4 233 15/03/2016

 “Қийинчилик бўлмаганида шу даражага етмасдим”, – дейди “Учқудуқ” гуруҳининг раҳбари Зиёд ЭШОНХЎЖАЕВ. Бундан 15 йил муқаддам шарқ йўналишидаги гуруҳ ташкил этган истеъдодли санъаткорларга  устози – Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров оқ йўл тилади ва бугунги кунда шогирдларини фахр билан “Менинг издошларим” демоқда. 

uchquduq

“Учқудуқ” гуруҳи нафақат устозлари, балки бутун Шарқ маданияти ва санъатининг муносиб давомчиларидир. Гуруҳ билан танишувимиз уларнинг пойтахтдаги мўъжазгина студиясида бўлиб ўтди.

–Зиёд ака, суҳбатимизни Москвага келиб қолишингиз тарихидан бошласак?

– 1990 йилларда Ўзбекистонда шарқона куй-қўшиқларимиз билан танилган пайтимизда бизни Москвага таклиф қила бошлашди. Бу ерда шарқ кечалари, “Шарқ тароналари”га ўхшаш катта фестиваллар ўтказиларди. Бизлар шарқона қўшиқларимизни рус тилида куйлаб, иштирок эта бошладик.Россиялик санъаткорлар билан ижодий муносабатларимиз шу даражага етди-ки, баъзида ҳар ҳафта Москвага қатнашга тўғри келди. Келиб-кетиш, молиявий қийинчиликлар, яна йўл азоби бор… Кейин бизга шу ерда ижод қилишимиз учун таклиф тушди ва шарқона қўшиқларни оммага тарғиб қилиш имкониятини яратиб беришди. Шу тариқа Москвада ижодни бошлаб юбордик.
Гуруҳимиз аъзолари Сергей Середа – уни Тошкентда ҳам яхши танишади, продюссерлик марказимизнинг раҳбари, Сергей Воробьёв – нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам таниқли бастакор. Бу ерда шарқ мусиқасини, маданиятини яхши билишмагани учун Тошкентлик ҳамкасбларимизни таклиф қилдик. 15 йилдирки, бой маданиятимизни кенг тарғиб этиш билан шуғулланаяпмиз.

–“Учқудуқ”  – “Ялла”нинг машҳур қўшиғи. Уни гуруҳ номи қилиб танлаш кимнинг таклифи?

–7 ёшимдан Фаррух Зокировнинг ёнларида ўсдим, таълим олдим. Гуруҳимизнинг номи “Учқудуқ” бўлишига улар сабабчи.Устоз бизга оқ фотиҳаларини бердилар, биз уларнинг издошларимиз.Ҳозир студиямизда деярли барча шарқона мусиқа асбоблари бор, сетордан тортиб танбур, тор, рубоб, доира, ноғора, карнай, сурнайгача… Қайси давлатга борсак, у ердан миллий асбобларини олиб келамиз. Мендан танбур ҳақида сўрашди, инсонни йиғлатиб юборадиган овоз қандай чиқади, дейишди ҳайрат билан.

1996 йил Америкада бўлганимда бир киши “мен танбурни сизлардек чалиб, хиргойи қилишим мумкинми?”, деб сўради. Мен “Агар ошиқлигим айтсам…”ни хиргойи қилиб, буни куйлаш учун дард бўлиши керак, дедим. Дард нима?, деди. Буни ҳис қилиш учун Тошкентга бориб қайтадантуғилишинг керак, дедим. Юртимизни об-ҳавосидан,қуёшидан баҳра олиш, Олой бозорига бориб ёпган нонини қаймоғу асал билан “Анҳор” бўйида ўтириб ейиш керак. Ана ўшанда бу туйғу ичингга киради…

Баъзан “сизлар   ҳиндларни сеторини ёки гитарада испанларни фламенкосини чаласизлар, улардан ҳеч қолишмайди”, дейишади. Бу устозлардан олган таълимимиз натижаси, қолаверса, миллийлик бизнинг қонимизда бор, Нафақат ўзбеклар, балки Ўзбекистонда туғилиб ўсган бошқа миллат вакилларига ҳам бу туйғулар яхши таниш. Мана, масалан, Сергей.

Бастакор Сергей Воробьёвни суҳбатга тортдик.

– Шарқона мусиқаларни қандай қилиб ёзасиз?

– Мен Ўзбекистонда туғилиб ўсдим ва жуда кўп йиллар турли жамоалар билан бирга ишладим.  Арман, озарбайжон, араб, турк, ва албатта, ўзбек замонавий ва мумтоз куйларини ижро этдик. Табиийки, вақт мобайнида буларнинг ҳаммаси онгимизга сингади. Бу ўз навбатида қалбимизда тўпланиб, шарқ мусиқалари борасида катта тажрибани ҳосил қилади. Янги мусиқаларни яратишда  барча миллий чолғу асбобларидан фойдаланишга ва шарқ йўналишларида ижод қилишга ҳаракат қиламан.

– Сергей Середа, Москвада шарқ анъаналарини давом эттираяпсиз, бу сизга қайсидир маънода ёрдам берадими?

– Шарқ мусиқалари бизни бутун ҳаётимиз. 1990 йилларда ушбу студияни ташкил этиб, ўрта осиёлик санъаткорлар учун мусиқалар ёза бошладик. Мен овоз режиссёри эдим. Шерали Жўраев, Ғуломжон Ёқубов, Фарруз Зокиров, Насиба Абдуллаева, Юлдуз Усмонова каби истеъдодлар  билан бирга ишлаганда, энг яхши томонларини олмасликнинг иложи йўқ.  Улар студияга келиб куйлаганда санъатларининг бутун гўзаллигини, маҳоратининг жами қирраларини кўрсатишади, туйғуларини  микрофонга муҳрлайди.Эндиликда 25 йил мобайнида тўпланган бу тажрибани бу ерда халққа етказишга ҳаракат қилаяпмиз.

– Зиёд ака, Арман ТВдаги чиқишларингизни кўрдим,  қизиқарли. Арман тилини биласизми?

– Нафақат арман, форс, турк, бир неча тилларни биламиз. Гуруҳимиздагиларнинг ҳар бири 3-4 тилни билишади. Тошкент кўпмиллатли шаҳар, турли миллатлар орасида яшаб ўрганиб кетганмиз. Ҳар куни гаплашгандан кейин қулоғингизга кириб қолади.Арман ТВ си бир неча кўрсатувларига таклиф қилишди, қатнашдик. Арманча гапирганимизда ҳайрон қолишди. Тил билиш ўша миллат маданиятини керагидан ҳам ортиқроқ билишга хизмат қилади. Бир тилда қўшиқни шунчаки айтиш бор, аммо тилни билиб айтгач, қўшиқни бошқача ҳис қиласиз.

Европага борганимизда рус, ўзбек тилларида куйладик. Охирида испан тилида “Рахмат,  кўришгунча!” деб испанча қўшиқ айтгандик, томошабинлар бирдан  тўлқинланиб кетди. Италия, Греция, Францияда ҳам шундай бўлди.

–    Неча тилда қўшиқларингиз бор?

– Эҳ-ҳе… Масалан, эртага шу давлатга борасизлар, дейишса, ўша миллат тилидаги қўшиқни ўрганамиз. Бу борган жойимизга нисбатан хурмат. Француз, немис, испан, турк, форс, кўп тилларда куйладик. Шу билан бирга албатта, ўзбек тилида ҳам куйлаймиз, маза қилиб эшитишади. Мухлислар саҳнададаги ижрочининг туйғуларини мусиқа орқали қабул қилади. Қўшиқни тушуниш учун тил билиш шарт эмас. Ўзбеклар ҳинд тилини биладими? Лекин қўшиқларини ҳиргойи қилиб юришади. Демак, мусиқанинг миллати бўлмайди. Ҳар гал концертларда қўшиқларимизни кўзлари ёниб тинглаётган мухлисларни кўрганда, бу ҳақиқатга яна бир карра тан берамиз.

– Ўзбекистонлик бир неча санъаткорлар рус эстрадасига кириб келди, мухлислар орттирди, аммо унда мустаҳкам қола олмаяпти. Сабаби нимада деб ўйлайсиз?

–Инсон нимагадир таяниши учун мустаҳкам пойдевор бўлиши керак. Бусиз 1-2 та ашула билан узоққа бориб бўлмайди. Пойдевор эса бир-икки кунда булмайди, унга бутун умр кетади. Ҳаётни санъатга бағишлаш керак. Шерали ака, Ғулом ака, Юлдузхонларга бир қаранг, улар катта мактабни ўташган, улкан ҳаётий тажриба эга. Улар битта ашула билан чиқмаган, бутун умрини санъатга бахшида этган. Мен 7 ёшимдан бери Фаррух акани ёнида юрганман.

–    Хорижга “Учқудуқ” гуруҳи Россиянинг вакили сифатида борадими?

– Бунинг аҳамияти йўқ. Қаерга борсак ҳам, бизни шарқона гуруҳ деб қабул қилишади. Америкада“Осиёнинг энг яхши гуруҳи”  номинациясини олганмиз. Бизни концертларга, гастролларга шарқмаданияти ва санъатининг давомчилари сифатидачақиришади. Биз бундан фахрланамиз.

–    Ватан билан боғлиқ хотираларингиз…

–    Ўзбекистонга тез тез бориб турамиз. Бир қўшиғимизнинг клипи Бухоро ва Хивада суратга олинган. Лекин барибир юртимизни кўп эслаймиз. Навоий театри, анҳор бўйида юрганларим, ёшлик йилларим кўз олдимда шундоқ турибди.Ҳамиша ватанга талпиниб яшаймиз.

–    Бегона юртдаги кайси кийинчиликларни кўп эслайсиз?

– Қийинчилик бўлмаганда шу даражага етмасдим. Иссиқ кўрпани ҳамма ҳам орзу қилади. Аммо ҳаракат қилиш керак, ҳаракатни кетидан баракат келади. Бошида қийинчилик бўлади, вақтида овқат емаган кунларимиз ҳам бўлди… Инсон аниқ мақсад қўйса, ҳаракат қилса, ҳаммасига эришади.Амаким, тоғам ёрдам беради деган гаплар беҳуда. Одам бировгамас, ўзига ишониш керак.

– Ўзбек тилидаги қўшиқларингиз ҳақида ҳам тўхталсак…

– “Йўллар”, “Тошкентим”, “Мен ўзбекман”… Мана, эшитиб кўринг:

Ўзбек дея аталур номим,

Мен дунёга мағрур боқаман.

Меҳмон учун тасаддуқ жоним,

Дўстларимга қучоқ очаман.

Мен ўзбекман ўзимга бекман,

Жаннатмакон эл фарзандиман.

Бу қўшиқнинг матнини рафиқам Гулбаҳор Ишанходжаева ёзганлар. Уларни касби шифокор бўлсада, баъзан қалам ҳам тебратиб туради. Мана, улар ёзган яна бир қўшиғимиз:

Сафарларда юрган чоғларда

Сени соғинаман, жоним Тошкентим.

Қайда бўлмай сенга муштоқман,

Дийдорингга зорман, Тошкентим.

Мен ўзбек эканлигимдан жуда ҳам ғурурланаман, шарқона куйқўшиқларимизни тарғиб этаётганимдан мамнунман.

–    Қизиқарли суҳбатингиз учун рахмат, ижодингизга муваффақият тилаймиз!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация