Мақола

743 10/08/2023

Россиянинг Уляновск вилояти Димитровград шаҳридаги қамоқхона расмийлари мусулмон маҳбусларни соқолини олишга мажбурлаш, шунингдек, уларнинг диний ва этник ҳуқуқларини поймол қилиш, жисмоний зўравонлик қўллаш ва диний ибодатларга тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда Россиянинг “Комитет “Гражданское содействие” – “Фуқаролик ёрдами қўмитаси” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ушбу муассасадаги беш маҳбуснинг кўрсатмаларига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Маҳбусларнинг сўзларига кўра, зўравонлик таҳдиди остида улар соқол ва сочини қиртишлаш ёки олишга мажбурланган. “Июл ойи бошида биз мусулмон маҳкумларни соқол олиш машиналари ва тегишли жиҳозлар сақланадиган ҳаммомга жўнатишди. Соқолимизни тўққиз миллиметргача, сочимизни йигирма миллиметргача қисқартириш мумкин эди. Бироқ қамоқхона ходимлари соқол оладиган ускунани синдириб, тагигача олишни талаб қилишди. Мен ҳуқуқларимни талаб қилиб,  рад этдим. Бунга жавобан қамоқхона ходими “бу ерда қонун менман” деди”, деб ҳикоя қилади маҳкумлардан бири.

Маҳбуслардан бирининг сўзларига кўра, соқол олишдан бош тортгач, муассаса ходимлари жисмоний зўравонлик қўллаган. Шунда ходимлардан бири унинг бўйнига соқол олиш машинаси билан уриб, қон кетишига сабаб бўлган. Ўз ҳуқуқларининг қўпол бузилишига эътибор қаратиш мақсадида маҳбус ўзини қовурғаларини сим билан тешган, шундан сўнг уни касалхонага ётқизишга ва жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Айни пайтда у бошқа ахлоқ тузатиш муассасасида.

Ўзбекистонлик яна бир маҳбус касалхонадан қайтганидан сўнг мажбурий соқол олиш ва калтаклаш, шунингдек, диний ҳақоратлар ва қилмаган жиноятлар учун жавобгарликка тортиш таҳдидлари ҳақида гапирган. Калтакланганидан кейин кўкарган ва тирналган излар қолган, бироқ тиббиёт ходимлари унинг аҳволини қайд этмаган.

Маҳбуслар, шунингдек, диний урф-одатларнинг бузилиши, диний материалларнинг мусодара қилиниши ва қамоқда сақлаш шароитлари “чидаб бўлмас” дея таърифлаб, шикоят қилишган. Улар, шунингдек, қамоқхона ходимлари мусулмонларнинг таомига чўчқа гўшти қўшиб, уларни овқатдан бош тортишга мажбур қилганини айтишган. “Фуқаролик ёрдами қўмитаси” билан ҳамкорлик қилувчи адвокат маҳкумлар ўртасида сўров ўтказиб, прокуратурага ариза билан мурожаат қилди. Ташкилот маҳбуслар ҳуқуқлари ва диний эркинликларнинг жиддий бузилишига эътибор қаратган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация