Мақола

1 562 25/05/2023

Котельникини автозак – милиция автобуслари ўраб олган. Южний микрорайонида мигрантларга қарши одатий рейдлар бошланди.

Котельникидаги намозхона маъмури хавфсизлик кучлари тинтувлар билан келган масжидда ҳозир нима бўлаётганини ҳикоя қилади.

18 май, пайшанба куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Москва яқинидаги Котельники шаҳридаги кўп қаватли бинода жойлашган намозхонада тинтув уюштиришди. Маҳаллий аҳолига намозхонларнинг кўплиги ёқмай, кимсан  Россия президенти Владимир Путинга видеомурожаат қилишган.

Ҳозир намозхонада нима бўлаётгани, хавфсизлик кучлари тинтувлар билан келгани ва унинг таъсисчиларига қарши жиноий иш очилгани ҳақида намозхона маъмури шундай дейди:

– Ҳозир бутун шаҳар бўйлаб рейдлар бўлиб ўтмоқда, бироқ бизда ҳаммаси  муҳрланган. Айрим фуқаролар билан ярашишга муваффақ бўлдик. Бизнинг диндошларимиз нима бўлаётганидан хавотирда. Биз ҳозирча имкон қадар негативлик тўлқинини қайтариб турамиз. Улар видеомурожаат ёзиб, қандайдир чоралар кўришни таклиф қилишди. Лекин намозхона раиси билан маслаҳатлашганимизда у бироз кутишимиз кераклигини айтди. Балки ҳаммаси яхши бўлиб, очилиб қолар”, – дейди Котелники масжиди маъмури Ринат.

Намозхона ёнида ҳар куни автозаклар навбатчилик қилиб, муҳожирларнинг ҳужжатларини текширмоқда.

Намозхона маъмурининг сўзларига кўра, энди улар Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга мурожаат қилмасдан, маҳаллий аҳоли билан муаммони музокаралар йўли билан билан ҳал қилишга уринишмоқда.

“Биз вазиятни назорат остида ушлаб туришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бугун биз Москва вилояти муфтий ёрдамчисини ҳам хабардор қилдик. Худо хоҳласа, шу кунларда очилади. Агар 8-уй яқинида кўп одамлар бўлиши ҳақида саволлар туғилса, ҳеч бўлмаганда яқин атрофдаги жой ижарага олишга рухсат беришсин. Маҳаллий аҳоли билан бирга президентга, ҳокимга, раҳбарга мурожаат қилишга тайёрмиз. Келинг, муаммони биргаликда ҳал қилайлик, – деб таклиф қилган намозхона маъмури.

“Буни профилактика чораларида амалга ошириш мумкин, кескин чоралар кўриш  шарт эмас. Улар ҳамма нарсани ёпиб, муҳрлаб кетишди. Бир ҳафтадан буён жимжитлик”.

Администраторнинг сўзларига кўра, тез орада масжид бўйича қарор қабул қилинади.

Умид қиламизки, соғлом фикр ғалаба қозонади. Ҳамма нарса тинчлик ва ҳамжиҳатликда ҳал бўлсин.

Маъмурнинг сўзларига кўра, намозхонанинг ҳужжатларида камчилик йўқ.

Маҳаллий аҳолининг масжидларни “террорчилар ўчоғи” сифатида кўриб, мусулмонлар ибодатхонаси қурилишига қарши чиқиши Россияда кўп учраб тураб туради.

Масалан, 2023 йилнинг март ойида Косино-Ухтомский туманида ўнлаб намойишчилар кўл яқинида қурилажак масжидга қарши намойишлар ўтказган эди. Шундан сўнг Москва мэри Сергей Собянин масжид бошқа жойда қурилишига қарор қилган эди.

Москва шаҳрида 3 миллионга яқин мусулмон бўлгани ҳолда атиги 4 дона масжид хизмат қилмоқда.

Масжид қурилиши мумкинлиги ҳақидаги баҳсларга Рус православ черкови вакиллари ҳам қўшилмоқда.

Патриарх Кириллнинг викарийси, епископ Савва ҳам содир бўлаётган воқеалар ҳақида фикр билдирган. Унинг айтишича, муҳожирлар Москвага уни босиб олиш учун келар экан.

Россияда масжидларга қарши илк намойишлар 2000-йиллар бошида бошланган. 2005 йилнинг ўзи иккита – Калуга вилоятининг Малоярославец шаҳридаги ва Москвадаги Энтузиастлар шоссесига қурилиши мўлжалланган масжидларга қарши норозилик намойишлари ҳолат билан эсда қолди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки,  Малоярославецдаги масжидни маҳаллий татарлар жамиятининг 79 ёшли раиси Бизбах Габитов ўз маблағига қурмоқчи бўлган эди. У ўзи туғилган шаҳарда 40 кишига мўлжалланган кичик масжид бино қилиш орзусида бўлган. Бироқ, қурилишни тақиқлаш талаби билан минглаб имзо тўплаган аҳолининг мурожаати туфайли расмийлар татар жамиятига масжид қуришга рухсат бермаган эди.

Айнан Москвадагидек масжидларга қарши намойишлар Тамбов, Хабаровск ва Братскда бўлиб ўтган эди.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирда Котельникида намозхона учун рухсат йўқ. Бироқ мусулмон жамоатчилиги умидини йўқотмайди ва бу муаммо охир-оқибат ижобий натижа билан ҳал бўлишига ишонади. Улар адолатли ва қониқарли ечимга эришиш умидида тегишли органлар ва ҳукумат билан ўзаро тушуниш ва мулоқотга интилишда давом этмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация