Мақола

1 415 23/02/2023

Мақсадлар етаклаган мусофирлик

Мени бу ерда Гуля дейишади. Асл исмим Гулчеҳра, фарғоналикман. 46 ёшдаман. Тақдир экан, турмушим бўлмади. Ўзбекистонда фарзандларим, икки ўғил ва бир қизим бор. Мана 13 йилдирки Россияда ризқимни териб юрибман.

2010 йилда бу давлатга келганимда олдимга кўпчилик инсонларникига ўхшаш қатор мақсадлар қўйгандим. Уй олиш, улғайиб бораётган фарзандларимга шароит яратиб бериш, уларни ўқитиш, ватан учун, жамият учун керакли инсонларга айлантириш…

Аммо буларнинг бари ҳали ширин орзу эди. Биринчи келишимдаёқ бошим тошга, тошга эмас, тошларга урилди. Совуқда жуда қийналдим, оёғимдаги оғриқ азоб бера бошлади. Шу пайтгача ҳам уч марта операция бўлганим панд берди. Сон суягим емирилиши туфайли узоқ даволангандим. Изғирин кунларда шиш пайдо бўлди ва оғриқ чидаб бўлмас даражага келди. Уйга қайтишга мажбур бўлдим.

YtfEarPTzDe98OoW39UW9YUzhQwaypcW.jpg (640×640)

Тошкентда қатор текширувлардан ўтганимдан кейин менга тўртинчи операция зарурлигини айтишди. Энг даҳшатлиси – бу сафар операцияни онкология шифохонасида қилиш зарурлигини билдиришди. Ўша пайтлар ҳаёт кўз ўнгимда тўхтаб қолди назаримда. Катта кўчага чиқиб олиб “ўлгим келмаяпти, Аллоҳим!” дея дод солиб йиғладим.

Шунча дард чексам-да, буни яқинларимга айта олмадим. Фойдаси йўқлигини билар эдим. Операцияни ўтказиб, сал оёққа туришим билан ҳаётга умидим ҳам қайтди. Ўзига таваккал қилиб, “нима бўлса пешонамдан кўрдим” дея яна Москва шаҳрига учиб кетдим. Бир дўконда сотувчилик қила бошладим. Ҳали тузук ишлаб улгурмасимдан навбатдаги синовга дуч келдим – ишлаш учун ҳужжатларим йўқлиги сабабли суд қилишди.

Судда чиндан хўрлигим келиб, ўпкам тўлиб йиғладим. Депорт қилмасликларини, ишлашим кераклигини, уй олишим зарурлигини, болаларим ёш эканини айтиб, суд залида кўз ёш тўкдим. Натижани айтсам, кўпчилик ишонмайди, чунки бундай пайтда суд одатда мамлакатдан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқаради. Бироқ судья менинг ҳолатимни тушунди ва 2500 рубль жарима билан чиқариб юборди.

Қурилишдаги ишлар

Депортация қилинмаган бўлсам-да, бирор ҳужжатсиз эдим, ҳеч ким ишга ҳам олмасди. Иложсизликдан қурилишда ошпазликка рози бўлдим. Тожикистонлик 16 нафар ўзбек йигитлари ишлашарди, мен уларга егулик тайёрлардим, кирларини ювардим, хоналарини тозалардим ва бўш вақтим бўлса, ўзларигаям қарашардим. Маошим 18 минг рубль, жуда кам бўлса-да, шукр қилардим. Еб-ичишим, яшаш учун курашишим учун ишлашим зарур эди…

Фаррошликда ўзимни топдим

Қурилишдаги оғир ишим менга ўзига хос тажриба вазифасини ўтаб берди. Инсон кўпчилик писанд қилмайдиган ишларда ҳам ҳаловат топиши мумкинлигини англадим. Москванинг гавжум нуқталаридан биридаги дўконга фаррошликка таклиф қилишганида ўйланмай рози бўлдим. Чунки бу ишда катта салоҳият, имкониятлар борлигини тушуниб турардим.

Ҳозир ўртача 9 та алоҳида масканни тозалаб чиқаман ва ҳар биридан алоҳида маош оламан. Оз-оз, аммо баракали. Бундан ташқари қўшимча ишлар ҳам бажараман. Ҳамма ишхоналарим уйимнинг атрофида, эрталаб соат 5 да тураман ва иш бошлайман, кундуз озроқ дам оламан, кейин шу билан кеч соат тўққизгача тинмай ишлайман.BBC сайти мен ҳақимда алоҳида лавҳа тайёрлади ҳатто.

Фаррошликдан ташқари дўконларга келган маҳсулотларни қабул қилиб оламан, зарурат бўлса, кимнингдир ўрнида ишлаб тураман. Умуман, ҳамма иш берувчиларим билан яқин бўлиб кетганмиз. Даромадимнинг салмоқли қисмини макулатура, металлом топширишдан келиб тушадиган пуллар ташкил қилади. Ҳар куни дўконлардан, гулхонадан, офислардан анча қоғоз қутилар, майда-чуйда темирлар чиқади. Мен уларни бир жойга тўплаб, кунда-кунора топшираман. Ҳар куни 500-1000 рубль бундан ҳам ишлайман, айрим кунлари темир ва қоғоз кўпайиб кетса, 6 минг рубль, яъни 100 долларгача ишлаган пайтларим бўлади.

Шундай қилиб фаррошликда ҳам яхшигина даромад қилса бўлади. Бу ерда ўзимга қараб, чиройли бўлиб юришга ҳаракат қиламан. Иш берувчиларим ҳам бу жиҳатимни ҳурмат қилишади. Бундай қилишимга сабаб ўзимизда шу ҳолат туфайли қаттиқ хўрланганман. Тошкентда мардикор бозорига чиққанимда бир киши “ишлаяпсан, кийиниб, ўзингга қараб юрсанг бўлмайдими, сасиб кетибсан!” деганди. Ўшанда кунига 10 минг сўмга ишлардик. Ахир мен 10 минг сўмга кийинайми, ейми, квартирага берайми, уйга юборайми?..

Нега Ўзбекистонга қайтмаяпман?

Баъзан “қачонгача шундай юраман?” деган савол жуда қийнаб юборади.Ватанимга қайтишимга бирор тўсиқ йўқ. Лекин назаримда инсон қаерда иши юришса, меҳнати самарасини кўрса, шу ерда ўзини бемалол ҳис қилади. Мен қайсидир маънода ўша орзуларимнинг ярмига энди эришдим деб ўйлайман ва янги режалар қиламан. Ўзбекистонга қайтганимга яраша ўз бизнесимни очсам дейман. Лекин кредитларни тўлай олмай қолсам-чи, банкрот бўлсам-чи, деган ўйлар ҳам тинчлик бермайди. Ёшим ҳам элликка яқинлашяпти, ёлғиз аёлга эса осон эмас.

Ёшларга, ота-оналарга айтар сўзларим жуда кўп менинг. Ўқинглар, тил ўрганинглар, замонавий касбларни эгалланглар! Қайсидир миллат фарзандлари чиройли хоналарда ўтириб, илми билан 4-5 минг доллар пул топаётган бир пайтда менинг ўзбегим эрта-ю кеч оғир ишда музтар бўлиб, 400-500 доллар олаётгани ҳар биримизни ўйлантириши керак. Фарзандларимизга “ўқи” десак, “йўқ, мен Россияга бориб ишлайман, ўқиганларни кўряпман” деган гапларини эшитиб қоламан ва бундай фикрга келаётганларидан афсусдаман.Майли, Россиягами, бошқа давлатгами бориб ишлашсин. Лекин жисмоний эмас, ақлий меҳнати билан ўрнини топсин. Қачонгача ўзбек оғир меҳнатда ўтади?!

Мусофирларга, биз каби хорижда ишлаб юрганларга нисбатан ҳар-хил гапларни ҳам эшитаман. Қўллаб-қувватлаганларга раҳмат, бошимиздан ўтганини ҳис қилмай ёмонлайдиганларга ҳам Аллоҳ инсоф берсин дейман. Менга энг таъсир қиладигани, юртимизда аёлининг қўлига қараб қолган, ҳатто бола пулини кутаётган эркаклар кўпайиб бораётгани, айрим аёллар ҳам маҳалла, ҳокимиятлар эшиги тагига ётиб олиб, боқимандаликка ўрганаётгани бўляпти. Биламан, иш топиш қийин. Лекин ҳеч ким қўлингиздан етаклаб бориб, катта даромадли ишга жойлаштириб қўймайди. Энг оддий, оғиридан бўлса ҳам бошлайверинг, таваккалингизга, ҳаракатингизга яраша Аллоҳ бераверади.

Яна кўпчилик мендан хорижга кетишни истаб, йўл-йўриқ сўрайди. Уларга айтар гапим – зарурат бўлмаса мусофирликда юришни орзу қилманг. Умрингиз яқинларингизни соғиниб яшашдан иборат бўлади. Соғинч оғир дард эканини унутманг!

Kun.uz мухбири Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация