Maqola

1 610 06/05/2023

Россиялик иқтисодчи  Алексей Антонов рус миллатчиларининг муҳожирлар туфайли кўп капитал чиқиб кетаётгани ҳақидаги даъволарига жавоб бериб шундай дейди: “Меҳнат муҳожири, содда қилиб айтганда, ўз иши учун 100 рубль олади. Айтайлик, шулардан 30 сўмини шу ерда, 70 сўмини эса уйига жўнатади.

Шубҳасиз, унга берилган 100 рубль эвазига у 200 рубллик маҳсулот яратади. Акс ҳолда, уни ишга олишдан нима фойда бор? Мигрантларнинг меҳнати арзон – сиз 100 рубль бериб 200 рубль фойда оласиз. Уй қуриш, сабзавот тўла юк машинасини тушириш, кўча супуриш каби ишларда ишлаган мигрант уйига 70 рубль юборди ва Россия иқтисодиётида 130 рубль ялпи миллий даромад (ва 200 рубль ЯИМ) пайдо бўлди. Бу оддий ҳисоб-китобнинг нимаси қийин? Муҳожирлар туфайли мамлакатдан пул чиқиб кетиши сафсата.

Мигрантлар фақат  улар билан ишлаш ва жой учун рақобатлашаётганларнигина  ноқулай аҳволга тушириб қўйишади. Бошқалар учун, шу жумладан давлат учун, улар, биринчи навбатда, иқтисодий жиҳатдан фойдалидир. Шунинг учун ҳам давлат арзон ишчи кучини жалб қилиш учун мақсадли сиёсат олиб бормоқда. Арзон ишчи кучи камроқ пул эвазига кўпроқ қиймат яратади. Бу ерда ҳеч қандай ортиқча нарса йўқ.

Муҳожирлардан норозилик манбаи улар билан рақобатдир. Ва бу  мигрантлар билан рақобатлашаётганлардан ташқари ҳамма учун фойдали. Миллатчилар ўз муаммоларида мигрантларни айблаб, популистик шиорларни яхши кўрадилар, лекин улар мигрантлар билан иш, аёллар, имтиёзлар, маданият борасида рақобатга дош бера олмайди. Бунга кўриш жуда ачинарли.

Агар сиз зўр, асл рус бўлсангиз, билим ва малакангиз бўлса, тамом, сизда мигрантлар билан рақобат йўқ. Агар мен қурилишда ишламоқчи бўлсам, мен бу ишни Пермда қилардим. Ва у ерда  ўрмондаги уйда яшаган бўлардим. Москвада муҳожирлар билан рақобатлашишга уриниб ҳам кўрмаган бўлардим, чунки бу аҳмоқлик.

Агар сиз муҳожирлар билан боғлиқ ҳақиқий муаммолар ҳақида гапирмоқчи бўлсангиз, уларнинг барчаси  коррупция, қариндош-уруғчилик, тенгсизлик ва паст турмуш даражаси каби  умуммиллий муаммоларнинг бир қисми. Ва улар бармоғингизнинг бир ишораси билан ҳал бўлиб қолмайди. Муҳожирлар эса алоҳида муаммо эмас.

Менга миллатчилар билан баҳс ёки мунозара таклиф қилиш шарт эмас, бу мантиққа тўғри келмайди. Миллатчилар ҳеч ким учун қизиқ эмас. Улар сиёсий маконда мавжуд эмас. Қаердадир, юқорига яқинроқ жойда (бизнес, сиёсат, армия) мигрантлар Россияни вайрон қилаётганини гапира бошласангиз, ҳеч бўлмаганда аҳмоқ сифатида таниласиз.

Миллатчилар ютқазаётган рақобатдан афсусда. Лекин, менга келсак, рақобат бўлиши керак. Энг муҳими, у ҳалол бўлишидир. Айтганча, ҳозир у унчалик ҳалол эмас. Ҳаммаси руслар фойдасига! Ҳамма жойда руслар учун осонроқ ва энг кучли мафия руслар назорати остида. Россияда бир хил натижаларга эришиш тожикдан кўра рус учун бир неча баробар осонроқ. Бу билан баҳслашиш бемаънилик. Рус миллатчилари эса рақобатни хоҳлашмайди, улар имтиёзларни, яъни рақобат бўлмаслигини исташади. Буларнинг барчаси рус миллатчисини қизиқтирмайди.

Майли, кунларнинг бирида барча муҳожирларни мамлакатдан чиқариб юборишади, лекин сиз барибир нолиб, шикоят қилаверасиз, чунки ҳаётингиз яхшиланмайди. Кейин сиз ўзингизга ўхшаш руслар билан рақобатлашишда давом этасиз. Ўшанда нималарни баҳона қиласиз?»

Алексей Антонов, иқтисодчи

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya