Москва СК (Тергов қўмитаси) ҳарбий хизматдан бўйин товлагани учун Россия фуқаролигини олган асли Марказий Осиёда туғилган фуқароларга нисбатан 22 жиноий иш қўзғатди. 80 нафар фуқаро Россия Федерацияси Қуролли Кучлари сафига хизмат қилиш учун юборилди, дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.
Хабар беришларича, терговчилар ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаётган шахсларни аниқлаш мақсадида ҳарбий комиссариатлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Уларга ҳарбий хизматга боришни истамаганларнинг қаердалигини аниқлаш, шунингдек, уларнинг Россия фуқаролигини олиш қонунийлигини текшириш вазифаси юклатилган.
Тергов қўмитаси қонунга кўра, фуқароликни олган фуқаро ҳарбий ва муқобил хизматдан бўйин товлаган тақдирда Россия фуқаролиги бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирган.
Бир кун аввал Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати ҳарбий хизматдан бўйин товлаган 12 та ҳолат ҳақида хабар берган эди. Тергов маълумотларига кўра, Марказий Осиёда туғилган ҳарбий ёшдаги 12 нафар фуқаро Россия фуқаролигини олган, бироқ жорий йилнинг октябр ойида улар ҳарбий хизматга чақирув бўйича келишмаган. Тезкор ходимларга ушбу шахсларни топиш топширилди.
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Россия паспортини олган муҳожирларни Украинага қарши урушда қатнашишни истамаса, фуқароликдан маҳрум қилишни таклиф қилган эди. “Махсус ҳарбий операция давом этаётган бир пайтда, менимча, уларни махсус ҳарбий операцияни ўтказишга жалб қилиш керак. Агар сиз Россия Федерацияси фуқароси сифатида ҳарбий бурчингизни бажаришга тайёр бўлмасангиз, бундай одамни фуқароликдан маҳрум қилиш қарорини қабул қилиш лозим”, деган эди у.