890 13/11/2022

Таксига ўтириб, бизни тотли овқат тайёрлайдиган ошохонага  олиб боришини сўрадик. Ўша ерда, кичкинагина бир ошхонада, Сардорни тасодифан учратдик.

Таксичи турган жойимиздан унча узоқ бўлмаган бир кичкина ошхонага (туркча «локанта» деб аталаркан) олиб борди.

Таксичи: «Ўзи кўримсиз бўлгани билан жуда мазали овқат тайёрлашади», дея мақтаб, бизни ўша ерга тушириб кетди.

Локантанинг эгаси бизни, ярми туркча, ярми ўзбекча тушунтиришларимизни эшитиб турмасдан, ошхона ичкарисига олиб кириб кетди ва таомномаси рўйхатидаги овқатлари билан таништира бошлади. Иш устида турган ошпаз, бирданига бошлиғининг сўзларини бизга таржима қила бошлади. Билсак, бу ошпаз Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидан келган муҳожир экан.

Овақтланиш учун келганимизни ҳам эсдан чиқариб, тезда камерамни олиб, ундан интервью беришини сўрадим. Кўринишидан истарали, ҳушмуомалали кўринган бу муҳожир йигит, 10 дақиқа ичида Туркиядаги ўзининг сўнгги 3 йилдаги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

“Исмим Сардор. Ота-боболаримиз асли хоразмлик. Ёшим 29 да. Туркияда 4 йилдан бери ишлайман. Истанбул, Айвалиқда бўлдим. Мана, 3 йилдирки Чашмада яшайман ва шу ерда ишлайман.

Сиз таомланиш учун ташриф буюрган бу жойни турклар “локанта” деб аташади. Буни ўзимиздаги ошхоналарга қиёслаш мумкин.

Маошим 500-550 АҚШ долларига етади. Ётадиган жойи, кундалик еб-ичиш ишхона ҳисобидан қопланади. Бошлиғимиз яхши инсон. Уч йилдан бери уни қўл остида ишлайман.

Ҳар ойлигимни уйга тўлиқ жўнатаман. Ватанда ота-онам, оилам қолишган. Икки нафар фарзандим бор. Ўзим олий маълумотлиман. Москвада олийгоҳни тамомлаганман. Мутахассислигим бўйича бакалавр даражасидаги иқтисодчиман. Аммо соҳам бўйича ишламаганман. Бунинг  ўзига яраша сабаблари бор. Бу ҳақида гапиришни истамайман.

Яна бир йилдан сўнг уйга қайтаман. Мен бу ерларга ўз юртимдан уй-жой, машина сотиб олиш учун ишлагани келганман. Аллоҳга шукур, уй ҳам, машина ҳам олдим.

Юртимиздаги вазиятга келсак, у ерда ҳам иш бор. Аммо мен у ерда топа оладиган иш ҳақи бизнинг турмушимизга етарли эмас. Яъни, уй-жой қилиш учун, машина сотиб олиш учун етарли маблағ жамғариб бўлмайди.

Алачатида 3 йил яшаётганимдан бери қор кўрмадим. Бу ерда курорт мавсуми тўрт ой давом этади. Меҳмонхоналар ҳам мавсумдан ташқари пайтларда хизмат кўрсатишни тўхташади. Саккиз ой асосан қурилиш ишлари олиб борилади. Бу даврда Алачатига кўп мигрантлар ишлагани келишади. Шу сабабли бизнинг локантада йил давомида мижоз аримайди. Демак, курорт мавсумининг ёпилиши маошимга таъсир кўрсатмайди.

Ҳозир Туркияда бироз иқтисодий жиҳатдан қийинчилик бор. Шунинг учун нархлар ҳам бироз қимматлашган. Мигрантлар ҳар-хил маошларга ишлайди. Масалан, 300 АҚШ долларигача ҳам маош оладиганлар бор. Балки шунинг учун ҳам мен ишлаётган ҳудудда меҳнат мигрантларини кам учратиш мумкин.

Ўзбекистонлик мигрантлар кўпроқ Европа тарафга – Польша, Россия, Қатарга ҳам чиқиб кетишмоқда. Мен бу ерда аввалдан ишлаб келаётганим учун маошим етарли даражада.

Аслида маошимни умумий миқдори 1000 АҚШ долларини ташкил этади. Бу ерда квартиралар, яшаш жойларини ижрага олиш қиммат. Бир кишига еб-ичиши учун, бир ойга 400 АҚШ доллари миқдорида сарфланади. Шунинг учун мана шу харажатларни чегириб ташлаб, маошни ҳисобласа, 500-550 АҚШ доллари миқдоридаги соф маош келиб чиқади. Бу мени қаноатлантиради”, дея Сардор ҳикоясига якун ясаб, ўз иши билан шуғулланишда давом этди.

У кўп нарсалар хақида айтмоқчи эди, аммо иш пайти бўлгани учун саволларимизга тез ва қисқача тарзда жавоб бериб кетди.

Мана шу қисқагина ҳикоядан бу ерларга Сардорни нима етаклаб келганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Сардор 4 йил давомида ҳар куни фақат бир ўй билан эрталаб уйғонган. У ҳам бўлса ишга бориши, ой оҳирида эса, ҳалол меҳнат билан топган озгина бўлса ҳам пулини ола билиши, ўша пулларни Ватанида қолган яқинларига эсон-омон етказиши асл мақсади бўлган ва шундан кўнгли тўлишиб яшаб келган.

Насиб қилган бўлса, яна бир йилдан сўнг Сардор уйига қайтади. Шу вақт ичида у яна бор кучини сарфлаб меҳнат қилади, маблағ тўплайди. Ҳеч шубҳасиз Сардор, ўша тўплаган маблағларини уйига жўнатади ва керакли жойга сарфлайди.

Муҳожирлик – унинг учун хаёт мактабидай бўлиб қолди. Айниқса, биз ўзбекистонликларга яхшигина мактаб вазифасини ўтамоқда.

Балки, Сардор ҳам Туркияда ўзи учун керакли хулосаларни чиқариб, келажаги учун фойдали нарсаларни ўрганиб олгандир. Келажакда у, Туркияга меҳнат муҳожири сифатида эмас, балки саёҳ ёки унданда юқори мақомда, масалан, тадбиркор ёки йирик сармоя эгаси бўлиб келишни орзу қилар?

Балки, кимларгадир Сардорнинг муҳожирлик ҳикояси қизиқ туюлмас. Аммо Ватанидан узоқда, ўз яқинларидан айро, ҳалол меҳнат қилиб, оиласини боқиб юриш ҳам бир мардликдир!

Хайрлашиш чоғида Сардорга ўзини эҳтиёт қилишини ва соғлиғини асрашини сўраб қолдик.

Хасан Усманов -Туркиядаги махсус мухбир

Октябрь 2022 йил

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация