Молдова МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси таркибидан чиқиш жараёнини бошлади. Бу ҳақда бугун парламент спикери ва ҳукмрон партия раиси Игор Гросу маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор фуқаролар билан маслаҳатлашувлар, PAS парламент фракциясидаги муҳокамалар ва Молдова президенти Майя Санду розилиги билан қабул қилинган. Ҳукумат ва парламент даражасида «кейинги қадамлар баҳоланмоқда», деган Молдова парламенти спикери Игор Гросу.
«Биз фуқаролар биздан кутаётган ишларни босқичма-босқич амалга оширмоқдамиз, биз фарзандларимизга барқарор, фаровон келажак, Европа келажагини тақдим этмоқдамиз. Бу ҳақда 21 май куни бутун дунёга айтамиз», деди у.
«30 йилдан сўнг, Молдова Республикасининг МДҲ тузилмаларида мавжудлиги бизга Днестрбўйи можаросини ҳал қилишга, Россия армиясини ҳудудимиздан олиб чиқишга ёрдам бермагани, энг қийин пайт – иқтисодий эмбарголар, қишнинг ўртасида энергия тақчиллигидан ҳимоя қилмагани аниқ бўлди. Иштирокчи мамлакатларни ҳарбий ҳужумлар, урушлар ва суверен ҳудудларни ноқонуний босиб олишдан ҳимоя қила олмади. МДҲнинг асосчиси бўлган Россия Федерацияси яна бир асосчи давлатга ваҳшиёна ҳужум қилиб, фуқароларини ўлдирганидан сўнг, бу ташкилотни энди Ҳамдўстлик деб аташ мумкин эмас”, — дея Гросунинг сўзларидан иқтибос келтирилган ҳукуматнинг телеграм-каналида.
МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси миллий қонунларни ташкилот доирасида қабул қилинган халқаро шартномаларга мувофиқлаштириш устида ишламоқда. Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин Кишинёв МДҲ органларидаги фаолиятини тўхтатди ва Ҳамдўстликдан чиқиш ниятини эълон қилди.