Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Москва автобуси салонида ўзбек тилида Россия армияси сафига қўшилиш чақириғи эфирга узатилган лавҳалар пайдо бўлган эди. «Мосгортранс» бундай хабарлар аллақачон эфирдан олиб ташланганини маълум қилди.
Москва автобусларида ўзбек, қирғиз ва тожик тилларида соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олиш эвазига Россия Қуролли Кучлари сафига қўшилиш ҳақидаги эълонлар эфирга узатилмоқда.
9 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Москва автобусларидан бирининг салонидаги экранда ўзбек тилида Россия армияси сафига қўшилиш чақириғи эфирга узатилгани акс этган фотосурат тарқалди, деб ёзади «Газета.уз».
«Россия Қуролли Кучларида шартнома бўйича ҳарбий хизматга кирганингизда, сиз Россия Федерацияси Президентининг фармонига мувофиқ соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишингиз мумкин», — дейилади эълонда.
Москвадаги автобуслар ва электробуслар учун масъул бўлган «Мосгортранс» ДУК ТАСС ва РБКга эълонлар ҳақиқатан ҳам кўрсатилганини, аммо аллақачон олиб ташланганини тасдиқлади.
Компаниянинг хабар беришича, эълонлар «Сахарово» миграция маркази раҳбариятининг илтимосига биноан МЦ1, МЦ2 ва МЦ3 йўналишларидаги автобусларда икки ой муддатга жойлаштирилган. «Ҳозирда хабарлар эфирдан олиб ташланди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Сентябрь ойида Владимир Путин РФ фуқаролиги тўғрисидаги қонунга Россия армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган хорижликларнинг фуқаролик олишини осонлаштирадиган ўзгартиришларни маъқуллаган эди. Унга кўра, контракт имзолаган чет эллик ишчиларга яшаш учун рухсатнома тақдим этмасдан фуқароликни олиш учун ариза топширишга рухсат берилди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги ватандошларни қуролли кучлар сафига қўшилмаслик ва жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка чақирди ҳамда бунинг учун жиноий жавобгарликдан огоҳлантирди.
Tong Jahoni ва «Русь сидящая» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари раҳбарлари Валентина Чупик ва Ольга Романова «Газета.uz»га Россияда меҳнат қилаётган ва ҳибсдаги Ўзбекистон фуқаролари Украинага урушга қандай жалб қилинаётгани ҳақида сўзлаб беришганди, худди шу материалда Россиядаги Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатишга тайёр бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари рақамлари мавжуд).