Москва ҳукумати шаҳар шарқидаги Святое кўли яқинида масжид қурмасликка қарор қилди. Бунга маҳаллий аҳоли қарши чиққан эди.
Рамзан Қодиров аввалига намойишчиларни урушга юборишга чақирганди, бироқ кейинчалик Собянинни «ажойиб қарор» учун мақтади.
Феврал ойи бошидан бери Москванинг Косино-Ухтомский райони аҳолиси ўз ҳудудида масжид қурилишига қарши кўчаларда намойишлар ўтказди.
Change.org веб-сайтида Святое кўли ҳудудида 60 минг кишига мўлжалланган масжид қуриш режалаштирилгани, бу жой «Россия ва Москванинг диний ва тарихий зиёратгоҳи» экани ҳақида петиция пайдо бўлди. Материал эълон қилинганидан сўнг, масжид қурилишига қарши бўлган 27 мингдан ортиқ киши петицияни имзолади.
18 март куни «Осторожно, Москва» телеграм канали ушбу ҳудудда «диний маънавий-маърифий марказ» қуриш учун деярли 10 гектар ер ижарага берилгани ҳақида ёзди.
Москва шаҳар думаси депутати Евгений Ступиннинг таъкидлашича, аҳоли қурилиш учун «жуда катта ҳудуд» ажратилганидан ва расмийлар «масжид қуриш режаларини рад этмаётгани ёки тасдиқламаётгани»дан хавотирда эканини айтди. Аҳолининг журналистларга маълум қилишича, улар масжид қурилиши ҳақида черковда ёки танишлардан билиб олган.
12 март куни Святое кўли ҳудудида ўнлаб кишилар масжид қурилишига қарши намойиш қилиб, насронийлар диний маросимини ўтказди. Бир ҳафта олдин эса одамлар плакат ва иконалар билан хоч юришини ўтказишган эди. Хабар берилишича, шундан сўнг полиция акциянинг айрим иштирокчиларини ноқонуний оммавий акцияни уюштирганлик, шунингдек, миллатлараро адоват қўзғатганлик учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган.
«Осторожно, новости» телеграм канали бир киши қурилиш майдончасида чўчқа бошини кўмиб ташлагани тасвирланган видеони тақдим қилди. Бир неча кундан кейин у ҳибсга олинган. Бошқа тафсилотлар ҳақида хабар берилмаган.
Кожуховодаги черков роҳиби Алексий Митюшин черковда православ иконаси борлиги ва одамлар уни зиёрат қилиш учун келиши, сўнгра кўлда чўмилиши ҳақида гапирди.
«Чўмилиш кийимидаги аёллар мусулмонлар учун номақбул кўриниш. Маҳаллий аҳоли можаро ва тўқнашувлар юз бериши мумкинлигидан хавотирда. Бундай йирик исломий мажмуанинг православ зиёратгоҳи ёнида қурилиши одамларни хавотирга солмоқда», деди у.
19 март куни районда яшовчи 500 га яқин киши ибодатхона яқинида яна бир йиғин ўтказди. «Биз тинч жойга кўчиб келганмиз, масжид эса тинчлигимизни бузиши мумкин. Ҳудуд «ислом маркази»га айланади. Биз қарши эмасмиз, лекин бу қирғоқда эмас, балки ҳудудга мутаносиб, ичкарироқда қурилаверсин», деди акция иштирокчиларидан бири.
ММА жангчиси Максим Дивнич ҳам масжид қурилишига қарши чиқди. У масжид Халоскор Масиҳ черковидан бир неча баробар катта бўлишига ва у «муқаддас православ жойда» қурилишига эътироз билдирган. Кейинчалик жангчи таҳдидлар ва салбий хабарлар олганини айтди. Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ислом Махачев «Дивнич ва шунга ўхшашлар масжид қурилишига қанчалик халақит бермасин, масжидлар ва мусулмонлар кўпаяверади», деб ёзди.
4 апрель куни Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров масжид қурилишига қарши намойишлар ҳақида фикр билдирди. У содир бўлаётган воқеаларни «провокация, бир давлат фуқаролари ўртасида низо чиқаришга уриниш» деб атади. Унинг сўзларига кўра, «ташаббускорлар» «Ғарб манфаатлари учун» ҳаракат қилмоқда.
«Агар бу намойиш иштирокчилари чин юракдан ва чин дилдан Россия ерларини ҳимоя қилиш ғоясини ўйлаб топган бўлса, унда автомат билан урушга отлансин! Автоматни олинг, бугун Россия Донбассида сизнинг ўрнингизда жанг қилаётган мусулмонни четга суринг ва ватанпарварлигингизни, ватанингизни қанчалик севишингизни сўз ёки провокация билан эмас, балки амалда кўрсатинг», деди Қодиров.
Эртаси куни Москва мэри Сергей Собянин ҳақиқатан ҳам кўл ҳудудида масжид қуриш режалаштирилганини тасдиқлади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу борада Москва ҳокимиятининг қарори чиқмаган. Шунингдек, у масжиднинг майдони 40 минг квадрат метр бўлиши ҳақидаги маълумотни нотўғри деб атади. «Гап 2,5 минг квадрат метрлик жуда камтарона объект ҳақида кетаяпти», деди у.
Мэрнинг қўшимча қилишича, унга Патриарх Кирилл ва Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раиси Равил Гайнутдиндан таклифлар келиб тушган ва улар қурилиш учун бошқа жой танлашни сўраган. Собяниннинг сўзларига кўра, масжид учун Косино метро бекатидан унча узоқ бўлмаган жой ажратилади.
Шундан сўнг, Қодиров Собянинга «миннатдорчилик изҳор қилди» ва «ҳаммага мос келадиган ажойиб ечим топди», деди. «Масжид Москва марказига яқинроқ, парк ҳудудида, метро ёки транспортда бориш учун қулай жойда қурилади», деб ёзди Қодиров.
Патриарх Кирилл масжид қурилиши учун бошқа жой топиш ҳақидаги қарорни олқишлашини айтди. «Бу шубҳасиз, динлараро тинчлик ва тотувликни юксак қадрлайдиган диндорлар ҳам, православлар ҳам, ишончим комил, мусулмонлар умидини оқлайди», деди у.
Манба: Кун.уз.