Бу саволни кўп жойларда, ҳар хил вазиятда, Ўзбекистоннинг турли ҳудуд вакиллари бўлган таниш ва нотанишлардан эшитишга тўғри келади. Бир неча йилдирки, ушбу муаммо айримларга тинчлик бермай келмоқда, синчковлик билан бу ҳолатнинг тагига етмоқчи бўлганлар қанча?
Нега Америкада самарқандликлар бунча кўп, деган саволга журналист Тошпўлат Раҳматуллаев жавоб топишга ҳаракат қилди.
«Бу саволни кўп жойларда, ҳар хил вазиятда, Ўзбекистоннинг турли ҳудуд вакиллари бўлган таниш ва нотанишлардан эшитишга тўғри келади. Бир неча йилдирки, ушбу муаммо айримларга тинчлик бермай келмоқда, синчковлик билан бу ҳолатнинг тагига етмоқчи бўлганлар қанча?
Дарҳақиқат, нега Америка Қўшма Штатларига қонуний бориб келиш ҳуқуқини берувчи виза ўзбекистонликлар орасида кўпроқ самарқандликларга насиб этмоқда?
Ҳатто журналистлар ҳам АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида бўладиган анъанавий матбуот анжуманларида ушбу мамлакатнинг консулига Грин кард лотереясида иштирок этиб, виза олаётганлар орасида Самарқанд шаҳри ва вилояти аҳолиси кўпчиликни ташкил этиши сабабини билмоқчи бўлиб, мурожаат қилганликларининг гувоҳи бўлганман», — деб ёзган муаллиф ўзининг блогида.
Бунга жавобан консуллар Грин кард лотереяси инсон омилидан эркин эканлигини, ҳеч ким ҳеч қандай йўл билан унинг натижасига дахл қила олмаслигини таъкидлашади. Яъни нега самарқандликларга ҳар доим «омад кулиб боқиши» сабабларини аниқ айтолмасликларини тан олишади. Аммо, шу билан бирга, лотерея холислик асосида ўйналишини уқтиришади. Шунга қарамасдан, виза билан боғлиқ масалалар кўп йиллар давомида турли гап-сўзларга сабаб бўлмоқда.
Умумий аҳволга бир нигоҳ
Дарҳақиқат, Нью-Йоркка борган ҳар бир ватандошимиз бу ерда самарқандликлар кўплигини кўриб ҳайрон бўлади. Мен ўзим 2001 йилда илк бор АҚШга борганимда, танишлардан «бу ерда ўзимизнинг Сиёб тумани бор» деган сўзларини эшитиб, бунга ишонгим келмаган эди. Самарқандда бўлганлар билишади: унинг Эски шаҳар деб аталадиган қисми доирасида авваллари Сиёб тумани ташкил этилган эди.
Ўшанда ушбу вазиятни тўла ўрганиш учун менга имконият бўлмаган эди. Чунки ташрифим расмий бўлганлиги боис, ҳар бир дақиқа ҳисобда эди, турли журналистик ташкилотларда учрашувларда қатнашиш лозим эди. Аммо бир неча йилдан сўнг, масала моҳиятини чуқурроқ ўрганишга имкон яратилди. Ҳамюртларимиз Нью-Йоркнинг иккита маъмурий қисми — Бруклин ва Квинсда истиқомат қилишар экан. Улар зич яшайдиган мавзелар билан танишдим. Кечқурунлари кўчаларда сайр қилиб юрганларнинг аксарияти Самақанддан эканлигига гувоҳ бўлдим.
«Рус базаси» деб ном олган супермаркетларда ҳам ўзимизнинг йигит-қизларимиз ишлашарди. Бундан ташқари, юртдошларимиз зич яшаётган яна бир шаҳар — Пенсильванияда ҳам бўлдим, таниш ва нотаниш кишилардан Америкага қандай йўллар билан келганликларини сўраб суриштирдим.
Суҳбатдошларими орасида Грин кард эгалари, ҳар хил мақсадда АҚШга қонуний йўл билан келиб ишлаётганлар, виза муддатини ўтказиб юбориб мамлакат ҳудудида ноқонуний қолиб кетганлар бор эди.
Суҳбат давомида қуйидаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдим: а)Нима учун Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлирига нисбатан АҚШда самарқандликлар кўпчиликни ташкил этади; б)нега улар Бруклинда Боро парк деган мавзени, Квинсда Рего парк мавзесини танлаган; в)Америкада нолегал яшаб келаётганлар қайси йўллар билан виза олишга эришган; д)ўзбекистонликлар океан орти мамлакатида қандай юмушларни бажармоқдалар; е)америкача ҳаёт тарзи юртдошларимизга, айниқса, ёшларга қандай таъсир қилмоқда; ё)ёшларимиз нуқтаи назаридан АҚШдаги таълим тизими бизникидан нимаси билан фарқ қилади. Саволлар, саволлар. Худди уларнинг охири йўқдай…
Бошланиши қандай бўлган эди?
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб юртдошларимиз учун хорижга чиқиш имконияти пайдо бўлиши билан бир қатор тадбиркор, ишни кўзини биладиган чаққонларимиз кўпгина мамалакатлар қатори АҚШ сафарини ҳам йўлга қўйишди. 15 йилдан бери Америка ерида яшаб келаётган Маруф исмли танишим ўзбекистонликлар томонидан «сеҳрли диёр»нинг янгидан «кашф этилиши» ҳақида билганлари билан ўртоқлашди. У Самарқандда илмий-маърийий муассасалардан бирини бошқарган, фан номзоди.
Суҳбатдошимнинг уқтиришича, ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб Ўзбекистондан, биринчи навбатда Самарқанддан АҚШга пули бор кишилар келган эдилар. Уларни кўп йиллар давомида бирга яшаб, бир жойда ишлаган бухоро яҳудийлари таклиф этишган. Савдо, хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш тизимларида ёнма ён меҳнат қилган, кўп ҳолларда улар билан дўстлашиб қолган бухоро яҳудийлари миннатдорчилик рамзи сифатида ўзбекистонликларни АҚШга таклиф қила бошлаган эдилар. Улар орасида самарқандликлар аксариятни ташкил этарди, чунки бу шаҳарда бухоро яҳудийларининг каттагина жамоаси яшаган эди.
Бизникилар АҚШга боргач, янги ҳаёт, янги имкониятлар билан танишиб, иложини топиб ҳужжат тайёрлаб, ўша ерда қолиш учун ҳаракат қилишади, иложини тополмаганлар ноқонуний қолиб кетишади. «Мен Самарқандда каттагина универмагни бошқарардим, — дейди янги танишим Мансур. — Бу ерга бир вақтлар бирга ишлаган ўртоғим таклифи билан келган эдим. 80-йилларнинг охири — 90-йиллар бошидаги пул ислоҳоти туфайли йиғиб қўйган маблағим қадрсизланди. Фақат савдо билан шуғулланганман.
Давлат томонидан етказиб турилган товарларнинг устига ортиқча нарх қўйиб, бойлик орттирганман. Энди у замонлар ўтган эди».
Ана шундай вақтда Мансурнинг Америкага келиши жонига оро киради. У бир муддат меҳмондорчиликда бўлгач, ўзаро суҳбатлар давомида ишлаб пул топиш мумкинлигини билиб олади. У умрида қилмаган оғир ишлар бажаришга мажбур бўлади. Ўзининг тан олишича, дастлабки пайтлар жисмоний ишнинг оғирлигидан кўра унга кўпроқ руҳий қийинчиликлар азоб берган. Аммо секин-аста ҳаммасига чидаб, мақсади фақат пул топишдан иборат бўлганлиги боис янгича ҳаёт тарзига кўникиб қолган.
Шундан сўнг у Самарқанддаги танишларига Америкага келиб ишлашнинг афзалликлари ҳақида тез-тез гапириб турган.
Бошқалар ҳам турли йўллар билан виза олиб, унинг ёнига келган. «Фақат мен эмас, АҚШга биринчи бўлиб келган юртдошларимиз ана шундай йўллар билан бошқа яқинларини бу ерга келишга даъват этишган эди», — дейди Мансур. Келганлар визани қайси йўллар билан қўлга киритишган эди?
Уддабуронлар учун ўша йилларда бир қатор имкониятлар мавжуд эди. Ёш Ўзбекистон давлатидан турли делегациялар бориб турарди. Булар — маданият, санъат, спорт, илм-маърифат соҳа вакиллари ҳамда тадбиркор ва фермерлардан иборат делегациялар эди. Уларнинг таркибига бир неча нафар соҳага дахли бўлмаган корчаллонлар қўшилар эди. Инглиз тилини биладиган ва мақсади Америкага бориб, ишлаб қолиш бўлганларга ўқишга, малака оширишга, илмий анжуманларга иштирок этиш учун таклифномалар тайёрланарди. Бу иш бирнеча йил давом этганлиги боис АҚШда самарқандликларнинг сони кўпайиб бораверди.
Юқорида баён этилганларни таҳлил этиб, нега АҚШ визаси кўпроқ Самарқанд аҳлига насиб этганликини билиб олса бўлади. Энди иккинчи масала — Грин кард ҳақида. Виза-ку турли йўллар билан олинган экан, нега кейинги йилларда холис ҳисобланган Грин кард лотереясида ҳам омад асосан самарқандликларга кулиб боқмоқда? Бундай саволни ҳам тез-тез эшитиш мумкин. Ушбу саволга қисқача шундай жавоб қайтариш мумкин.
2015 йилгача нафақат Самарқанд шаҳрида, балки туман марказларида Грин кард лотереясида иштирок этиш учун сўровнома тўлдиришга чақирувчи эълонларни ҳар қадамда учратиш мумкин эди. Пойтахт Тошкент шаҳридан бошқа жойда тарғибот ишлари бундай кўламда ташкил этилмаган эди.
Шуниси диққатга сазоворки, фирмалар эълону рекламалар чиқариш билан чекланиб, одамларнинг уларга мурожаат этишини кутиб ўтирмасдан, ўзлари аҳоли орасига кириб боришади. Улар уйма-уй юриб, корхона, муассаса, ўқув юртларида бўлиб, деярли текинга Грин кард лотереяси сўровномасини тўлдиришади. Лотереяда Самарқанддан кўпчилик қатнашганлиги боис виза ҳам ушбу ҳудуд вакиллариги кўпроқ насиб этмоқда.
Виза олиш учун мурожаатлар сони камаймоқда
Кейинги йилларда АҚШ визасини олиш истагида бўлганлар сони кескин камайди. Авваллари элчихонанинг консуллик бўлимига кириш учун олти ойгача навбатга туриш тўғри келарди. Ўшанда элчихона биноси олдида жуда кўпчилик тўпланарди. Виза сўраб келганлардан ташқари уларнинг яқинлари, оила аъзолари ҳам бу ерда ҳозир бўлишарди.
Эндиликда виза олишга талабгорлар сонининг кескин камайиши қуйидаги ҳолатлар билан боғлиқ. Авваллари виза олиш учун воситачилик қилган фирма ва турли ташкилотлар АҚШ элчихонасининг консуллик бўлими олдида ўз обрў-эътиборларини йўқотиб қўйишди. Улар энди турли тадбирларга вакиллар юбориш ва уларга қўшиб АҚШда ноқонуний қолиб кетадиганлар учун виза сўраш имкониятидан маҳрум бўлишди.
Америкага бориш ниятида бўлганлардан каттагина қисмининг орзуси ушалди. Улар ё қонуний йўл билан, жумладан, Грин кард воситасида ёки ноқунуний йўллар билан виза олишга эришди.
Шунингдек, устма уст мурожаат қилавериб, рад жавобини олганларнинг кўнгли совуб, бошқа виза сўрамайдиган бўлиб қолишди.
Бунинг устига консулликнинг виза бериш талабини кучайтиргани авваллари тайёрланадиган қалбаки ҳужжатларнинг «ўтмас» қилиб қўйди. Авваллари «бўлса бўлар, бўлмаса бўлмас», деган фикр билан бир уриниб кўриш учун ҳам айримлар визага ҳужжат тайёрлашарди. Лекин виза олишга қилинадиган мурожаат учун тўлов миқдори 160 долларга ошганлиги боис ҳавасга ҳужжат топширадиганлар камайди.
Охирида шуни тан олишим лозимки, ҳали ҳам виза олиш илинжида турли қинғир йўлларни қидираётганлар йўқ эмас.
Охирида шуни тан олишим лозимки, ҳали ҳам виза олиш илинжида турли қинғир йўлларни қидираётганлар йўқ эмас.
Манба: sputniknews-uz.com