Мақола

1 418 26/06/2023

Москвада “Нелегал” деб номланган рейд давомида фақат битта полиция бўлимига 150 га яқин муҳожир олиб кетилганини Қирғизистон мигрантлари касаба уюшмаси раиси Жамолиддин Эшенқулов маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, рейд Россиянинг барча ҳудудларида бошланган ва 10 кун давом этади.
Жамолиддин Эшенқуловнинг қайд этишича, қўлга олишлар бошқа рейдларга қараганда анча қаттиқроқ ўтмоқда.

“Тонг арафасида метро бекатларидан бирида соат 7.00 дан 10.00 гача барча мигрантлар қўлга олинди. Рейд асосан муҳожирлар яшайдиган “Кузминки” ва “Текстилшики” бекатларида ҳам бўлиб ўтди. Мен бир нечта хабарларни олдим. Ҳужжатларни текширмасдан, ҳамма полиция бўлимига олиб кетилмоқда. Фақат битта полиция бўлимига 150 нафар муҳожир олиб келинган, уларнинг аксарияти қирғизлар, шунингдек, бир неча Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бор. Уларнинг кўплари кечгача у ерда тутиб турилган. Бу сафар улар жуда қаттиқ қўлга олинмоқда”, – дейди у.

Қирғизистон Республикаси мигрантлари касаба уюшмаси раисининг сўзларига кўра, қўлга олинганлар 5 минг рубл миқдорида жаримага тортилган. Уларнинг иши судга берилиши маълум қилинган.
“Энди мигрантлар яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишда муаммоларга дуч келмоқда. Учта орган рўйхатга олиш базасига эга: Ички ишлар вазирлигининг веб-сайти, суд ижрочилари веб-сайти ва давлат хизматлари портали. Ҳар кимда ҳар хил маълумот: бир порталда мигрант топилса, бошқасида топилмайди”, — дея қўшимча қилган у.

Жамолиддин Эшенқуловнинг таъкидлашича, муҳожирлар касаба уюшмаси, диаспора вакиллари Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Россияда 19-25 июнь кунлари “Нелегал” операциясининг биринчи босқичи ўтказилмоқда. Бу март ойида КХШТ давлатлари томонидан келишиб олинган эди. Мақсад – ноқонуний миграцияга қарши курашиш. Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг дипломатик ваколатхонага таяниб хабар беришича, чет эл фуқароларининг Россия Федерациясининг миграция соҳасидаги қонунчилигига риоя этишини таъминлаш мақсадида бундай рейдлар мунтазам режа асосида ўтказилмоқда. Текширувлар натижаларига кўра, фақат Россияда бўлиш қоидаларини бузган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация