Мақола

2 052 01/08/2023

1 августга ўтар кечаси дронлар Россия пойтахтига яна ҳужум қилди, улардан бири яна “Москва Сити” бизнес марказига зарба берди.

“Москвага учиб келаётган бир неча дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилди. Улардан бири ўтган сафар урилган бинога тегди. 21-қават даражасидаги фасад шикастланган. Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда”, — деб ёзди Москва мэри телеграмда.

Мэрнинг сўзларига кўра, у ерда 150 кв.метр жойдаги ойналар синган, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Собянин гап қайси минора ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган, бироқ ТАСС хабарига кўра, бу ҳукумат мажмуаси жойлашган IQ -кварталидаги бино. Бу ерда, хусусан, Рақамли ривожланиш вазирлиги, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ва Саноат ва савдо вазирликлари бор.

Собяниннинг ушбу баёнотидан олдин Москва вилоятидан ҳам  портлашлар ва дронлар парвози  ҳақида хабар берилган. Россия телеграм-каналлари дрон Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги жойлашган  қаватга урилгани ҳақида ёзмоқда.

ТАСС фавқулодда хизматларга таяниб, Москва шаҳридаги IQ-кварталидаги миноралардан бирига урилган дрон парчалари топилганини ёзмоқда.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, тунда Москва вилоятида Украинанинг иккита дрони уриб туширилган, бири эса электрон воситалар орқали тўхтатилган. Вазирлик электрон восита билан тўхтатилди деб даъво қилган бу дрон икки кун олдин ҳужумга учраган Москва шаҳридаги IQ-кварталининг ўша минорасига урилган.

Айни пайтда, Россия ахборот агентликларининг хабар беришича, янги дрон ҳужуми сабабли Россия пойтахтидан жануби-ғарбда жойлашган Москванинг Внуково аэропорти ёпиб қўйилган. Самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилган. Бироз вақт ўтгач, аэропорт ўз ишини давом эттирди.

Москвага бундан олдинги дронлар ҳужуми 30 июлга ўтар кечаси содир бўлган эди. Икки дрон ҳам Москва шаҳридаги осмонўпар биноларга урилган. IQ -кварталдаги кўп қаватли бино ва Око-2 минораси шикастланган, бу ерда биринчи қаватдан тўртинчи қаватгача бўлган деразалар синган. Россия Мудофаа вазирлиги Москва вилоятининг Одинцово туманида яна бир дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилганини маълум қилди. Ўша ҳужумдан сўнг, Россия Федерацияси Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари Мақсут Шадаевнинг айтишича, департамент ходимлари ҳафта охиригача “офис муаммоларини ҳал қилиш учун” узоқроқ жойга кўчирилган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация