Maqola

1 358 06/04/2022

Ватанга қайтган муҳожирларни иш билан таъминлаш масаласи нима бўлади?

Ҳаммага маълум, Россия Украинага қарши бошлаган «махсус ҳарбий операцияси» ортидан сиёсий, иқтисодий муаммолар ичида қолди. Дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари томонидан қўлланилган санкциялар, ҳаво йўлларини ёпиб қўйилиши, хорижий катта компаниялар ҳамкорлигини тўхтатиб, мамлакат ҳудудидаги филиалларини ёпиши ва Россияни дунё ҳамжамиятидан яккалашга бўлган ҳаракатлар нафақат рус халқи, балки у ердан қўним топган миллионлаб муҳожирлар учун ҳам катта зарба бўлди. Март ойи давомида мигрантлар билан ўтказилган суҳбатларда юзлаб муҳожирларнинг аксарияти ишсиз қолгани учун Ўзбекистонга қайтиш ниятидалигини билдирганди.

Маълумотларга кўра, Россия ҳудудида тўрт миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бор.

  1. Уруш туфайли ишсиз қолган мигрантларнинг ҳаёти нима бўлади?

  2. Давлат уларнинг оммавий тарзда ватанга қайтишига тайёрми?

  3. Ўзбекистон ички меҳнат бозорида уларга етарлича иш ўринлари ярата оладими?

  4. Ҳукуматнинг бу борадаги режалари қандай?

«Дарё» нашри ўз саҳифаларида ушбу саволлар юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари билан ўтказилган суҳбатни тақдим этди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг асосий фаолияти ва вазифалари нималардан иборат?

Ортиқхўжа Норов, ташқи миграция агентлиги матбуот котиби: Агентликнинг асосий фаолияти Ўзбекистон фуқароларини хорижга ишга жалб қилишдан иборат. Фуқароларни танлаш, касбга, тилга ўқитиш, хориждаги иш берувчиларни излаб топиш ва улар билан келишув шартномаларини имзолаш билан шуғулланади.

Шунингдек, меҳнат муҳожирларини хориждаги иш жойларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийин аҳволда қолган, соғлиғи ёмонлашган фуқароларга моддий ёрдам бериш, вақтинчалик хостелларга жойлаштириш, вафот этган фуқароларнинг жасадларини ватанга олиб келиш ҳамда Ўзбекистонга қайтган юртдошларимизни маҳаллий меҳнат бозорига мослаштириш вазифаларини ўз зиммасига олади.

Агентлик бугунгача қанча фуқарони хорижга ишга жўнатишда амалий кўмак берган?

Ортиқхўжа Норов: Икки турдаги меҳнат муҳожирлари бор. Бири агентлик томонидан ташкиллаштирилган ҳолда хорижга ишга юборилади. Бунда барча фуқаролар шартнома орқали, иш ва яшаш жойи, қанча маош олиши, меҳнат шароити аниқ бўлади. Биз буни расмий тилда ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштирилган фуқаролар деймиз. Иккинчиси эса ўзи мустақил ёки қариндош-уруғ, танишлар орқали иш топиб, хорижга кетганлар. Агар улар чегара қонун-қоидаларини, ўша давлатнинг миграция қоидаларини бузмаса, ноқонуний бўлмайди. Фақатгина ташкиллаштирилмаган ишга жойлаштириш бўлади.

Биздаги маълумотлар бўйича 2020 йилда пандемия туфайли 10 мингдан ортиқ фуқарони ташкиллаштирилган манзилли, қонуний равишда ишга жойлаштирган бўлсак, 2021 йилда 109 мингдан кўпроқ, 2022 йилнинг январь—февраль ойларида эса икки мингдан ортиқ фуқарони ишга жўнатишга муваффақ бўлдик.

Агентлик нечта давлат билан ҳамкорлик қилади?

Бобур Валиев, Салоҳиятли иш берувчиларни излаш бошқармаси бош мутахассиси: Ҳозирги кунда ташқи меҳнат миграция агентлиги Жанубий Корея ва Россиянинг ўзи билан чекланиб қолмаган.

Европанинг ривожланган давлатлари, жумладан, Германия, Швейцария, Финляндия, Голландия, Литва, Латвия сингари давлатлар билан 30 дан ортиқ шартномамиз бор. Шунингдек, араб мамлакатлари Кувайт, Уммон билан ҳам ҳамкорлик шартномаларига эгамиз.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксари асосан Россияда ишлашни афзал билиши сир эмас. 2021—2022 йиллар оралиғида агентлик қанча фуқарони Россияга кетишига бош-қош бўлди?

Ортиқхўжа Норов: Чиндан ҳам биз юбораётган фуқароларнинг 50 фоиздан кўпи айнан Россия давлатига юборилади. Рақамлар мисолида айтадиган бўлсак, 2020 йилда 7 800 нафар, 2021 йилда 100 минг нафар атрофида, 2022 йилнинг январь—февраль ойларида эса 1 800 атрофида фуқаро ишга юборилган.

Россия боришга виза талаб қилинмайди, ишлаш учун патент керак, холос. 2021 йилдан Пилот лойиҳасини йўлга қўйганмиз. Ҳужжатни олиш учун тиббий кўрикдан ўтиш, рус тили ва тарихи, қонунчилиги ва ҳоказолар бўйича имтиҳонлар топширилади. Мана шу жараёнларга Россиянинг ўзида 20 кундан бир ойгача вақт кетади. Ушбу жараён ҳозирда Ўзбекистоннинг ўзида қилиняпти. Россия ички ишлар вазирлиги линияси бўйича бармоқ изларини оладиган ускуналар ва бошқа ускуналар олиб келтирилган. Россия соғлиқни сақлаш линияси бўйича тиббий кўрикдан ўтказишнинг барча жараёнлари Тошкентда ўтказилади. Лекин патентни қўлига Россияга борганда 5-7 кунда олади. Мана шу қулайликларни ҳисобига Россияга кетганлар кўпроқ.

2022 йил 24 февралда бошланган Россия ва Украина ўртасидаги можаро ҳалигача юмшамади. Россияга киритилаётган турли санкция, чекловлар истаймизми-йўқми бизнинг ҳам ватандошлар тақдирига таъсир қилмоқда. Буни «Дарё»га йўлланган юздан ортиқ мурожаатлар ҳам тасдиқлайди. Ҳозирги шароитда агентлик ўз фаолиятини аввалгидек давом эттиряптими ёки қандайдир ўзгаришлар бўлмоқдами?

Отабек Абдулғозиев, Салоҳиятли иш берувчиларни ишлаш ва хусуисй бандлик агентликлари билан ўзаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари: Кескин вазият февраль ойида бизга таъсир кўрсатмади. Келишилган лойиҳалар бўйича ишчилар жўнатилади.

Бироқ айни пайтда айрим корхоналар аввалгига нисбатан ишчиларга талабини камайтирган. Бу табиий ҳол. Сусайиш бор, аммо бу ишлар бутунлай тўхтатилди дегани эмас.

Ўтган йили Пилот лойиҳаси доирасида 10 минг нафар одамни қурилиш соҳасига юбориш режаси бўйича ишлаган бўлсак, ҳозир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш йўналиши бўйича мавсумий ва йиллик ишларга таклифлар келиб тушмоқда. Агар қурилишда таклиф камаяётган бўлса, ишлаб чиқаришда ишлар сони кўпаймоқда.

Умумий тенденцияни оладиган бўлсак, маоши қурилишга нисбатан камроқ мавсумий иш бўлса ҳам юбориляпти.

Агросаноат корхонларидан талабномаларни оляпмиз. 1 148 та бўш иш ўринлари бўйича 13 ташкилот ўз истагини билдирган. Бугунги кунда улар билан келишув имзолаш арафасидамиз.

Ўрганишларга кўра, аксарият юртдошларимиз ватанга қайтиш ниятида. Аммо турли сабаблар (авиачипта нархи кескин ошиши, рубль қадрсизланиши, даромаддаги кескин пасайиш ва ҳоказолар) улар олдига турли тўсиқларни қўймоқда. Агентликка бу борада қанча мигрант боғланди ва бу масалада қандай ёрдам беряпсизлар?

Баҳром Абдувалиев, хориждан қайтганларни меҳнат ва касбга реинтеграция қилиш бошқармаси бошлиғи: Агентлик томонидан хориждаги меҳнат мигрантларимиз ўртасида кенг қамровли сўровнома ўтказяпмиз. Ҳозир ҳам ушбу сўровнома амалда.

Ҳозирда 14 мингга яқин фуқаро овоз берган. Уларнинг 15 фоизи Ўзбекистонга қайтишга қарор қабул қилган. 26 фоизи ўйлаяпти, яъни жараён агар кескинлашса қайтмоқчи. 24 фоизи қайтиш истагини билдирмаган. Агар иш жойини йўқоца ёки бошқа сабаблар туғилса қайтишни ўйлаб кўришини билдирган. 35 фоиз мигрантнинг фаолиятига эса вазият умуман таъсир қилмаган. Контракти тугагунича ишини давом эттиришини маълум қилган.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya