777 11/05/2023

Корея Республикасига ишга кетиш истагидаги фуқароларнинг Ташқи меҳнат миграция агентлигида ноҳақликлар ҳақида Кун.уз нашрида мурожаат эълон қилинган эди. Унда агентлик ходимларининг қаллобликлари, Корея Республикасига ишга кетишда бўлаётган “ўйин”лар, бировларнинг ўрнига бошқалар имтиҳонга кираётгани, аъло баҳога топширган номзодларнинг рўйхатлардан қолдириб кетилаётгани ёзилган.

Адолатсизликдан азият чеккан бир гуруҳ фуқаролар 2023 йил 4 май куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга мурожаат келиб тушган. Агентлик бунга жавобан ўз телеграм каналида баёнот берди.

“Мурожаатда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкиллаштирилган тарзда Корея Республикасида ишлаши учун ўтказиладиган тест имтиҳонларида Агентлик масъул ходимлари томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилаётгани баён этилган.

Мазкур мурожаатни амалдаги қонунчиликка мувофиқ батафсил ўрганиш мақсадида, жорий йилнинг 5 май куни хизмат текшируви тайинланиб, мурожаатда кўрсатилган ҳар бир ҳолат чуқур ўрганилиши бошланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Кун.уз нашрида эълон қилинган видеолавҳада тест имтиҳонига бошқа номзодлар ўрнига киргани баён этилган 2 нафар фуқаро ҳақиқатда тест имтиҳонларига киришга уринган.

Бироқ, ушбу ҳолатлар аниқланиб, улар Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати талабларига мувофиқ имтиҳондан четлаштирилган ва баённома расмийлаштирилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этилган. Бу ҳақда Агентлик расмий ахборот каналларида хабар берилган.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилда имтиҳон бошланган буён EPS-Тоpiс имтиҳони тартибларига риоя қилмаган 100 нафарга яқин номзод тестдан четлаштирилган.

Ҳозирги вақтда мурожаат бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда ва ўрганиш якуни юзасидан қўшимча маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу давлатга ишга кетиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳонларнинг барча босқичлари Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати вакиллари томонидан амалга оширилади ва бу жараёнларда Агентлик вакиллари иштирок этмайди”, дейилади агентлик баёнотида.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация