Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича Президент кенгаши маъмурий ва миграцион амнистия ғояларини амалга оширишга имкон берувчи РФ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва бошқа қонунларга ўзгартишлар киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқмоқда, дея маълум қилди кенгаш раҳбари Михаил Федотов.
Унинг айтишича, айни пайтда аввалроқ ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан таклиф қилинган Россияда маъмурий ва миграцион амнистия ўтказиш тўғрисидаги ғоя ишлаб чиқиш босқичида.
“Кенгаш – консультатив орган ва шунинг учун биз фақатгина лойиҳани тақдим этиш, уни оммага эълон қилиш имкониятига эгамиз холос, қолгани эса парламентарийлар иши. Бироқ ҳозирдан маълумки, ушбу ғояларни амалга ошириш РФ МЖТК ва қатор бошқа қонунларга ўзгартишлар киритишни талаб қилмоқда. Бундай ўзгартишлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Президент кенгашида тайёрланмоқда”, – деди Федотов РИА Новостига берган интервьюсида.
Россия ҳукумати томонидан миграцион амнистия эълон қилинса, Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган ёки кичик ҳуқуқбузарликларни содир этган чет эл фуқароларининг ҳаракатлари кечирилиб, улар фаолияти қонунийлаштирилиши мумкин.