълим, транспорт, ишлаб чиқариш, меҳмонхона бизнеси ва туризм, бандликка кўмаклашиш хизматлари, Сахалин областида транспорт, қурилиш, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва савдо соҳаси, Вологда областида эса, 2022 йилдан эътиборан патентли мигрантларнинг такси ва жамоат транспортида ишлаши тақиқланди.

Яна қайси соҳалар эди-я, ёддан кўтарилган?!

Ҳа, айтганча, Россиянинг қатор минтақаларида фаст-фудда ишлаш мумкин эмас. Меҳнат мигрантлари айрим минтақаларда таржимон, котиб, муҳаррир, кадрлар бўлими мутахассиси, молиячи, бухгалтер бўла олмайди. Фойдали қазилма бойликларни қазиб олиш билан боғлиқ соҳалар, ёғоч маҳсулотлари савдоси, балиқ овлаш, ов ва ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш билан шуғулланиш мумкин эмас.

Шунингдек, бозор киоскалари, овқат тайёрлаб сотиладиган савдо чайлалари, ҳаракатланувчи пештахталарда овқат тайёрлаб, сотиш ҳам мигрантлар ишлаши тақиқланган соҳалардир.

Бугунча мана шулар эди. Россия бепоён юрт ва ишлар кўп. Кўп ўйланманг. Таксичилик бўлмаса, бошқа жойдан ризқингизни топасиз. Муҳими, ўзингизни эҳтиёт қилинг! Бош омон бўлса, дўппи топилади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация