Россия нафақат улкан ҳудудга, балки ажойиб табиатга, ўзига хос турмуш тарзи ҳамда одатларига эга бўлган мамлакатдир. Сизларга мазкур ўлкага доир қизиқарли айрим маълумотларни тақдим этамиз.
Рус халқи тарихида Москва илк бор 1147 йили қайд этилган. Унга кўра Суздаль князи Юрий Долгорукий бу ерга қариндоши Чернигов князи Святославни меҳмонга чақирган. Аслида шаҳар бундан бир неча йил муқаддам фожиали бир воқеа сабаб Юрийнинг қарамоғига ўтганди.
Кунларнинг бирида Юрий ўз дружинаси билан Киевдан Владимир шаҳрига қайтаётиб, йўл-йўлакай князь кўркам манзилда жойлашган бадавлат бир қишлоқда дам олмоқчи бўлади. Бироқ қишлоқ барин(оқсоқол)и қароргоҳида таъмирлаш ишлари кетаётганини рўкач қилиб, князь ва уламоларни қабул қилмайди. Ғазабланган Юрий “меҳмондўст” баринни қатл қилмоқчи бўлади. Барин Кучка Юрийга қарши жанг қилади, лекин тез орада енгилиб, ўрмонга яширинади. Князнинг одамлари баринни топиб қатл қиладилар.
Юрий бу хушманзара маконда шаҳар қуради ва уни шу ерда оқаётган Москва дарёси номи билан атайди. Қатл қилинган бариннинг қизи Улитани Юрий ўғли Андрейга келин қилиб, ўғиллари Яким ва Пётрни хизматига олади. Шуниси қизиқки, Андрей Боголюбскийнинг онаси асли ярим қипчоқ, яъни Аюб хоннинг қизи бўлган. Демак, князь Андрей ярим туркий бўлган.
Орадан йиллар ўтиб, 1174 йили Яким Кучкович ғалаён кўтариб князь Андрейни ўлдиради. Айрим маълумотларга кўра, бу отаси ўлдирилганинг қасоси бўлса, бошқасига кўра – бу қатл этилган акаси Пётр учун ўч эди.
Москва айнан қайси ҳудудда ташкил топгани борасида олимлар кўплаб баҳс-мунозаралар юритишган. Айрим маълумотларда кўра, шаҳар дастлаб Чистые пруди ва Мясницкий кўчаси яқинидаги Кучково майдонида қад кўтарган. Князь Юрийга манзур бўлган қишлоқ айнан шу ерда жойлашган бўлиши ҳам мумкин.
1610 йили шаҳарга поляклар ҳужум қиладилар. Рюриковичлар сулоласи сўнгандан сўнг Москва таназзулликни бошдан кечиради, кўпгина бояринлар Польша қироли Сигизмундни тан оладилар. Шаҳарга жойлашиб олган муҳожирлар бўлажак ўлпон ва совғаларга умид боғлайдилар. Лекин вазият танглашади, Негаки поляклар қироли Сигизмунд православия масҳабига ўтишдан бош тортади. Бу воқеа русларни ғазаблантиради. 1612 йили Нижегород етакчиси Кузьма Минин ва князь Пожарскийлар раҳнамолигида руслар полякларни Россиядан қувиб чиқадилар. Мазкур қаҳрамонларнинг ҳайкали Қизил майдонда қад кўтариб турибди. Шу воқеадан сўнг Наполеон қўшинларига қадар Москвага бегоналарнинг оёғи етмаган.
Москванинг кўпгина кўчалари ўзбекча номланган: Фарғона кўчаси, Фарғона проезди, Тошкент кўчаси, Тошкент переулоги, Самарқанд бульвари. Буларнинг барчаси шаҳарнинг жанубий қисми, яъни Ўзбекистонга бўлган йўналишда жойлашган. Шунингдек, Москвада Малая Грузинская кўчасидан тортиб Литовский бульваргача бошқа миллатлар номи билан аталувчи кўчалар мавжуд.
Грузинлар номи билан боғлиқ кўчалар қадимдан мавжуд. 1729 йили шаҳар чегарасида жойлашган Воскресенское қишлоғи грузин подшоҳи Вахтанг VI га тортиқ қилинган ва у ерда Грузиядан келган одамлар яшаган. Грузия эса 1801 йили Россия Империяси таркибига киритилган.
Москвада Большая Ордынка кўчаси бор. Ўрта асрларда савдогарлар бу кўчадан Олтин Ўрдага қараб йўл олганлар. Кўча бўйлаб эса шарқлик савдогарлар яшайдиган даҳалар жойлашган. 1220 – 1388 йиллари Шимолий Хоразм ҳудудлари Олтин Ўрдага қараган. Кейинчалик Хива, Бухоро ва Қўқон хонликларидан келган савдогарлар ҳозирги Варварка яқинидаги Зарядье районида истиқомат қилишган.