Тўқнашув натижасида поезд машинисти қисилиб қолган.
Москва метросининг “Печатники” бекатида икки поезд тўқнашиб кетди, икки киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда “360” телеканали ва “112” телеграм канали.
360 манбасига кўра, қурбонлар орасида поезд ҳайдовчиси ҳам бор. “112” тўқнашув натижасида у қисилиб қолганини ёзади. Телеграм канали платформада тутун кўрингани ҳақида хабар берган. “112” маълумотларига кўра, ҳодисага тормознинг носозлиги сабаб бўлган.
Пойтахт транспорт департаменти Люблинско-Дмитровская линиясида Люблино бекатидан Дубровка бекатига қатновчи поездлар юрмаётгани ҳақида огоҳлантирган. Қарама-қарши йўналишда поездлар узайган оралиқларда ҳаракатланади.
“Бугун эрталаб соат 10:22 да Люблинско-Дмитровская йўналишидаги “Печатники” метро бекатида деподан йўловчиларсиз кетаётган эски поезд вокзалда турган поездга тўқнашиб кетди. Мосметронинг барча хизматлари ҳудуддаги транспорт ҳаракатини тиклаш устида ишламоқда. Воқеа сабабларини махсус комиссия аниқлайди”, — дейилади бошқарма хабарида.
Москва мэри Сергей Собянин йўловчилар орасида жиддий жароҳатлар йўқлигини айтган. “Поезд машинисти жароҳат олди, шифокорлар ёрдам беришмоқда. Таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилмоқда, яқин соатларда поездлар ҳаракати йўлга қўйилади”, — деб ёзган у ўзининг телеграм-каналида.