5 ёшли ҳофиз, тасаввуридаги масжид суратини чизаётган болалар, хаттотлик асрорлари, шеърият танлови, ноёб кўргазмалар, дунёдаги энг митти Қуръон ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг табаррук сочлари
“Байрамлар инсонларни бирлаштиради”
27 март, якшанба. Москва жомеъ масжиди.
Соат 10.00 дан турли ёш, миллат ва дин вакиллари масжидга оқиб кела бошлади. Ташриф буюрувчиларни ташкилотчилар очиқ чеҳра ва эҳтиром билан кутиб олиб, тадбир дастури билан таништиришди.
Эркаклар ва аёлларнинг кириш бўлимлари алоҳида ва аёлларга асосан бошқа диндаги меҳмонларга бош кийим лозимлиги айтилди.
Масжид эса эрта тонгдан етиб келганлар билан гавжумлашиб бўлган.
– Бизнинг фестивал барча дин вакилларини ислом дини билан таништириш, ҳамда ўз дини ва асосларини яхши билмаган диндошларимизга тушунчаларини кенгайтириш учун ташкил қилинди. Бу тадбир айни вақтида ташкил этилди, деди Москва жомеъ масжиди имоми Ильдар Аляутдинов журналистларга берган интервьюси чоғида. – Байрамлар инсонларни бирлаштиради, бирлашиш эса хотиржамлик, ўзаро якдиллик ва ҳавфсизлик гаровидир. Брюсселда бўлган сўнгги воқеалар бу ҳақида яна бир карра ўйлаб кўришга мажбур қилади”
Эътиборлиси, болалар адабиётлари
Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг масжид зиёратини китоблар кўргазмасидан бошладик. Кўргазма «Қуръондан илҳомланганлар» дея номланган.
Россия муфтийлари кенгашининг “Ислом китоби”, “Мадина” нашриёт уйи, Россия Федерацияси мусулмонлар бошқармасининг нашриётлари томонидан ташкил этилган кўргазмалардан ранг-баранг диний ва маърифий адабиётлар ўрин олган. Қуръони Карим ва унинг шарҳлари, ислом олиму мутаффаккирлари, тасаввуф намоёндаларининг нодир асарлари китобхонларни ўзига жалб этди.
Айниқса, болалар учун китобларнинг кўплиги ва қизиқарлилиги эътиборимизни тортди. Одам (а.с.)нинг яратилиши, пайғамбарлар ва саҳобалар, уларнинг аёллари, табаррук инсонлар тўғрисидаги ҳикоялар ва қўлланмалар болалар учун содда услубда ёзилиб, нашр этилган.
Диний билими мустаҳкам болалар мустақил фикрли бўлиб, уларни ёт ғоялар билан чалғитиб бўлмайди. Шу маънода диндошларимизнинг бу борада амалга ошираётган ишлари жуда нафақат ҳайрли, балки ибратли ҳамдир.
Ёш ҳофизлар танлови
Масжид 4 қаватдан иборат бўлиб, аёллар ва эркаклар ибодатлари учун мўлжалланган алоҳида қаватлар, озодалик ва кийиниш учун ажратилган бўлимлар, масжид музейи ва анжуман заллари мавжуд.
Ҳамма бўлимлар ташриф буюрувчилар билан гавжум, улар орасида нафл намози ўқишни ихтиёр қилганлар кўпчиликни ташкил этди.
Бу қизалоққа аёллар ибодати бўлимида назарим тушди. Ҳавас билан суратга олган пайтимда унинг кимлигини билмас эдим. Тадбир бошлангач, ёш ҳофизлар танловида бу қизалоқни кўриб, қувониб кетдим: Аллоҳ гўзалликни яхши кўради!
Сийратидан нур ёғилаётган 7 ёшли Марям Зукурованинг ширали овози ва истеъдоди йиғилганларнинг ҳайрати ва дуоларига сазовор бўлди. Бир-биридан ёқимтой болаларнинг қироатларини эшитиб, ўз фарзандларимиздек улар билан фахрландик.
14 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги ёш хофизлар танловида 5 ёшли Абдували Саидов ғолиб деб топилди.
Микроскоп остидаги Қуръон
Масжид музейи ҳар қачонгидан гавжум ва янада файзли. Унинг экспонатлари қаторида турли давлатлардан келтирилган майдонда Қуръони Карим китоблари, Каъбапўш парчаси, бадиий экспозициялар, анъанавий ва замонавий услубдаги Қуръон хаттотлиги намуналари, эсталик совға буюмлари намойиш этилди.
Ҳадис ва Қуръони Карим оятларига суратлар билан ишланган сурат лавҳалар ва табрик варақалари диққатимизни тортди. Турли ҳажмдаги бу суратли лавҳалар мазмундорлигидан ташқари, хонага безак сифатида илиниши ёки иш столида туриши, ёки оҳанграболи лавҳачалар ёпиштириб қўйилиши мумкин. Ҳар кун учун қалбни руҳлантирувчи ҳикматлар битилган тақвим ҳам ажойиб.
Дунёдаги энг митти Қуръон кўргазмада микроскоп билан бирга қўйилиб, йиғилганлар учун кўриш имконияти қулайлаштирилган.
Энг аҳамиятли экспонат
Масжид музейининг энг ноёб экспонати ёнида узун қатор навбат ҳосил бўлган. Москва жомеъ масжидида сақланаётган ноёб туҳфа – Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг муборак сочлари анвойи гуллар билан безатилган ойнаванд идиш ичида намойиш этилди. Соч толасини масофадан кўриш бироз мушкуллик туғдириши боис, махсус каттартириб кўрсатувчи асбоб (лупа) ўрнатилган.
Ноёб ҳадяни кўришга иштиёқмандлар орасида нафақат мусулмонлар, балки турли дин вакилларини ҳам учратиш мумкин.
Дарвоқе, хорижликлар ва ғайридин меҳмонлар учун йўлбошчи ажратилган. Ҳар ярим соатда йўлбошчилар меҳмонлар кутиб олиниб, масжид бўйлаб таништирув ўтказилди. Ҳар бир тарихий буюмлар, ҳамда ислом дини ва асослари тўғрисида маълумотлар бериб борилди.
Болалик тасаввуридаги масжидлар
Хаттотчилик – нафис санъат. Юксак маҳорат эгасигина Қуръон хаттотлигига қўл уради. Бу борада Хитой Ислом Институти ўқитувчиси Абу Бакр Ма Вейвейнинг иқтидори ислом аҳлига яхши таниш. Ўн йилдан зиёд араб хаттотлигидан дарс берувчи уста хаттот масжид зиёратчиларига хаттотлик санъати сирларини намойиш этди.
Болалигингизда масжидни қандай тасаввур қилар эдингиз?! Албатта, гумбаз ва миноралар билан. Фестивал доирасида ташкил қилинган “Минора ва гумбазлар” номли болалар иши кўргазмасида Москва шаҳридаги Татар маданияти марказининг ёш мусаввирлар тўгараги аъзолари ўз тасаввурларидаги масжид суратларини чиздилар. Ёш мусаввирларга Дина Митусова устозлик қилди.
Шунингдек, тадбир давомида “Масжидлар – Аллоҳнинг эҳромлари” Х-Умумроссия шеърият танлови совриндорларининг тантанали тақдирлаш маросими,“Қуръон мўъжизалари ҳақида” талабалар конференцияси, “Соатлик намоз” семинари ўтказилди. Анжуманлар хонасида Шамил Аляутдинов, Фарид Асадуллин, С.Мурод ва У.Читтикларнинг китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Очиқ эшиклар кунида Москва жомеъ масжидига 5000 дан зиёд зиёратчилар ташриф буюрди ва фестивал моҳир ҳофизларнинг муқаддас Қуръон ўқиши билан якунланди. Ва масжид турли миллат ва динлар вакиллари, турли ёшдаги инсонлар учун маърифат, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик майдонига айланди.
Қуръон фестивалидан фотолавҳалар: