Мақола

754 18/04/2023

Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси соҳасидаги “ташкиллаштирилган” коррупцион ўргимчактўр аломатлари ҳақида гапирган эдик. Бу орада Миграция агентлиги раҳбари жиноят иши бўйича қўлга олинганининг хабари ҳам чиқди. Бу вазиятда савол гавдаланади: пешона тери билан оила боқиш ниятида чет элга бормоқчи бўлган оддий одамларимизга бунинг шароитини жамият ўлароқ қилиб беролмаймизми?.. Ҳозирча қилиб беролмадик.

Қуйида ўқувчиларимиздан келган мактублардан бири. Ушбу мактубдан келиб чиққан ҳолда, суриштирув ўтказдик.

“Менинг икки жияним бор. Иккаласи ҳам Жанубий Кореяга ишга бориш учун ўтказилган имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган. Бири 2022 йилда, иккинчиси 2023 йилда ишга кетди. Аммо Миграция агентлиги деган такшилотга тўлаган пул миқдори бизда савол туғдиряпти. Бир жияним тўлаган пуллар: авиачипта учун 13,5 млн сўм, виза учун 70 доллар, ўқиш учун 3 млн сўм, тиббий кўрик учун 450 минг сўм, “Изза Плаза” меҳмонхонаси ҳамда форма учун пул олишган. Ундан ташқари, “миграция хизмати” учун деб яна 12 млн сўм алоҳида пул олишган.

Иккинчи жияним 2023 йилда Жанубий Кореяга учиб кетишида авиачиптага 5,5 млн сўм, ўқиш учун 3 млн сўм, “Изза Плаза” меҳмонхонасига 1,6 млн сўм, тиббий кўрикка 550 минг сўм ҳамда “миграция хизмати” учун 12 млн сўм пул йиғиб олишган. Бу пулларни биздан қандай тартиб бўйича олишди? Шуни маълум қилишларини истардик. Зеро, нотўғри олишган бўлса, биздан кейинги одамлар алданиб қолмасин”.

Суриштирувимиз натижасида Ўзбекистон–Корея ўртасидаги келишувга асосан ишчилар тўлаши лозим бўлган тўловлар жадвали аниқланди (маълумотни Ж.Корея томонидан олдик):

Бу жадвалда Ўзбекистондан Жанубий Кореяга меҳнат миграцияси доирасида ҳар бир ишга борувчидан олинадиган сумма ва ушбу сумма қайси мақсадлар учун олиниши кўрсатилган. Кўриниб турибдики, жами сумма – 859 доллар. Унинг ичига имтиҳондан ўтиш, тиббий кўрик, виза тўлови, мослаштириш ўқиши, авиачипта ва бошқа харажатлар киритилган.

EPS.go.kr сайтида (Жанубий Кореянинг бандликка ёллаш xизмати томонидан бошқариладиган сайт) ҳар бир ишчининг шахсий кабинетида қуйидагича эълон қўйилган:

Яъни: “Расмий харажатлар (масалан паспорт, виза, авиачипта нархи, ишга ўқитиш хизмати)дан бошқа ҳеч қандай тўлов талаб қилинмайди”.

Амалда қандай?

Ташқи миграция агентлиги ҳар бир ўзбекистонлик эгнига юклаётган тўловлар:

  • 12 млн сўм – “миграция хизмати”;
  • 3 млн сўм – кўниктириш ва мослаштириш учун ўқиш (6-7 кун);
  • 1,5 млн сўм – Izza Palace Hotel’да туриш учун;
  • 5,5 млн сўм – авиачипта учун;
  • 550-600 минг сўм – тиббий кўрик;
  • 70 доллар – виза учун тўлов;
  • баъзан униформа ва аэропортга чиқиш учун автобус хизмат ҳақи талаб қилинади.

Фараз қилиб, биз олган жадвалдаги суммаларни икки давлат ўртасида тузилган келишувга илова ўлароқ тавсиявий руҳдаги рақамлар деб олайлик ҳам. Аммо бу ҳолда ҳам бирталай саволлар ўртага чиқади, марказий савол эса – ўзбекистонликлардан… ўзбек ташкилоти нега, нима учун бунча пул олмоқда? Саволга жавобни тегишли юқори ташкилотлардан кутиб қоламиз.

Миграция агентлигига саволлар билан мурожаат этгандан икки кун ўтиб, агентлик ўз “сиёсатини” ўзгартира бошлади: агентлик ишчиларни Izza Palace Hotel’дан мана бундай шароитли жойга жойлаштиряпти. “Зато текин”… Аслида 120 нафар ишчидан 3 млн сўмдан олинган (120 х 3млн = 360 млн).

102 та “далтоник” ёхуд деновлик Музаффар ким?

— Дўстларимиз билан 2022 йил Кореяга ишга кетиш бўйича имтиҳонга кириш учун рўйхатдан ўтдик. Имтиҳон кунларимиз ҳам аниқ бўлди (2 та имтиҳон бўлади). EPS топик имтиҳонларидан ўтдик (жами 2224 нафар бола ўтган). Кейин иккинчи имтиҳонга кириш кунларимиз эълон қилинди. Унда фақат кўзимизни, яъни ранг ажратиш (далтонизм) бўйича текширишди. Мен ҳамма рангларни тўғри топдим.

Жавоб чиқишини интиқлик билан кутдик. Жавоблар чиқишидан бир ҳафтача олдин ўзимизнинг шахсий кабинетимизда мана бунақа ёзув пайдо бўлди:

Таржима қилсак, “кўзингизда муаммо бор, шунинг учун четлаштириласиз” деган маъно чиқди. Ўқув марказига борсам, ҳаммада шу ҳолат. Фақат бир инсонда бунақа ёзув йўқ. У жарқўрғонлик бола эди, биз эса ҳаммамиз Сурхондарёнинг Деновиданмиз.

Барча шунақа ёзуви борларни йиғдим ва Telegram’да гуруҳ очдим. Уларнинг сони 102 нафар, ҳаммаси деновлик.

Айнан Деновга “атака” бўлганми десам, йўқ – бошқа деновлик болалар ҳам бор эди, уларда унақа ёзув йўқ. Ёзуви йўқ йигитдан секин: “Қаерда ўқигансан, “танканг” бормиди?” дея сўрадим. “Ҳа, Музаффар исмли шахсга 12 минг доллар берганман, сизлар у билан гаплашиб, пулини бермаганингиз учун шунақа ёзув бор”, деди.

Жим юриб жавоблар чиқишини кутдик. Бир ҳафтадан кейин Labor migration сайтида имтиҳондан ўтганлар рўйхати эълон қилинди. Унда биз – 102 бола йўқ.

Биз “далтоник” эканмиз – ранг ажрата олмас эканмиз.

102 боланинг барчаси “мен рангларнинг ҳаммасини топгандим” деди. Шулар қаторида мен ҳам ҳаммасини топганман. Агентликка телефон қилсак, “бу рўйхатни бизга Корея беради, биз билмаймиз” деди.

Ўша куннинг ўзида барчамиз Тошкентга қараб йўлга чиқдик.

Биринчи навбатда EPS марказига бордик. Бошлиғи корейс экан. Ичимиздан бир киши таржимон билан кирди. Сизлар ҳаммангиз “чёрний списка”дасиз, Ўзбекистон Миграция агентлиги шунақа хулоса берган, EPS топик имтиҳонидан ўтолмагансизлар, дебди.

Агентликка бордик (бу воқеалар 2022 йил сентябр ойларида бўляпти). Агентликдаги масъуллар “биз ҳеч нарсани билмаймиз” деб турволди.

Шу тариқа, 102 деновликнинг барчаси “ранг ажрата олмайдиган” бўлиб чиқдик. Меҳнат вазирлигига бориб, биз “далтоник” эмаслигимизни тушунтирдик. Бир ҳафтадан кейин келишимизни тайинлашди. Сурхондарёга қайтдик. Алданганимизни англаб, 20 нафар бола яна Тошкентга бордик. 20 сентябр куни соат 20:00 ларда Корея томонининг сайтида маълумот пайдо бўлди. Унда қайд этилишича, биз имтиҳондан ўтолмаган эканмиз.

Ҳаммамиз тушкунликка тушдик, чунки 5 йиллаб корейс тилини ўрганган эдик. Эртаси куни 102 бола, ота-оналар вазирлик олдида йиғилдик. Вазир ўринбосарими, кимдир чиқиб, агентликка боринглар, ўша ерда ҳал қиламиз, деди. Биз бу таклифни рад қилдик, норозилигимизни билдирдик. “Далтоник” эмаслигимиз боис исботини талаб қилдик.

Кейин Корея сайтидаги ёзув ўзгариб қолди – шахсий кабинетимиздаги “дефект” деган сўз йўқолган эди.

20 сентябр. Бизни – йиғилиб турганларни автобусда агентликка олиб боришди. Агентлик раҳбари ва вазирлик ходими келиб биздан вазиятни сўради, “миллион марта” айтганимизни такрорладик. Нега сайтдаги ёзув ўзгарди деб сўрасак, “сизларга ишларинг ҳал бўлиши керакми ёки ким қилгани керакми” деди. Униси ҳам, буниси ҳам керак дедик. Кейин EPS маркази раҳбари, агентлик раҳбарлари ва вазирлик ходими бир хонага кириб, маслаҳатлашишди. Бир соатдан кейин чиқиб: “Сизлар ростдан “чёрний списка”да экансизлар, техник носозлик бўлибди. 15 кунда ишларингизни ҳал қилиб берамиз”, дейишди.

Биз кетмаймиз дедик. Вазирлик бизга бу ишни қилганларни топишга ваъда берди. Уйимизга қайтдик. Орадан 20 кунлар ўтгандан кейин шахсий кабинетимизда ўзгариш бўлди, бизга телефон қилишди. Ҳаммаси жойига тушди.

Лекин бир нарса сўроқ остида қолди – бу ишларни ким қилди? Биз бирлашмаганимизда, қолиб кетаверардик. Биз бирлашиб ҳуқуқимизни тикладик, лекин бошқаларнинг ҳуқуқлари-чи? Мана, авиачипталарни 13 млн сўмдан сотишаётган эди мигрантларга, энди 5 млн 200 минг бўлди. Ортиқча ундириб келинган пулларни ким қайтаради?

Бир ҳафталик ўқиш деган нарсаси бор, 3 млн сўм олишади. Бу ўқиш шунчаки “борди-келди”. Йигитлар ҳуқуқларини талаб қилиш ортидан Кореяга кетолмай қолишдан қўрқишади.

25 минг доллар ишлаб бериш шарти билан кетганлар

— Миграция агентлигининг турган-битгани коррупцияга айланди. Айниқса, карантин вақтида “соққа” олиб Кореяга учиришди мигрантларни. Самолёт чиптасини бир томонга 12,5 миллион сўмдан сотишди. Ҳозир ҳам мен билан бирга Кореяга келганлар бор: ишлаб тўлаш шарти билан 20 минг, 25 минг долларга гаплашиб келишган.

Ўзимни бошимдан ўтган харажатларни санаб ўтсам. Агентликнинг ҳақи – 12 млн сўм, бир ҳафталик ўқиш учун 3 млн сўм, меҳмонхонада туриш 1,5 млн сўм, тиббий кўрикдан ўтиш 350 минг сўм, ўпкани рентген қилиш 50 минг сўм, авиачипта 12,5 млн сўм, ҳужжатларни шунчаки элчихонага топшириш учун қабул қилиш нархи – 100 минг сўм. Бир тийинга қиммат форма учун тўланадиган пул ҳам бор – арзон материалдан тикилган кийим, фақат ишчиларни аэропортда таниб олиш учун, кейин ҳеч ким киймайди.

Медкўрикдан ўтишда Бобур исмли “соққакаш” 300-1000 доллар олди. Визага тўлов – 70 доллар. Карантин пайти вакцина сертификатини 100 доллардан пуллашди.

Е7 визаси бўйича 2 минг одам келиши керак эди, лекин натижасини ҳеч ким билмади. 200 баллдан 180 олганлар қолиб, 2018 йил “соққа” берганлар келяпти.

Корейс иш берувчилари нега ўзбекни кам танлайди? Чунки шунча “соққа” бериб келгандан кейин, 1,5 минг доллар ойлик олиш қопламайди. Бошқа иш излайди. Пул билан ўтганларда тил билиши даражаси нол, ҳарф танимайдиганлар келяпти.

“Қонингда холестерин кўп, даволаниб келасан” дейди. Холестеринни эса бир ҳафтада тушириб бўлмайди. Хўш, самолётдан қолиб кетмаслик учун нима қилиш керак? “Йўли” бор – 300 доллардан 1000 долларгача…

Буларнинг ҳаммасини хаспўшлаш учун “Кореяга имтиҳондан ўтиш Кореяга боришни кафолатламайди” деб эълон беришади. Кореяга имтиҳонга кириш учун 28 доллардан олинди, 25 минг одам топширди. Лекин бор йўғи 2 минг, нари борса 3 минг одамни “ўтди” қилишади.

Тил билмас мигрантлар…

— Мен 3 йилдан буён Кореяга кетиш учун ҳаракат қиламан. Тизим коррупцияга ботган. Менинг маҳалламдан 6 киши Кореяга кетган. Ўзим таниган-билган инсонларим. Корейс тилини умуман билишмайди, лекин ҳозир Кореяда. Менда катта миқдорда пул бўлмагани сабаб кета олмаяпман.

Медкўрикдан ўтиш “йўли”

 2018 йил имтиҳондан ўтганман, ҳалигача кетолмадим. Агентликдан сўрасак: “Бизнинг қўлимизда эмас, Корея ҳал қилади”, дейди. Аммо 2022 ноябрда имтиҳондан ўтганлар ҳам кетмоқда. Миграция ҳал қилмас экан, аммо “миграция хизмати учун” 12 млн сўм пул олар экан. Шартнома чиқиб қолса, бир ҳафталик ўқишга чақиради, “Изза Плаза” деган меҳмонхонада кунига 250 минг сўм тўлаб туришга мажбурлайди, кейин ўқиш учун 3 млн сўм пул олишади, бироқ бир соат ҳам ўқитмайди. Тиббий кўрикдан ўтказади, 100 нафар боладан ярми ўтолмайди. Кейин 300-400 доллар пул бериб “тўғрилашади”. Шартномаси ва визаси келган болаларни ҳам Кореяга тез-тез жўнатмай, ушлаб туришади, натижада Кореядаги виза жўнатган компания “кеч қолди” деб “отказ” берворяпти. Шахсан ўзимда шунақа холат бўлган.

Ҳаммасининг “чораси” бор

— Кореяга визамиз чиққан, тиббий кўриклардан ўтганмиз, лекин 4 та рейс учди, бирортасига қўйишмаяпти бизни. Миграцияга телефон қилсак, Кореядаги корхонага боғлиқ деб айтишди. Лекин корхона билан гаплашиб кўрсак, Кореяга учириш рўйхатини сизларнинг агентлик ташкил қилади, дейишди. Бир танишимда ҳам шундай ҳолат бўлганди, агентликка бориб “тўғрилади”. Қандай деб сўрасам, пулга гаплашдим деб айтди.

12 млн + 3 млн + 1,5 млн

— 2022 йил апрел ойида Кореяда ишлашни мақсад қилганлар рўйхатидан ўтиш учун 25 доллар тўловни амалга оширдим. Рўйхатга олинганлар сони 16 мингдан зиёд эди. Имтиҳон июн ва июл ойларида ўтказилди. Ўз кўзим билан имтиҳон жараёнларини кўрдим, ўзим 95 балл билан имтиҳондан ўтдим. Имтиҳон пайти кузатувчиликни Миграция агентлиги ва Кореядан келган мутахассислар олиб боришди. Аммо ўша ернинг ўзида ҳам бировнинг ўрнига бошқа шахс имтиҳонга кираётганини кўрдим. Агар бировнинг ўрнига кирадиган шахс миграция ходимларига тегишли бўлса, бунга кўз юмишарди, кўчадан келган, улар билан келишмаган ҳолда шу ишни қилса, ушлаб протокол тузишади.

Ҳар бир босқич икки ойдан тўрт ойгача вақт олган. Мисол тариқасида қўшни Қирғизистонда имтиҳон топшириб, бир ой ичида Кореяга кириб борганларни кўрдим.

“Загранпаспорт”ни сканерлаш учун Тошкентга келиш керак. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳар бир вилоятда филиали борлигини инобатга олсак, икки мингдан зиёд одамни Тошкентга чақириши – жуда тушунарсиз ҳолат.

Агентлик ходимлари меҳнат этикасига амал қилмайди. Хоҳлаган одамини сенсирайди.

Босқичлардан ўтган фуқаролар агентликка 12 млн сўм, ўқитиш ва кўниктириш учун 3 млн сўмни кассага тўлайди (кассада пластик билан тўлов қилиш имкони йўқ).

Энди бир ҳафталик ўқитиш ва кўниктириш босқичига келсак. Пойтахтнинг Изза мавзесида жойлашган Izza Plaza меҳмонхонасида мажбурий ётиб ўқитилади. Гарчи агентлик Telegram-каналида меҳмонхона мажбурийлиги ҳақида ҳеч бир сўз бўлмаса ҳам. Меҳмонхона тўлови – 1,5 млн сўм. Биз борган вақтда йигирмага яқин киши меҳмонхонада туришдан бош тортди – Тошкент шаҳри ва вилоятида уйи борлар. Ҳар ҳафтада 120 нафар одамдан мажбурий ундириладиган йиғим ойида катта сумма бўлади-да. Юқори турувчи ташкилотга ариза ёзаман деганимдан сўнг тилхат ёзиб уйимдан қатнашга рухсат беришди.

Ҳозирча шунақа гаплар. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг эски раҳбари қамалгани, ўрнига эса янги раҳбар тайинлангани ва куни кеча тизимнинг энг тепасида турган амалдорнинг ҳам лавозимидан олингани соҳада жиддий ўзгаришлар бўлишига умид беради. Биз эса ичкарида нималар бўлган ва бўлаётганини ёзишда давом этамиз.

Шокир Шарипов

Кун.уз мухбири

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация