Maqola

915 19/12/2021

Учинчи чоракда жисмоний шахсларнинг Россия Федерациясидан МДҲ мамлакатларига тўлов тизимлари орқали валюта ўтказмалари бўйича олти йиллик рекорд ўрнатилди, дея хабар қилмоқда Коммерсантъ. Бу рўйхатда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчилик қилиб, иккинчи чоракга нисбатан ўтказмалар ҳажми 22 фоиздан 35 фоизга ошган. Мутахассисларнинг фикрича, бу, биринчи навбатда, ёз ойларида қурилиш ишларининг кучайиши ва мигрантлар томонидан қопланиб турган ишчи кучи етишмаслиги билан боғлиқ бўлган.

Россия Банкининг маълумотларига кўра, июл-сентябр ойларида Россиядан МДҲ мамлакатларига тўлов тизимлари орқали трансчегаравий ўтказмалар 2,29 миллиард долларга етган. Бу сўнгги олти йилдаги рекорд кўрсаткич бўлиб, маблағлар ҳажми фақат 2015 йил иккинчи чорагидагина шу каби катта рақам бўлган, яъни – 2,31 миллиард доллар. Ўша пайтда ҳам Россия Федерациясидан пул маблағлари жўнатиш бўйича Ўзбекистон 1,01 миллиард доллар (ўсиш 34,9 фоиз) билан етакчилик қилган. Пул ўтказмалари бўйича қолган мамлакатларда: Тожикистондан – 0,53 миллиард доллар (25,5 фоиз) ва Қирғизистондан – 0,43 миллиард доллар (21,7 фоиз)ни ташкил этган.

Ўсиш сабабларидан бири МДҲ давлатларидан мигрантлар оқимининг кўпайиши бўлиб, биринчи навбатда, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги ва бошқа тармоқларда ишчи кучи тақчиллигини тўлдириш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистондан ишчи кучининг уюшган ҳолда импорт қилиниши ҳисобига бўлганлиги айтилмоқда.

Меҳнат вазирлиги август ойида Россия Федерациясининг 40 та регионида ишлаш учун 50 мингга яқин ходимнинг кириши учун аризалар берилганлигини хабар қилган эди. 2021 йилнинг январ-сентябр ойларида 9,2 миллион киши рўйхатга олинган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бу даврда ўтган йилга нисбатан икки баравар кўп – яъни, 1,6 миллион патент берилган. Улардан 542 мингтаси Тожикистон фуқароларига, 976 мингтаси Ўзбекистон фуқароларига берилган.

Россиядаги турли молиявий ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари бунинг турлича сабабларини таҳлил қилиб кўрсатишмқода.

Шундай мутахассислардан бирининг таъкидлашича, тўртинчи чоракда турли йўналишли омиллар муҳожирлар ўтказмалари ҳажмига таъсир қилиши мумкин экан. Жумладан, бир томондан, қурилиш соҳасида фаолликнинг пасайиши, иккинчи томондан, савдо операцияларининг ўсиши ва шунга мос равишда, байрам олди савдолари доирасида етказиб бериш хизматлари фаолият таъсир кўрсатиши мумкин экан.

Мулоҳаза

Меҳнат мигрантларининг Ўзбекистон иқтисодига қўшаётган ҳиссаси бугун очиқ далиллар билан эътироф этилар экан, тенг равишда уларнинг хуқуқ ва манфаатлари амалда ҳимоя қилиниши адолатдан бўлар эди.

Бироқ, бу борадаги масалага ҳали ҳам давлат ва жамоатчилик томонидан етарли даражада эътибор қаратилмоқда деб бўлмайди. Хусусан, Россиядаги мигрантларга хизмат кўрсатиш борасида Ўзбекистон элчихонси ва консуллик бюроларидаги мавжуд муаммолар ҳалигача ечимини топмаган. Паспортини йўқотиб қўйган ёки янгилаш учун консулликка сертификат олиш учун мурожаат қилганларга давлат божи тўловлари миқдори адолатсиз ўрнатилганлиги бунга биргина мисол бўлиши мумкин.

Агар бошқа мамлакатлар, масалан ўша Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатлар консуллик божлари билан солиштирилганда Ўзбекистон консуллик божлар бир неча баробарга юқори бўлиб қолмоқда.

Аммо пул ўтказамалари бўйича энг кўп улуш ўзбекистонлик мигрантлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya