Мақола

1 411 12/07/2023

Москва вилоятининг Сергиев Посад шаҳар суди “Тесак” лақабли Максим Марцинкевичнинг олти нафар шеригини 2003 йилда муҳожирларни ўлдиришда айбдор деб топди. Бу ҳақда “Медиазона” хабар бермоқда. Улар бир гуруҳ шахслар томонидан ўта шафқатсизлик ва миллий адоват асосида қотиллик содир этиш (Россия Федерацияси Жиноят кодекси 105-моддаси 2-қисми “а”, “д”, “ж”, “л” бандлари) бўйича айбланмоқда).

Семён Токмаков, Андрей Кайль, Алексей Гудилин, Александр Лисенков, Максим Хотулев ва Павел Хрулев айбланувчи сифатида тан олинган. Тергов тадбирлари давомида улар ўз айбига иқрор бўлишган бўлса-да, бироқ суд жараёнлари бошлангандан сўнг улар айтганларидан тонишди. Максим Марцинкевичнинг ўзи ҳам худди шу иш бўйича тергов қилинган, бироқ 2020 йил сентябрида у Челябинск вилоятидаги 3-сонли СИЗО камерасида ўлик ҳолда топилган.

Тергов маълумотларига кўра, 2003 йил сентябрида судланувчилар “қурилиш ишлари баҳонасида” икки муҳожирни Смоленск вилоятидаги “Тесак”нинг дачасига олиб боришган. Дачада ишчилар уйқу таблеткаларини ичишга мажбурланган, кейин биттасини болта билан, иккинчисини бўғиб ўлдиришган.

Кейинги қотиллик, иш материалларига кўра, ўша йилнинг декабр ойида Сергиев Посад вилоятидаги ташландиқ лагер ҳудудида содир бўлган. У ерда гуруҳ бир муҳожирни отиб ўлдирган, иккинчиси бўғиб ўлдирилган. Қотиллик суратга олиниб, интернетга жойлаштирилган ва қурбонларнинг бошлари Москва шарқида ташлаб юборилган.

Айбловга кўра, 1990-йиллар охирида Семён Токмаков асос солган Миллий халқ партиясига бир неча йилдан сўнг Максим Марцинкевич ҳам қўшилган. Уюшма “ирқий ва славян устунлиги ғоялари”га асосланган эди, деб маълумот берган суд. Теогов қўмитасининг таъкидлашича, Максим Марцинкевич ўлимидан бироз олдин иккита қўш қотилликка алоқадорлигини тан олган.

Расмий тахминларга кўра, у ўз жонига қасд қилган. 2018 йилда у этник ва диний асосда адоват қўзғаш ва безорилик учун ўн йилга озодликдан маҳрум этилган. У Красноярскдан Москвага янги сўроқ учун кўчирилаётганда тергов изоляторида бўлган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация