Мақола

2 898 26/02/2023

Улар меҳнат қилаётган корхона қўриқчилари осмонга қарата ўқ узди.

Россия пойтахти Москва шаҳрида ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат мигрантлари оммавий норозилик митинги ўтказди. Бу ҳақда «Настоящее время» хабар берди.

Қайд қилинишича, 22 феврал куни Москва шаҳридаги Crocus Group компаниясига тегишли қурилиш объектида меҳнат мигрантлари томонидан норозилик митинги ўтказилган. Ишчилар 4 ойдан бери маош берилмаётганига эътироз билдиришган. Намойишчиларни тарқатиш учун қўриқчилар травматик қуроллардан ҳавога ўқ узган.

Манба хабарига кўра, Crocus Group компанияси озарбойжонлик тадбиркор Ораз Агаларовга тегишли бўлиб, меҳнат мигрантлари аввал ҳам маош кечиктирилаётганидан кўп марта шикоят қилишган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси бундай можаро юз берганини тасдиқлади.

Агентлик хабаридан маълум бўлишича, можародаги томонлар ўртасида жисмоний тўқнашув юз берган, иштирокчилардан баъзилари полиция томонидан ҳибсга олинган.

«Иш ҳақининг ўз вақтида тўланмагани сабабли уюштирилган норозилик ҳаракати оқибатида иш берувчилар ва мигрантлар ўртасида жисмоний куч ишлатилган. Шундан сўнг корхона раҳбарияти фуқаролар билан учрашиб, уларнинг ишлаган барча маошларини тўлашга ваъда берган. Ушбу ҳолатда жароҳат олганлар ва ҳибсга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ», дейилади хабарда.

Манба: «Кун.уз».

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация