Мақола

489 30/05/2023

Москва ва Москва вилояти аҳолиси бир қанча портлашлар ҳақида хабар берган. Минтақага қилинган дронлар ҳужуми туфайли ҳаво ҳужумидан мудофаа ишлари олиб борилмоқда.

Москва мэри Сергей Собянин Москвага дронлар ҳужуми бўлганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бир қанча бинолар “кичик зарар” кўрган: “Шаҳарнинг барча фавқулодда хизматлари воқеа жойида. Улар нима бўлганини аниқлашмоқда. Ҳозирча ҳеч ким жиддий жароҳат олгани йўқ”, — деган шаҳар ҳокими.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёв ҳам дрон ҳужумини тасдиқлади. “Бугун эрталаб Москва вилоятининг баъзи туманлари аҳолиси портлаш товушларини эшитишди – бу бизнинг ҳаво мудофаамиз ишлаяпти. Москвага яқинлашган бир нечта учувчисиз учиш аппаратлари уриб туширилди. Халқдан хотиржам бўлишни сўрайман. Барча фавқулодда хизматлар ишламоқда”, — деб ёзган у ҳам.

“ТАСС”нинг фавқулодда хизматларга таяниб хабар беришича, дроннинг Новая Москвадаги кўп қаватли турар-жой биносига қулаши оқибатида портлаш содир бўлгани эҳтимол.

“Уй атрофида дронга ўхшаш парчалар топилди. Тегишли экспертизалардан сўнг аниқ айтиш мумкин”, — деди агентлик суҳбатдоши. Дастлабки маълумотлар бўйича, қурбонлар йўқ.

Mash хабарига кўра, Новая Москвада фавқулодда вазият эрталаб соат 4:30 да содир бўлиб, дрон квартира деразалари устидаги техник қават деворига урилган. Бўлаклар, бетон парчалари ва том бўлаклари ерга қулаган. РИА Новости ва Shot’нинг хабарига кўра, гап Новая Москвадаги Атласова кўчасидаги 24 қаватли турар-жой биноси ҳақида кетмоқда.

Шунингдек, яна бир дрон Москванинг Профсоюзная кўчасидаги турар-жой биносига қулаб тушди, деб ёзади Shot, РИА Новости, Новости Москвы ва Mash. Бинонинг фасади ва деразалари вайрон бўлган. Дрон 16-қаватдаги аёлнинг квартирага учиб кириб, деразасини синдирган. Қурбонлар йўқ. Уйнинг учта кириш жойида яшовчилар эвакуация қилинган.

Mahs ва Shot хабарига кўра, Москванинг Ленинский проспектидаги кўп қаватли уй ҳам ҳужумга учраган: дрон бўлаклари квартиралардан бирининг деразасига учиб кирган, 300 га яқин одам вақтинча эвакуация қилинган.

Портлашлар Одинцово, Красногорск, Новая Рига, Барвиха яқинида ҳам эшитилган. Baza  маълумотларига кўра, бугун эрталаб Москва вилоятининг Истра, Красногорск ва Одинцово туманларида ўндан ортиқ дрон уриб туширилган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация