563 04/09/2022

Неча йилдан бери мана шу бегона диёрда, руслар юртида ишлаб, ризқимни териб юрибман. Бу ерда ҳар эшитганимда фахрланадиган, ғурурланадиган ёқимли сўз, оддий халқ вакилларининг «молодец, узбек», деган сўзидир. Шундай пайтда миллатимдан, ўзбеклигимдан фахрланиб кетаман. 

Яқинда иш билан шаҳардан анча олисда бўлган бир манзилга бордим. Кеч соат 19:00 дан ўтганда шаҳарга қайтиш учун бекатга чиқдим. Бироз кутиб турганимдан кейин, бекат ёнига «маршуртка» келиб тўхтади. Эшикни очишим билан.

— Ассалому алайкум, ўтиринг, жойлашиб ўтириб олаверинг, жой кўп ука, — деди кулиб ёши қирқ беш, эллик атрофида бўлган киши.

— Bа алайкум ассалом, Москвагача бораман ака, охирги бекатгача, — дедим йўлкира ҳақини узатиб.

Йўлга тушдик, келишимда ҳам шу йўналишда келгандим, роса ички йўлларни айланиб юраркан. Атроф асосан ёғочдан қилинган эски уйлар, тор кўчалардан иборат. Ўрмон ичидан, бир неча марта ботқоққа ўхшаш жойларга қўйилган кўприклардан ҳам ўтдик. Ўн дақиқадан ошиқроқ юрганимиздан кейин, навбатдаги бекатлардан бирига тўхтаган вақтимизда, ўрта ёшлардаги икки рус аёли машинага чиқишди.

— Сумкам… — дея аёллардан бири энди гап бошлаганди, ҳайдовчи ёнидан чармдан тикилган қора рангли аёллар сумкасини кўтариб.

— Мана буми? — деди.

— Худди ўзи, машинада унутибман…

Биринчи сўзини хавотир билан айтган аёл сумкасига кўзи тушгач, бирдан юзи ёришиб кетгандек бўлди. Гапирмоқчи бўлади-ю, гапира олмай фақат жилмаяди.

— Очиб ҳам кўрмадим, ҳамма нарсаси жойида бўлиши керак, текшириб олинглар, — дея жилмайди ҳайдовчи ҳам.

Аёллардан бири сумкани очиб қаради. Иккинчи аёл ҳайдовчидан ўзбек, ёки тожик эканлигини сўради. Унинг ҳам юзида хурсандчилик, фақат жилмаяди.

— Ўзбекман, — деди ҳайдовчи.

Шу жойида худди бу сўзни мен айтгандек ғурурланиб кетдим. Эшикка яқин ўтирганим учун бу суҳбатга бевосита гувоҳ бўляпман, озроқ аралашиб ҳам қўйдим. Аммо телефон камерасини ёқиб, ёзиб олиш ноқулай бўлди негадир.

— Молодец ўзбек, раҳмат сенга. Жуда-жуда хурсанд қилдинг мени.

Бу сумкамда барча ҳужжатларим билан анча вақтдан бери йиғиб юрган пулим бор. Топилмаса нима қиламан деб, шу бир соат ичида ўзимни ўзим еб қўйдим. Жудаям яхши инсон экансан, раҳмат сенга, — дея қўлидаги сумкасини бағрига босиб олган аёл тинмай ҳайдовчига миннатдорчилик билдирарди. Орада кўзёш ҳам қилиб олди.

Сўз билан айтган раҳматларим кам бўлди деди шекилли, ҳайдовчининг пешонасидан ўпиб ҳам қўйди. Шу баҳона мен ҳам қуруқ қолмай дедими, дугонаси ҳам ҳайдовчи амакининг пешонасига лабидаги бўёғини ишқалаб олди.

— Ўзбеклар молодец, — деди у ҳам.

— Биз ўзбеклар бировнинг ҳақини емаймиз, — дея мен ҳам шу жойда суҳбатга бир қўшилиб қўйдим.

Ҳалиги аёл менинг пешонамга ҳам бир қараб қўйди, индамаса чала суртилган бўёқларини ишқалаб қўймоқчидек.

— Йўловчилар кутиб қолишди, бир жойда узоқ тўхташ мумкинмас, — деб қолди яхшиям ҳайдовчи. Бояги аёллар қайта-қайта раҳмат айтиб, тушиб қолди.

Йўлга тушдик, ҳайдовчи амакининг юзига яхшилаб разм солиб қарадим. Қилган ишидан мамнунлиги сабаблими, мийиғида кулиб кетяпти. Яхши инсонларнинг юзида нур бўлади доимо, ҳайдовчи амакининг истараси иссиқ, кўримли бўлиб турибди.

Орқада ўтирган йўловчилар орасида шивир-шивир бўляпти. Асосан руслар гаплашяпти. «Яқинда интернетда ҳам кўргандим, бир ўзбекдан ерга тушиб ётган пулни сеникими деб сўрашди, у йўқ меники эмас деди. Нега, меники деб олсанг бўлмайдими, деб сўрашса, менга бегонанинг пули керакмас дейди», дея ёнида ўтирган эркакка айтиб беряпти бир аёл.

Хуллас манзилга етгунча шивир-шивирлар мавзуси менинг миллатимни мақташ бўлди. Ўзга юртда бунақа илиқ сўзларни эшитиш қандай ҳам яхши.

Бахтиёр ТУРСУН.

11.06.2022

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация